Шоҳлар (учинчи китоб) 12 bob
1 Рахабом Шакам шаҳрига кетди. Жамики Исроил халқи ҳам, Рахабомни шоҳ қилиб кўтарамиз деб, Шакамга келишди.
2 Набат ўғли Ерибом бу ҳақда эшитиб, Мисрдан қайтди. У Сулаймоннинг дастидан Мисрга қочиб кетганича, ҳануз ўша ерда эди.
3 Исроил халқи одам юбориб, уни чақиртириб келди. Сўнг Ерибом билан барча Исроил жамоаси Рахабом ҳузурига келиб, унга шу гапни айтишди:
4 — Отангиз бизга оғир бўйинтуруқ солиб, оғир меҳнат қилишга бизни мажбурлаган эди. Энди сиз меҳнатимизни енгиллатиб, бизни бўйинтуруқдан халос қилинг. Ўшанда биз сизга итоат этамиз.
5 — Ҳозир қайтиб кетаверинглар, — деди Рахабом келганларга. — Уч кундан кейин яна ҳузуримга келинглар. Шундай қилиб, халқ қайтиб кетди.
6 Шоҳ Рахабомнинг отаси Сулаймон ҳаётлиги даврида оқсоқоллар ҳар доим унинг олдида ҳозиру нозир эдилар. Шоҳ ўша оқсоқолларга маслаҳат солди. — Сизлар нима дейсизлар, бу халққа нима деб жавоб берсам бўлади?
7 Оқсоқоллар шоҳга шундай деб маслаҳат беришди: — Агар сиз бу халққа бугун қул бўлиб хизмат қилсангиз, уларга жавоб берганингизда, яхши сўзингизни аямасангиз, улар сизга бир умр хизмат қиладилар.
8 Лекин шоҳ оқсоқолларнинг маслаҳатларини рад қилди. Бирга ўсган ва ўзига хизмат қилаётган ёш йигитлар билан маслаҳатлашди.
9 Шоҳ ўша йигитларга деди: — Бу халқ менга: “Отангиз бизга солган оғир бўйинтуруқдан энди бизни сиз халос қилинг”, деяпти. Уларга нима деб жавоб берайин? Сизлар қандай маслаҳат берасизлар?
10 Рахабом билан бирга ўсиб–улғайган ёш йигитлар унга шундай маслаҳат беришди: — Арз қилган ўша халққа шундай деб айт: “Менинг жимжилоғим отамнинг белидан ҳам йўғон.
11 Отам сизларга оғир бўйинтуруқ солган эди, энди мен ундан ҳам баттарроғини қиламан. Отам сизларни қамчи билан жазолаган экан, мен эса чаёнларга чақтириб, жазолайман.”
12 Рахабом Ерибомга ва халққа: “Учинчи куни ҳузуримга келинглар”, деб айтгани учун, халқ айтилган пайтда шоҳ Рахабомнинг ҳузурига келди.
13 Шоҳ оқсоқолларнинг берган маслаҳатларини писанд қилмай, ёш йигитларнинг гапига кириб, халққа кескин жавоб берди:
14 — Отам сизларга оғир бўйинтуруқ солган эди, энди мен ундан ҳам баттарроғини қиламан. Отам сизларни қамчи билан уриб жазолаган экан, мен эса чаёнларга чақтириб жазолайман.
15 Шундай қилиб, шоҳ халққа қулоқ солмади. Эгамизнинг Шилўлик Охиё орқали Набат ўғли Ерибомга берган сўзи бажо бўлиши учун Худо бу воқеани шундай режалаштирган эди.
16 Исроил халқи қарасаки, шоҳ гапга қулоқ солмаяпти. Шундан кейин халқ унга шундай хитоб қилди: “Эссай ўғли Довуднинг бизга ўтказиб қўйган жойи йўқ, Бизнинг ҳам ундан қарзимиз йўқ! Эй Исроил халқи, ҳамма ўз уйига қайтсин! Эй Довуд, энди ўз кўмочингга ўзинг кул тортавер!” Шундай қилиб, Исроил халқи уйларига тарқалиб кетди.
17 Рахабом фақат Яҳудо шаҳарларида яшайдиган Исроил халқи устидангина ҳукмронлик қиладиган бўлиб қолди.
18 Шоҳ Рахабом қароллар бошлиғи Одонирамни* Исроил халқи олдига юборган эди, Исроил халқи уни тошбўрон қилиб ўлдирди. Бу хабарни шоҳ Рахабом эшитди–ю, шоша–пиша жанг аравасига миниб Қуддусга қочди.
19 Исроил халқи ўша кундан бошлаб Довуд хонадонидан юз ўгирди.
20 Исроил халқи: “Ерибом қайтиб келибди” деган хабарни эшитишди–ю, одам юбориб, уни ўзларининг ҳузурига чақиртириб келишди. Исроил халқи Ерибомни бутун Исроилга шоҳ қилди. Довуд хонадонига содиқ бўлган фақат Яҳудо қабиласи қолди, бошқа ҳеч ким бу хонадонга эргашмади.
21 Сулаймон ўғли Рахабом Қуддусга келиб, Яҳудо ва Бенямин қабилаларидан 180.000 одамни сипоҳликка танлаб олди. “Шоҳликни қайтариб оламан” деган мақсадда уларни Исроил халқига қарши жанг қилиш учун тайёрлади.
22 Лекин ўшанда Шамаё пайғамбарга Худонинг қуйидаги сўзлари аён бўлди:
23 Яҳудо шоҳи Сулаймон ўғли Рахабомга ҳамда бутун Яҳудо ва Бенямин қабиласига, бу ердаги бошқа халқларга шу гапларни етказ:
24 «Эгамиз шундай айтмоқда: қариндошларингиз Исроил халқига қарши уруш бошламанглар! Ҳар ким ўз уйига қайтсин! Чунки бу ишлар ҳаммаси Мендан бўлди.»” Улар Эгамизнинг амрига итоат этиб, уйларига қайтиб кетдилар.
25 Ерибом Эфрайим қирларидаги Шакам шаҳрини мустаҳкам қилиб, ўша ерда ўрнашди. У ердан Паниёлга* кетиб, у шаҳарни ҳам мустаҳкам қилди.
26 Кейин Ерибом ўзига ўзи айтди: “Шоҳлик яна Довуд хонадонига қайтиб қолиши мумкин.
27 Агар бу халқ Эгамизнинг уйига қурбонлик қилиш учун Қуддусга бораверса, у пайтда халқнинг кўнгли яна ўзларининг ҳукмдори Яҳудо шоҳи Рахабомга чопади, мени эса ўлдирадилар.”
28 Шундан сўнг шоҳ Ерибом маслаҳатчилари билан кенгашиб, икки олтин бузоқ ясади ва халққа деди: — Эй Исроил, Қуддусга бориб юришингизга ҳожат йўқ! Мана, сизларни Мисрдан олиб чиққан худоларингиз!
29 Ерибом олтин бузоқларнинг бирини Байтил шаҳрига, иккинчисини Дан шаҳрига ўрнаштирди.
30 Халқ олтин бузоқларга топинмоқ учун Байтилга ва Данга борарди. Бу нарсалар эса ҳаммани гуноҳга ботирди.
31 Ерибом, бундан ташқари, бегона худоларга атаб саждагоҳлар қурдирди. Леви қабиласидан бўлмаган халқдан руҳонийлар тайинлади.
32 Ерибом Исроил халқи учун Байтилда нишонланадиган бир байрам тайин қилди, бу байрам Яҳудода нишонланадиган байрамга ўхшаш эди. Бу байрамнинг санасини Ерибом ўзича саккизинчи ойнинг ўн бешинчи кунига белгилади.
33 Ўзи барпо қилган саждагоҳларда хизмат қиладиган руҳонийларни тайинлади. Ўзи ясаган қурбонгоҳда ўша байрам куни олтин бузоқларига атаб қурбонликлар келтирди.