Ишаё 13 bob
1 Омиз ўғли Ишаёга ваҳийда Бобил тўғрисида аён бўлган башорат.
2 Яланг тепалик узра байроқ кўтаринг, Бобилга қарши жангчиларни сафарбар қилинг. Ҳаммасини жангга даъват этинг, Улар аслзодалар дарвозаларини ишғол қилсин.
3 Эгам айтар: “Мен Ўзим танлаганларга амр бериб, Қаҳримни кўрсатсин деб, жангчиларимни йиғдим, Ғалабамдан севинадиганларни тўпладим.”
4 Қирлардаги оломоннинг товуши Ўхшайди буюк халқнинг овозига. Ана, шоҳликларнинг шовқин–сурони! Элатлар йиғилмоқда. Жанг қилмоққа лашкарини Сарвари Олам тайёрламоқда.
5 Келаётир улар узоқ ерлардан, Ҳа, осмон гумбазининг бир бурчидан. Эгам ва Унинг ғазаб қуроллари Вайрон қилади бутун ер юзини.
6 Фарёд қил, Эгамизнинг куни яқин! Ҳа, Қодир Худо кулфат юборади!
7 Ҳамма қўллардан дармон кетади, Ҳар бир инсон ваҳимага тушади.
8 Улар даҳшатга тушарлар, Дарду изтироб уларни чулғар, Тўлғоқ тутган аёлдай букчайиб қолар. Бир–бирига қўрқув ичра қарар, Уларнинг юзлари ловуллаб ёнар.
9 Мана, келаётир Эгамизнинг куни! Аланга олаётир ғазабу қаҳр, даҳшат. Вайронага айлантирар ер юзини, Ер юзидан қириб ташлар гуноҳкорларни.
10 Ҳа, самодаги юлдузлар, буржлар Таратмайди ўз ёруғлигини. Қуёш чиқса ҳам, зулмат бўлади, Ой ўз нурини сочмайди.
11 Эгам айтар: “Олам билан ҳисоб–китоб қиламан қабиҳлиги учун, Фосиқлар билан уларнинг гуноҳи учун, Манманларнинг киборлигига чек қўяман, Такаббурларни димоғдорлиги учун ерга ураман.
12 Инсонни камёб қиларман соф олтиндан ҳам, Одамни Офир олтинидан ҳам.
13 Ғазабим алангаланган кун Самони титратиб юборарман. Мен, Сарвари Оламнинг ғазабидан Замин қўзғалади ўз ўрнидан.
14 Шунда инсон овдаги жайрондай бўлар, Чўпонсиз қолган сурувдай бўлар, Ҳар бири ўз халқига қайтиб кетади, Ҳар бири ўз юртига қочиб боради.
15 Топилганларнинг ҳар бири найзага илинади, Қўлга тушган ҳар ким қиличдан ўтказилади.
16 Ўзларининг кўз ўнгида Чақалоқлари тилка–пора бўлади. Уйлари талон–тарож бўлади, Хотинларига тажовуз қилинади.
17 Мана, Мидияликларни уларга қарши қўяман, Мидияликларга кумушнинг ҳеч кераги йўқ, Улар олтинни ҳам истамаслар.
18 Уларнинг ўқлари ёшларни қиради, Шафқат кўрсатмайди улар болаларга, Раҳм қилмайди она қорнидагиларга.
19 Бобил шаҳри шоҳликларнинг гўзали, Бобилдир — Бобилликларнинг улуғвор дурдонаси. Аммо Мен, Худо, ер билан яксон қиламан Худди Садўм, Ғамўра каби уни.
20 Энди у ерда ҳеч ким яшамас, То абад ҳеч ким уни маскан қилмас. У ерда ҳатто чодир қурилмас, Чўпонлар сурувларини ўтлатмас.
21 Аммо ёввойи ҳайвонлар бу ерда ётар, Уйлар йиртқичлар билан тўлар, У ерда бойқушлар жойлашар, Эчкилар у ерда шаталоқ отар.
22 Увиллашар сиртлонлар қалъаларда, Чиябўрилар гўзал саройларда. Ўша вақт яқин орада келади, Ўша кун келмасдан қолмайди.”