Ҳизқиё 11 bob
1 Руҳ мени кўтариб, Эгамиз уйининг шарқий дарвозасига олиб борди. Дарвоза ёнида мен йигирма беш нафар кишини кўрдим. Уларнинг орасида халқ раҳнамоларидан Аззур ўғли Язаниё ва Бинаё ўғли Пилатиё бор эди.
2 Эгамиз менга шундай деди: “Эй инсон, мана бу одамларнинг нияти ёмон. Улар шаҳардагиларга бўлмағур маслаҳатлар бериб юришибди.
3 Ўша бузуқ одамлар шундай дейдилар: «Ҳозир иморатлар солишнинг ҳожати йўқ. Бу шаҳар қозон кабидир, биз эса қозонда сақланган гўштдаймиз.»
4 Шундай экан, эй инсон, уларга қарши башорат қил!”
5 Сўнг Эгамизнинг Руҳи бутун вужудимни қамраб олди. У Исроил халқига қуйидагиларни айтишимни буюрди: “Эгамиз шундай демоқда: эй Исроил халқи, сизлар ўша гапни айтдингиз. Мен эса ҳамма ўй–хаёлларингизни биламан.
6 Сизлар шаҳардаги кўп одамларни ўлдирдингиз, кўчаларни жасадларга тўлдирдингиз.
7 Шунинг учун Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, бу шаҳар ҳақиқатан ҳам қозон кабидир. Аммо гўшт сизлар эмас, балки сиз ўлдирган одамларнинг жасадларидир. Мен сизларни шаҳардан чиқариб юбораман.
8 Сизлар қиличдан қўрққан эдингизлар, аммо устингизга қилич юбораман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.
9 — Сизларни шаҳардан ҳайдаб чиқариб, ажнабийларнинг қўлига топшираман. Сизларни шу йўсин жазолайман.
10 Сизлар қиличдан нобуд бўласизлар. Мен сизларни Исроил чегараларида жазолайман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.
11 Бу шаҳар сизлар учун қозондай бўлмайди, сизлар ҳам қозон ичидаги гўштдай бўлмайсизлар. Мен сизларни Исроил чегараларида жазолайман.
12 Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. Зеро, сизлар шу пайтгача қонун–қоидаларимни бузиб, ён–атрофингизда яшовчи халқларнинг одатларига тақлид қилиб келдингизлар.”
13 Мен, Ҳизқиёл, башорат қилаётганимда, бирданига Бинаё ўғли Пилатиё жон берди. Мен ерга юз тубан йиқилиб: “Ё Эгам Раббий! Сен Исроилда қолган ҳамма одамларни нобуд қилмоқчимисан?” дея овозим борича ҳайқириб юбордим.
14 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
15 “Эй инсон, сургун бўлган сенинг оиланг, уруғ–аймоқларинг ва бутун Исроил халқи ҳақида Қуддусдагилар шундай айтишмоқда: «Улар узоқда, Эгамизга сажда қила олмайдилар. Шунинг учун бу юрт бизга мулк қилиб берилди.»
16 Аммо сен сургунда бўлган Исроил халқига шундай хабар етказ: «Эгамиз Раббий айтмоқда: Мен сизларни олисдаги халқлар орасига жўнатдим. Бошқа юртларга тарқатиб юбордим. Бироқ бегона юртдаги мусофирлик даврингизда, Ўзим сизларга саждагоҳ бўламан.»
17 Яна айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен сизларни халқлар орасидан йиғиб оламан. Ҳа, сизлар бегона юртларга тарқалиб кетдингиз, аммо Мен сизларни у ерлардан олиб чиқаман. Исроил юртини сизларга қайтариб бераман.»
18 Эй инсон, Исроил халқи ўз юртига қайтиб келганда, у ердаги макруҳ худоларни, жирканч бутларни илдизи билан йўқ қилади.
19 Мен уларга яхлит бир юрак бераман, қалбларини янги руҳга тўлдираман. Бағридаги тош юракни олиб ташлаб, ўрнига юмшоқ юрак соламан.
20 Шунда улар фармонларимни бажарадиган, қонун–қоидаларимга риоя қиладиган бўладилар. Улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг Худоси бўламан.
21 Аммо макруҳ худоларга, жирканч бутларга сажда қилишни хуш кўрадиган одамларни қилмишларига яраша жазолайман.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.
22 Карублар қанотларини ёзиб, ёнидаги ғилдираклари билан бирга осмонга кўтарилдилар. Исроил Худосининг улуғворлиги карублар устида эди.
23 Эгамизнинг улуғворлиги шаҳарни тарк этиб, шаҳарнинг шарқ томонидаги тоққа бориб тўхтади.
24 Ваҳийда Руҳ мени кўтариб, Бобилга сургун қилинганларнинг олдига қайтариб олиб борди. Ваҳий тамом бўлди.
25 Мен сургундаги биродарларимга Эгамиз аён қилган ҳамма нарсани айтиб бердим.