Аюб 32 bob
1 Шундай қилиб, ўша уч киши Аюбга бошқа гапирмадилар, чунки Аюб ўз назарида солиҳ эди.
2 Аммо Буз авлодининг Рам хонадонидан бўлган Борахиёл ўғли Элихунинг жаҳли чиқди. Аюб ўзини оқлаб, Худони айблаётгани учун ундан қаттиқ ғазабланди.
3 У Аюбнинг учала ўртоғидан ҳам жуда қаттиқ аччиқланди, чунки улар Аюбнинг гапига жавоб топиб бера олмадилар. Натижада Худо айбдордай бўлиб қолди.
4 Элиху гапириш учун ўз навбатини кутиб турарди, чунки бошқаларнинг ёши уникидан улуғроқ эди.
5 Лекин уларнинг бошқа гапи йўқлигини кўриб, Элихунинг жаҳли чиқди.
6 Шундай қилиб, Буз авлодидан бўлган Борахиёл ўғли Элиху ўз гапини бошлади: “Мен ёшман, Сизларнинг эса ёшингиз улуғ. Шунинг учун уялиб, Фикрларимни айтишга қўрқдим.
7 Ёши улуғлар гапирсин, Кўпни кўрганлар ақл ўргатсин, дедим.
8 Аммо фақатгина ёши улуғлар доно бўлмайди, Нима тўғрилигини фақат кексалар тушунавермайди.
9 Ахир, инсонга унинг ичидаги руҳ — Қодир Худонинг нафаси ақл–идрок беради–ку!
10 Шунинг учун менга қулоқ солинг, Мен ҳам ўз фикримни баён қилай.
11 Сизлар гапирганда жим турдим, Доно гапларингизга қулоқ солдим. Гап қидирганингизда ҳам кутиб турдим.
12 Сизларга диққат билан қулоқ солдим, Лекин ҳеч бирингиз Аюбнинг айбини исботлай олмадингиз. Унинг гапларига жавоб бера олмадингиз.
13 Сизлар: «Энг доно йўлни топдик, Аюбни инсон эмас, Худонинг Ўзи мағлуб қилсин», дея кўрманглар.
14 Аюб гапларини менга қарата айтгани йўқ. Шундай бўлганда ҳам, Мен ҳеч қачон сизларга ўхшаб жавоб бермасдим.
15 Эй Аюб! Бу учала ўртоғингиз эсанкираб қолди, Гап тополмай ўтирибдилар. Айтадиган биронта сўзи йўқ.
16 Энди уларнинг айтадиган гапи бўлмаса, Мен кутиб ўтираверайми?!
17 Мен ҳам жавоб бераман, Ўз фикримни билдираман.
18 Ичимда сўзлар тошиб кетяпти, Руҳим мени даъват қиляпти.
19 Қалбим очилмаган шароб каби жўшмоқда, Янги шароб қуйилган меш каби ёрилиб кетай, дейди.
20 Гапириб, озгина ёзилай. Оғиз очиб, жавоб берай.
21 Мен ҳеч кимга тарафкашлик қилмайман, Ҳеч бир инсонга хушомад қилмайман.
22 Агар хушомадгўйликка уста бўлсам, Яратувчим мени йўқ қилган бўлар эди.