Эзра 3 bob
1 Исроил халқи ўз шаҳарларига ўрнашиб олгандан кейин, еттинчи ойда ҳаммаси Қуддусда йиғилишди.
2 Ёҳузадах ўғли Ёшуа, унинг руҳоний ҳамкорлари ва Шалтиёл ўғли Зарубабел ўз уруғ–аймоғи билан биргаликда Исроил халқининг Худосига атаб, қурбонгоҳни қайтадан қурдилар. Улар Худонинг одами Мусонинг Таврот китобида ёзилган амрларига мувофиқ куйдириладиган қурбонликларни келтирмоқчи эдилар.
3 Улар маҳаллий халқлардан қўрқишларига қарамай, қурбонгоҳни олдинги пойдевори устига қурдилар. Қурбонгоҳнинг устида ҳар куни эрталаб ва кечқурун Эгамизга қурбонликларни куйдириб назр қилдилар.
4 Сўнгра Мусонинг қонунида ёзилгани сингари, Чайла байрамини нишонладилар. Байрамнинг ҳар бир кунига оид қурбонликлар келтириб, куйдирдилар.
5 Улар кунда куйдириладиган қурбонликлардан ташқари, ҳар ойда нишонланадиган янги ой шодиёнасида ва йил давомида Эгамизга атаб нишонланадиган байрамларда қурбонликлар келтирдилар. Шунингдек, кўнгилдан чиқариб қурбонликлар олиб келдилар.
6 Хуллас, одамлар еттинчи ойнинг биринчи кунидан бошлаб, Эгамизга атаб куйдириладиган қурбонликларни келтира бошлаган эдилар. Лекин Эгамизнинг Маъбади пойдевори ҳали ётқизилмаган эди.
7 Халқ тош йўнувчиларни ва дурадгорларни пул билан таъминлаб турди. Улар Форс шоҳи Курушнинг ижозати билан Ўрта ер денгизи орқали Лубнондан Яффа шаҳрига садр ёғочларини келтирдилар. Ёғочларни олиб келган Сидонликлар ва Тирликларга егулик, ичимлик ва зайтун мойи бердилар.
8 Сургундан қайтганлар Худонинг Қуддусдаги уйи вайроналари олдига келганларига бир йилу икки ой бўлгач, улар Эгамизнинг уйини қайта қуришни бошладилар. Қурилишда Шалтиёл ўғли Зарубабел, Ёҳузадах ўғли Ёшуа, руҳонийлар ва левилар, шунингдек, сургундан қайтиб келган ҳамма одамлар иштирок этди. Улар қурилиш ишларини назорат қилиш учун йигирма ва ундан юқори ёшдаги левиларни тайинладилар.
9 Худонинг уйи қурилишини Ешува, унинг ўғиллари ва қариндошлари, Кадмил ва унинг ўғиллари назорат қилар эдилар. (Ешува ва Кадмил Хўдавиё наслидан эдилар.) Уларга бу ишда левиларнинг Ханадод уруғи ёрдам берар эди.
10 Бинокорлар Эгамиз Маъбадининг пойдеворини ётқизиб бўлганларидан кейин, руҳонийлар ўз либосларини кийдилар. Исроил шоҳи Довуднинг кўрсатмаларига мувофиқ, руҳонийлар карнайлари билан, Осиф наслидан бўлган левилар зиллари билан Эгамизга ҳамду сано айтиш учун ўз жойларини эгалладилар.
11 Улар Эгамизга ҳамду сано ва шукроналар айтиб, шундай нақораткуйладилар:“Эгамиз яхшидир, Унинг Исроилга бўлган содиқ севгиси абадийдир.” Эгамизнинг уйи пойдевори ётқизилгани учун бутун халқ баланд овоз билан Эгамизга ҳамду сано айтди.
12 Одамлар хурсандчиликдан бақирарди, Эгамизнинг олдинги уйини кўрган ёши улуғ руҳонийлар, левилар ва уруғбошиларнинг кўпчилиги эса уйнинг пойдеворини кўрганларида ҳўнграб йиғладилар.
13 Халқ шунчалик қаттиқ бақирардики, овозлари узоқдан ҳам эшитилиб турарди. Буни эшитганлар хурсандчилик овозларини йиғи товушидан фарқлай олмасди.