Ишаё 59 bob
1 Нима, Эгамизнинг қўли қисқами? Қутқаролмаса! Қулоғи оғирми? Эшитмай қолса!
2 Ахир, ўз айбларингиз сизни Худойингиздан айирди, Гуноҳларингиз туфайли У сиздан юз ўгирди, Ибодатларингизга қулоқ солмайди.
3 Ана, қўлларингиз қонга булғанган, Бармоқларингиз гуноҳга ботган, Оғзингиздан ёлғон чиқаверади, Тилингиз ҳақсизликни гапиради.
4 Ҳеч кимса, адолат бўлсин, деб айтмайди, Ҳеч кимса ҳақиқат учун курашмайди. Беҳуда гаплардан умид қилиб, ёлғонлар айтади, Бузуқликка ҳомиладор бўлиб, ёвузлик туғади.
5 Сизлар илоннинг тухумини босиб ўтирасиз, Ўргимчак уясини тўқийсиз. Бундай тухумни еганлар ўлади. Агар битта тухум эзилса, Ундан заҳарли илон ўрмалаб чиқади.
6 Тўқиган уянгиздан кийим чиқмайди, Сиз тўқиганлар билан ҳеч ким устини ёпа олмайди. Сизларнинг ишингиз ярамас ишлардир, Сизларнинг қўлларингиз зўравонликка тўла.
7 Фосиқларнинг оёғи ёмонликка шошилади, Улар беҳуда қон тўкишга жуда уста. Уларнинг фикри–зикри гуноҳ билан банд, Қадамидан ҳалокату вайрона келади.
8 Улар тинчлик йўлларини билмайди, Юрган йўлида адолат йўқ. Ўзларига эгри йўллар қилдилар, Бу йўлдан юрганлар тинчлик билмайди.
9 Шу боис адолат биздан узоқ, Худо бизни қутқармайди. Нур излаймиз, аммо фақатгина зулмат бор, Ёруғлик излаймиз, аммо зулматда юрамиз.
10 Кўрлардай деворни ушлаб юрамиз, Кўзи кўрмайдиганлардай пайпасланамиз. Куппа–кундузи тундагидай қоқиламиз, Тириклар орасида ўликлардаймиз.
11 Ҳаммамиз айиқ каби бўкиряпмиз, Ҳаммамиз мусича каби нола қиляпмиз. Адолат кутяпмиз, аммо у йўқдир, Нажот кутяпмиз, аммо у биздан узоқда.
12 Ҳа, Худо олдида кўп итоатсизлик қилдик, Гуноҳларимиз бизга қарши гувоҳлик бериб турибди. Итоатсизлигимиз кўз ўнгимизда, Айбларимизни ўзимиз биламиз.
13 Итоатсизлик қилдик, Эгамизни алдадик, Худойимиздан юз ўгирдик, Зулм қўзғадик, хиёнат қилдик,Юракда ёлғон гаплар тўқиб гапирдик.
14 Адолат чекинди, солиҳлик узоққа кетди. Ахир, ҳақиқат қувиб чиқарилди, Ҳаққонийликка асло ўрин қолмади.
15 Ҳеч қаерда ҳақиқат йўқ, Ўзини ёмонликдан олиб қочган одам Ҳалокатга йўлиқди. Эгамиз буларни кўриб, Адолат йўқлигидан озор чекди.
16 Мазлумларга ёрдам берадиган Ҳеч кимса йўқлигини кўрди, Ҳеч ким йўқлигидан У ҳайратда қолди. Шунда Эгамиз Ўз қўли билан қутқаришга киришди, Худонинг Ўзи уларга нажот берди.
17 У адолатни совутдай кийиб олди, Нажот дубулғасини бошига кийди, Эгамиз қасосни либосдай кийиб олди, Рашкни чопон қилиб ўраб олди.
18 Ҳар кимга қилганига яраша жавоб беради, Ўз душманларига ғазаб сочади, Ғанимларидан қасос олади, Денгиз ортидаги юртларга Қилганларига яраша тўлиқ қайтаради.
19 Ғарбда Эгамизнинг номидан қўрқадилар, Шарқда Унинг шуҳратидан қўрқувга тушадилар. Мана, Эгамиз дарёдай келади. Ўзининг Руҳи даъват этаётган Кучли дарёдай келади.
20 Эгамиз шундай айтмоқда: “Қутқарувчи Қуддусга келади, Ёқуб наслининг гуноҳдан қайтганларига келади.”
21 Эгамиз шундай дейди: “Сиз билан қиладиган аҳдим шудир: сизга берган Руҳим, оғзингизга солган сўзларим сизларни тарк этмайди. Ҳозирдан бошлаб, то абад сизларни, болаларингизни ва набираларингизни ҳеч қачон тарк этмайди.”