Аюб 27 bob
1 Аюб яна гап бошлаб шундай деди:
2 “Менга адолат қилмай, Қалбимни яралаган Қодир Худо шоҳид!
3 Танамда Худо ато қилган жон бор экан, Сўнгги нафасимгача,
4 Оғзимдан фисқу фасод эшитилмас, Тилимдан ёлғон сўзлар чиқмас.
5 Ҳеч қачон сизларни ҳақ деб тан олмайман, Ўлгунимча айбсиз эканлигимни рад қилмайман.
6 Иккиланмай ўзим ҳақлигимни айтавераман, Ҳаёт эканман, виждоним тоза менинг.
7 Душманим фосиқлардай жазо олсин, Рақибларим ёвузлардай жазолансин.
8 Худосиз одам ҳаётдан маҳрум бўлганда, Унда қандай умид қолади? Худо уни йўқ қилганда умиди бўладими?
9 Худосизларнинг бошига кулфат тушганда, Худо уларнинг фарёдига қулоқ тутармикин?
10 Ахир, улар Қодир Худодан завқ топмайдилар–ку! Улар ҳар доим ҳам Худога илтижо қилмайдилар–ку!
11 Худонинг қудрати ҳақида сизларга ўргатаман. Қодир Худонинг йўлларини сизлардан яширмайман.
12 Ахир, ўзингиз буларнинг ҳаммасини кўргансиз–ку! Шунда ҳам бекорчи гапларни қўймайсиз.
13 Фосиқларнинг тақдири қуйидагичадир, Қодир Худо золимларнинг бошига солгани мана шудир:
14 Уларнинг фарзандлари кўпайса ҳам, Барибир урушда ҳалок бўлади. Зурриёти ҳеч қачон нонга тўймайди.
15 Тирик қолганларини ўлат нобуд қилади, Бевалари эса аза ҳам тутолмайди.
16 Кумушлари чангдай кўп бўлса ҳам, Кийим–кечаклари уюм–уюм бўлса ҳам,
17 Ўша кийимларни солиҳлар кияди, Кумушларини эса айбсизлар бўлиб олади.
18 Фосиқларнинг уйлари қуш инидай мўрт бўлади, Дала қоровулларининг капалари сингари бўлади.
19 Фосиқлар кечқурун ёстиққа бош қўйганда бой бўлса, Кўзларини очиб қараганда, бор бойликлари йўқолиб кетган бўлади.
20 Ваҳима уларни сув тошқинидай босади, Тунда бўронлар уларни учириб кетади.
21 Шарқ шамоли уларни олиб кетади, Фосиқларни ўз жойларидан супуриб ташлайди.
22 Бу шамол шафқатсизларча уларга ташланади, Фосиқлар шамолнинг кучидан қочишга уринади.
23 Шамол уларнинг устидан кулади, Ҳуштак чалиб, уларни даҳшатга солади.