Аюб 12 bob
1 Аюб шундай деб жавоб берди:
2 “Ҳа, сизлар ҳамманинг ўрнига гапирасизлар, тўғрими? Ўлсангиз, донолик ҳам сиз билан бирга ўлса керак–а?!
3 Мен ҳам бир–иккита нарса биламан, Сизлар мендан устун эмассизлар. Сизлар айтаётганларни ким ҳам билмас экан?!
4 Мен Худога илтижолар қиляпман. Унинг жавоб беришини кутяпман. Дўстларим эса устимдан кулаверадилар. Солиҳ ва айбсиз бўлсам ҳам, ҳаммага мазах бўлиб қолдим.
5 Беташвиш юрганлар кулфатга такаббурлик билан қарайдилар. Фалокатни қоқилаётганларнинг тақдири деб биладилар.
6 Ўғриларнинг чодирида ҳам тинчлик ҳукмрон, Худонинг ғазабини келтирадиганлар ҳам хавф–хатарсиз юрибди. Гўё улар «гаҳ» деса, Худо қўлига қўнади!
7 Мана, ҳайвонлардан сўранглар, Улар сизларга ўргатадилар. Осмондаги қушлардан сўранглар, Улар сизларга айтиб берадилар.
8 Ердан сўранглар, у сизларга йўл–йўриқ кўрсатади. Денгиздаги балиқлар сизларга тушунтирадилар.
9 Мана шу жонзотларнинг орасида қайси бири Ҳаммасига Эгамиз сабабчи эканини билмайди?!
10 Ҳар бир жониворнинг ҳаётию Инсонларнинг нафаси Унинг қўлидадир
11 Оғиз овқатнинг таъмини билади. Худди шундай қилиб, қулоқ ҳам эшитган сўзларини синаб кўриши керак–ку?!
12 Ақл–идрок узоқ умр кўрган одамларда, Донолик кексаларда бўлади.
13 Лекин ҳақиқий донолик ва қудрат Худодадир. Маслаҳат ва ақл–идрок Унга тегишлидир.
14 Агар Худо ниманидир бузса, қайта қуриб бўлмайди, Агар У қамаб қўйса, ҳеч ким қочиб кета олмайди.
15 Агар У ёмғирни ушлаб турса, ер чўлга айланади. Сувларни қўйиб юборса, ер юзини сув босади.
16 Куч ва зафар Худога тегишли! Ёлғончию алданганлар ҳам Унинг қўлида!
17 У маслаҳатчиларни қип–яланғоч қилиб қўяди, Ҳакамларни ҳам ақлдан оздиради.
18 Худо шоҳларнинг ҳам тўнларини ечиб ташлайди. Уларни қул қилиб, белларига арқон боғлаб қўяди.
19 Руҳонийларни ҳам қип–яланғоч қилиб қўяди, Мустаҳкам ўрнашганларни Худо ағдариб ташлайди.
20 Ишончли маслаҳатчиларни тилдан қолдиради, Оқсоқолларни эса идрокидан маҳрум қилади.
21 Шаҳзодаларнинг устидан шармандалик ёғдиради, Кучлиларнинг қурол–аслаҳаларини тортиб олади.
22 Худо зулматнинг энг яширин жойларини очади, Тим қоронғиликларни ҳам ёритади.
23 Халқларни юксалтиради–ю, яна Ўзи уларни ҳалокатга дучор қилади, Халқларни кўпайтиради–да, кейин уларни тарқатиб юборади.
24 Ер юзидаги йўлбошчиларни ақл–заковатдан маҳрум қилади, Уларни сўқмоқсиз чўлларда саргардон қилиб қўяди.
25 Нурсиз бир қоронғиликда улар пайпасланиб юрадилар. Худо уларни маст одамдай қилиб қўяди, Улар довдираб юрадиган бўлиб қоладилар.