Еремиё 28 bob
1 Айни ўша йили, яъни Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг илк даврида, тўртинчи йили бешинчи ойида Ханониё пайғамбар Эгамиз уйидаги руҳонийлар ва халқ олдида менга гапирди. Ханониё Гивонлик Аззурнинг ўғли эди. У менга шундай деди:
2 — Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: “Бобил шоҳи солган бўйинтуруқни Мен синдириб ташладим.
3 Шоҳ Навухадназар уйимдан Бобилга олиб кетган ҳамма ашёларни Мен икки йил ичида бу ерга қайтариб олиб келаман.
4 Бундан ташқари, Бобилга сургун бўлган Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихинни ва у билан бирга ҳамма асирларни қайтариб олиб келаман. Мен Бобил бўйинтуруғини синдириб ташлайман.” Эгамизнинг каломи шудир.
5 Шунда мен Эгамиз уйида ҳозир бўлган руҳонийлар ва халқ олдида Ханониёга
6 шундай дедим: — Омин! Илойим, айтганингиздай бўлсин. Башорат қилган сўзларингизни Эгамизнинг Ўзи бажо айласин. Ўз уйининг ашёларию асирларни Бобилдан қайтариб, бу ерга олиб келсин.
7 Энди эса мен сизга ва халққа айтмоқчи бўлган мана бу гапларимни эшитинг.
8 Сиздан ва мендан олдин ўтган пайғамбарлар кўп юртлару буюк шоҳликларга қарши уруш, очарчилик ва ўлатни башорат қилган эдилар.
9 Тинчликни башорат қилган пайғамбарнинг башорати бажо бўлганидан кейингина, халқ уни “ҳақиқатан ҳам Эгамизнинг элчиси” деб тан олар эди.
10 Сўнг Ханониё пайғамбар Еремиёнинг гарданидаги бўйинтуруқни олиб синдирди–да,
11 тўпланиб турган халойиққа мурожаат қилиб деди: — Эгамиз айтмоқда: “Худди шундай қилиб, Мен икки йил ичида Бобил шоҳи Навухадназарнинг халқларга солган бўйинтуруғини олиб, синдириб ташлайман.” Бу гаплардан кейин Еремиё ўз йўлига кетди.
12 Ханониё пайғамбар Еремиё пайғамбарнинг гарданидаги бўйинтуруқни синдиргандан кейин, кўп ўтмай Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини аён қилиб деди:
13 “Ханониёнинг олдига бориб, шундай деб айт: «Эгамиз айтмоқда: сен ёғоч бўйинтуруқни синдирдинг, аммо ўшанинг ўрнига Мен темир бўйинтуруқ ясайман.
14 Зеро, Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: Мен бу халқларнинг гарданига темир бўйинтуруқ соламан. Уларнинг ҳаммаси Бобил шоҳи Навухадназарга хизмат қилишади. Ҳа, уларнинг ҳаммаси Навухадназарга бош эгади. Мен ҳатто ёввойи ҳайвонларни ҳам Навухадназарнинг ихтиёрига топшираман.»”
15 Еремиё пайғамбар Ханониё пайғамбарга деди: — Менга қара, Ханониё, Эгамиз сени юбормаган. Сен эса бу халқни ёлғон гапларингга ишонтириб қўйдинг.
16 Шу қилганинг учун Эгамиз шундай демоқда: “Мен сени ер юзидан даф қиламан. Сен ўз башоратларинг билан халқни Эгангга қарши қўзғатганинг учун шу йилиёқ ўласан.”
17 Ўша йилнинг еттинчи ойида Ханониё оламдан ўтди.