1 Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
2 Шундай десин Эгамиздан нажот топганлар, У кулфатдан қутқарган одамлар.
3 Ахир, Эгамиз уларни шарқу ғарбдан, Шимолу жанубдан тўплаган, Кўп юртлардан уларни йиғиб келган.
4 Баъзилари чўлу биёбонда тентираб юрдилар, Яшаш учун бирон шаҳарга йўл топмадилар.
5 Оч, ташна ҳолда қолдилар, Сал бўлмаса ўлаёздилар.
6 Кулфатда қолганларида Эгамизга нола қилдилар, Эгамиз уларни азоб–уқубатлардан қутқарди.
7 Улар яшайдиган шаҳарга боргунга қадар, Эгамиз уларни тўғри йўлдан етаклади.
8 Содиқ севгиси учун улар Эгамизга шукрона айтсин! Эгамизнинг инсониятга кўрсатган ажойиб ишлари учун шукур қилсин!
9 Зотан, У қондирар ташна бўлганларни, Тўйдирар неъматлар билан очларни.
10 Баъзилари зимзиё зулматда ўтирардилар, Асир бўлиб, кишанда азоб чекардилар.
11 Улар Худонинг сўзларига қарши исён қилгандилар, Худойи Таолонинг йўл–йўриқларини менсимадилар.
12 Шу боис Худо уларни оғир ишларга мажбур этди, Улар йиқилганда, ёрдам беришга бирон кимса бўлмади.
13 Кулфатда қолганларида Эгамизга нола қилдилар, Эгамиз уларни азоб–уқубатлардан қутқарди.
14 Уларни зимзиё зулматдан олиб чиқди, Уларнинг кишанларини парча–парча қилди.
15 Содиқ севгиси учун улар Эгамизга шукрона айтсин! Эгамизнинг инсониятга кўрсатган ажойиб ишлари учун шукур қилсин!
16 Зотан, У бронза дарвозаларни синдирар, Темир тамбаларни иккига бўлиб ташлар.
17 Баъзилари аҳмоқ бўлиб, итоатсизлик қилдилар, Гуноҳлари туфайли азобга дучор бўлдилар.
18 Ҳар қандай овқатдан жирканар эдилар, Ўлим оғзига яқинлашиб қолган эдилар.
19 Кулфатда қолганларида Эгамизга нола қилдилар, Эгамиз уларни азоб–уқубатлардан қутқарди.
20 Эгамиз гапириб, уларга шифо берди, Қабрдан уларни сақлаб қолди.
21 Содиқ севгиси учун улар Эгамизга шукрона айтсинлар! Эгамизнинг инсониятга кўрсатган ажойиб ишлари учун шукур қилсинлар!
22 Улар шукрона қурбонлигини келтирсинлар, Унинг ишларини шодон қўшиқларда куйласинлар.
23 Баъзилари кемаларда денгизга чиқдилар, Ваҳимали сувлар узра савдо қилдилар.
24 Улар Эгамизнинг ишларини, Чуқур сувда Унинг мўъжизаларини кўрдилар.
25 У амр берганда, бўрон қўзғалди, Денгиз тўлқинлари баланд кўтарилди.
26 Кема осмонга кўтарилиб, яна чуқур сувга тушди, Фалокатдан кемадагилар бемажол бўлиб қолди.
27 Улар маст каби довдираб айланди, Маҳоратлари фойда бермади.
28 Кулфатда қолганларида Эгамизга нола қилдилар, Эгамиз уларни азоб–уқубатлардан қутқарди.
29 У бўронни шабадага айлантирди, Денгиз тўлқинлари сукутга чўмди.
30 Тўлқинлар жим бўлганидан улар севинди, Истаган бандаргоҳга уларни келтириб қўйди.
31 Содиқ севгиси учун улар Эгамизга шукрона айтсин! Эгамизнинг инсониятга кўрсатган ажойиб ишлари учун шукур қилсин!
32 Улар жамоа олдида Эгамизни улуғласин, Оқсоқоллар йиғинида Унга ҳамду санолар айтсин.
33 Эгамиз дарёларни саҳрога айлантирар, Булоқларни қақраган ерга айлантирар.
34 Аҳолисининг фосиқлиги сабабли Ҳосилдор ерларни шўр ерга айлантирар.
35 Саҳрони эса Эгамиз кўл қилар, Қақраган ердан булоқлар чиқарар.
36 Оч–юпунларни у ерга олиб келиб ўрнаштирар. Улар эса яшаш учун шаҳарлар қурар.
37 Далаларга уруғ экиб, узумзорлар яратар, Далалардан мўл–кўл ҳосил олар.
38 Эгамизнинг баракаси ила улар жуда кўпаяр, Уларнинг чорваси камайишига Эгамиз йўл қўймас.
39 Эгамиз аслзодаларни хор қилди, Йўлсиз саҳрода уларни саргардон қилди.
40 Зулм, кулфат, ғамдан Уларнинг сони камайди, Улар қашшоқлашди.
41 Йўқсилларни эса Эгамиз кулфатдан қутқарар, Уларнинг оиласини қўй сурувидай кўпайтирар.
42 Солиҳлар буни кўриб, севинар, Фосиқлар эса оғзини ёпиб, жим бўлар.
43 Донолар буларга эътибор берсин, Эгамизнинг содиқ севгисини англасин.