Ишаё 9 bob
1 Кулфат қамраган бу юртда энди азоб бўлмайди. Олдин Забулун ва Нафтали юрти шарманда бўлган эди. Аммо келажакда денгиз бўйидаги ерлар, Иорданнинг нариги томонидаги ўлка ва ғайрияҳудийлар Жалиласи улуғланади.
2 Зулматда юрган халқ ёрқин зиёни кўрди, Ўлим соя солган юрт аҳолиси устига нур сочилди.
3 Бу халқни Сен кўпайтиргансан, Уларга кўп шодлик ато қилгансан. Ҳосил вақтидаги мамнунлик каби, Ўлжаларин бўлишиб олган пайтдаги каби, Улар ҳузурингда қувончга тўлган.
4 Бу халқнинг оғир бўйинтуруғини, Елкасидаги таёғини Сен синдириб ташлагансан. Золимларнинг калтагини Мидиён халқи каби, Мағлуб қилгансан.
5 Жангда кийилган этиклар, Қонга беланган ҳамма кийим Оловга ташланиб, ёқилажак.
6 Мана биз учун бола туғилди, Ўғил бизга берилди. Ҳукмронлик Унинг зиммасидадир, Номи Ажойиб Маслаҳатчи, қудратли Худо, Абадий Ота, Тинчлик Шаҳзодасидир.
7 Довуднинг тахтида Унинг ҳукмронлиги ортиб боради. Тинчлик то абад ҳукм суради. Ҳозирдан бошлаб, то абад У адолат ва ҳақиқат ила Шоҳлигини мустаҳкамлаб, барқарор қилади. Сарвари Олам жон куйдириб, Буни бажо айлайди.
8 Ёқуб наслига қарши Раббий бир сўз юборди, Унинг сўзи Исроил халқига етиб келди.
9 Эфрайимда, Самарияда яшайдиганлар, Жамики халқ бундан хабардор бўлди. Улар димоғдорлик, киборлик ила айтмоқда:
10 “Ғиштин иморатлар вайрон бўлса, Йўнилган тошлар билан қурамиз. Шикамора–анжир дарахтлари кесилган бўлса, Уларнинг ўрнига садр дарахтларини экамиз.”
11 Ана, Орам шоҳи Ратанга қарши Эгам унинг душманларини қўзғатди, Ғанимларини даъват қилди.
12 Шарқдан Орамлар, ғарбдан Филистлар Оғизларин катта очиб, Исроилни ютиб юборди. Аммо шундай бўлса ҳам, Эгам тушмас ғазабидан, Унинг қўли ҳамон Исроилга қарши кўтарилган.
13 Бу халқ Сарвари Оламга юз бурмади, Жазо берган Зотга улар қайтмади.
14 Шунда Эгам бир кунда Исроилнинг бошини ва қуйруғини, Хурмосини ва қамишини кесиб олди.
15 Оқсоқоллар, амалдорлар бошдир, Сохта пайғамбарлар қуйруқдир.
16 Улар бу халқни йўлдан адаштирган, Уларга эргашганлар боши берк кўчага кириб қолган.
17 Ҳаммаси шаккок, қабиҳлик қилар, Барча оғизлардан аҳмоқона сўз чиқар. Раббий ёшлардан мамнун бўлмади, Етим ва беваларга шафқат кўрсатмади. Аммо шундай бўлса ҳам, Эгам тушмас ғазабидан, Унинг қўли ҳамон Исроилга қарши кўтарилган.
18 Фосиқлик оловга ўхшаб ёнар, Еб битирар бутазору тиканзорларни. Ўрмондаги чангалзорларни ёндириб, Баландларга тутунини ўрлатади.
19 Сарвари Оламнинг қаҳридан Юрт ёниб битар, Халқ оловга ёнилғи бўлар. Одамлар ўз яқинига шафқат қилмас,
20 Улар ўнг тарафга ҳамла қиладилар, Аммо оч қоладилар. Ютаман деб чап томонга ҳужум қиладилар, Аммо тўймайдилар. Ўз қўлининг гўштини ейди инсонлар.
21 Манаше қабиласи ейди Эфрайим қабиласини, Эфрайим эса Манашени, Иккови бирлашиб Яҳудога ҳужум қилади. Аммо шундай бўлса ҳам, Эгам тушмас ғазабидан, Унинг қўли ҳамон Исроилга қарши кўтарилган.