Ишаё 22 bob
1 Ваҳий водийси ҳақида башорат: Эй Қуддус аҳли, нима қиляпсиз?! Нега томларга чиқиб, шод–хуррам бўляпсиз?!
2 Нима учун бутун шаҳар қувонч садоларига тўла?! Орангизда ўлганлар урушда нобуд бўлмади, Шуни унутдингизми?!
3 Йўлбошчиларингиз жанг майдонидан қочди, Шуни эсдан чиқардингизми?! Узоққа қочган бўлса–да, Уларнинг ҳаммаси душман қўлига тушди, Жангсиз, ўқсиз душманга таслим бўлди.
4 Шунда мен дедим: “Ёлғиз қолдиринг мени, Аччиқ–аччиқ йиғлайин. Тасалли беришга уринманг менга, Ахир, учради халқим қирғинга!”
5 Зотан, Сарвари Олам — Раббий бир кунни белгилади, У куни Ваҳий водийсида қий–чув бўлади, Зулм ва саросима ҳукм суради. Деворлар қулаётир, Одамлар тоғларга қараб фарёд қилаётир.
6 Элам лашкари ўқдонларини тайёрлади, Жанг аравалари, отлиқлари билан келди, Хир лашкари қалқонларини қўлга олди.
7 Мана, гўзал водийларингиз жанг аравалари билан тўлди, Отлиқлар шаҳар дарвозалари олдига йиғилди.
8 Эвоҳ, Яҳудо ҳимоясиз қолди! Ўша куни сизлар “Лубнон ўрмони” деган уйдаги қуролларга ишондингиз.
9 Довуд қалъаси деворларининг ёриқлари жуда кўп. Буни кўриб сизлар Қуйи ҳовуздан сув тўпладингиз.
10 Қуддусдаги уйларни санаб чиқдингиз. Шаҳар деворларини мустаҳкамлаш учун уйларни буздингиз.
11 Эски ҳовуз сувларини тўплаш учун икки девор ўртасида сардоба қурдингиз. Аммо буни илгаридан режа қилган Худони ёдга олмадингиз. Амалга оширадиган Худони хаёлингизга ҳам келтирмадингиз.
12 Ўша куни Сарвари Олам — Раббий: “Йиғланг, аза тутинг”, деб айтди. “Сочларингизни қириб, қанорга ўранинг*”, деди У.
13 Аммо буни қаранг! Шодлигу кайфу сафо! “Эрта–индин ўлиб кетамиз, Келинглар, еб–ичиб қолайлик”, деб Сизлар буқа, қўйлар сўйдингиз, Гўшт еб, майхўрлик қилдингиз.
14 Шунда Сарвари Оламнинг Ўзи менга шундай деди: “Бу гуноҳларингиз кечирилмас ўлгунингизгача.” Ҳа, буни Сарвари Олам — Раббий айтмоқда.
15 Сарвари Олам — Раббий шундай демоқда: “Қани, шоҳнинг ўнг қўл вазири, сарой аъёни Шавнанинг олдига бориб, шундай деб айт:
16 «Бу ерда нима ишинг бор?! Бу ерда сенинг киминг борки, ўзингга қабр қазибсан?! Юксакда ўзингга қабр қазибсан, қояда ўзингга маскан қилибсан?!
17 Мана, Мен, Эганг, сени улоқтираман. Эй кучли инсон! Мен сени чирпирак қилиб шиддат билан улоқтираман.
18 Мен сени айлантириб–айлантириб, тўп каби, кенг бир юртга учириб юбораман. Сен ўша юртда ўлиб кетасан. Улуғвор жанг араваларинг ўша ерда қолиб кетади. Хўжайининг хонадонига сен шармандалик келтирасан!
19 Мен сени ўз жойингдан қўзғатаман. Сен ўз лавозимингдан олинасан.
20 Ўша куни Хилқиёнинг ўғли қулим Элияқимни чақираман.
21 Сенинг либосларингни унга кийдираман. Камарингни унга боғлаб, сенинг бутун ҳукмронлигингни унга бераман. У Қуддус аҳолисига, Яҳудо халқига ота бўлади.
22 Довуд хонадонининг калитини унга бераман. У очганда, ҳеч ким беркитолмайди. У беркитганда, ҳеч ким очолмайди.
23 Мен уни деворга мустаҳкам қоқилган қозиқдай қиламан, у ўз уруғига шуҳрату шараф келтиради.
24 Ҳамма уруғ–аймоқларини қўллаб–қувватлайди, уларнинг оғирини енгил қилади. Улар қозиққа осилган идишлар каби Элияқимга осилиб олади.
25 Аммо бир кун келиб, мустаҳкам қоқилган бу қозиқ жойидан чиқиб, ерга тушади, — демоқда Сарвари Олам. — Унга осилган юк чилпарчин бўлади.»” Эгамиз шундай деб айтди.