Шоҳлар (иккинчи китоб) 15 bob
1 Абсалом ўзи учун битта жанг араваси, отлар ва элликта қўриқчини тайёрлаб қўйди.
2 У эрталаб туриб, шаҳар дарвозасига борадиган йўл бўйида турадиган бўлди. Жанжалли иш билан шоҳ ҳузурига арз қилиб келаётган ҳар бир одамни Абсалом тўхтатиб: — Қаерликсан? — деб сўрарди. Ўша одам: “Исроилнинг фалон қабиласиданман”, деб жавоб берарди.
3 Абсалом эса унга: — Қара, даъволаринг тўғри, сен ҳақсан. Лекин сенинг гапингга қулоқ соладиган, шоҳ тайинлаган бирор вакил йўқ, — дерди.
4 Кейин: — Агар юртга мен ҳакам бўлганимда эди, — деб қўшиб қўярди, — шикоят ёки бирор масала билан менинг олдимга келган одамга адолат қилардим.
5 Бирортаси унинг олдига мук тушиб, таъзим қилиб келиши биланоқ, Абсалом ўша одамни турғизиб, ўпиб қўярди.
6 Шоҳ ҳузурига шикоят қилиб келган Исроил халқининг ҳаммасига Абсалом шундай муомала қиларди. Хуллас, Абсалом шу йўсинда Исроил халқини ўзига оғдириб олди.
7 Орадан тўрт йил ўтгач, Абсалом шоҳга деди: — Ижозат берсангиз, мен Хевронга бориб, Эгамга атаган назримни адо этайин.
8 Чунки мен, қулингиз, Орамда — Гашур юртида яшаётганимда, Эгам мени Қуддусга қайтарса, албатта Хевронга бориб Унга сажда қиламан, деб назр атаган эдим.
9 — Эсон–омон бор! — деди шоҳ Абсаломга. Абсалом Хевронга борган заҳоти,
10 ҳамма Исроил қабилаларига махфий хабарчилар жўнатиб, уларга шундай деди: “Бурғу овозини эшитишингиз биланоқ, Абсалом Хевронда шоҳ бўлди, деб овоза қиласизлар.”
11 Абсалом Қуддусдан таклиф қилган икки юз киши у билан бирга Хевронга борганди. Таклиф қилинган одамлар, бўлиб ўтган воқеалардан бехабар, яхши ният билан Абсаломга эргашишганди.
12 Абсалом Хевронда қурбонлик қилаётиб, Довуднинг маслаҳатчиси Охитофелни ҳам чақиртириб келди. Охитофел Гилохда яшарди. Шу тариқа фитна кучайиб, Абсаломни қўллаётганлар тобора кўпайиб борарди.
13 Бир хабарчи Довуднинг олдига келиб: — Абсалом Исроил халқининг ишончини қозонди, — деди.
14 Шундан сўнг Довуд Қуддусда ўзига хизмат қилиб юрган ҳамма одамларига шундай буйруқ берди: — Қани, қочиб қолайлик! Бўлмаса, Абсалом бизни соғ қўймайди. Ҳозироқ кетайлик, акс ҳолда, Абсалом орқамиздан бирпасда етиб олиб бизни бир балога гирифтор қилади, шаҳар аҳолисини бирма–бир қиличдан ўтказади!
15 Шоҳ ҳазратлари нима қарорга келган бўлсалар, биз, қулларингиз, бажаришга тайёрмиз, — дейишди шоҳнинг аъёнлари.
16 Шундай қилиб, шоҳ бутун сарой аҳлини эргаштириб, йўлга тушди. Саройга қараб турсин деб, фақат ўнта канизагини у ерда қолдирди.
17 Шоҳ ва унинг ҳамроҳлари шаҳарнинг энг четидаги уйга етиб боришгач, ўша ерда тўхташди.
18 Шоҳнинг жамики лашкари, Харетлик ва Палатлик ҳамма қўриқчилар, Гат шаҳридан унга эргашиб келган олти юзта одам шоҳнинг олдидан ўтди.
19 Шоҳ Гатлик лашкарбоши Этхайга: — Нимага сен биз билан келяпсан? — деди. — Орқангга қайт, ким шоҳ бўлса, ўша шоҳ билан қол, чунки сен ватанидан қувилган бир бегонасан.
20 Сен кечагина келдинг. Мен эса бугун қаерга боришимни ўзим билмайман–у, сени бирга олиб кетиб сарсон қилайми? Қани, биродарларинг билан орқага қайт. Эгам марҳаматини ва садоқатини сендан дариғ тутмасин!
21 Этхай шоҳга шундай жавоб берди: — Шоҳ ҳазратлари! Худо шоҳид, онт ичиб айтаманки, сизни ташлаб кетмайман. Хоҳ ҳаёт учун бўлсин, хоҳ ўлим учун бўлсин, сиз қаерда бўлсангиз, мен — қулингиз ҳам ўша ерда бўламан.
22 — Бўпти, мен билан юравер, — деди Довуд Этхайга. Шундан кейин Гатлик Этхай, унинг ёнидаги ҳамма одамлари, бола–чақалари билан, Довуднинг ёнидан ўтиб йўлда давом этдилар.
23 Халқ йўлда давом этаркан, атрофда эл–юрт зор–зор йиғлаб фарёд чекарди. Шоҳ Қидрон сойлигини босиб ўтди. Халқ саҳрога борадиган йўл бўйлаб кетарди.
24 Руҳоний Зодўх билан Худонинг Аҳд сандиғини кўтариб бораётган левилар, руҳоний Абуатар ҳам шу ерда жам бўлган эдилар. Улар Худонинг Сандиғини ерга қўйиб, халқ шаҳардан чиқиб бўлгунча кутиб туришди.
25 Бир пайт Зодўхга шоҳ деди: — Худонинг Сандиғини шаҳарга қайтариб олиб бор. Агар Эгам мендан рози бўлса, мени қайтарсин, Сандиқ турадиган жойни ва Сандиқни менга яна кўрсатсин.
26 Аммо Эгам: “Сендан рози эмасман”, деса, майли, Унга нима маъқул бўлса, шуни қилсин.
27 Шоҳ руҳоний Зодўх билан гапини давом эттирди: — Ахир, сен валийсан–ку! Ўғлинг Охимасни ва Абуатарнинг ўғли Йўнатанни ёнингга ол. Абуатар билан бирга шаҳарга эсон–омон қайтиб боринглар.
28 Сизлардан аниқ хабар келмагунча, мен Иордан дарёсининг кечувида яшириниб ўтираман. Мен саҳрога кетишдан олдин Қуддусда нима бўлаётганини билайин.
29 Хуллас, Зодўх билан Абуатар Худонинг Сандиғини Қуддусга қайтариб олиб кетишди ва ўзлари ҳам ўша ерда қолишди.
30 Довуд эса йиғлай–йиғлай Зайтун тоғига кўтарила бошлади. У қайғу–аламлардан бошини ўраб олган, ялангоёқ, ёнидаги ҳамма одамлар ҳам бошларини ўраган, йиғлаганларича тоққа чиқишарди.
31 Шу пайт кимдир Довудга: — Маслаҳатчи Охитофел ҳам Абсалом билан бирга фитна уюштирганларнинг орасида экан, — деб қолди. — Эй Эгам! Илтижо қиламан: Охитофел Абсаломга аҳмоқона маслаҳат берсин! — деди Довуд.
32 Довуд Зайтун тоғининг тепасига, Худога сажда қилинадиган жойга чиқиб борганда, у ерда Довудни Орух уруғидан* бўлган Хушай кутиб олди. Хушай аянчли аҳволда бўлиб, қайғудан кийимларини йиртган, бошига тупроқ сочган эди.
33 Довуд унга: — Агар мен билан борсанг, менга юк бўласан, — деди.
34 — Сен шаҳарга қайтиб бор, Абсаломга: “Эй шоҳим, мен сизнинг қулингизман, отангизга олдин қандай итоат этган бўлсам, сизга ҳам шундай итоат этаман”, дейсан. Мен учун Охитофелнинг маслаҳатини йўққа чиқарасан
35 Руҳонийлар Зодўх билан Абуатар ўша ерда сенинг ёнингда бўлишади. Шоҳ саройида нима эшитсанг, уларни хабардор қилиб тур.
36 Зодўхнинг ўғли Охимас билан Абуатарнинг ўғли Йўнатан ҳам ўша ерда. Нимаики эшитсангизлар, руҳонийларнинг ўғиллари орқали мени хабардор қилиб турасизлар.
37 Шундай қилиб, Довуднинг дўсти Хушай Қуддусга келди. Худди шу пайтда Абсалом ҳам Қуддусга кираётган эди.