Ишаё 42 bob
1 Эгам айтар: “Мана Менинг қулим, Ўзим уни қўллаб–қувватлайман. Мен Ўзим уни танлаганман. Ундан жуда мамнунман. Мен унга Ўз Руҳимни бердим, У элатларга адолат келтиради.
2 У бақирмайди, қаттиқ гапирмайди, Кўчаларда овозини баланд кўтармайди.
3 Эзилган қамишни синдирмайди, Тутаётган пиликни ўчирмайди, Содиқ бўлиб, адолат келтиради.
4 Ер юзида адолат ўрнатмагунча У ҳолдан тоймайди, Унинг жасорати сўнмайди. Денгиз ортидаги юртлар Унинг йўл–йўриқларини кутади.”
5 Худо, бизнинг Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен осмонни яратиб, уни ёйганман, Ерни яратиб, уни тўлдирганман, Ер юзидаги инсонларга жон ато қилганман, Жамики одамзодга ҳаёт берганман.
6 Мен, Эганг, нажот олиб келиш учун сени чақирдим. Мен сенинг қўлингни кучайтираман, Ўзим сени ҳимоя қиламан. Халқим билан тузган аҳдимни Сен орқали амалга ошираман, Жамики элатларга сен орқали нур сочаман.
7 Сен кўрларнинг кўзларини очасан, Маҳбусларни зиндондан озод қиласан, Зулматда ўтирганларни қутқарасан.
8 Мен Эгангизман! Менинг номим шудир! Мен шуҳратимни бировга бермайман, Ўзимга муносиб бўлган ҳамду санони Бутлар билан баҳам кўрмайман.
9 Мен сизларга келажакдаги воқеаларни Юз бермасдан олдин айтяпман. Олдин аён қилганларимга қаранг, Ана, ўшалар бажо бўлди–ку!”
10 Эгамизга янги бир қўшиқ айтинг! Ер юзининг ҳар бир четидан Эгамизни тараннум этинг! Эй кемаларда сузиб келадиганлар, Денгиздаги барча жонзотлар, Эгамизга қўшиқ айтинг! Эй денгиз ортидаги юртлару Бу юртларни тўлдирганлар, Эгамизга қўшиқ айтинг!
11 Саҳролар, у ердаги шаҳарлар хитоб қилсин, Кедар қишлоқларининг аҳли шод бўлсин! Села аҳли шодликдан куйласин, Тоғ чўққиларидан ҳайқирсин!
12 Улар Эгамизни улуғласин, Денгиз ортидаги юртларда ҳам Унга ҳамду санолар айтсин!
13 Эгамиз баҳодир йигитдай олға босади, У ғайратли жангчидай келади, хитоб қилади. Ҳайқириб, душманларидан устунлигини кўрсатади.
14 Эгам айтар: “Узоқ вақт сукут сақладим, Жим турдим, Ўзимни тутдим. Энди эса туғаётган аёлдай Оғир нафас оламан, фарёд қиламан.
15 Тоғу тепаликларни вайрон қиламан, Жамики ўт–ўланни қуритаман, Ирмоқларни қуруқ ерга айлантираман, Ҳатто ботқоқликларни қуритаман.
16 Кўзи ожизларни билмаган йўлларидан бошлаб бораман, Уларни нотаниш сўқмоқлардан олиб бораман. Кўзларидаги зулматни нурга айлантираман, Ўнқир–чўнқир йўлларни текислайман. Мана шу айтганларимни қиламан, Уларни тарк этмайман.
17 Бутларга ишонганлар уятга қолади. Ҳа, бутларни «худоларимиз» дейдиганлар Шармандаю шармисор бўлади.
18 Эшитинг, эй карлар, Қаранг, кўриб қўйинг, эй кўрлар!
19 Менинг қулимдай кўр бўлган борми?! Мен юборган хабарчидай кар бўлган борми?! Мен танлаганларимдай кўр бўлган борми?! Мен, Эгангизнинг қулидай кўр бўлган борми?!
20 Эй халқим! Кўп нарсаларни кўрасиз–у, эътибор бермайсиз, Қулоқларингиз очиғу эшитмайсиз.”
21 Ўз адолати ҳақи, Эгамиз Ўз қонунларини Улуғ ва шарафли қилмоқни истади.
22 Аммо бу халқ талон–тарож қилинган, Ҳаммаси зиндонда тутқун, қамоққа ташланган. Улар қўлга тушди, қутқарадигани йўқ. Улар ўлжа бўлди, “Қайтариб бер” дейдигани йўқ.
23 Қайси бирингиз буларни эшитасиз, Эътибор бериб, ўтмишга қулоқ соласиз?!
24 Ёқуб наслини ўлжа қилиб қўйган ким? Исроил халқини талончиларга берган–чи? Эгамиз эмасми?! Ахир, биз Унга қарши гуноҳ қилдик–ку! Унинг йўлидан юришни истамадик, Унинг йўл–йўриқларига қулоқ солмадик.
25 Шу боис Эгамиз қақшатқич ғазабини, Шафқатсиз урушни бошингизга келтирди. Аланга сизни ўраб олса ҳам тушунмадингиз, Сизларни куйдирса ҳам, англаб етмадингиз.