Эзгулик Учун (Чарлз Стенли) 6 bob

Чарльз Стенли. Эзгулик учун азоб чекиш - (6-боб) Узбек тилида     

Ezgulik Uchun azob chekish (Charlz Stenli) Audiokitob Uzbek tilida.Audiokitob Uzbek tilida

                         

Мундарижа

Кириш

1-боб   Азоб-уқубатлар марҳамат бўла оладими?

2-боб   Худо бизга энг яхшисини истайди

3-боб   Нима учун биз азоб тортамиз?

4-боб   Азобнинг мазмунини тушунишимиз йўлидаги тўсиқлар

5-боб   Шифо топиш нима дегани?

6-боб   Руҳий етукликка эришиш

7-боб   Тор-мор бўлиш жараёни 

8-боб   Тор-мор бўлишга қарши бизнинг исёнимиз 

9-боб   Қандай қилиб кўп самара берадиган новда бўлиш мумкин 

10-боб   Марҳаматлар ҳақидаги ваъда

Эпилог   Сизлар учун менинг ибодатим


6 – боб РУҲИЙ ЕТУКЛИККА ЭРИШИШ

Руҳий ўсиш – бу биз ҳозирда истиқомат қилаётган шу еру заминда бошланиб, бизни Худо кутаётган абадиятда якун топувчи жараёндир. Бу жараён бизни тўлиқ Худога бўйсунишимизни назарда тутади. Бунинг натижасида биз руҳий етукликка эришамиз. Бироқ биз балоғатга етишишимиз учун Худованд азоб-уқубатларга йўл қўяди.

Руҳий балоғатга етишиш жараёни уч омил нуқтаи назаридан иборат: ўзгариш, улғайиш ва қайғу (Худонинг қаршисида тўлиқ тор-мор бўлиш).

ЎЗГАРИШ

Руҳий балоғатга етишиш жараёнининг биринчи омили – бу ўзгариш жараёнидир. Агар биз ўзгаришни истамасак, бу ҳолда руҳий ўсиш ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас. Эски йўлдан бориб, эски ғояларга асосланиб ва Худо ҳақида, Муқаддас Руҳ ёки масиҳийча ҳаёт ҳақида эскича тасаввурлар билан бошқарилиб, шу билан бирга, Худо бизни кўришни истаган одамларга ўхшай олмаймиз. Етуклик қурувчи ўзгаришларни қабул қилиш истагини билдиради.                   

УЛҒАЙИШ

Руҳий етукликка етишишнинг иккинчи омили биринчи омил билан чамбарчас боғланган бўлиб, бу ўсиш омилидир. Ҳар қандай ўзгариш ҳам улғайишга олиб келавермайди, лекин ҳар қандай ўсиш албатта маълум бир ўзгаришлар билан белгиланади. Биз ўзимизнинг барча фикрларимизда, ҳис-туйғуларимизда ва ҳаракатларимизда Масиҳга ўхшамагунимизча, руҳий етуклик – “ўсишни” назарда тутаверади. Бутруснинг Иккинчи мактубида (3:18) биз қуйидагиларни ўқиймиз: “Раббимиз ва Халоскоримиз Исо Масиҳнинг иноятига таяниб, Уни таниб-билиб борган сайин ривож топинглар. Ҳозирдан то мангу кунгача Унга шон-шуҳрат бўлсин!”

Олимларнинг фикрига кўра, табиатда нимаики ўсадиган бўлса, маълум бир “озуқа муҳитида” ўсиб камол топади. Илмий лабораторияларда шундай муҳит сифатида тупроқ, сув ёки кимёвий моддалар хизмат қилади. Руҳий соҳада бўлса, бундай муҳим вазифасини севги бажаради. Биз бир-биримизни севганимизда, руҳан етукликка эришамиз. Ҳаворий Павлус шундай деган:

“Биз, аксинча, ҳақиқат ва муҳаббатга содиқ қолиб, ҳар жиҳатдан баданнинг боши – Масиҳ томон ўсиб борайлик. Унинг бошчилигида бутун бадан алоҳида-алоҳида ҳаётий паю бўғинлар ёрдамида ўзаро уланади ва бирикади. Ҳар бир бўлакнинг алоҳида ўз ҳолича, муҳаббат билан ҳаракат қилиши натижасида бадан ўсиб-улғаяди”.

Эфесликларга 4:15-16

Ўсишимиз бизни озодликка, эркинликка олиб келмайди. Лекин табиий дунёда айнан шундай бўлади – болалар ўсиб-улғаядилар ва ота-оналаридан мустақил бўлиб чиқадилар. Руҳий улғайиш Раббий Исо Масиҳга ўсиб бораётган тобеълик билан таърифланади. Руҳий етуклик – бу бизни ҳам бошқарувчи, ҳам устоз, ҳам ҳимоячимиз Муқаддас Руҳга тўла тобеълик ҳолатидир.

ҚАЙҒУ

Руҳий етукликнинг учинчи омили – бу қайғу омилидир. Агар биз ўзгариб улғайишни хоҳламасак, бизнинг улғайишимизга тўсқинлик қилаётган ва Худонинг иноятини тўлиқ қабул қилиш имкониятидан тутиб турган нарсалардан воз кечишимиз керак. Биз ўрганиб қолган ва қаттиқ тутиб олган ҳолатларни тарк этишимиз лозим бўлади.                      

МУСОНИНГ  ҚАЙҒУСИ

Руҳий етукликнинг барча омиллари Мусонинг ҳаётида яққол намоён бўлган. Муқаддас Китобда ҳикоя қилинган унинг тарихи аслида, ўз акалари томонидан қулликка сотилган Ёқубнинг ўғли Юсуфдан бошланади. Қатор мушкул шарт-шароитлар орқали Худо шундай қилдики, Юсуф оддий қуллик вазифасидан Миср фиръавнининг ҳокими қилиб тайинланади.

Катта бир юртнинг бошлиғи бўлган Юсуф бутун бир халқни етти йиллик қаҳатчиликдан қутқариб қолди. Юсуфнинг оила аъзолари яшаётган Канъон ўлкасида ҳам қаҳатчилик ҳукм сурар эди. Очликдан ўлиб қолмаслик учун Юсуфнинг акалари ҳам ғалла сотиб олиш учун Мисрга йўл олдилар. Уларнинг сафари Юсуф билан учрашиш орқали якун топади. Юсуфнинг бутун оила аъзолари, етмиш кишидан зиёдроқ исроилликлар Мисрга кўчиб ўтадилар ва хавф солган очлик ўлимидан омон қоладилар. 

Мусо туғилган пайтга келиб исроилликларнинг сони ниҳоятда кўпайиб, уч миллиондан ошиб кетган эди. Юсуфнинг ўлимидан сўнг Миср тахтига янги фиръавн ўтиради. Янги фиръавн яҳудийларни жуда ёмон кўрарди, қолаверса, у Юсуф тўғрисида ҳеч нарса билмас эди. Фиръавн ўз халқига шундай деди: “Қаранглар, Исроил халқи бизга қараганда кўпайиб, кучайиб кетди. Қани, бир йўлни топиб, уларни кўпайиб кетишдан тўхтатайлик. Бўлмаса, уруш бўлиб қолганда, улар душманларимизга қўшилиб, бизга қарши уруш қиладилар. Кейин юртимиздан қочиб кетадилар” (Чиқиш 1:9-10). Фиръавн Исроил халқини оғир ишларни бажаришга мажбурлаб, уларнинг устидан Миср назоратчиларини тайинлади. Муқаддас Китоб шундай гувоҳлик беради: “Лекин Мисрликлар Исроил халқига қанчалик зулм ўтказсалар ҳам, Исроил халқи яна ҳам кўпайиб юрт бўйлаб ёйилиб борар эди. Мисрликлар бу аҳволдан қўрқувга тушиб қолдилар. Улар Исроил халқини зўрлик билан аёвсиз қул қилиб, ҳар турли дала ишларига, лойдан ғишт қуйишга мажбурладилар. Мисрликлар уларга шафқат қилмадилар” (Чиқиш 1:12-13). Исроил халқининг сонини ўсиб боришини қандай қилиб бўлмасин тўхтатиш мақсадида фиръавн фармон чиқарди. Бу фармонга биноан, доялар туғилаётган яҳудий ўғил болаларни ўлдиришлари талаб этилди.

Ушбу фармон кучга киргандан кейин Мусо туғилади. Бироқ Мусонинг онаси фармонга бўйсунмай, ўғлини яширади. Она ўғлини уч ой яшириб юргандан кейин, уни кичкинагина қамиш саватга солади ва Нил дарёси бўйидаги қамишзор орасига қўйиб кетади. Аёлнинг қизи, яъни чақалоқнинг опачаси Марям эса: “Унинг тақдири нима бўларкин...”, деб узоқдан кузатиб туради. Шу пайт Худонинг иродасига кўра фиръавннинг қизи дарё бўйига чўмилгани келиб қолади ва қамишзор орасидаги саватни кўриб қолади, чўрисига: “Саватни олиб кел!” деб буюради. Фиръавннинг қизи саватни очиб қарасаки, бир чақалоқ йиғлаб ётган экан. “Бу яҳудий болаларидан бири”, - деди у. Саватнинг ичидаги яҳудий чақалоққа раҳми келиб, уни фарзандликка олишга қарор қилди. Шунда Мусонинг опаси Марям фиръавннинг қизига чақалоқ учун яхши бир энага топиб беришини айтди. Фиръавнинг қизи энага олишга рози бўлганда, Марям бориб Мусонинг онасини чақириб келди. Шундай қилиб, Мусони ўзининг онаси катта қилди.

Мусо улғайгандан кейин кунларнинг бирида оғир меҳнат қилаётган қабиладошларини кўргани борди. Бундай қараса, бир мисрлик одам унинг қабиладошларини ураётганига гувоҳ бўлди. Мусо атрофга кўз ташлади, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, мисрлик одамни ўлдирди ва биров кўрмаслиги учун қумга кўмиб қўйди. Қилган ишини ҳеч ким кўрмаган, деб ўйлади Мусо. Бироқ бундай бўлиб чиқмади. Кейинги куни Мусо иккита яҳудийнинг бир-бири билан жанжаллашаётганининг устидан чиқиб қолди. Мусо уларни ажратиб қўймоқчи бўлганда, улардан бири деди: “Ким сени бизга ҳукмдор, ҳакам қилиб қўйди? Мисрликни ўлдирганингдай, мени ҳам ўлдирмоқчимисан?” (Чиқиш 2:14). Унинг қилган иши ошкор бўлиб қолганини Мусо тушунди ва фиръавннинг зулмидан қочиб Мидиён юртига кетди. Узоқ қирқ йил давомида Мусо қайнатаси – Мидиён юртининг руҳонийси бўлган Ятронинг қўй-эчкиларини саҳрода боқиб юрди.

Авваллари Мисрда, фиръавннинг саройида Мусога ҳукмдорнинг ўғлидай муносабатда бўлишган, энди эса қувғинга учраган Мусо саҳрода оддий чўпон бўлиб хизмат қилар эди. Бу эса Мусонинг қайғу ва мусибат даври эди!

Хўш, Мусо нималарда Худонинг олдида тўлиқ ҳокисор бўлиши керак эди? Шундай қилиб, у обрў-эътиборга ва ҳокимиятга эга бўлган ўқимишли инсон эди. Мусо кўплаб амрлар бериш ҳуқуқига эга бўлган ва Миср юртининг барча бойликлари унинг қўлларида эди. Бундай ваколатларга Мусо фиръавннинг саройида эга бўлган. Ўйлашимча, агар Исроил халқини сут ва асал оқиб турган Канъон юртига олиб бориш учун биз бирорта одамни танлайдиган бўлсак, унда Мусонинг номзоди айни муддао бўлар эди. Одамларнинг нуқтаи назарига кўра, бу вазифани бажаришга талаб этиладиган барча муаммоларни бажариш унинг қўлидан келди. Унда нима учун Мусо умрининг қирқ йилини саҳрода ўтказишига тўғри келди?

Гап шундаки, Мусо ўзгариши керак эди. Худованд шундай йўл тутиши лозим эди, токи Мусо ўзининг куч-ғайратига ишонишидан воз кечсин. У бутунлай Худога суянишни ўрганиши лозим бўлган.

Яҳудийлар Мусо сингари Миср маданиятининг кучли таъсирида эдилар: улар бу маданиятга шунчалик сингиб кетдиларки, ҳаттоки Миср худоларига ҳам сажда қила бошладилар. Буни тушуниш қийин эмас, чунки Мусо сиёсат майдонига кириб келган пайтда, Исроил халқи Мисрда тўрт юз йилдан ортиқ вақт мобайнида яшаётган эди.

Миср еридан олиб чиқилган халқ Худони улуғлаши учун, У Мусонинг онгини Мисрнинг маданий таъсиридан ҳалос қилиши керак эди. Ана шундан кейингина, Исроил халқи фақатгина Худога суяниши кераклигини кўришлари мумкин эди. Худо Мусони азобланишига йўл қўярэкан, У буюк мақсадни Ўз олдига қўяди – У Исроил халқини Ўз халқига айлантириши учун Худо бутун Исроил халқини езилишига йўл қўйди.

Мусони мусибатга учратиб, у Мисрдаги ҳаёти даврида эга бўлган барча нарсалардан Худо Мусони маҳрум қилди. Мусо саҳрога қочиб, ҳамма нарсадан – оиладан, сарой ҳаётидан, барча обрў-эътибор ва иззат-ҳурматдан, ўзининг ҳокимиятидан ва буюклигидан маҳрум бўлди. Мусо ҳаммасидан айрилди.

Қимматбаҳо кийимларда юриш, ҳашаматли саройларда яшаш, безатилган араваларда сайр қилиш, энг зўр хизматкорларга эга бўлиш ва ён-атрофдагиларнинг эътиборини ўзига қаратиш нақадар зўрлигини Мусо жуда яхши билган. Бироқ бир неча кун ичида ҳаммаси ўзгарди. Фиръавннинг асоси (Подшоҳнинг таёғи) ўрнига ҳозирда Мусонинг қўлида чўпоннинг ёғоч ҳассаси, атрофда уни ўраб турган хизматкорларнинг бир тўдаси эмас, балки қўйларнинг подаси. Мусо сарой ўрнига эндиликда оддийгина капада яшар эди. У барча яҳудийлар каби ҳаёт кечира бошлади.

Бир неча йил давомида Худо Мусонинг юрагини ва қалбини ўзгартиришни давом эттирди. Мусо ўзини ўйлайдиган, бутун диққат-эътиборини Худога қаратган имонлига айланди. Мусо Худонинг йўлларини тушунишни, шунингдек, Худо учун нима аҳамиятга эга эканини ўрганди. Мусо бу дунёнинг кўз ўнгида нотавон бўлиб, Худонинг кўз ўнгида қадрга эга бўлиш яхшироқ эканини англади.

ХУДОДАН БЎЛМАГАН НАРСАЛАРДАН ВОЗ КЕЧИШ

Кимдир шундай деб ўйлаши мумкин: “Наҳотки Худо Ўз қўлларида қурол воситасига айлантирмоқчи бўлган ҳар бир одам билан шундай йўл тутса?” Бир томондан, сиз фиръавннинг ўғли эмассиз, шунинг учун ҳам сизнинг бошингизга Мусонинг қисмати тушишидан ҳавотир олмайман. Бошқа томондан, Худо чиндан ҳам Ўз режаларини амалга ошириш учун бизни ўзгартираётганда, ўша олдинги қоидаларидан фойдаланади. Худо бизни буюк, ҳурмат-эътиборга сазовор, бой ва бадавлат қилмоқчи эмас. Худо бу ҳаётда тўғри ўринни эгаллашимизни ва муҳими – бизнинг ҳаётимизда энг бебаҳо Зот Унинг Ўзи бўлишини хоҳлайди.

Албатта, Худо сизни бой қилиши мумкин. Сизни машҳур қилиш ҳам Унинг қўлидан келади. Аммо шундай бўлса, бу ҳолда барча шараф фақат Худога тегишли бўлади. Агар сиз тўлиқ Худога суянсангиз, агар Худо сизга шон-шуҳрат ва ҳузур-ҳаловат инъом этса, сиз ҳеч қачон шон-шуҳрат ва ҳузур-ҳаловат ҳақида ташвиш тортмайсиз. Сиз учун буларнинг аҳамияти бўлмайди! Худо сизга берган машҳурлик ва пуллардан ўзингизни кўкка кўтариш учун эмас, балки фақатгина Унинг мақсадларига етишиш учун фойдаланасиз.

Мусони бўйсундириш учун Худога нега қирқ йил керак бўлганини Муқаддас Китоб бизга айтмайди. Бироқ бизнинг ишончимиз комилки, бизнинг ҳаётимиздаги барча хафагарчилик, душманлик ва адоват ҳис-туйғуларини йўқ қилмагунимизча, Худо бизни жабр-зулмга дуч қилаверади. Бу жараён қанча вақт талаб қилиши Худони қизиқтирмайди. Худони бу жараённи охирига етказиш қизиқтиради. Мусонинг характерини ўзгартириш ва уни Раббийга тўлиқ ва тўлақонли бўйсунишига ҳалақит берувчи омилларни йўқ қилиш учун Худога қирқ йил керак бўлди.

Эҳтимол, бу қирқ йил Мисрда маълум бир вазият юзага келиши учун керак бўлгандир. Ёки бўлмаса, Исроил халқи шунчалик қийналган эдики, Худо уларга берган ҳар қандай йўлбошчи кетидан боришга тайёр бўлгани билан изоҳланади. Худо вақтининг тўлалиги, деган бир тушунча бор. “Вақт тўлганда” Худованд ҳаракат қилишни бошлайди, деган гапларни биз бир неча бор Муқаддас Ёзувда ўқиганмиз. Худонинг муддатлари – бу бизнинг муддатларимиз эмас. Худо учун вақт – бу Унинг мақсадларига эришиш қуролидир. Абадият билан солиштирилганда, қирқ йил – бу ҳеч нарса эмас!

Менинг, Мусо бошидан кечирганларни сизларнинг ҳеч бирингиз бошларингиздан ўтказишни хоҳламайсизлар, деб ўйлайман. Мусонинг қайғуси ниҳоятда оғир ва аянчли кечган. Қирқ йил мобайнида уни кулолнинг ғилдираги устидаги лой сингари эзғиладилар, сиқдилар ва ишлов бердилар. У тамомила ўзгармагунича, бу жараён яна ва яна такрорланаверди. Олдинги ва қирқ йил ўтгандан кейинги Мусо – бу икки турлича шахслардир.

Бироқ Худо айнан шунга интилганди. Яҳудийларни Мисрдан олиб чиқиш учун Мусо яна бир бор фиръавннинг ҳузурига келганда, у қачонлардир фиръавндан қочган одамга асло ўхшамас эди.

ЭЗГУЛИК УЧУН АЗОБ ТОРТИШ – БИЗНИНГ ЖАМИЯТИМИЗДА ОММАБОП БЎЛМАГАН ҒОЯ

Бизнинг маданиятимиз бизга умуман бошқача қадриятларни сингдиради. Биз мустақил бўлишга, келажакни режалаштиришга ва ҳар доим олдимизга қўйилган мақсадларни бажаришга интиламиз. Миср маданияти қачонлардир Мусога қандайдир таъсир кўрсатган бўлса, ўша сингари замонавий маданият ҳам шундай таъсир кўрсатади. Бироқ Худо Мусони умуман бошқа нарсага ўргатмоқчи эди. Саҳрода Мусо Худога тўлиқ суянишга ва Худо нимани буюрса, шуни худди У айтганидай бажаришга ўрганди.

Худога ишончнинг энг яхши намунаси, албатта, Исо бўлган. У Ўзининг шогирдларига шундай деган: “...Мени кўрган Отамни кўрган бўлади... Мен Отамда ҳозирман, Отам эса Менда ҳозир. Мен сизларга Ўзимдан тўқиб гапирмаяпман, балки Менда ҳозир бўлиб турган Отам Ўз ишларини бажармоқда. Менга ишонинглар; Мен Отамда ва Отам Менда ҳозирдир. Бордию бунга ҳам ишонмасангизлар, ақалли бажараётган ишларимнинг ўзи орқали Менга ишонинглар” (Юҳанно 14:9-11).

Исо Ўзининг бутун ҳаёти давомида Худонинг иродасини амалга оширди. Худо Мусодан ҳам, бизларнинг ҳар биримиздан ҳам шундай итоаткорликни хоҳлаган.

Қачонлардир кимдир шундай деган: “Қалб Худога юз тутиши учун қандайдир лаҳза талаб этилади, аммо муқаддас бўлиш учун бутун ҳаёт талаб этилади”. Худога юз тутиш ҳақиқатдан ҳам бир лаҳзада содир бўлади, аммо руҳан етукликка эришиши учун узоқ йиллар ўтиши керак.

Мен кўпинча қуйидагича ҳолатни кузатаман: масиҳийлар доимо нафақат ўзларининг ишларида ва жамиятдаги ўрнида, балки ўзларининг масиҳий ҳаётларида ҳам ютуқларга эришишга интиладилар. Улар нималарнидир тўплайдилар, нималарнидир ахтариб топадилар ва сотиб оладилар, янгидан-янги мартабаларни қўлга киритадилар, ёпиқ клубларга аъзо бўладилар, ўзларининг руҳий мазмундаги ҳаётларига кўпдан-кўп ютуқларни ёзадилар ва узундан-узун хизмат рўйхатларини тузадилар. Бу билан улар қачонлардир Худо ҳузурига келганларида, шундай деб айта оламиз деб умид қиладилар: “Раббий, қара, мен Сен учун нималар қилмадим...!”

Худо бизни қийинчиликларга дучор қилганда, У бизни нарсаларни йиғишга эмас, балки улардан қутилишга даъват этади. Шунингдек, У бизни турлича ёмон одат, истак ва режалардан ҳалос бўлишга чорлайди. Биз ниҳоят: “Раббий, менинг бор-йўғим Сенсан. Сен – мендасан, мен эса – Сендаман. Ва бу – энг муҳими”, деб айтмагунимизча, У бизни ўзимизнинг “мен”имиздан халос этаверади.

СИЗНИНГ ҲАЁТИНГИЗДА РУҲИЙ ЕТУКЛИК ЖАРАЁНИ

Сизнинг ҳаётингизда Худо Мусонинг ҳаётида ҳаракат қилганидек эмас, эҳтимол бошқачароқ ҳаракат қилаётгандир. Бироқ Худонинг усуллари ҳеч қачон ўзгармайди.

Худо сизнинг ҳаётингиздан нималарни чиқариб ташлашга интилади?

Ўзингизнинг азоб-уқубатларингиз ҳақида фикр юритганингизда, сиз нималар ҳақида ўйлайсиз?

Ўзингизни тўлиқ Худога топширишингизда сизга нималар халақит беради, ёки У билан сизнинг ўртангизда қандай тўсиқлар мавжуд? Сиз Худодан кўра нималарга кўпроқ ишонасиз? Сиз нималарни Худодан афзал кўрасиз?

Мен таниган кишаларимнинг ҳаммаси, Худо уларнинг ҳаётидан нималарни олиб ташлашни хоҳлашини ичидан сезиб турадилар. Эҳтимол, улар бу ҳолатларни бир сўз билан ифодалаб бера олмасликлари мумкин, аммо одамлар ҳаётларини нималарсиз тасаввур қила олмасликларини ёки нималарни йўқотиб қўйишдан қўрқишларини одатда, кўрсатиб беришга қодирлар.

Биз бир-биримизни яхши кўришимиз керак. Биз бир-биримизни қадрлашимиз лозим. Аммо ҳаммадан ҳам биз Худони севишимиз ва У билан бизнинг ўзаро муносабатларимизни қадрлашимиз зарур.

Биз сидқидилдан меҳнат қилиб, эзгу ишларни амалга оширишимиз даркор. Бироқ биз ҳеч қачон ўз ишларимизни, ҳаттоки уларни “Худо учун” амалга ошираётган бўлсак ҳам, Худо билан бўлган муносабатларимиздан юқори қўймаслигимиз керак.

Биз бир-биримизга хизмат қилишимиз ва Масиҳ ҳақида бутун дунёга гапиришимиз лозим. Бироқ биз ҳеч қачон ўз хизматларимизни Худо билан бўлган муносабатларимиздан юқори қўймаслигимиз лозим.

Худо бизни ўзгартиради... бизни итоаткор қилади... гарчанд бу узоқ ва мураккаб жараён бўлса-да, биз то руҳий етукликка эришмагунимизча, У бизнинг устимиздан иш олиб бораверади.

ЮҚОРИДАН БЕЛГИЛАБ ҚЎЙИЛАГАН ХИЗМАТГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ   

Руҳан етук масиҳийларга мўлжалланган махсус хизматга бизни тайёрлаш учун Худо азоблардан фойдаланади.

“Хизмат қилиш” жумласи сизни хижолатга солмасин. Ҳар бир масиҳий хизмат қилишга даъват этилган. Аслида хизмат қилиш – бошқа одамларга ёрдам беришда ифодаланади ва намоён бўлади. Биз кечаси билан жамоатда ёки бирор диний ташкилотда фаолият кўрсатишимиз кераклигини англатмайди.

Кунларнинг бирида бир таниш аёл менга шундай деди:

-Менинг барча биродарларим ва сингилларим бирор хизмат билан машғуллар. Мен эса бекорчиман. Мен фақат рафиқа ва онаман.

Аёл бу ҳақда жилмайиб, ўзининг уй бекаси эканидан кечирим сўрагандек, ийманибгина гапирар эди.

Мен унга дедим:

-Сиз буюк хизматлардан бирини бажараяпсиз.

Аёл ҳайратланишини яширмасдан менга қаради.

Мен дедим:

-Болаларни ҳақиқатда улғайтиришдан фахрлироқ бирор иш борлигини менга айтиб беринг-чи! Болаларни тарбия қилишда талаб этиладиган донолик, ишонч, сабр-тоқат ва севги бирор бошқа хизматда борлигини санаб бера оласизми?

-Мен бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмабман, - деб тан олди аёл. Кейин у бирдан ҳайратланиб деди:

-Демак, мен ҳам хизмат қилаётган эканман-да!

Худди шундай. Болада Раббийга нисбатан севги уйғонишини сингдириш учун қанчалар билим ва кўникмалар керак эканини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Солиҳ, мўмин болаларни тарбиялаш учун она эга бўлиши керак бўлган фидойилик, матонат, билим, вақт ва интилишни бир лаҳзага бўлса ҳам кўз олдингизга келтириб кўринг-а! Ота-она хизматининг муҳимлигини ва қадрли эканини тўғри баҳолай олиш ва қадрига етиш лозим. Агар Мусонинг онаси: “Менда ҳеч қандай хизмат йўқ!” деб айтганда, нима бўлар эди? Бироқ аёлнинг хизмати тарихда мисли йўқ буюк хизматлардан бири бўлган: она бутун Исроил халқининг йўлбошчиси бўлган Мусони боқиб тарбиялади. Айнан она Мусонинг қалбига Худога бўлган ишонч ва эътиқодни жо қилди, айнан уша она туфайли Мусонинг қалбидаги Худога бўлган севги учқуни кўп йиллар ўтгач оташин, абадий ва ўчмас оловга айланди. 

Ҳар биримизнинг ўзимизга яраша хизматимиз бор. Бизнинг иқтидор ва қобилиятларимизни яхши билган Худо уларни тўлиқ равишда намоён қилиш мақсадида, ҳар биримизга шахсий хизмат йўлимизни белгилаб берган. Биз ўз вазифамизни бажара олишимиз учун Худо бизни маълум вақтда маълум бир жойга қўяди ва маълум одамлар билан атрофимизни чегаралаб бирор муҳитга жойлаштиради. Бошқаларга хизмат қилиб, уларга ўз вақтимизни ва кучимизни баракали ҳадя этишимиз учун биз руҳан улғаямиз ва етукликка эришамиз.

Мусо шу даражада руҳан етилиши керак эдики, токи у ўз халқини мисрликлар қуллигидан озод этиб, уларни Худо ваъда қилган сут ва асал оқиб турган Канъон ерларига олиб бориши ва Исроил халқи Худонинг улуғворлигида тинч-тотув, ибодатда ва солиҳликда яшаши керак бўлган. Худо Мусога махсус хизматни адо этишини хоҳлади. Шунингдек, У ҳар биримизга махсус хизмат кўрсатишни белгилаб қўйибди.

Хизмат қилишни таърифлаш учун мен юқоридан белгилаб қўйилган, деган иборани қўллаганимни, эҳтимол, сиз сезган бўлсангиз керак. Бунга бир сабаб бор. Агар бу чиндан ҳам том маънода хизмат бўлса, демак, у юқоридан, яъни Худонинг кучига эга бўлган ҳолда белгиланган. Хизмат қилиш – бу “хизмат кўрсатишдир”. Ҳар ким ўз яқинларига нима биландир хизмат қилиши мумкин. Лекин юқоридан белгилаб берилган хизматни адо этиш учун инсон бошқаларга Худонинг бошчилигида хизмат қилиши керак бўлади. Юқоридан белгилаб берилган хизмат Муқаддас Руҳ кучини талаб қилади.

Бироқ шуни ҳам таъкидлаш лозимки, юқоридан белгилаб берилган хизмат фақатгина мўъжизалар кўрсатишда ва шифо беришда намоён бўлмайди. Руҳий қонунлар асосида йўлга қўйилган тижорат, болаларда Худога бўлган севгини тарбиялаш, Хушхабарни тарқатиш ёки жамоатдаги хорда ҳамду саноларни куйлашда иштирок этиш, мактабда дарс бериш ёки шифохоналарда ишлаш – буларнинг ҳаммаси юқоридан белгилаб берилган хизмат бўлиши мумкин, агарда улар Худони шарафлаш учун ва бу шифолар Муқаддас Руҳ иштирокида амалга ошириладиган бўлса.

Энди эса мен юқоридан белгилаб берилган хизматнинг баъзи бир омилларини таъкидлаб ўтаман.

ЮҚОРИДАН БЕЛГИЛАБ БЕРИЛГАН ХИЗМАТ ҲАР ДОИМ АНИҚ МАҚСАДГА ЭГА

Худо бизни хизмат қилишга даъват этганда, Унинг ҳар доим аниқ мақсади бўлади. Ёниб турган бутанинг орасидан Худо Мусога мурожаат қилди: “Сен ҳозир Миср фиръавнининг ҳузурига борасан ва халқим Исроилни Мисрдан олиб чиқишингни унга айтасан”. Айнан мана шу Мусо хизматининг мақсади бўлган.

ЮҚОРИДАН БЕЛГИЛАБ БЕРИЛГАН ХИЗМАТ ХУДОГА ТЎЛИҚ ИШОНЧНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

Худо Мусога юклаган вазифа ниҳоятда оғир эди. Шунда Мусо дарров баҳона топди. Мусо шундай деди: “Раббий, мен ким бўлибманки, фиръавннинг ҳузурига бориб, Исроил халқини Мисрдан олиб чиқсам?!” Мусо халқни бошқара олмаслигини ва Худо унга юклаган топшириқни бажара олмаслигини Унга айтди ва бу вазифани бажариш учун бошқа одам танлашини Худодан илтижо қилди. Аммо шундай бўлса-да, Мусо Худога итоат этди ва Унга Худо томонидан берилган топшириқни бажарди.

Бутун Муқаддас Ёзувда камтарлик ва итоаткорлик руҳини намоён қилувчи қуйидагича иборадан ўзга иборани учратмайсиз: “Раббий, мен ким бўлибман?!” Худованд биздан айнан шуни кутади. Тўғри, биз қўлимиздан келмайди, деб айтамиз, аммо биз Худога тўлиқ ишонсак, У ҳамма нарсани қилишга қодир

Ишларнинг уммонига ботиб қолма,

Бунга сенинг кучинг етмайди.

Сен фақат Менда жо бўлгин –

Ишларни эса, Ўзим амалга ошираман.

Хадсон Тейлор

Худо биздан айнан шундай муносабатни – тўлиқ ишончни кутади.

Худо Мусонинг Раббийга бўлган умидини тасдиғини талаб қилди. Худо ҳеч қачон шундай деб айтмаган: “Ҳа, қачонлардир сен Менга ишонгансан, келажакда ҳар доим Менга ишонишингни энди мен биламан”. Ҳаммаси аксинча бўлган. Мусонинг ишончи доимий равишда синовларга дучор бўлган. Синовлар қанчалар оғир бўлса, Мусо шунчалик кўпроқ Худога таянарди. Мисрдан чиққан исроилликларнинг йўли қийинлашиб боргани ва саҳродан улар қанчалик узоқ юргани сари, шунчалик Мусонинг Худога бўлган ишончи ортиб бориши талаб этилаверар эди.

Юқоридан белгилаб берилган хизмат йўлида бизнинг ишончимиз доимий синовларга дуч келаверади. Ва Худованд ҳар доим бизни тўлиқ итоат этишга, чуқур ишончга ва мутлақ Унга содиқ бўлишимизга чорлайверади.

ЮҚОРИДАН БЕЛГИЛАБ БЕРИЛГАН ХИЗМАТ ХУДО КУЧИ БИЛАН АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

Мусо Худованднинг амрини эшитганда, у нима ҳис қилганини бир тасаввур қилиб кўринг-а! “Ким? Мен? Оддий бир чўпон-а?! Одам ўлдирганим учун мени қидиришаётган бир пайтда фиръавннинг саройига бориб, у исроилликларнинг кетишига рухсат беришини қандай қилиб унга амр бераман? Уч миллионга яқин одамни оёққа турғизиб ўз уйларини тарк этишга ва улар ҳеч қачон бўлмаган гўзал бир юртга боришини қандай даъват қила оламан?” Худованд Мусога юклаган вазифа осон эмас эди.

Худо бизни даъват қилаётган вазифа баъзида ҳеч бажариб бўлмайдигандай туюлади. Бироқ бу Худо иродасининг бир қисми, холос. Худо биз тўлиқ Унга суянишимизни хоҳлайди. Агар биз зиммамизга юклатилган хизматни ўз кучимиз ва донолигимиз билан амалга ошира олсак эди, биз Худога эҳтиёж сезмаган бўлар эдик, қолаверса, бизнинг хизматимиз ҳам юқоридан белгилаб берилмаган бўлар эди.

Худо Мусога аниқ ва равшан қилиб: “Мен халқимни қутқараман”, - деди. Мусо фақатгина фиръавн билан гаплашса, бас, Исроил халқини озод этиш эса Худонинг иши.

Худо Мусога фақатгина чўпон таёғини бериб, фиръавннинг ҳузурига юборди. Бу чўпон таёғи Мусога Худонинг зоҳир бўлгани рамзи эди. Мусо ўзига ишониши мумкин бўлган ҳамма нарса ундан олиб ташланди. Мусонинг Худога тўлиқ ишонишидан ўзга чораси қолмади. Агар Худо берган ваъдасига вафо қилмаганда эди, ҳеч нарса юз бермас эди. Эгамиз Мусога мўъжиза кўрсатиш қудратини ато қилди. Мусонинг қўлидаги таёқ мўъжизавий эди: Мусо таёқни ерга ташласа, таёқ илонга айланади, Мусо илонни думидан ушласа, шу заҳоти илон Мусонинг қўлида яна таёққа айланади, чунки таёқни Худо шундай қилди. Эгамиз Мусога қўлини қўйнига тиқишига амр берди. Мусо Худо айтгандай қилган эди, қўли мохов хасталигига йўлиқиб, қордай оппоқ бўлиб қолди. Худо Мусога иккинчи бор қўлини қўйнига тиқишни амр берганда эса, Мусонинг қўли танасининг қолган қисми сингари асл ҳолига қайтди. Бу мўъжизаларнинг Мусога ҳеч қандай алоқаси йўқ – у Худонинг берган амрини бажаряпти, холос.

Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетишига фиръавнни Мусо кўндирмади. Қизил денгиз сувларини иккига у ажратмади. Одамларни озиқ-овқат ва ичимлик суви билан Мусо таъминламади. Исроил халқини саҳродан у олиб чиқмади. Буларнинг ҳаммасини Худованд бажарди. Мусонинг барча ҳатти-ҳаракатлари масъулиятини ва Исроил халқининг ҳамма эҳтиёжларини Худо Ўз зиммасига олди. Мусо фақатгина Худога қулоқ солди.

Хизмат қилиш ҳамиша ушбу қоидага бўйсунади.

Эҳтимол, биз уруғ экишимиз мумкин. Аммо уни Худо кўкартиради.

Биз ярани боғлашимиз ёки дори-дармон беришимиз мумкин. Аммо шифо бериш Худо томонидан амалга оширилади.

Биз чин дилдан ибодат қилишимиз мумкин. Аммо мўъжизани Худо кўрсатади.

Биз қўлимиздан келганини қиламиз, Худо эса имконсиз нарсаларни яратади!

Тасаввур қилиб кўринг-а, шундай катта оломонни Мисрдан Канъон юртларига олиб бориш нақадар машаққатли меҳнат! Одамлар йўлни давом эттиришлари учун Мусо неча марталаб уларга илтижо қилиб кўндирди. Саҳродан узоқ вақт юриб ўтиш учун халқнинг ейишини, ичишини ва бошқа муаммоларни Мусо ўйлашига тўғри келди. Юкларни нималарда ташиш керак? Хаста-беморлар билан нима қилиш керак? Орқада қолиб кетганларни-чи? Гапга қулоқ солмай, исён кўтарганларни нима қилиш мумкин? Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Мусонинг чўли-биёбонда чўпонлик қилган тажрибаси унга ниҳоятда қўл келган. Лекин Худо унга деди: “Мен сен билан бирга бўламан. Мен шундай қиламанки, Исроил халқининг оқсоқоллари сенга қулоқ солишади ва айтганларингни бажаришади. Мен Ўз қўлимни узатаман ва Ўзимнинг мўъжизаларим билан уларни ҳайратда қолдираман. Шундан сўнг фиръавн сизларнинг кетишларингга рухсат беради. Мен шундай қиламанки, мисрликлар сизларга ёрдам берадилар, шунинг учун ҳам сизлар Мисрдан қуруқ қўл билан қайтмайсизлар” (қаранг: Чиқиш 3:12-22).

Ҳар сафар Худо бизни хизмат қилишга даъват этганида, У худди шундай дейди: “Буларнинг ҳаммасини қилаётган Мен бўламан. Мен бу муаммоларни ҳал этаман. Мен сизга айтганларимни бажарсангиз кифоя, қолган ҳамма ишни Менинг Ўзим бажараман”. Бизлар Худонинг иродасини бажариш учун даъват қилинганмиз. Биз Худонинг хоҳиш-иродасини бажаришимиз учун, У биз орқали Ўз кучини намоён қилади.

ЮҚОРИДАН БЕЛГИЛАБ БЕРИЛГАН ХИЗМАТ АТРОФДАГИЛАРГА ТАЪСИР КЎРСАТАДИ

Фақатгина Худо Мусони руҳан мустаҳкамлаши мумкин. Бу исроилликларга ҳам тааллуқли эди. Фақатгина Худо Ўз халқини Мисрдаги урф-одатлардан, Исроил халқига бегона бўлган ақидалардан халос этиши мумкин. Шунинг учун Худо халқига Қонунларни берди, ҳар қандай душманлардан уларни ҳимоя қилди, осмондан манна ёғдириб, халқни эсон-омон саҳродан олиб чиқди. Исроилликлар ҳаётининг ҳар бир жабҳасига кириб борар экан, Худованд уларни бўйсундирди ва шундай ўзгартирдики, уларни ўзгача, танланган халққа айлантирди.

Худо қачонлардир Мусони мажусийлар оламидан асраб қолгани сингари, яҳудийларни атрофдагилардан ажратиб олди. Худо Исроил халқини янги урф-одатларга, янги модага, янгича итоат этишга ва янгича ҳаёт тарзига даъват қилди. Бундан ташқари, Эгамиз ягона ва ҳақиқий Худовандга юз тутмаганлар билан оила қуриш у ёқда турсин, ҳаттоки гаплашмасликни ҳам исроилликларга амр қилди. Раббий янги иқтисодни, ҳаёт тарзининг янги услубини, янгича қонун-қоидалар тўпламини яратди.

Мусонинг саҳрода юрган вақти ва Исроил халқининг саҳрода ўтказган вақти бир хил, яъни қирқ йил экани тасодиф эмас. Миср маданияти Мусога сингдирган ҳамма нарсани Худо ундан чиқариб ташлади ва ундан Исроил халқининг йўлбошчисини яратди. Ва эндиликда Худованд Исроил халқидан Ўзининг танлаб олган халқини яратиш мақсадида У халқини барча Миср урф-одатларидан халос этди.

Ўз вақтида Мусога Худо у билан бирга эканини тасдиқлаш учун аломат кўрсатгани сингари, Исроил халқига ҳам белги берди: кундузи – булут устуни, кечқурун – оловли устун.

Ва ниҳоят, исроилликлар Худо уларга ваъда қилган юртга келганларида, улар Худо Ўз сўзига содиқ эканига ишонч хосил қилишлари мумкин. Исроил халқининг барча душманлари ер билан яксон қилинди. Ерихо деворлари карнайлар садоси ва одамларнинг овозидан қулади. Ҳар бир жангда Худо исроилликларга ғалаба келтирар эди, аммо барча шон-шуҳрат фақатгина Унга тегишли эди.

Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Худо нега одамларни руҳий етуклик ҳолатига олиб келади? Жавоб худди олдингидай – юқоридан белгилаб берилган маълум хизмат учун. Иброҳим орқали барча халқлар Худога келишини кунларнинг бирида Эгамиз унга айтган. Худонинг халқи ҳамма халқлар учун нур бўлиши керак (қаранг: Ишаё 42:6 ва 49:6).

Худаванд яҳудийларга нақадар юксак мақсадни кўрсатиб берди! Мусо билан бўлгани сингари, одамлар зиммасига ҳам қийин вазифа юклатилган эди. Худо шундай дейди: “Агар сизга Мен амр қилганларимни бажарсангизлар... Менга қулоқ солсангизлар... Мен сизларни марҳаматлайман... ва сиз марҳаматланган бўласизлар”.

Худо биздан Ўз мақсадларида фойдаланиши учун бизни ҳаётимизда қайғу-дардларга йўл қўяди, бизга шифо бериб руҳан ўстиради ва мустаҳкамлайди. Худованд биз орқали бошқа одамларга шифо беради.

Биз бошқаларни ўргатишимиз учун Худо бизга ўргатади.

Худо бизга донолик ва ақл-фаросат инъом қилади, токи биз ўша доноликни бошқалар билан баҳам кўрайлик.

Худо бизни юпатади ва қўллаб-қувватлайди, токи биз атрофдагиларга юпанч, тасалли ва қўллаб-қувватлаш олиб борайлик.

Худо бизга руҳий инъомларни тақдим қилади, токи биз муҳтожларга хизмат қила олайлик.

Худо бизни молиявий тарафдан таъминлайди, токи биз Хушхабарни тарқатувчиларга ёрдам бера олайлик.

ЮҚОРИДАН БЕЛГИЛАБ БЕРИЛГАН ХИЗМАТ БОР КУЧИНИ САРФЛАБ ИШЛАШНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

Азоб-уқубатларни енгиб ўтган кишилар ўзларини қурбон қилишга тайёрдирлар. Фидокорлик ва ўзидан воз кечиш истаги хизмат қилиш иқтидорининг ажралмас қисмидир. Юқоридан белгилаб берилган хизмат ҳеч қачон совуққонлик ва енгил-елпи адо этилмайди. Бундай хизмат юксак севгини, иқтидорни, ишга чек-чегарасиз содиқликни талаб қилади.

Исроил халқи қайта-қайта Мусога қарши чиқар эди, бу эса аслида, Худонинг Ўзига қарши чиққанлигини англатар эди. Тушкунликда қолган Мусо бир неча бор нола билан шундай дер эди: “Бу қайсар ва бўйсунмас халқни нима қилиш мумкин?” Бироқ Худованд бошлаган ишини давом эттирди ва шу билан бирга Мусони ҳам, халқни ҳам ташлаб қўймади. У Мусога тушкунликдан чиқиб кетишга ва одамларни ўзининг орқасидан етаклашига мадад берди.

Агар биз ўзимизни яқинларимизга бағишлашни хоҳламасак, биз юқоридан белгилаб берилган хизматни ато эта олмаймиз. Бунга ўхшаш хизмат бизни одамларга ўз севгимизни ва вақтимизни намоён қилишни, уларга нисбатан меҳр-мурувватли бўлишимизни ва ўз ишимизга содиқ қолишимизни талаб этади. Бундай хизмат ўзимиз учун ҳеч нарса қолдирмай, ҳаммасини бошқаларга бағишлашга даъват қилади.

Биз ўзгаларга хизмат қилишимизни ва бошқалар қачон бизга хизмат кўрсатишларини кутиб ўтирмаслигимизни Худо хоҳлайди. Исонинг таълимотига биноан, ўзини катта деб билмоқчи бўлган одам хизматкор, қул бўлиши керак. Ўзгаларга хизмат қилиш бизнинг ҳаёт мазмунимизга айланиши керак.

Хизмат қилиш маъносини кўза ва челак мисолида кўрсатиб ўтиш мумкин. Кўз олдингизга жуда қимматбаҳо, айтайлик, минг доллар турадиган бир кўзани келтиринг. Бу кўза ҳамманинг кўзи тушиб турадиган пештахтадан ўрин олган. Меҳмонга келган ҳар бир кимса уни кўриб: “Эвоҳ, нақадар гўзал мўъжиза!” деб, ҳайратга тушади. Ана энди кўз ўнгингизга одамларнинг чанқоғини босиш учун сув келтириладиган етти литрли оддий бир челакни келтиринг. Хизмат қилишда ҳам биз худди шундай ҳолатни кўришимиз мумкин. Кимдир диққат марказида бўлишни, ўзининг чиройидан гердайишни ва мухлисларнинг ҳайратланувчи нигоҳларини овлашни хоҳлайди. Яна кимдир эса ўзини ўйлашдан халос бўлиб, севгига тўлиб тошади ва бошқаларга хизмат қилиш учун “челакка” айланишга қарор қилади.

Биз қора ишлардан қўрқмаслигимиз керак.

Биз қийинчиликлар ва муаммолардан ўзимизни олиб қочмаслигимиз лозим.

Биз енгиларимизни шимариб, ишга киришишга тайёр туришимиз даркор.

Биз қурбон бўлишга тайёр туришимиз керак.

Биз бошқалар учун азоб чекишга доимо тайёр бўлишимиз ниҳоятда зарур.

Қийинчиликларсиз ва азоб-уқубатсиз руҳий етукликка эришиб бўлмайди. Ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтишга тайёр турмасдан ёки буни истамасдан юқоридан белгилаб қўйилган хизматни бажариб бўлмайди. Бироқ қийинчилик ва тўсиқларни енгиб ўтиб, биз хурсандчилик ва шодликни ҳис қиламиз – Худо биз билан бирга эканига, Раббий бизда ва биз орқали ҳаракат қилаётганини, Худованд биздан мамнун эканидан хурсанд бўламиз. Ҳа, менинг азиз биродарларим, бундай хурсандчиликка ҳеч нарса тенг кела олмайди.

Мусонинг хизмати осон кечмади. Фиръавннинг ҳузурига келиб, Миср учун белгиланган навбатдаги фалокатни эълон қилиш учун катта жасорат, қатъийлик лозим бўлди. Миср қўшинининг яқинлашиб келиб қолганини била туриб, исроилликларни бошлаб бораётган Мусо Қизил денгиз соҳилига келди ва нариги томонга ҳеч қандай ўтиш йўли йўқлигини кўрди. Шунда ундан юксак ишонч талаб қилинди. Шунингдек, норози ва қайсар Исроил халқини доимий равишда бошқариб туриш учун ҳам Мусодан метиндек ирода ва сабр-тоқат талаб этилган.

Агар Мусо азоблар ва машаққатлар йўлини сабр билан босиб ўтмаганида эди, Худо Мусога даъват қилган хизматни у ҳеч қачон бажара олмас эди.

Агар биз Худо олдида итоат қилмасак ва Унинг айтганларини камтарлик билан бажара олмасак, биз ҳеч қачон бирор катта ишни амалга ошира олмаймиз. Биз яна бир бор ўз кучимиз билан навбатдаги вазифани бажаришимиз учун, Худо бизга махсус хизматни ишониб топширмайди. Асло йўқ! Биз ўз ҳаётимизни доимий равишда, ҳар бир янги кунимизни Унга бағишлашимизга Худо бизни даъват этади. Биз ҳар бир нарсада Худога тўлиқ итоат этишимиз ва тамомила фақатгина Унга содиқ бўлишимиз керак.

Кунларнинг бирида кимдир шундай деган: “Қутқарилганим менга кифоя. Энди эса бир амаллаб жаннат дарвозаларига етиб борсам бўлди”.

Уни қаранг-а! – деб ўйладим мен. – Нақадар талофатли адашиш!” Худо бизни фақатгина Самовий Шоҳликка “бир амаллаб етиб олишимиз” учун қутқармайди. Биз руҳан етук ва комил инсон бўлиб, Унинг барча орзу-истакларини намоён бўлишида Худога ёрдам беришимиз учун У бизни қутқаради. Бизга ёқимли қисми шундан иборатки, юқоридан махсус белгилаб берилган хизмат бизнинг ҳаётимизни жозибадор, тасвирлаб бериш қийин бўлган ҳис, ўзгача маъно ва мақсад билан тўлдириб бойитади.

Кўплаб одамлар бутун ҳаётлари давомида ўзларига битта савол берадилар: “Мен нима учун яшаяпман?” Агар сиз Худо томонидан азоб-уқубатга дучор қилиниб, У сизга шифо берганини ва руҳан етукликка эришишингиздаги Унинг беқиёс ёрдамини англаган бўлсангиз, демак, сиз бу саволга қандай жавоб бериш кераклигини биласиз. Биз Худо Ўзининг шон-шуҳрати йўлида биздан фойдалана олиши учун туғиламиз! Худо бизни махсус хизмат йўлига даъват этиши, бу йўлда бутун инсониятга нисбатан Ўзининг иродасини амалга ошишида ёрдам беришимиз учун биз яшаймиз. Биз Худодан марҳаматлар олиш ва атрофдагиларга марҳаматли бўлиш учун яшаймиз.

Агар биз ўз мақсадимизни англаб, уни бажаришга интилсак, эрталабдан ҳеч кимга бизни уйғотишнинг зарурати қолмайди. Худо бизнинг олдимизга қўйган мақсадларга етишиш учун биз янги кунни интизорлик билан кутамиз. Қўйган ҳар бир қадамимиз бизга шодлик ва Худонинг ишини янада кўпроқ бажариш истагини олиб келади. Қандай самараларга эришишимиз ҳақида эса Худонинг Ўзи ғамхўрлик қилади.

Бироқ биз азоб-уқубатлардан, дард ва алам йўлидан ўтишга, ўзгаришни бошлаб етукликка эришишга рози бўлишимиз жуда зарур. Худо биздан тўлиқ фойдаланиши учун, аввалам бор, биз фақатгина Унга тегишли эканимизни У билиши керак.


Книга на Узбекском языке: Страдание во благо (Чарльз Стенли)

В своей книге пастор Чарлз Стенли показывает, что страдания - это орудие, которое Бог использует для того, чтобы дать нам благословение. Такой взгляд на страдания - невероятная сила, способная помочь нам принять любые испытания и трудности, зная, что они послужат нам во благо.
Иногда жизненные обстоятельства причиняют нам такие страдания, что мы, кажется, не в состоянии перенести их. Смерть любого человека, потеря работы, продолжительная болезнь - все это несет в себе боль, навсегда изменяя нашу жизнь. Но в этом есть нечто большее: страдания могут принести нам такие благословения, которых мы не обрели бы иначе.
Как показывает Чарлз Стенли, Бог сокрушает нас, допуская трудные времена в нашей жизни, чтобы привести нас к духовной зрелости, более тесному общению с Собой, более эффективному служению. Бог обязательно даст нам сил, чтобы перенести страдания, Он обратит их во благо, даровав благословения, доступные лишь тем, кто был сокрушен.



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак