Аюб 24 bob
1 Нима учун Қодир Худо ҳукм вақтини белгиламайди? Нима учун Худони билганлар бекорга Уни кутадилар?
2 Фосиқлар чегараларни бузадилар, Ўғирланган подаларни яйловларда боқадилар.
3 Етимларнинг эшакларини ҳайдаб кетадилар. Беванинг ҳўкизини кафиллик сифатида олиб қўядилар.
4 Камбағалларни йўлдан четга чиқариб ташлайдилар. Қашшоқларни яширинишга мажбур қиладилар.
5 Қашшоқлар ёввойи эшаклардай чўлда овқат излашади, Уларнинг фарзандлари учун даштдан бошқа ерда егулик йўқ.
6 Бегоналарнинг далаларида сомон йиғишади, Фосиқларнинг узумзорларида қолган–қутганини теришади.
7 Тунни кийим–кечаксиз, яланғоч ўтказади, Совуқда уларнинг ёпинадиган нарсаси йўқ.
8 Тоғ ёмғирлари уларни шалаббо қилади, Бошпаналари йўқлигидан улар Қоянинг олдида қалтирайдилар.
9 Фосиқлар беванинг фарзандини Онасининг қучоғидан юлиб олади, Камбағалнинг чақалоғини гаровга олади.
10 Кийимлари йўқлигидан камбағаллар яланғоч юришади. Буғдой боғламларини кўтариб юрсалар–да, қоринлари оч қолади.
11 Қатор–қатор зайтун дарахтлари орасида Зайтунни эзиб мой чиқарадилар. Узум сиқиб шароб қиладилар, Аммо чанқоқлари босилмайди.
12 Шаҳарда жон бераётганларнинг нолалари эшитилади, Жароҳатланганлар мадад сўраб фарёд қилади. Шунда ҳам Худо ҳеч кимни бу ноҳақлик учун жавобгар қилмайди.
13 Нурга қарши бош кўтарганлар бор. Улар нур йўлидан юрмайдилар, Нур йўли олиб борадиган жойга бормайдилар.
14 Қотил эрта тонгда туради, Камбағалу бечорани ўлдиради, Кечаси эса ўғрилик қилади.
15 Зинокор кеч бўлишини кутади, «Ўшанда мени ҳеч ким кўрмайди», деб ўйлайди. Ниқоб билан юзини беркитади.
16 Ўғрилар кечаси уйларни талаб, Кундуз куни яширинади. Улар нур нималигини билмайди.
17 Барча ўғриларнинг тонги зулматдир. Ҳа, зулмат даҳшатлари уларнинг дўстидир.
18 Аммо ўша фосиқлар дарё сувлари устидаги кўпикдай ўткинчидир. Уларнинг ерлари лаънатланган, Уларнинг узумзорларига ҳеч ким қадам босмайди.
19 Иссиқ ҳаво ва қурғоқчилик қорни эритиб йўқ қилгандай, Ўликлар диёри ҳам гуноҳкорни ўз оғушига олади.
20 Қуртлар эса уни маза қилиб кемиради. Гуноҳкорни ҳатто ўз онаси унутади, Ҳеч ким уни эсга олмайди. Фосиқлар дарахтлардай синдириб ташланади.
21 Фосиқлар фарзандсиз аёлга зулм ўтказади, Беваларга меҳр–шафқат кўрсатмайди.
22 Аммо Худо Ўз қудрати билан кучлиларни ҳалок қилади. Улар баланд кўтарилиши мумкин, Аммо уларнинг ҳаёти учун кафолат йўқ.
23 Улар осойишта яшашларига Худо йўл қўяди, Аммо Ўзи уларнинг йўлларини доим кузатиб туради.
24 Ҳозирча улар буюк бўлса ҳам, кейинроқ йўқ бўлади. Улар ерга урилади, худди бошқалардай ўлиб кетади. Дон бошоқларидай қуриб қолади.
25 Қани, ким гапларимни ёлғон, деб айта олади? Ким менинг гапларимни пучга чиқара билади?”