Ишаё 33 bob
1 Эй таланмаган талончи! Ҳолингга вой! Эй хиёнатни татимаган хиёнаткор! Ҳолингга вой! Роса талаб бўлганингдан сўнг, Ўзингни талон–тарож қиладилар. Хиёнатни бас қилганингда, Сенга хиёнат қиладилар.
2 Эй Эгамиз, бизга марҳамат қил, Биз Сенга умид боғлаймиз. Бизга ҳар куни куч ато қил, Кулфат чоғи эса бизга нажот бер.
3 Гумбурлаган овозингдан халқлар тарқаб кетар, Сен қўзғалганингда элатлар қочиб кетар.
4 Чигирткалар йиғилгандай ўлжаларинг йиғилар, Чигирткалар уюми каби, ўлжаларингни талон–тарож қилишар.
5 Эгамиз юксалгандир. Ҳа, Унинг маскани юксакда. Тўлдиргандир У Қуддусни адолату солиҳлик ила.
6 Эй Қуддус, У кунларингиз тинчлигини маҳкам тутади, Унинг Ўзи нажот, илм–маърифат, доноликнинг бой манбаидир. Эгамиздан қўрқиш сизларнинг хазинангиздир.
7 Ана қаранг! Яҳудонинг жасур йигитлари Кўчаларда фарёд қилади, Тинчлик элчилари аччиқ–аччиқ йиғлайди.
8 Катта йўллар ҳувиллаб қолган, Бу йўллардан юрмайди ҳеч кимса, Аҳдлар бузилди, шаҳарлар вайрон бўлди, Инсон ўз қадрини йўқотди.
9 Юрт аза тутди, азоб чекди. Лубнон ўрмонлари иснодга қолиб, қуриб қолди. Шарон текислиги саҳрога ўхшаб қолди, Башан, Кармил тоғидаги дарахтларнинг япроқлари қолмади.
10 “Энди қўзғаламан, — демоқда Эгамиз. — Энди Мен юксаламан, Ҳа, Ўзимни баланд кўтараман.
11 Сизлар эса сомонга ҳомиладор бўлгандай, Фойдасиз поялар туққандай бўласиз. Руҳингиз сизларни олов каби еб битиради.
12 Халқлар ёниб, кул бўлади, Кесилиб, оловга ташланган тикандай бўлади.
13 Эй узоқдагилар, Менинг қилганларимни эшитинг, Эй яқиндагилар, қудратимни билиб олинг!”
14 “Орамизда ким ямламай ютадиган олов билан тура олади? Орамиздаги ким ёниб битмас аланга ёнида қола олади?” дея Қуддусда гуноҳкорлар ваҳимага тушди, Нопокларни қўрқув эгаллаб олди.
15 Мана, қаранг солиҳ яшаётганларга! Улар тўғри гапни гапиради, Тамагирлик фойдасидан юз ўгиради, Пора олишдан қўлларини тияди. Қотилларнинг фитналарига қўшилмайди, Кўзларини ёвузлик жалб қила олмайди.
16 Ҳа, шундайларнинг маскани юксакларда бўлади, Тоғлардаги қоялар бошпанаси бўлади. Нону суви ҳеч қачон етмай қолмайди.
17 Мана, кўзларингиз улуғвор шоҳни, Кенг ёйилган юртни кўради.
18 Шунда ўтмишдаги қўрқувни эслаб, дейсиз: “Қани экан ўша бош лашкарбоши? Қани ўша ўлжаларни ўлчаган одам? Қани энди минораларни санаганлар?”
19 Сизлар тилларини тушунмайдиган, Гапларини англамайдиган, Ўша такаббур халқни энди кўрмайсиз!
20 Мана, қаранг Қуддусга! Байрамларимиз шаҳрига боқинг. Ўз кўзларингиз билан Сионни, Ўша осуда масканни кўрасиз. Бу чодир ҳеч қачон кўчмайди, Унинг қозиқлари сурилмайди, Биронта арқони узилмайди.
21 Ҳа, у ерда қудратли Эгамиз бизнинг Шоҳимиз бўлади, У ерда кенг дарёлару ирмоқлар бўлади. Эшкакли уруш кемалари кечиб ўта олмайди, Елканли жанг кемалари ҳам у ерда суза олмайди.
22 Ахир, Эгамиз ҳукмронлик қилади, Унинг Ўзи қонун–қоидани ўрнатади. Эгамиз бизнинг Шоҳимиздир, Унинг Ўзи бизга нажот беради.
23 Кемангизнинг мачтаси мустаҳкам эмас, Унинг арқонлари заифлашган, Унинг елкани ёйилмайди. Сўнг мўл–кўл ўлжа бўлинади, Ҳатто чўлоқ ҳам ўлжага шерик бўлади.
24 Орангизда ҳеч кимса, “Мен хастаман”, демайди, Қуддусдагиларнинг гуноҳлари кечирилади.