1 Мана шулар ҳақида ўйласам, Юрагим ўйнаб, жойида сакрагандай бўлади.
2 Худо овозининг гумбурлашига яхшилаб қулоқ солинг. Унинг оғзидан чиқаётган гулдиросни эшитинг.
3 Чақмоғи бутун фалак остида чақнаб, Ернинг тўрт бурчига етиб боради.
4 Ундан кейин гулдурос эшитилади, Худо Ўзининг улуғвор овози билан гумбурлаган садо чиқаради, Унинг овози эшитилганда чақмоқ чақнайверади.
5 Ўз овози билан Худо ажойиб гулдурос ҳосил қилади, Унинг қилган ишларига ақлимиз етмайди.
6 У буюрса ерга қор ёғади, Худо айтгани учун сел ёғади.
7 У ҳамма одамларнинг ишларини тўхтатиб қўяди, Шунда инсонлар Худонинг қудратини билиб олади.
8 Жониворлар ўз инларига киради, Ўз уяларида яширинади.
9 Бўрон ўз маконидан чиқади, Совуқ шамол эсади.
10 Худо нафаси билан муз ҳосил қилади, Бепоён сувлар музлаб қолади.
11 Булутларни сув билан тўлдиради–да, Уларнинг орасидан чақмоқ чақтиради.
12 Худо булутларга йўл кўрсатади, Худонинг амрлари бажо бўлиши учун Шамолу сув ер юзи бўйлаб айланади.
13 У баъзан, одамзодни жазолай деб, ёмғир ёғдиради. Баъзан эса ерни суғорай, Одамзодга Ўз севгимни кўрсатай деб, булутларни юборади.
14 Бир дақиқа жим туринг, Аюб, қулоқ солинг, Худонинг ажойиб ишлари ҳақида ўйлаб кўринг.
15 Худо қандай қилиб булутларни бошқаришини Ёки чақмоқ чақтиришини биласизми?
16 Қандай қилиб булутлар осмонда осилиб туришини, Билими баркамол Худонинг ажойиботларини биласизми?
17 Ахир, ер юзида эсган гармсел туфайли Кийимларингиз ҳам исиб кетади–ку!
18 Осмон сайқалланган бронзадай қаттиқ, Худо уни ёйиб қўйган! Шундай қилиш сизнинг ҳам қўлингиздан келадими?
19 Худога қандай гапиришни бизга ўргатинг. Биз нотавонлар даъвоимизни тушунтира олмаймиз.
20 Гапирмоқчи бўлганимни бирортаси Худога айтиши керакми? Ахир, инсон гапирса, албатта ҳалок бўлади–ку!
21 Шамол булутларни ҳайдагандан сўнг Тиниқ осмонда чарақлаб турган қуёшга Ҳеч ким қарай олмайди.
22 Шимолдан ёрқин нурлар таралмоқда, Худо ажойиб улуғворликка бурканган.
23 Биз Қодир Худога етолмаймиз, Унинг қудрати юксакдир. У тўғри ҳукм чиқаради, адолатига хиёнат қилмайди.
24 Шунинг учун инсонлар Ундан қўрқади. Ҳа, қалби донолар Худони кўради.”