Ишаё 30 bob
1 Эгам айтар: “Эҳ, итоатсиз халқим! Уларнинг ҳолига вой! Менсиз маслаҳатлар қилишади. Сулҳлар тузади, лекин Менинг Руҳим йўқ–ку уларда! Ҳа, халқим гуноҳ устига гуноҳ орттираверади.
2 Ахир, Мендан сўрамасдан Мисрга боряптилар, Фиръавндан паноҳ сўраяптилар, Мисрдан бошпана истаяптилар.
3 Аммо фиръавннинг ҳимояси уларга шармандалик бўлади, Мисрнинг бошпанаси уларни уятга қолдиради.
4 Мана, халқимнинг аъёнлари Зўванга етиб келдилар, Элчилар Ханесга кириб келдилар.
5 Лекин уларнинг ҳаммаси шарманда бўлади, Ахир, Миср уларнинг халқига ёрдам бермайди. Ҳеч қандай мадад, фойда йўқ, Улар шарманда бўлиб, таъна тагида қолади.”
6 Нагав чўлидаги ҳайвонлар ҳақида башорат: Элчилари эшагу туяларга хазиналарини ортиб, Мисрга олиб кетмоқда. Ваҳимали саҳро бўйлаб секин Миср томон бормоқда. Улар бормоқда шерлару заҳарли илонлар Яшайдиган саҳро бўйлаб. Аммо Миср уларга ёрдам бермайди.
7 Миср берган мадад бекор, фойдасиз, Шу боис Мен Мисрни “Жим ўтирган Раҳоб*” деб атайман.
8 Эгамиз айтар: “Энди бор, сўзларимни бир лавҳага ёзиб, Бу халқ учун китоб қилиб бер. Бу келгуси вақтлар учун бўлсин, Ёзилганлар то абад бўлсин.”
9 Улар исёнкор халқ, ёлғончи болалар! Эгасининг йўл–йўриқларига Қулоқ солишни рад этган болалар улар.
10 Улар валийларга айтар: “Энди ваҳий кўрманглар.” Улар пайғамбарларга айтар: “Бизларга ҳақиқий башоратларни айтманглар. Бизга ширин сўзлару сохта ваҳийлар айтинг.
11 Бу йўлдан юрманг энди! Қайтинг бу йўлдан. Исроил халқининг Муқаддас Худоси ҳақида энди Эшитмайлик ҳеч бир нарса!”
12 Шу боис Исроил халқининг Муқаддас Худоси айтар: “Сизлар Менинг сўзларимни рад қилдингиз, Зулмга, ёлғонга умид боғладингиз, Уларга ишондингиз.
13 Шу боис сизлар учун бу гуноҳингиз Ёрилган, шишиб кетган девор каби бўлади. Бирдан, бир лаҳзада қулаб тушади.
14 Сопол идиш каби, у парча–парча бўлиб кетади. Шунчалик эзилиб кетадики, Ўчоқдан чўғ ёки ҳовуздан сув олгани Бирон парчасини ҳам топиб бўлмайди.”
15 Эгамиз Раббий, Исроил халқининг Муқаддас Худоси шундай демоқда: “Менга қайтсангиз нажот топасиз, Ҳаловатли бўлсангиз қутқариласиз. Сокинлигу ишончингиз сизнинг кучингиз бўлади. Аммо сизлар буни хоҳламадингиз.
16 Айтдингизки: «Йўқ, отларга миниб учиб кетамиз», Мана энди отларга миниб учиб кетасиз! Айтдингизки: «Учқур отларга миниб кетамиз», Энди эса сизни таъқиб қиладиганлар учқур бўлади!
17 Қаранглар, халқингиздан беш–олтитаси қолмагунча Бир кишининг таҳдиди мингтангизни қочиради. Беш кишининг таҳдиди ҳаммангизни қочиради. Аммо қолганлар тепаликдаги байроқ дастасидай бўлади.Улар тоғ чўққисидаги байроқ каби ишора бўлади.”
18 Шунинг учун Эгам кутмоқда, Сизларга шафқат кўрсатай деб. Мана У қўзғалмоқда, Ўз меҳрини кўрсатай деб. Ахир, Эгам адолатли Худодир. Унга умид боғлаганлар бахтиёрдир.
19 Эй Қуддусда макон қилган Сион халқи! Сизлар энди йиғламайсизлар. Фарёдингизни эшитиб, Эгам албатта марҳамат кўрсатади. Овозингизни эшитиб, жавоб беради.
20 Раббий сизларга кулфатни нон қилиб, қайғуни сув қилиб берса ҳам, энди Ўша Устозингиз Ўзини яширмайди. Сизлар ўз кўзларингиз билан Уни кўрасизлар.
21 Сизлар ўнгга ёки чапга бурилганингизда, шундай овозни эшитасизлар: “Мана йўл, шу йўлдан юринглар.”
22 Кейин ҳамма кумуш бутлар, олтин тасвирларингизни йўқ қилиб ташлайсиз. Сиз ўша нарсаларни ифлос латта–путтадай улоқтириб ташлайсиз. “Эй даф бўл кўзимдан!” дейсиз ўша нарсаларга.
23 Эгам ерга эккан уруғингизга ёмғир беради. Ердан келадиган озиқ–овқат мўл, баракали бўлади. Ўша куни чорвангиз кенг яйловларда ўтлайди.
24 Тупроққа ишлов берган ҳўкиз, эшаклар энг яхши емни ейдилар.
25 Ўша куни, душманларингиз ўлдирилган, миноралар қулаган куни ҳар бир тоғдан, ҳар бир тепаликдан ирмоқ оқиб тушади.
26 Ой қуёшга ўхшаб нур сочади. Қуёш эса етти баробар кўпроқ нур беради, етти кунлик ёруғлигини сочади. Эгам Ўз халқининг яраларини боғлаб, Ўзи келтирган жароҳатларга шифо берган кун шундай бўлади.
27 Ана, Эгамизнинг Ўзи узоқдан келмоқда, Қалин булут ичида, ғазабга миниб келмоқда. Лаблари ғазабга тўла, Тили — ямламай ютадиган оловдай.
28 Унинг нафаси бўйингача келадиган Тошқин дарёга ўхшар, У халқларни ҳалокат элагида элайди. У элатларнинг оғзига сувлуқ солади–да, Уларни йўлдан адаштиради.
29 Сизлар эса муқаддас байрам оқшомидагидай қўшиқлар куйлайсиз. Эгамизнинг тоғига, Исроил халқининг Қоясига най садолари остида бораётганлардай юракларингиз шодликка тўлади.
30 Эгамиз Ўз улуғвор овозини эшиттиради. Ҳа, қўлининг зарбаси оғирдир. Унинг кучли ғазаби, ямламай ютай деган оловга ўхшайди. Ҳа, Унинг ғазаби бўрону довул, момақалдироқ кабидир.
31 Эгамиз ҳассаси билан Оссурияни уради. Ўз овози билан уни даҳшатга туширади.
32 Эгамиз қайта–қайта Оссурияни доира ва арфа садолари остида ҳассаси билан жазолайди. Эгамиз Ўз қўлининг зарби билан жанг қилиб, улар билан уришади.
33 Тофат аллақачон тайёрланган. Ҳа, у ҳатто Оссурия шоҳи учун ҳам тайёр турибди. Бу кенг чуқурда алангаю ўтин мўл–кўл. У ерда Эгамизнинг нафаси вулқондан чиққан олов каби ёндиради.