Аюб 19 bob
1 Аюб шундай жавоб берди:
2 “Қачонгача мени қийнайсизлар, Гапларингиз билан мени эзасизлар?
3 Мана, мени ўн марта ҳақоратладингиз! Менга ҳамла қилаверишдан уялмайсизларми?
4 Агар хато қилганим рост бўлса, Гуноҳим ўзимнинг ташвишим.
5 Сизлар ўзингизни мендан устун қўйяпсиз. Мана бу гуноҳингнинг далили, деб Шарманда бўлганимни кўрсатяпсиз.
6 Шуни билинглар, Худонинг Ўзи менга ҳақсизлик қилди, Тўрлари билан атрофимни ўради.
7 «Ўлдиряпти!» деб хитоб қилсам ҳам, Менга ҳеч ким жавоб бермайди. Фарёд қиламан, лекин адолат йўқдир.
8 Худо йўлимга ғов қўйган, ўтолмайман. Йўлларимни зулмат билан қоплаган.
9 У бор обрўйимни тўккан, Бошимдаги тожимни тортиб олган.
10 Менга ҳар томондан ҳужум қилди, тамом бўлдим, Дарахтни суғургандай, умидимни суғуриб ташлади.
11 Унинг ғазаби менга қарши қайнайди, У мени Ўзига душман деб ҳисоблайди.
12 Унинг қўшинлари бостириб келади. Мени қамал қилиш ниятида Чодирим атрофида қароргоҳ қуради.
13 Худо қариндош–уруғимни мендан узоқлаштирди, Танишларим мендан юз ўгирдилар.
14 Қариндошларим мени тарк этишди. Дўстларим мени унутишди.
15 Уйимга келган меҳмонлар ҳам, Чўриларим ҳам менга бегонадай қарашади. Уларнинг назарида бир мусофирдай бўлиб қолдим.
16 Хизматкоримни чақирсам, у жавоб бермайди. Унга ўзим ялиниб боришим керак.
17 Нафасим хотинимга жирканч бўлиб қолган, Қариндош–уруғим мендан нафратланади.
18 Ҳатто ёш болалар ҳам мендан ҳазар қилади. Оёққа турсам, улар мени мазах қилади.
19 Ҳамма яқин дўстларим мендан ҳазар қилади. Яхши кўрганларим ҳам мендан юз ўгирди.
20 Терию суягимдан бошқа ҳеч нарсам қолмади, Ўлишимга бир бахя қолди.
21 Эй дўстларим, менга раҳм қилинглар, Ахир, мени Худо урди–ку!
22 Худо мени қувғин қилгандай, Нима учун сизлар ҳам мени қувғин қиляпсизлар? Мени еб битирдингиз–ку! Ҳали ҳам тўймадингизми?
23 Қани энди, айтган сўзларим ёзиб қўйилса! Улар китобга туширилса!
24 Темир қаламу қўрғошин билан Қояга абадий ўйиб битилса!
25 Аммо мен биламан, Менинг Халоскорим ҳаётдир, Вақти келиб, У мени ҳимоя қилади.
26 Терим ириб кетган бўлса ҳам, Мана шу танамда Худони кўраман.
27 Мен Уни ўз кўзларим билан кўраман, Ҳа, мен кўраман, бошқа ҳеч ким эмас. Юрагим орзиқиб кетяпти!
28 Агар сизлар: «Мана энди унга қарши чиқамиз! Ахир, кулфатларининг илдизи ўзида–ку», десангиз,
29 Ўзингиз жазодан қўрқинг. Худо ғазаби келганда қилич билан жазолайди, Шунда сизлар ҳукм борлигини билиб оласизлар.”