Солномалар (иккинчи китоб) 26 bob
1 Шундан кейин Яҳудо халқи ўн олти ёшли Уззиёни отаси Эмозиёнинг ўрнига шоҳ қилди.
2 Эмозиёнинг вафотидан сўнг, Уззиё илгарилари Яҳудога қарашли бўлган Элет шаҳрини қўлга киритиб, қайтадан қурди.
3 Уззиё шоҳ бўлганда, ўн олти ёшда эди. У Қуддусда эллик икки йил ҳукмронлик қилди. Онаси Қуддуслик бўлиб, исми Ёхолиё эди.
4 Уззиё ҳам, отаси Эмозиё каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.
5 Закариё ҳаётлиги даврида Уззиё Худога интиларди, Закариё унга Худонинг йўлидан юришни ўргатарди. Уззиё Эгамизга интилган пайтда, Худо унга ҳузур–ҳаловат бағишлади.
6 Уззиё Филистларга қарши уруш бошлаб, Гат, Ёбнах ва Ашдод шаҳарларининг деворларини бузиб ташлади. У Ашдод ҳудудида ва Филистларга қарашли бошқа жойларда шаҳарлар қурди.
7 У Филистларга, Гур–Баалда яшайдиган Арабларга ва Мавунларга қарши уруш қилганда, Худо унга мадад берди.
8 Мавун халқи Уззиёга ўлпон тўлайдиган бўлди. У ниҳоятда кучайиб кетганидан, шуҳрати Миср чегарасигача ёйилди.
9 Бундан ташқари, Уззиё Қуддусдаги Бурчак дарвозаси, Сойлик дарвозаси ва деворнинг қайрилган жойларида миноралар қуриб, бу минораларни мустаҳкамлади.
10 У саҳрода мудофаа қўрғонларини қурдирди. Яҳудо қир этакларида ва текисликларда боқилган подалари кўп бўлгани учун, кўплаб сардобалар қаздирди. Деҳқончиликка ихлос қўйгани учун адирлару унумдор ерларда экинлар эктириб, узумзорлар барпо қилди. У ерда ишлайдиган деҳқону боғбонлари бор эди.
11 Уззиёнинг моҳир жангчилардан ташкил топган лашкари бор эди. Бу жангчиларни котиб Явиёл ва унинг ёрдамчиси Масиё сафарбар қилиб, уларни бўлинмаларга бўлган эди. Котиб Явиёл билан Масиё Ханониёнинг қўли остида иш олиб борар эдилар. Ханониё шоҳнинг аъёни эди.
12 Бу сараланган жангчиларга 2600 уруғбоши қўмондонлик қиларди.
13 Уларнинг қўли остида жами 307.500 баҳодир жангчи бўлиб, бу катта лашкар шоҳни душманларидан ҳимоя қилар эди.
14 Уззиё бутун лашкарни қалқонлар, найзалар, дубулғалар, совутлар, камонлар ва сопқон тошлари билан таъминлаган эди.
15 У Қуддусдаги миноралар устига ва шаҳар девори бурчакларига олимлари кашф этган ўқ отадиган қуроллар ва катта тошларни улоқтирадиган қуролларни ўрнатди. Худо унга ёрдам бергани учун у ниҳоятда қудратли бўлиб, шуҳрати ҳар ёққа таралди.
16 Уззиё кучайиб кетгандан кейин, ҳалокатга олиб борадиган киборликка берилди. У Эгамизнинг Маъбадига кириб, тутатқи қурбонгоҳида тутатқи тутатди, шу йўсин ўзининг Эгаси Худога итоатсизлик қилди.
17 Руҳоний Озариё Эгамизнинг саксонта жасур руҳонийси билан бирга Уззиёнинг кетидан борди.
18 Улар шоҳ Уззиёга танбеҳ бериб дейишди: — Эй шоҳимиз! Эгамизга тутатқи тутатиш сизнинг ишингиз эмас. Бу Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларнинг ишидир. Тутатқи тутатишга улар бағишланганлар. Қани бўлинг, бу муқаддас жойдан чиқиб кетинг! Сиз ўзбошимчалик қилдингиз. Бу қилмишингиз учун Парвардигор Эгамиз сизни юксалтирармиди?!
19 Уззиё ўша пайтда қўлидаги оловкураги билан тутатқи тутатишга тайёр бўлиб турган эди. У руҳонийларнинг танбеҳидан қаттиқ ғазабланган эди, шу заҳотиёқ пешанасига яра тошди. Бу ҳодиса Эгамизнинг уйидаги тутатқи қурбонгоҳи олдида, руҳонийларнинг кўз ўнгида содир бўлди.
20 Олий руҳоний Озариё билан бошқа руҳонийлар шоҳ пешанасидаги қўрқинчли яраларни кўришгач, шоҳни ташқарига олиб чиқишга шошилдилар. Шоҳнинг ўзи ҳам ташқарига отланди, чунки Эгамиз уни жазолаган эди.
21 Олий руҳоний Озариё билан бошқа руҳонийлар шоҳ пешанасидаги қўрқинчли яраларни кўришгач, шоҳни ташқарига олиб чиқишга шошилдилар. Шоҳнинг ўзи ҳам ташқарига отланди, чунки Эгамиз уни жазолаган эди.
22 Уззиёнинг бошқа ишларини бошдан охиргача Омиз ўғли Ишаё пайғамбар ёзиб қолдирган.
23 Уззиё оламдан ўтиб, шоҳлар қабристонининг бир четига дафн қилинди. Бироқ тери касаллигига чалингани учун уни шоҳлар хилхонасига қўймадилар. Унинг ўрнига ўғли Йўтом шоҳ бўлди.