Шоҳлар (иккинчи китоб) 17 bob
1 Охитофел Абсаломга шундай деди: — Ижозат берсанг, ўн икки минг кишини танлаб оламан, шу кечасиёқ отланиб, Довуднинг орқасидан тушаман.
2 Довуд чарчаган, ҳолдан тойган, унга ҳужум қилиб қўрқитсам, ёнидагиларнинг ҳаммаси қочиб кетади. Мен фақат шоҳ Довудни ўлдираман, холос.
3 Кейин жамики халқни сенинг ихтиёрингга қайтариб олиб келаман. Ўзинг қидираётган одамни топиб ўлдирсанг бўлди — ҳамма сенга бош эгади, бутун халқ тинчийди.
4 Бу маслаҳат Абсаломга ҳам, жамики Исроил оқсоқолларига ҳам маъқул келди.
5 — Орух уруғидан бўлган Хушай бор–ку, уни ҳам чақириб келинглар, — деди Абсалом, — у нималар дер экан, эшитайлик–чи.
6 Хушай келди. — Охитофел шундай–шундай маслаҳат берди, — деди Абсалом. — Унинг маслаҳатига амал қилсак бўладими? Бўлмаса, сен маслаҳат бер.
7 — Охитофелнинг бу сафарги маслаҳати яхши эмас, — деди Хушай Абсаломга.
8 — Отанг Довуд билан унинг одамлари моҳир жангчилар эканлигини биласан. Улар даштда болаларидан айрилган айиқдай ғазабга минганлар. Отанг тажрибали жангчи, тунни лашкар ёнида ўтказмайди.
9 Шу пайтда у бирорта ғорда ёки бошқа бир жойда яшириниб юрибди. У Абсаломнинг одамларидан баъзиларини биринчи ҳужумдаёқ ҳалок қилганда, бу ҳақда эшитган ҳар бир одам: “Абсаломга эргашганлар тор–мор бўлди”, дейди.
10 У пайтда ҳатто шер юракли баҳодир йигитлар ҳам қўрқувга тушади. Чунки Исроилдаги ҳар бир одам отангнинг жасурлигини, жангчиларининг ҳам ботирлигини билади.
11 Сенга маслаҳатим шу: Дандан Бершебагача чўзилган жойлардаги бутун Исроил лашкари атрофингга тўплансин. Ахир, Исроил халқи денгиз қирғоғидаги қум сингари сон–саноқсиз–ку! Уларни сен ўзинг жангга бошла.
12 Довуд қаерда яшириниб юрган бўлса ҳам, унга қарши юриш қиламиз, бутун ер юзини шудринг қоплаганидай, биз ҳам унинг устига бостириб борамиз. Довудни ҳам, ёнидагиларнинг бирортасини ҳам тирик қолдирмаймиз.
13 Агар у бирор шаҳардан бошпана топса, ҳамма Исроил одамлари арқон олиб, ўша шаҳарга боришади. Шунда ҳаммамиз биргаликда шаҳарни ағдариб, бир дона тошини ҳам қолдирмай, сойликка тортиб туширамиз.
14 Абсаломга қўшилиб ҳамма бир оғиздан: — Орух уруғидан бўлган Хушайнинг маслаҳати Охитофелнинг маслаҳатидан анча маънили, — дейишди. Сабаби, Эгамиз Абсаломни кулфатга дучор қилиш ниятида Охитофелнинг яхши маслаҳатини беҳудага чиқаришни мўлжаллаб қўйган эди.
15 Хушай руҳонийлар Зодўх билан Абуатарга шундай деди: — Охитофел Абсаломга ва Исроил оқсоқолларига ундай маслаҳат берди, мен эса бундай маслаҳат бердим.
16 Сизлар ҳозироқ шу хабарни Довудга етказинглар: бу кеча қирда — дарёнинг кечувида тунамасин, ҳозироқ нариги қирғоққа ўтаверсин. Бўлмаса, шоҳнинг ўзи ҳам, ёнидаги одамлари ҳам қирилиб кетади.
17 Бу пайтда Абуатар ўғли Йўнатан билан Зодўх ўғли Охимас Эн–Рўғол булоғида кутиб туришарди. Бир чўри қиз бўлиб ўтган гап–сўзларни уларга етказар, Йўнатан билан Охимас эса эшитганларини шоҳ Довудга етказиб туришарди. Ўзлари таваккал қилиб шаҳарга киролмас, бирортаси кўриб қолиши мумкин эди.
18 Лекин бир ўспирин ногаҳон уларни кўриб қолди ва Абсаломга хабар берди. Шундан кейин Йўнатан билан Охимас тезда бу шаҳардан чиқиб, Бохурим шаҳридаги бир одамнинг уйига келишди. Ўша уйнинг ҳовлисида бир қудуқ бор эди. Йўнатан билан Охимас қудуққа тушишди.
19 Ҳалиги одамнинг хотини қудуқ оғзини ёпинчиқ билан беркитди. Қуёшда қуритаётгандай бўлиб, устига бошоқ ёйиб қўйди. Шунинг учун ҳеч ким, бу ерда одам бор, деб шубҳаланмасди.
20 Абсаломнинг одамлари ўша уйга бориб, аёлдан: — Охимас билан Йўнатанни кўрмадингми? — деб сўрашди. — Ирмоқнинг нариги томонига ўтиб кетишди, — деб жавоб берди аёл. Абсаломнинг одамлари уларни қидириб кетишди, лекин топа олмай Қуддусга қайтишди.
21 Улар кетгандан сўнг Охимас билан Йўнатан қудуқдан чиқишди–да, бўлиб ўтган ҳодисалардан шоҳ Довудни хабардор қилиш учун унинг ёнига жўнашди. — Қани, ҳозироқ дарёни кечиб ўтинглар, чунки Охитофел сизларга қарши шундай–шундай маслаҳат берди, — дейишди улар шоҳга.
22 Шу заҳоти Довуд ҳамма одамларини эргаштириб, Иордан дарёсини зудлик билан кечиб ўтди. Тонг отганда, ҳамма Иордан дарёсидан ўтиб бўлган, орқада бирорта ҳам одам қолмаган эди.
23 Охитофел берган маслаҳати амалга ошмаганини кўриб, эшагини эгарлаб жўнади. Ўз шаҳрига — уйига қайтиб келди. Ишларини саранжом–саришта қилиб бўлгандан кейин, ўзини осиб ўлдирди. Унинг жасадини ота–боболарининг хилхонасига дафн қилишди.
24 Абсалом билан Исроил лашкарининг ҳаммаси Иордан дарёсини кечиб ўтишаётганда, Довуд Моханайим шаҳрига етиб борган эди.
25 Абсалом Йўабнинг ўрнига Эмосани лашкарбоши қилиб тайинлаганди. Эмоса Йўабнинг жияни бўлиб, Исмоил қавмидан Этер деган одамнинг ўғли эди. Онасининг исми Обигайл бўлиб, Нахош деган одамнинг қизи эди. Обигайл Зеруянинг синглиси, Зеруя Йўабнинг онаси эди.
26 Абсалом ва унинг қўли остидаги Исроил лашкари Гилад ерларида қароргоҳ қуришди.
27 Довуд Моханайимга борганда, уни бир неча одам кутиб турарди.
28 Улар Оммонларнинг Рабба шаҳридан Нахош ўғли Шўви, Лўдавор шаҳридан Омиёл ўғли Мохир ва Рўғолим шаҳридан Гиладлик Борзулай эдилар.
29 Улар, одамлар чўлда толиққан, оч қолиб, чанқагандир, деб Довуд билан унинг одамларига кўрпа–тўшаклар, косалар, сопол идиш–товоқлар, буғдой, арпа, кепакли ун, қовурилган дон, ловия, ясмиқ дони, асал, сузма, пишлоқ ва қўйлар олиб келишган эди.