1 Ижрочилар раҳбарига. Довуднинг Шоулдан қочиб юрган пайтда ғорда яшириниб қутулганидан кейин айтган қўшиғи. “Хароб этма” куйига айтилади.
2 Эй Худо, раҳм қилгин менга, раҳм қил, Менинг жоним Сенда паноҳ топади. Ҳалокатли офатлар ўтиб кетгунча Мен қанотларинг соясида паноҳ топаман.
3 Ёлвораман Худойи Таолога, Мен учун қасос олувчи Худога.
4 Самодан нажот юбориб, У мени қутқаради, Мени топтайдиганларни шарманда қилади. Худо Ўз севгию садоқатини юборади.
5 Мен одамхўр шерлар орасида ётгандайман. Уларнинг тишлари найзаю ўқ кабидир, Уларнинг тиллари кескир қиличдайдир.
6 Эй Худо, фалакдан ҳам юқорида юксалавер! Шуҳратинг бутун замин узра ёйилсин.
7 Душманларим оёқларимга тузоқ қўйган, Қайғу–кулфатдан руҳим чўккан. Улар сўқмоқларимда чуқур қазиди, Ўзлари қазиган чуқурга ўзлари қулади.
8 Эй Худо, юрагим Сенга содиқ, Ҳа, юрагим Сенга содиқдир! Сени куйлаб, қўшиқ айтаман.
9 Уйғонгин, эй жоним! Уйғон, эй арфа, лира! Тонгни ҳам мен уйғотаман!
10 Эй Раббий, халқлар орасида Сенга шукрона айтаман, Эллар орасида Сенга ҳамду сано куйлайман.
11 Содиқ севгинг самолардай юксакдир, Садоқатинг булутларга чўзилгандир.
12 Эй Худо, фалакдан ҳам юқорида юксалавер! Шуҳратинг бутун замин узра ёйилсин.