Аюб 26 bob
1 Аюб шундай деб жавоб берди:
2 “Ожизга берган ёрдаминг шуми? Кучсизга шундай мадад керакми?!
3 Ақлсизга бирам ўргатиб қўйдинг–а! Берган маслаҳатларинг бирам маънолики!
4 Ким ўргатди ўзи сенга бу доно гапларни?! Сен орқали кимнинг руҳи гапирган ўзи?!
5 Сувлар остидаги ўликлар диёрида Марҳумларнинг руҳи қалтирайди.
6 Худонинг олдида ўликлар диёри очиқдир, Ҳалокат диёрининг ҳам ёпинчиғи йўқ.
7 Худо бўшлиқ устига самони ёйди, Ерни эса бўшлиққа осиб қўйди.
8 Худо булутларни ёмғир сувига тўлдиради, Булутлар эса сувнинг оғирлигидан йиртилиб кетмайди.
9 Худо тўлин ойнинг юзини яшириб, Булутлар билан ўраб қўяди.
10 Худо уфқни бепоён уммон узра ёйиб, Ёруғлик ва қоронғилик орасига чегара қўйди.
11 Худо осмоннинг устунларига дўқ қилса, Улар қўрқувдан қалтираб тебранади.
12 Худо Ўз қудрати билан денгизни мағлуб қилди, Ўз заковати билан махлуқ Раҳобни ҳалок қилди.
13 Ўз нафаси билан булутларни ҳайдаб, Мовий осмонни очди. Унинг қудрати қочаётган илонни эзиб ташлади.
14 Булар Худо қилган ишларнинг кичик бир парчасидир, Худди пичирлаб айтилган гапга ўхшайди! Шундай экан, агар Унинг қудрати Момоқалдироқдай гумбурласа, ким тушуна олади?”