Аюб 2 bob
1 Бир куни илоҳий зотлар Эгамизнинг олдига келишди. Шайтон ҳам Эгамизнинг ҳузурига келди.
2 Шайтондан Эгамиз: — Қаердан келяпсан? — деб сўради. Шайтон: — Ер юзининг у ёғидан бу ёғига юриб, айланиб чиқдим, — деб жавоб берди.
3 Шайтонга Эгамиз шундай деди: — Қулим Аюбни кўрдингми? Ер юзида унга ўхшаган ҳеч ким йўқ. У айбсиз ва солиҳ одам. Мендан қўрқади, фосиқликдан юз ўгирган. Сен эса бекорга Мени унга зарар кўрсатишга ундадинг. Қара, у ҳали ҳам солиҳлигида маҳкам турибди.
4 Шайтон шундай жавоб берди: — Жонига азоб бериб кўр–чи, нима қилар экан?! Кўрасан, инсон ўз жонини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсадан воз кечади.
5 Ҳозир унинг танасини дардга йўлиқтиргин, у юзингга қараб Сени лаънатлайди.
6 Шайтонга Эгамиз шундай деди: — Майли, Аюбни қўлингга топширдим. Уни фақат тирик қолдиргин.
7 Шайтон Эгамизнинг ҳузуридан чиқиб, Аюбни бошидан оёғигача жирканчли яралар билан қоплаб ташлади.
8 Аюб кул уюмлари орасида, сопол парчаси билан яраларини қашлаб ўтирарди.
9 Хотини унга: — Ҳамон солиҳлигингизда маҳкам тураверасизми?! Худони лаънатланг–да, ўлиб қўя қолинг, — деди.
10 Аюб эса хотинига шундай жавоб берди: — Сен аҳмоқ хотинлардай гапиряпсан. Худонинг қўлидан яхши нарсаларни қабул қиламиз–у, ёмонларини олмаймизми? Шунча азоб–уқубатдан кейин ҳам Аюб Худога қарши гапириб, гуноҳ қилмади.
11 Аюбнинг бошига тушган кулфатлар ҳақида унинг уч дўсти эшитди. Булар Темонлик Элифаз, Шувахлик Билдад ва Намахлик Зўфар деган одамлар эди. Улар йиғилишиб, Аюбга ҳамдардлик билдириш ва тасалли бериш ниятида уни кўришга келдилар.
12 Дўстлари Аюбни узоқдан кўриб таний олмадилар. Қаттиқ дод–фарёд солиб, кийимларини йиртишди, бошлари узра тупроқ сочишди.
13 Улар Аюб билан бирга етти кун–етти кеча ерда ўтирдилар. Мана шу кунлар давомида ҳеч бири Аюбга гапирмади, чунки у жуда қаттиқ азоб чекаётганини кўриб турар эдилар.