Ҳизқиё 17 bob
1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
2 “Эй инсон, Исроил халқига қуйидаги бир матални айтиб бер.
3 Уларга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: баҳайбат, бароқ патли, чипор бир бургут улкан қанотларини кенг ёйиб, Лубнон тоғларига учиб келди. У садр дарахтининг учини ушлаб,
4 учидаги бир шохчасини синдириб олди. Сўнг уни савдогарлар шаҳрига олиб бориб, у ерга ўтқазди.
5 Кейин Исроил юртидан олиб келган ток қаламчасини унумдор ерга экди. Уни сероб сувлар бўйига мажнунтолдай ўтқазди.
6 Қаламча униб, ерда ёйилган серновда узум токига айланди. Унинг новдалари бургут томон чўзилди, тагидаги илдизлари ерга чуқур ёйилди. У токка айланди, новдалари гуркираб ўсди, барра япроқлар чиқарди.
7 Кейин бошқа баҳайбат бир бургут учиб келди. Бу улкан қанотли бургут қалин пат билан қопланган эди. Шунда ток, келган бургут мени суғорар, дея ўсган жойидан илдизларини бургут томон чўзди, новдаларини у томон узатди.
8 Аммо ток аллақачон сероб сувлар бўйидаги унумдор ерда ўсаётган эди. У униб чиққан эди, мўл ҳосил беришга, кўркам узум токи бўлиб етишишга имконияти бор эди.»
9 Исроил халқига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: бу ток энди гуркираб ўсармикан?! Токни эккан бургут уни илдизи билан суғуриб ташламайдими?! Узумларини узиб, барра япроқларини қуритиб юбормайдими?! Ҳа, токни суғуриб ташлаш учун катта куч ёки қудратли лашкар керак эмас.
10 Борди–ю, токни бошқа бир жойга кўчириб ўтқазса, у яна кўкарармикан?! Йўқ, гармсел уни батамом қовжиратиб юборади–ку. Ток ўсган жойида сўлиб қолади–ку.»”
11 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
12 “Бу исёнкор Исроил халқига шундай деб айт: «Маталнинг маъносини тушундингизми? Мен сизларга маъносини айтиб берай: Бобил шоҳи Қуддусга бостириб келди, у ердаги шоҳу аъёнларни ўзи билан Бобилга олиб кетди.
13 Сўнг шоҳ оиласига мансуб бўлган бир кишини танлади. Унга қасам ичдириб, у билан бир сулҳ тузди.
14 Исроил халқи итоаткор бўлсин, исён кўтармасин, сулҳга риоя қилгани учун омон қолсин деб, Бобил шоҳи юртдаги барча нуфузли одамларни ўзи билан олиб кетди.
15 Аммо янги танланган Исроил шоҳи Бобилга қарши исён кўтарди. У Миср шоҳи ҳузурига чопарлар жўнатди, ундан кўмак учун отлару лашкар сўради. У муваффақият қозонармикан?! Бундай иш қилган одам жазосиз қолармикан?! Сулҳни бузган киши жазодан қочиб қутулармикан?!
16 Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, бундай шоҳ Бобилда жон беради. Гарчи Бобил шоҳи уни тахтга чиқарган бўлса–да, у Бобил шоҳи билан тузган сулҳни бузди, ичган қасамини назар–писанд қилмади.
17 Шу сабабдан Бобил шоҳи Қуддусдаги кўп одамларни қатл қилиш учун шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдиради*, қамал иншоотларини қурдиради. Шунда Исроилга ҳатто фиръавннинг қудратли лашкари ҳам ёрдам бера олмайди.
18 Чунки Исроил шоҳи ичган қасамидан қайтди, тузган сулҳни бузди. У Бобил шоҳига сўз берган бўлса–да, ана шу ишларни қилди! Мана энди у қочиб қутула олмайди!
19 Шунинг учун Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, аҳдимни бузган, Менинг номим билан ичган қасамидан қайтган бу одам жазосиз қолмайди.
20 Мен унинг устига тўр ташлайман, уни Ўз тузоғимга тушираман. Менга хиёнат қилгани учун уни Бобилга олиб бориб, у ерда адабини бераман.
21 Унинг қочаётган жангчилари қиличдан ҳалок бўладилар, омон қолганлари дунёнинг тўрт томонига тарқалиб кетадилар. Шунда сизларга бу сўзларни айтган Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.
22 Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, баланд садр дарахтининг учидан нозик бир новдани оламан. Улкан тоққа чиқиб, уни ўтқазаман.
23 Ҳа, Исроил тоғининг чўққисига экаман. Новда бутоқ чиқариб, ҳосилга киради, кўркам садр дарахти бўлиб етишади. У ерда ҳар хил қушлар яшайди, турли паррандалар дарахтнинг шохлари соясида паноҳ топади.
24 Ана ўшанда даштдаги ҳамма дарахтлар Эгангиз Мен эканлигимни билиб олади. Зотан, улкан дарахтларни йиқитадиган Менман. Паст дарахтларни баланд қилиб, ўстирадиган ҳам Менман. Кўкариб турган дарахтни қовжиратадиган ҳам, қовжираган дарахтни кўкартирадиган ҳам Менман. Буларни Мен, Эгангиз, айтдим! Айтганларимнинг ҳаммасини Ўзим амалга ошираман.»”