Еремиё 23 bob
1 Эгамиз шундай демоқда: “Чўпонлар яйловимдаги қўйларни тарқатиб юборяптилар, уларни йўқ қиляптилар. Бундай чўпонларнинг ҳолига вой!
2 Эй халқимни боққан чўпонлар, сизлар қўйларимни ўз ҳолига ташлаб қўйдингизлар. Уларни тарқатиб, узоқларга қочириб юбордингизлар. Бу ёвуз қилмишларингиз учун Мен сизларни ўз ҳолингизга қўймай жазолайман, — деб айтмоқда Исроил халқининг Худоси — Эгамиз. —
3 Мен қўйларимни ҳар хил юртларга ҳайдаб юборган эдим. Энди Ўзим уларни йиғиб оламан, ўзларининг яйловига олиб келаман. Улар баракали бўлиб, кўпаядилар.
4 Мен улар устидан бошқа чўпонларни тайинлайман. Чўпонлар қўйларимни боқадилар. Шунда қўйларим ҳеч нарсадан қўрқмайди, саросимага тушмайди. Уларнинг биронтаси ҳам йўқолмайди.” Эгамизнинг каломи шудир.
5 Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, Мен Довуд наслидан солиҳ бир новдани етиштираман. Бу Шоҳ донолик билан ҳукмронлик қилади. Адолат ва тўғрилик билан иш тутади.
6 Унинг ҳукмронлиги даврида Яҳудо халқи бехатар яшайди, Исроил халқи осойишта ҳаёт кечиради. Ўша Шоҳни «Эгамиз — нажоткоримиз» деб аташади.”
7 Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, одамлар онт ичганда: «Исроил халқини Мисрдан олиб чиққан Эгамиз шоҳид», деб айтмайдиган бўлади.
8 Бунинг ўрнига улар: «Исроил наслини шимолдаги юртдан ва сургун қилинган бошқа барча юртлардан олиб чиққан Эгамиз шоҳид», деб онт ичадиган бўлади. Улар ўз юртларида яшашади.”
9 Пайғамбарлар ҳақида ўйлаб, Юрак–бағрим эзилиб кетди, Вужудим титраб кетмоқда. Эгамиз туфайли, Унинг айтган муқаддас сўзи туфайли Мен маст одамга ўхшаб қолдим, Шаробга бўккан кишидай бўлиб қолдим.
10 Эвоҳ, юрт зинокорларга тўлиб кетди, Лаънат туфайли ер қақраб қолди, Даштдаги яйловлар қуриб ётибди. Пайғамбарлар қабиҳлик қилишга шошилади, Кучини ҳақсизлик йўлида ишлатишади.
11 Эгамиз шундай демоқда: “Пайғамбару руҳонийлар бетавфиқдирлар, Ҳатто Менинг уйимда ҳам қабиҳлик қилганларини кўрдим.
12 Шу сабабдан юрган йўллари сирпанчиқ бўлади, Улар зулматга ғарқ бўлишади. Ҳаммаси йиқилиб қолади. Жазо оладиган йили Бошларига кулфат келтираман, — деб айтмоқда Эгамиз. —
13 Самария пайғамбарлари орасида Жирканч бир ишни кўрдим: Улар Баал номидан башорат қилишди, Халқимни йўлдан оздиришди.
14 Аммо Қуддус пайғамбарлари орасида Бундан ҳам баттарроғини кўрдим: Улар зино қилиб, ёлғон ичида яшашади, Ёвузларнинг ишини қўллаб туришади, Шунинг учун ҳеч ким ёмон йўлидан қайтмаяпти. Назаримда уларнинг ҳаммаси Садўм одамларидай бўлиб қолган, Қуддус аҳолиси Ғамўра аҳолисига ўхшаб қолган.”
15 Сарвари Олам пайғамбарлар ҳақида шундай демоқда: “Мен уларга аччиқ ўтдан едираман, Заҳарли сувдан ичираман, Зеро, Қуддус пайғамбарлари дастидан Юртимда бетавфиқлар кўпайиб кетди.”
16 Сарвари Олам шундай демоқда: “Сизларга башорат қилаётган пайғамбарларнинг гапларига қулоқ солманглар. Улар қўйнингизни пуч ёнғоққа тўлдиряпти. Улар Менинг оғзимдан чиққан сўзларни эмас, ўз дил орзуларини айтишяпти.
17 Менинг сўзимдан нафратланган одамларга улар ҳадеб: «Ҳаммаси яхши бўлади», дейишади. Юрагидаги ўжарликларга итоат қилганларга: «Бошингизга бало–қазо келмайди», дейишади.”
18 Хўш, Эгамизнинг кенгашида улардан қайси бири қатнашибди?! Худонинг сўзини қайси бири эшитибди?! Қайси бири эътибор билан Уни тинглабди?!
19 Ана, бўрон кўтарилди! Бу Эгамизнинг ғазабидир. Унинг ғазаби қуюн гирдоби бўлиб, Фосиқларнинг бошига тушди.
20 Эгамиз кўнглидаги ниятини бажармагунча, Уни охирига етказмагунча, Ғазабидан тушмайди. Кейинчалик буни англаб оласизлар.
21 Эгамиз шундай деди: “Бу пайғамбарларни Мен юбормадим, Улар ўзлари югуриб бордилар. Уларга Мен гапирмадим, Улар эса башорат қилдилар.
22 Агар ўша пайғамбарлар кенгашимда бўлганларида эди, Сўзларимни халқимга етказган бўлардилар. Халқимни ёмон йўлдан, Ёвуз қилмишлардан қайтарган бўлардилар.”
23 Эгамиз шундай демоқда: “Мен ҳамма ёқдаман — яқинда ҳам, узоқда ҳам ўша Худоман.
24 Ким Мендан яширина олади?! Еру кўкни тўлдириб турган Мен эмасми?! — деб айтмоқда Эгамиз. —
25 Менинг номимдан ёлғон башорат қилган пайғамбарларнинг: «Мен бир туш кўрдим! Худо менга бир туш берди!» деганларини эшитдим.
26 Қачонгача бу давом этади?! Улар юракларидаги ҳийлаю найрангларини, ёлғон башоратларини бас қилишадими, йўқми?!
27 Уларнинг ота–боболари Мени унутиб, Баалга сажда қилган эдилар. Шу сингари, бу сохта пайғамбарлар «Халқ Эгамизни унутсин», дея бир–бирларига тушларини айтишади.
28 Майли, туш кўрган пайғамбар тушини айтсин, сўзимни эшитган эса уни садоқат билан эълон қилсин. Ахир, сомон билан буғдойнинг фарқи бор–ку! — деб айтмоқда Эгамиз. —
29 Менинг сўзим оловдай куйдиради. Қояни ёрадиган болғадай зарба беради.” Эгамизнинг каломи шудир.
30 Эгамиз шундай демоқда: “Бу пайғамбарлар «Эгамизнинг сўзи» деб бир–биридан гап ўғирлайди. Мен уларга қаршиман.
31 Ҳа, Мен ўша пайғамбарларга қаршиман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Улар ўзларича валдираб юрадилар, яна «бу Эгамизнинг сўзлари», деб айтадилар.
32 Уйдирма тушларини айтган пайғамбарларга қаршиман! Улар ёлғонларию телбалиги билан халқимни йўлдан оздиришмоқда. Уларни Мен тайинламаганман, халқимнинг олдига Мен юбормаганман. Халқимга уларнинг заррача ҳам фойдаси йўқ.” Эгамизнинг каломи шудир.
33 Эгамиз менга деди: “Эй Еремиё, агар халқимдан бўлган бирорта одам, пайғамбар ёки руҳоний сендан: «Бу сафар Эгамиз бизга нима юкламоқчи?*» деб сўраса, сен шундай деб жавоб бер: «Сизлар ўзларингиз Эгамизга юк бўлдингизлар. Энди У сизларни улоқтириб ташлайди.»
34 Борди–ю, бирон одам, пайғамбар ёки руҳоний: «Эгамизнинг сўзи бизга юк бўлди», деб айтадиган бўлса, Мен ундай одамни бутун хонадони билан жазолайман.
35 Сизлар бир–бирингиздан: «Эгамиз нима деб жавоб берди?» ёки «Эгамиз нима деб айтди?» деб сўранглар.
36 Аммо: «Эгамиз бизга нима юкламоқчи?» деб бошқа сўраманглар. Зеро, одамлар бу иборани ишлатиб, ўз сўзларини ишонарли қилмоқчи бўладилар, барҳаёт Худо, Сарвари Олам — Худойингизнинг сўзларини бузиб айтадилар.
37 Сизлар эса пайғамбарнинг олдига борганингизда, ундан: «Эгамиз сизга нима деб жавоб берди?» ёки «Эгамиз сизга нима деди?» деб сўранглар.
38 Борди–ю, сизлар гапимга кирмай: «Эгамиз бизга нима юкламоқчи?» деб яна сўрасангизлар,
39 Мен сизларни юк кўтаргандай кўтариб, Ўз ҳузуримдан улоқтириб ташлайман. Ота–боболарингизга Ўзим берган шаҳарни ҳам шу кўйга соламан.
40 Абадий иснод ва шармандаликка дучор қиламан. Бундай шармандаликни унутиб бўлмайди.”