Аюб 29 bob
1 Аюб гапида давом этди:
2 “Қани энди, Худо менга Ғамхўрлик қилган пайтлари қайтиб келса эди.
3 Ўша пайтларда Худо Ўз чироғи билан йўлимни ёритарди, Унинг нури билан зулматдан ўтар эдим.
4 Куч–қувватга тўлган кезларимда Худо билан бўлган дўстлигим чодиримни тўлдириб турарди.
5 Қодир Худо мен билан эди, Фарзандларим ҳам атрофимда юрарди.
6 Уйимда қаймоқ ошиб–тошиб ётарди, Зайтунзорларимдан мой ариқ бўлиб оқарди.
7 Шаҳар дарвозаси олдида ўтирганимда, Йўлбошчилар орасидан жой олганимда,
8 Ёшлар мени кўриб, йўл берарди, Ҳатто кексалар ҳам ўрнидан турарди.
9 Оқсоқоллар ҳам гапидан тўхтарди, Дами ичига тушиб кетарди.
10 Бошлиқларнинг ҳам овози тинарди, Тиллари танглайига ёпишиб қоларди.
11 Гапларимни эшитганлар мени мақтарди, Кўрганлар мен ҳақимда яхши гапирарди,
12 Ахир, мен нола қилган йўқсилларга ёрдам берардим, Суянчиғи йўқ етимларни четда қолдирмас эдим.
13 Ўлимдан қутқарилган бу одамлар мени дуо қилардилар, Ёрдамим билан беваларнинг қалбини қувончга тўлдирардим.
14 Солиҳликка кийим каби ўрангандим, Одилликни саллам ва тўнимдай кийиб юрардим.
15 Кўрларга кўз бўлдим, Чўлоқларга оёқ бўлдим.
16 Фақирларга ота бўлдим, Мусофирларнинг арзларини эшитиб, ҳимоя қилдим.
17 Золимларнинг тишларини синдирдим, Уларнинг оғзидан ўлжасини тортиб олдим.
18 Мен шундай деб ўйлардим: «Узоқ умр кўриб, ўз уйимда ҳаётдан кўз юмаман.
19 Ахир, мен илдизлари сувга етган, Шохларида тун бўйи шабнам турадиган дарахтдайман.
20 Доимо обрўйим баланд бўлаверади, Кучим қайта–қайта янгиланаверади.»
21 Ҳамма сукут сақлаб, менга қулоқ соларди, Бизга қандай маслаҳат бераркан, деб кутарди.
22 Менинг сўзларимдан кейин ҳеч ким гап қўшмасди, Сўзларим уларнинг устига шабнамдай оҳиста тушар эди.
23 Улар ёмғир кутгандай мени кутишарди, Сўзларим баҳор ёмғири сингари уларга сингиб кетарди.
24 Уларга кулиб қарасам, кўзларига ишонишмасди, Марҳамат қилишимни умид билан кутишарди.
25 Уларга бош бўлиб, йўл–йўриқ кўрсатардим, Лашкарлари орасидаги шоҳдай яшар эдим, Улар қайғуга тушганларида тасалли берардим.