Ишаё 57 bob
1 Эгам айтар: “Солиҳ одамлар ўлиб кетяпти, Ҳеч ким бу ҳақда фикр юритмайди. Тақводорлар йўқ бўляпти. Ёвузликдан қутулсин деб, Солиҳлар оламдан ўтяпти. Ҳеч ким бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайди.
2 Солиҳ инсонлар тинчликка эришади, Тўғри юрганлар ўлимда ҳам ором топади.
3 Сизлар эса, эй фолбиннинг ўғиллари, Яқинроқ келинг! Бу ёққа келинг, эй зинокор, фоҳишалар уруғи!
4 Хўш, сизлар кимнинг устидан куляпсиз? Кимга қарши оғиз очяпсиз? Кимга қараб тилингизни чиқаряпсиз? Ахир, итоатсизларнинг болаларисиз–ку! Ёлғончининг уруғидан келиб чиққансизлар–ку! Шундай эмасми?!
5 Ҳар бир ям–яшил дарахт остида Шаҳват билан гуноҳга берилдингиз! Дарё бўйларида, қоялар ковагида Ўз фарзандларингизни қурбонлик қилдингиз!
6 Сизлар севган бутлар дарёнинг силлиқ тошлари орасидадир! Ҳа, ўша бутларга сизлар кўнгил қўйгансиз! Ана ўшаларга шароб назрлари бердингиз, Уларга дон назрларини атадингиз. Хўш, булардан Мен хурсанд бўлайми?!
7 Баланд, буюк тоғда ётоқ қурасиз, Қурбонлик келтирай деб, ўша ерга чиқасиз.
8 Эшикларингиз орқасига, Эшикларингизнинг кесакиси ортига Жирканч тамғаларингизни қўйдингиз. Ҳа, Мендан юз ўгирдингиз, Яланғоч бўлиб ётоғингизга кирдингиз, Ўйнашларингиз билан аҳд туздингиз, Улар билан ётишни жуда ёқтириб қолдингиз. Уларнинг яланғоч баданидан кўз узмадингиз.
9 Зайтун мойи билан кўпгина хушбўй атирлар олиб, Ўз шоҳингизга ҳадялар қилдингиз. Узоқларга, ҳатто ўликлар диёрига Элчиларингизни юбордингиз.
10 У ёқдан–бу ёққа юравериб, толиқдингиз, Аммо шунда ҳам умидингизни узмадингиз. Қайтадан куч тикладингиз, Шу боис ҳеч заифлашмадингиз.
11 Ким сизларни ваҳимага солди? Ким сизларни шунчалик қўрқитди? Ёлғон гапирдингиз. Мени эсламадингиз! Мен ҳақимда ўйлаб ҳам кўрмадингиз! Узоқ сукут сақлаганим сабабли Мендан қўрқмай қўйдингиз!
12 Мана энди ўзингизча тўғри деб билган Ўша ишларингизни очиб ташлайман. Улар сизга битта ҳам фойда келтирмайди.
13 Ёрдам сўраб, фарёд қилганингизда Атрофингиздаги бутлар сизларни қутқарсин! Уларнинг ҳаммасини шамол супуриб кетади, Шабада уларни учириб кетади. Мендан паноҳ топганлар эса юртни мулк қилиб олади, Улар Менинг муқаддас тоғимга эгалик қилади.”
14 Эгам шундай айтмоқда: “Тупроқ йиғиб, йўлни тайёрланг, Халқим йўлидаги тўсиқларни олиб ташланг.”
15 Юксак, юқори бўлган, абадий яшайдиган Эгамиз, Номи муқаддас Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен юксакда, муқаддас масканда яшайман. Камтарлар руҳини қайта тиклай деб, Итоаткорлар қалбини жонлантирай деб, Руҳи камтар, итоаткор одамлар билан биргаман.
16 Ахир, Мен то абад даъволашмайман, Абадий қаҳр–ғазабда бўлмайман. Акс ҳолда, Мен яратган тирик жонзот, Инсон зоти олдимда тура олмасди.
17 Уларнинг гуноҳу ҳасадгўйлиги туфайли Ғазабланиб, уларни жазоладим. Қаҳр билан улардан юз ўгирдим, Аммо барибир истаган йўлларидан кетдилар.
18 Уларнинг юрган йўлларини кўрдим, Майли, энди шифо бериб, йўл кўрсатаман, Уларга ҳам, аза тутаётганларга ҳам Ўзим тасалли бераман.
19 Уларнинг тилларини мадҳияга тўлдираман. Узоғу яқиндагиларга тинчлик бўлсин! — демоқда Эгамиз. — Мен уларга шифо бераман.
20 Фосиқлар эса тўлқинланган денгиздайдир. Ҳа, улар тинч тура олмайдиган денгизга ўхшайди. Ўша денгизнинг сувлари лой, балчиқ келтиради.”
21 Худойим шундай дейди: “Ёмонларга тинчлик йўқ.”