Эстер 2 bob
1 Ахашвераш ғазабидан тушгандан кейин, Вашти ва унинг қилмиши, Ваштининг устидан чиқарилган ҳукм эсига тушиб қолди.
2 Шоҳнинг аъёнлари айтдилар: “Шоҳимиз учун ёш, чиройли қизлар қидирилсин.
3 Бунинг учун шоҳимиз қўли остидаги вилоятларда назоратчилар тайин қилинсин, улар чиройли барно қизларни шоҳимизнинг хизматкори, ҳарам оғаси Хегай назорати остида Шушан қалъасидаги ҳарамга тўпласинлар, қизларга пардоз берсинлар.
4 Шоҳимизга ёққан қиз Ваштининг ўрнига малика бўлсин.” Бу гап шоҳга маъқул келди ва у айтилганларни қилди.
5 Шушан қалъасида бир яҳудий яшарди. Унинг исми Ёвир ўғли Мардохай бўлиб, Бенямин қабиласидан эди. Ёвир Шимах ва Киш наслига бориб тақаларди.
6 Бобил шоҳи Навухадназар Яҳудо шоҳи Ёҳайихинни асир қилиб олиб келганда, Мардохай ҳам Қуддусдан келтирилган эди.
7 Ота–онасидан етим қолган Ҳадассани Мардохай асраб олиб тарбия қилди. Ҳадасса Мардохайнинг жияни эди. Унинг бошқа исми Эстер бўлиб, келишган, гўзал қиз эди.
8 Шоҳнинг амру фармони эълон қилингач, Шушан қалъасига кўп қизларни тўплаб, Хегай назоратига топширишди. Эстер ҳам шоҳ саройига келтирилиб, ҳарам оғаси Хегай назоратига топширилди.
9 Хегайга Эстер ёқди, Хегай унга илтифот кўрсатди. Хегай дарров: “Бу қизга пардоз бериб, парваришланглар, унга улушини бериб туринглар, саройдан еттита канизак танлаб олиниб, унга чўри қилиб берилсин”, деб буюрди. У шоҳ ҳарамининг энг яхши бўлмасига қизни ва унинг канизларини жойлаштирди.
10 Лекин Эстер ўз халқи, уруғ–аймоғи тўғрисида ҳеч нарса айтмади. Чунки Мардохай унга бу тўғрида оғиз очмаслигини буюрган эди.
11 Мардохай ҳар куни Эстернинг соғлигидан хабар олгани, унга қандай муомала қилишяпти экан, деб билгани ҳарам ҳовлиси атрофида юрарди.
12 Ҳар бир ёш қизга, Ахашвераш ҳузурига кириш учун навбати келганда, ўн икки ой давомида пардоз бериларди. Аёллар учун чиқарилган қоида шунақа эди. Олти ой мирра мойи билан, олти ой хушбўй нарсалар ва упа–эликлар билан пардоз қилардилар.
13 Шундан кейин қиз шоҳ ҳузурига кирарди: қиз саройга кираётганда, ҳарамдан нима талаб қилса, ҳаммаси бериларди.
14 Кечқурун шоҳ ҳузурига кирган қиз, эртасига эрталаб шоҳнинг мулозими, канизаклар соқчиси Шашагаз назорати остидаги бошқа ҳарамга қайтарди. Фақат шоҳга хуш ёққан, шоҳ номини айтиб чақирган қиз қайтадан унинг ҳузурига кирарди.
15 Мардохайнинг асрандиси, унинг амакиси Абуҳайилнинг қизи Эстер шоҳ ҳузурига кирадиган пайт ҳам келди. Эстер шоҳнинг мулозими, ҳарам оғаси Хегай нима таклиф қилган бўлса, шуни олди ва бошқа ҳеч нарса сўрамади. Эстерни кўрганларнинг кўзларида қувонч порлади.
16 Шундай қилиб, Ахашвераш ҳукмронлигининг еттинчи йили ўнинчи ойи — Табат ойида, Эстер шоҳ Ахашвераш саройига келтирилди.
17 Шоҳ Эстерни ҳамма қизлардан ортиқ севиб қолди. Эстер шоҳнинг мурувватига ва илтифотига барча қизлардан кўпроқ сазовор бўлди: Ахашвераш маликалик тожини Эстернинг бошига кийгизиб, уни Ваштининг ўрнига малика қилди.
18 Сўнгра шоҳ ҳамма аъёнлари ва хизматкорлари учун Эстер шарафига зиёфат берди, ҳамма вилоятларда байрам эълон қилди. Олийҳимматлик билан ҳадялар улашди.
19 Барно қизлар кейинги сафар ҳарамга тўпланишганда, Мардохай саройда ўз вазифасини бажараётган эди.
20 Эстер Мардохайнинг буйруғига итоат этиб, уруғ–аймоғи ва халқи тўғрисида ҳали гапирмаган эди. Эстер Мардохайнинг тарбиясида бўлган пайтда унга қандай итоат қилган бўлса, ҳозир ҳам шундай итоат этарди.
21 Ўша кунларда — Мардохай саройда ўз вазифасини бажараётганда, шоҳнинг Бихтан ва Тараш деган иккита дарвозабони қутуриб, шоҳ Ахашверашнинг жонига суиқасд қилишни режалаштирдилар.
22 Мардохай бу фитнани билиб қолиб, малика Эстерни огоҳлантирди. Эстер эса фитна тўғрисидаги хабарни Мардохай номидан шоҳга етказди.
23 Бу воқеа текширилгач, тўғри деб топилди ва иккала хизматкор дорга осилди. Бу воқеа шоҳнинг “Кундалик хотиралар китоби”га ёзиб қўйилди.