1 Ижрочилар раҳбарига. “Қизлар” куйига айтиладиган Довуд саноси.
2 Бутун юрагимдан, эй Эгам, Сенга шукур айтаман, Барча ажойиб ишларингни сўйлайман.
3 Сен туфайли шодланиб, қувонаман. Қўшиқ айтиб, Сени мадҳ этаман, Эй Худойи Таоло!
4 Душманларим чекиниб қочганларида, Қоқилиб, нобуд бўлди Сенинг ҳузурингда.
5 Сен адолат ила ҳукм қилиб тахтга ўтирдинг, Мени ҳукм этиб, юзимни ёруғ қилдинг.
6 Халқларни Сен ваҳимага солдинг, Қабиҳларни қириб ташладинг. Уларнинг номини бир умрга ўчирдинг.
7 Вайроналар ичра душманимиз то абад ғойиб бўлди,Уларнинг шаҳрини Сен вайрон этдинг, Уларнинг хотираси тамоман ўчди.
8 Эгамиз эса то абад Ўз тахтида ўтиради, У тахтини ҳукм қилиш учун қургандир.
9 У оламни адолат билан бошқаради, Халқларни одилона ҳукм қилади.
10 Мазлум учун Эгамиз қалъадай бўлади, Ҳа, қайғули дамларда У паноҳ бўлади.
11 Эй Эгам, Сени танийдиганлар Ўзингга умид боғлайди. Сенга юз бурганларни тарк этмайсан.
12 Ҳамду сано куйланг Қуддусда тахт қурган Эгамизга! Унинг ишларини эълон қилинг халқлар орасида!
13 Қасоскор Эгамиз мазлумларни ёдида тутади, Жафокашлар фарёдини У унутмайди.
14 Раҳм қил менга, эй Эгам, қара! Мендан нафратланган ғанимларим азоб бермоқда! Ўлим оғзидан мени қайтарадиган Сенсан!
15 Шу боис гўзал Қуддус дарвозалари олдида Сенга ҳамду сано айтайин, Менга нажот берган Сенсан, Шу боис ҳам қувонайин.
16 Халқлар ўзлари қазиган чуқурга ўзлари йиқилди, Яширган тўрларига оёқларидан илинди.
17 Эгамиз адолатли ҳукми ила Ўзининг кимлигини кўрсатди. Қабиҳлар ўзлари қўйган тузоққа илинди.
18 Қабиҳлар ва Худони унутган жамики халқлар Ўликлар диёрига тушар.
19 Муҳтожни Худо бир умрга унутмас, Бечораҳолнинг умидини то абад йўққа чиқармас.
20 Қани, эй Эгам! Инсон зоти ғолиб чиқмасин, Халқлар ҳузурингда ҳукм қилинсин.
21 Уларни қўрқувга сол, эй Эгам! Халқлар инсон зоти эканлигини билсин.
22 Нечун, эй Эгам, узоқда турибсан? Қайғули дамларда Ўзингни яширасан?
23 Такаббур қабиҳлар бечорани таъқиб қилади, Тўқиган иғволари ўзларининг бошига етсин.
24 Қабиҳлар ёвуз эҳтирослари билан мақтанади, Очкўзлар Эгамизни лаънатлайди, Ундан нафратланади.
25 Худога интилмайди ўзига бино қўйган қабиҳлар, “Худо йўқдир”, деб доим ўйлайди улар.
26 Қабиҳларнинг доим иши юришади, Худонинг амрларини улар тушунмайди, Душманларини писанд қилмайди.
27 Улар ўз кўнглида ўйлайдилар: “Биз ҳеч қачон қоқилмаймиз, Ҳеч қачон кулфатларга дуч келмаймиз.”
28 Қабиҳларнинг оғзидан лаънат, ҳийла, пўписа чиқади, Сўзлари билан улар одамларни яралаб, барбод қилади.
29 Улар қишлоқларда яшириниб олади, Бегуноҳ инсонни пойлаб ўлдиради. Кўзлари ожиз қурбонни қидиради.
30 Шерга ўхшаб панада кутиб туради, Бечорани ушлайман деб, писиб ётади, Заифни ўз сиртмоғига илинтириб, ушлаб олади.
31 Қабиҳлар ўз кучи билан заифни йиқитади, Уни ётқизиб, эзиб ташлайди.
32 Улар ўз кўнгилларида: “Худо қилмишларимизни унутган, У кўзларини юмиб олган, ҳеч нарсани кўрмайди”, деб ўйлайди.
33 Қани, эй Эгам! Ургин қабиҳларни, Эй Худо! Унутмагин мазлумларни!
34 Нечун қабиҳлар Сендан нафратланади? Нечун ўз кўнглида улар: “Худо Мендан ҳисоб сўрамайди”, деб айтади?
35 Сен эса кўриб турасан, Билиб турасан кулфату азобда қолганларни. Қўлларингни уларга узатасан, Ожиз ўзини Сенинг паноҳингга топширади, Сен етимга доим ёрдам бергансан.
36 Қабиҳлару ёвузларнинг қўлини қирққин, Қилмишлари учун улардан ҳисоб сўра, Токи улар бошқа ёвузлик қилмасин.
37 Эгамиз Шоҳдир то абад, Ўзга халқлар йўқ бўлади Унинг юртидан.
38 Эй Эгам, мазлумларнинг истакларига қулоқ соласан, Уларнинг юракларига далда берасан. Етиму мазлумнинг додини Сен эшитиб,
39 Ер юзида банда уларни ваҳимага солмасин дея, Уларга Сен адолат қиласан.