Роберт Чарльз Спраул. Мукаддас рухнинг сири - (4 боб) Ўзбек тилида
Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Сўзбоши
1 боб. Сен Кимсан, Муқаддас Руҳ?
2 боб. Муқаддас Руҳ – Худо
3 боб. Учликнинг сири
4 боб. Моҳият ва шахсият: Учлик сирини тадқиқ этиш
5 боб. Муқаддас Руҳ ижодда
6 боб. Янгиланган ибтидо: Муқаддас Руҳ ва қайта туғилиш
7 боб. Муқаддас Руҳ шарофати билан омон ва бешикаст
8 боб. Муқаддас Руҳ билан чўмдирилиш
9 боб. Муқаддас Руҳ самараси
10 боб. Бошқа Юпатувчи
ТЎРТИНЧИ БОБ
МОҲИЯТ ВА ШАХСИЯТ: УЧЛИК СИРИНИ ТАДҚИҚ ЭТИШ
Масиҳий бўлиш учун катта ақл талаб этилмайди,
аммо масиҳий бўлгач, бор ақлингни тўлиғича бахшида этасан.
РИЧАРД РЕЙНС
Учлик тушунчаси учун ўта муҳим бўлган моҳият ва шахсият ўртасидаги фарқни таҳлил қилишга киришишдан аввал ушбу сирнинг хусусиятини муҳокама қилиб олиш зарур.
Демак, Худони ақл билан англаш мумкин, деган хулосага келдик. У изчил ва зиддиятли эмас. Унинг Каломи мақсадга мувофиқ. Бироқ бу масиҳийлик сирлардан холи эканлигини англатмайди.
Бошқача айтганда, одамлар кўпинча аралаштириб юборадиган учта тушунчани чегаралаб қўйган бўлардим, улар: қарама-қаршилик, парадокс (соғлом ақлга зид фикр) ва сир-синоат.
Биз қарама-қаршилик нима эканлигини аниқлаб олдик, шу сабабдан қолган иккита тушунчани кўриб чиқамиз.
ПАРАДОКС
“Парадокс” ва “қарама-қаршилик” сўзларини баъзан синонимлар сифатида ишлатишади. Бироқ улар орасидаги муайян тафовутларни сўзларининг келиб чиқишига қараб ўрганиб чиқиш мумкин. “Парадокс” сўзи қўшимча ва туб сўздан иборат. Пара- қўшимчаси “...нинг ёнида” демакдир. Биз кўмакчи йўналишдаги мутахассисларни ёдимизга келтирайлик (мисол учун, парапсихологларни), бунда пара- деганда, асосий нарсалар ёнида ишлайдиган одамлар назарда тутилади. “Парадокс” сўзига кўпроқ мос хусусият унинг туб сўзида жойлашган. Докс сўзи юнонча dokein сўзидан келиб чиққан бўлиб, “ўйламоқ”, “туюлмоқ” ёки “пайдо бўлмоқ” маъносини билдиради. Парадокс – бу қандайдир ҳодисага ҳамроҳлик қиладиган тушунча бўлиб, уни зоҳирий ўхшашлик асосида қабул қилишади. Парадокс қарама-қаршиликка ўхшаш бўлиб туюлади, аммо бу қарама-қаршилик эмас.
Парадокс қарама-қаршиликка шу қадар ўхшаб кетадики, уни кўпинча айнан қарама-қаршилик сифатида қабул қилишади. Учлик таърифи – бу доҳиёна парадокс. Биринчи қарашда у зиддиятлидек бўлиб тублади, лекин яқиндан қаралганда бундай эмаслиги маълум бўлиб қолади.
Чарлз Диккенснинг “Икки шаҳар ҳақида қисса”даги дастлабки сатрлар ёдингиздами? Диккенс самарали адабий усул сифатида парадоксни маҳорат билан қўллаган:
Бу жуда яхши даврлар эди, бу жуда ёмон даврлар эди.
Давр қандай қилиб бир вақтнинг ўзида ҳам яхши, ҳам ёмон бўлиши мумкин? Фақат уларга иккита турли муносабатлар тизимидан қаралсагина, албатта. Диккенс тасвирлаган вақт, бир тарафдан, қаҳрамоннинг ҳаётидаги энг яхши давр бўлган, бошқа томонлама эса, тарихнинг кўпроқ можароли палласига тўғри келган. Айримларда саноат ишлаб чиқарилишидаги қизғин ривожланиш билан боғлиқ ҳолда катта бойлик тўплаш имконияти туғилган. Бошқалар учун эса бу ёмон даврни, яъни тобора қашшоқланишни ва азоб-уқубатлар кўпайишини англатган.
Парадокс ва қарама-қаршилик ўртасидаги тафовут учинчи бир сўзнинг пайдо бўлиши билан янада камроқ кўзга ташланади. Бу “антиномия” сўзидир. Антиномия “қонунга қарама-қарши” (anti-nomos) ниманидир англатади. Дастлаб “антиномия” сўзи “қарама-қаршилик” сўзининг синоними тариқасида ишлатилган.
Тил ривожланиб, айрим ўзгаришларга учрагани сайин, антиномия сўзини “парадокс” сўзининг синоними сифатида ишлата бошладилар. Бу сўз Буюк Британияда кўпроқ қўлланилган. Энди мен “антиномия” сўзини эшитганимда, қарама-қаршиликми ёки парадокс – нима назарда тутилаётганига тўлиқ ишона олмайман.
Масиҳийлик тафаккурида мантиққа тўғри келмайдиганлари талайгина. Исо – ҳам одам, ҳам бир вақтнинг ўзида Худо. Муқаддас Китобда биз қул бўлганимиздагина, озод бўлишимиз мумкинлиги айтилган. Бу тушуниш қийин бўлган парадокслар, аммо ҳеч қандай ҳолатда ҳам зиддиятли эмас.
СИР-СИНОАТ
“Сир-синоат” сўзи аввало бизга номаълум бўлган нимадандир дарак беради. Агар нимадир махфийликка бурканган бўлса, бу унинг ҳали ҳақиқат эмаслигини англатмайди. Эҳтимол, биз қўшимча маълумот олиб, ҳозир биздан яширин ниманидир билиб оламиз. Муқаддас Китобда айтилган:
Шу сингари, биз ҳозир хира ойна орқали кўргандай бўляпмиз, аммо вақти келганда аниқ кўрамиз. Ҳозир билганларим тўлиқ эмас. Ўша пайтда эса Худо мени тўлиқ билгани каби мен ҳам ҳамма нарсани тўлиқ тушунаман (1 Кор. 13:12).
Муқаддас Китоб бизга кўп сирларни очиб беради. Мисол учун, Павлус ёзади:
Мен сизларга бир сирни билдирмоқчиман: биз ҳаммамиз ҳам ўлмаймиз, аммо ҳаммамиз ўзгарамиз. Тўсатдан, кўз очиб юмгунча, охирзамон карнайи чалинганда ўзгарамиз (1 Кор. 15:51-52).
Яна Павлусни ўқиймиз:
Бу Хушхабар асрлару насллар давомида сир тутилган эди, энди эса у Худонинг азизларига ошкор қилинди. Худо барча халқлар ҳам Масиҳ орқали бой улуғворликка етишишларини ҳаммамизга кўрсатишни истади. Бу сирнинг моҳияти шудир: Масиҳ, яъни улуғворликка етишиш умиди сизларнинг орангиздадир (Кол.1:26-27).
Худо айрим сирларни бизга очган. Бошқалари ҳануз гўё парда ортида яширин. Павлус никоҳдаги эркак ва аёлларнинг бирлиги ҳақида гапирганида қўшиб ўтади:
Бу буюк сирдир, энди бу сир Масиҳ ҳамда жамоатга ҳам тааллуқлидир (Эфес.5:32).
Яқинда кимдир менга шундай савол берди: “Нурни секундига 300000 км. тезликда ҳаракатланишга нима мажбур қилади?” Мен қотиб қолдим. Ҳойнаҳой, физиклар ёки астрономлар бу саволга жавоб беришлари мумкин. Менга нурнинг бундай тезлиги маълум, аммо нима учун айнан шундай тезликда ҳаракатланишини тушунтира олмайман. Файласуфлар ва олимлар минг йиллар мобайнида ҳаракат моҳиятини ўрганишади. Атрофимиздаги оламнинг кўплаб ҳодисалари биринчи қарашда ноаниқ бўлиб туюлади, шундай бўлсада тушунчамиздаги камчиликлар туфайли улар янада мавҳумроқ бўлиб қолмайди.
Сир-синоатни кўпинча тўлиқ муайян сабабга кўра қарама-қаршилик билан адаштириб қўйишади: униси ҳам, буниси ҳам тушунарсиз бўлиб туюлади. Фарқ шундаки, сир қўшимча маълумотлар орқали очиқланади, қарама-қаршилик эса ҳеч қачон тушунарли бўлиб қолмайди. Биз қарама-қаршиликни қабул қилолмаймиз, негаки уни ўзига хос мантиқсизлик фарқлаб туради, мантиқсизлик эса ўз моҳиятига кўра ҳатто энг истеъдодли одам учун ҳам тушунчани инкор этади.
Масала Учликка бориб тақалганида, мен унинг бебаҳо сир эканлигини сўзсиз тан оламан. У биздан яширилган, негаки биргина моҳият қандай қилиб уч шахсни ўзида акс эттиришини тушунишимиз қийин. Биз битта моҳият биргина шахсга ўхшашлиги ҳақида фикрлашга кўникдик. Бизга маълумки, ҳар қандай шахс – бу алоҳида моҳият. Бироқ кўникмамиздаги битта шахснинг битта моҳият билан ўхшашлиги ҳали моҳиятнинг мутлоқ тушунчаси бу каби чекловларни талаб қилишини англатмайди.
Биз Масиҳнинг шахсини англашга уринганимизда, ана шундай сир билан тўқнашамиз. Масиҳ, жамоат таърифига кўра, иккита табиатга эга: инсоний ва илоҳий. Бу тағин биз кўникиб қолган доирага жойлаша олмайди. Бир шахснинг икки хил табиатга эга эканлиги ҳақидаги фикр тажрибаларимиз билан тасдиқланмайди. Аммо бир шахснинг икки хил табиатга эга бўлолмаслиги ҳақидаги мантиқ қонуни мавжуд эмас.
Таълимотни бидъатдан ҳимоя қилиш истаги жамоатни Учлик тушунчасини таърифлашга ундади. Бир томонлама, жамоат политеизмнинг (кўп худоликнинг) бир тури бўлган тритеизмга (уч худонинг мавжудлиги ҳақидаги ғояга) қарши туриши керак бўлса, бошқа томонлама, Масиҳни ва Муқаддас Руҳнинг илоҳийлигини инкор этадиган ҳар қандай унитаризмдан (бир худоликдан) сақланмоғи керак эди.
451 йилда Халкидон соборида жамоат зарурий мезонларни ишлаб чиқди. Жамоат Исони vere homo (ҳақиқий одам) ва vere deus (ҳақиқий Худо) деб эълон қилиб, Масиҳнинг тўлиқ илоҳийлигини рад этадиганлар ва Унинг асл инсоний табиатини инкор қиладиганлар ўртасида ягона тўғри йўналишни белгилади.
Семинариядаги сабоқларим даврида илоҳиёт ўқитувчиси (сўнгра у Йельс диний мактабида декан бўлди) кунлардан бирида шундай танбеҳ берганди: “Жаноблар, агар сиз Халкидон доирасидан чиқишни истасангиз, бидъатлардан бирини танлашингизга тўғри келади”.
МОҲИЯТ ВА ШАХСИЯТ
Биз Учлик ҳақидаги суҳбатимизда моҳият ва шахсият ўртасидаги фарқни бир неча бора таъкидлаб ўтдик. Хўш, бу сўз қаёқдан пайдо бўлди? Биз Худо ҳақида суҳбат қилганимизда, уларни қандай тушунишимиз керак?
Биз Худонинг моҳияти ҳақида гапирганимизда, юнон фалсафасидаги тафаккур – ибтидо тушунчасини ишлатамиз. Айрим илоҳиёт мутахассислари ушбу тушунчанинг ишлатилишига қаршилик билдиришади. Аввал айтиб ўтганимиздек, уларнинг фикрича, мажусийлар фалсафаси шу тариқа яҳудийлар ғоясининг тозалигини бузади.
Шундай тасаввур пайдо бўладики, юнон тилининг ишлатилиши масаласи айрим илоҳиётчиларни Муқаддас Руҳнинг Ўзидан ҳам кўра кўпроқ безовта қилади. Муқаддас Руҳ юнон тилининг имкониятларидан Янги Аҳд ваҳийсини маълум қилиш учун мамнуният билан фойдаланади. Янги Аҳднинг юнонча луғатида биз “ибтидо” маъносини англатадиган ousia сўзининг турли кўринишларини тез-тез учратиб қоламиз. Бу «бўлмоқ” сўзидан ҳосил бўлиб, феълдан ясалган от ҳисобланади.
Ибтидо тушунчаси инглиз тилида муҳим ўрин тутади. Қизиқ, “бўлмоқ” феълининг бирор-бир шаклини ишлатмаган ҳолда, қанчалик узоқ гапиришингиз ёки ёзишингиз мумкин. Am, is, are, were, was ва shall каби сўзлар – барчаси ибтидо тушунчаси билан боғлиқ. Ибтидо нимаики мавжуд бўлса, барча-барчасига тегишли. Қадимги юнон файласуфи Парменид ибтидо ҳақидаги фикрини чуқур маъно билан ифода этган: “Ибтидо мавжуд”.
Биз ибтидо ҳақида ёки Худонинг моҳияти ҳақида гапирганимизда, Худонинг Қандай эканлиги ҳақида гапирамиз. Худо Ўзининг хусусиятлари орқали очилиши ҳеч кимда шубҳа уйғотмайди. У – ягона моҳият. Унда бир-бирини тўлдириб, Унинг ибтидони ташкил этадиган қўшимча қисмлар йўқ. Худо алоҳида қисмларга ажралмаган. У моҳиятан ягона. Мана нима учун жамоат Худонинг уч қиёфаси битта моҳиятга эга эканлигини таъкидлайди. Худонинг Кўплик Шахси Унинг моҳиятан ягона эканлигини рад этмайди. Учликни Худони уч қисмдан иборат дея қабул қилиш – бу Худонинг бирлиги ҳақидаги тушунчани барбод қиладиган тритеизм. Жамоат бор кучи билан бутунликни, Муқаддас Китобда келтирилган якка худоликни сақлашга ҳаракат қилган.
Жамоат Худонинг уч Шахси ҳақидаги муҳокамаларда Муқаддас Китобга таянади. Муқаддас Китобда бу масалада муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қанча парчалар берилган.
ЮҲАННО БАЁН ЭТГАН ХУШХАБАРНИНГ МУҚАДДИМАСИ
Масиҳийлик тарихидаги дастлабки уч юз йил мобайнида Юҳанно баён этган Хушхабар (Юҳанно 1:1-8) жамоат Масиҳнинг табиати ҳақида фикр юритиши учун асос бўлган. Юҳанно Масиҳга нисбатан ишлатган Логос (Калом) тушунчаси илоҳиётчиларнинг ақлини асир этган. Унда Янги Аҳднинг Исо ҳақидаги янада мавҳум ва эҳтимол, энг теран таълимоти берилган.
Юҳанно баён этган Хушхабар шундай сўзлар билан бошланади:
Азалда Калом бор эди. Калом Худо билан бирга эди, Калом Худо эди. Азалда У Худо билан бирга эди (Юҳанно 1:1-2).
Юҳаннонинг бу оятларида Калом (юнонча Logos) ҳақидаги ғаройиб фикрлар мавжуд. Биринчиси шундан иборатки, Калом “азалда” бор эди. Сўнгра эса Калом - Ижоднинг ҳаракатдаги кучи эканлиги ҳақида ўқиймиз. “Азалда” яратилиш даврига тааллуқли ва Калом олам яратилишидан аввал ҳам мавжуд бўлганидан дарак беради. Бу Логос ибтидосининг борлиқ яратилгунича бўлганини англатади. Илоҳиётчилар Масиҳнинг “аввал ҳам мавжд бўлган”ини айтишганида, айнан шуни назарда тутишади. Жамоат Масиҳнинг мутлоқ илоҳийлигига риоя қилганида, У нафақат оламда яшаганини, балки абадий мавжудлигини таъкидлайди.
Мормонлар ва Иегова гувоҳлари Исонинг азалдан мавжуд бўлганини маъқуллашади, бироқ Унинг абадийлигини инкор этишади. Муқаддас Китобда Масиҳни “бутун борлиқнинг тўнғичидир” (Кол.1:15), “ягона Ўғил” деб аташгани боис, бу диний оқимлар Масиҳ Отанинг илк ижоди эканлиги ҳақидаги фикрларни олдинга суришади. Улар Исонинг олам яратилишидаги кейинги иштирокини тан олишади, холос. Юҳанно эса Логоснинг оламда шунчаки яшамаганини, балки Калом Худо билан бирга бўлганини айтган.
Бу фикр иккита муҳим нуқтаи назарга эга. Биринчиси: “билан” кўмакчисидан фойдаланиш. Юнон тилида инглизча “билан” кўмакчиси билан таржима қилиш мумкин бўлган учта сўз бор. Қўшимча сифатида ишлатиладиган syn сўзи бор (мисол учун, synthesis (синтез), synagogue (синагога), synchronise (синхрон равишда, яъни бир вақтда содир бўлиш). Биз соатларимизни бир вақтга тўғрилаганимизда, унинг ва эталон соати кўрсаткичларини бир-бирига бирлаштирамиз. Sinagogue (синагога) сўзида одамлар бир-бирлари “билан” биргаликда бўлишлари учун йиғиладиган жойни кўрсатиш учун ўша қўшимчадан фойдаланилади.
Юнонча иккинчи сўз – meta. Бу сўз “унинг ёнида” маъносини англатади. Мен хотиним билан кўчада сайр қилганимда, унинг қўлидан ушлайман, яъни meta маъносида “унинг ёнида” бўламан.
Шу учала сўз орасидаги энг кўпроқ интим аҳамият учинчи сўзда мавжуд. Бу юнонча қисқагина кўмакчи сўз pros – кенг қўлланиладиган юнонча prosopon сўзи бўлиб, “қиёфа” деганидир. Pros ким биландир яқин муносабатда бўлишни англатади. Юҳанно ундан қўшимча сифатида фойдаланади. Ҳаворий Логос азалда “Худо билан” бўлганини эълон қилганида, у Логоснинг Худо билан уйғун, қалин ва яқин муносабатларда бўлганини билдиради.
Иккинчидан, Юҳанно бу фикри билан Логоснинг Худодан фарқланишини таъкидлайди. Биз бу асосий далил шарофати билан Худодаги учта турли қиёфа ҳақида гапиришимиз мумкин: Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ ҳақида. Юҳанно Хушхабари – бундай даъвонинг намунасидир.
Бироқ Юҳаннонинг айнан учинчи жумласи эътиборимизни кўпроқ ўзига тортади. Бу жумла “Калом Худо билан бирга эди” сўзлари билан якунланмайди, балки “Калом Худо эди” сўзлари билан давом этади.
Янги Аҳдда бу Масиҳнинг илоҳий табиатига берилган энг аниқ-равшан фикрдир. Юҳанно аввалги парчада Логос ва Худонинг ўртасидаги фарқни кўрсатган, энди эса уларнинг ўхшашлигини эълон қилмоқда. У “бўлмоқ” феълини қўллаб, Логоснинг ибтидоси ва Худонинг ибтидосини бир-бирига ўхшатади.
Айнан шу боис, жамоат Муқаддас Китобга содиқ қолган ҳолда, Учликнинг барча аъзолари ибтидо бирлигини эълон қилди. Муқаддас Китобда Логоснинг ва Худонинг ибтидоси ўхшашлиги очиқ-равшан эълон қилинади. Иккаласи ибтидода ёки моҳиятда ҳам ҳамжиҳатликдадир.
Аммо барибир Логос ва Худо ўртасидаги фарқни унутмаслик зарур. Биз Юҳаннони диққат билан тинглаб, иккита ҳолатга ажратамиз: 1. Биз Логос ва Худонинг бирлиги ҳақидаги тушунчани асрашимиз керак. 2. Биз Логос ва Худо ўртасидаги фарқни уларнинг моҳиятан ягона эканлиги ҳақидаги тушунчага зарар келтирмаган ҳолда қарашимиз керак. Уларнинг бир-биридан фарқи моҳиятларини бўлиб ташламайди.
Мормонлар ва Иегова гувоҳлари Хушхабар матнларига асосланган аниқ хулосалардан қочиш учун ақл бовар қилмас сўз ўйинини қўллашади. Улар ўз нуқтаи назарларини асослаш учун матни бузиб талқин этишади. Мисол учун, Иегова гувоҳлари ушбу парчани қуйидагича таржима қилишади:
Ва Калом худо бўлди*.
*Инглизча матнда – a god, “худолардан бири”, бу эса артикль ноаниқ берилганини кўрсатади (артикль – отларнинг қайси родга мансублигини, аниқлиги ёки ноаниқлигини кўрсатувчи юклама).
Иегова гувоҳларининг изоҳи тилшунослик нуқтаи назаридан нотўғри. Мазкур матнда белгиланган артикль пастга туширилган, зеро юнон тилида ноаниқ артикль мавжуд эмас.
Агар асл нусхада от аниқ артиклга эга бўлмаса, инглиз тилида контекст учун зарур бўлганида, а ноаниқ артиклини қўйиш мумкин. Контекст бундай қўшимчани таъқиқлайдиган ҳолатлар ҳам бўлади – биздаги ҳозирги ҳолат айнан ана шундай. Мормонлар ва Иегова гувоҳлари бу ерда ноаниқ а артиклини қўйишганида, улар политеизмнинг энг қуйи даражасигача тойиб кетишади. Агар Логос – “Худо “ эмас, балки “худолардан бири” бўлса, биз савол беришимиз керак: хўш, бу ерда қанча худолар бор? Бироқ Юҳанно Хушхабарининг муаллифи ҳақида билганимиз шуки, у қатъий монотеист бўлган!
Кўпчилик мормонлар ва Иегова гувоҳлари Хушхабарнинг анча нозик жойларини танқид остига олишади, яъни бунда яҳудийлар мунозара вақтида Исони ёмон сўзлар билан айблашганида, Унинг унчалик ҳам аниқ тарзда йўлланмаган сўзларига эътиборни қаратмоқчи бўладилар:
– Хайрли ишингиз учун эмас, куфрлигингиз учун Сизни тошбўрон қилмоқчимиз. Сиз одам бўла туриб, Ўзингизни Худо деяпсиз!
Исо шундай жавоб қайтарди:
– Сизлар ўзингиз доим ўқийдиган Муқаддас Битикларда: “Айтдимки, ҳаммангиз худоларсиз”, деб ёзилган эмасми?! Ўзларингиз биласизлар: Муқаддас битикларни ўзгартириб бўлмайди. Худонинг каломини олган одамлар “худолар” деб аталган-ку! Мени эса Отам Ўзи учун ажратиб олиб, дунёга юборган. Мен “Худонинг Ўғлиман” деганим учун куфрлик қилган бўламанми?! Агар Мен Отамнинг ишларини қилмаётган бўлсам, Менга ишонмай қўя қолинглар. Борди-ю, Унинг ишларини қилаётган бўлсам, Менга ишонмасангиз ҳам, қилаётган ишларимга ишонинглар. Шунда Ота Менда ва Мен Отада эканимни билиб, англаб оласизлар. (Юҳанно 10:33-38).
Мормонлар ва Иегова гувоҳлари Юҳанно Хушхабарининг 1-боб 1-оятида берилган “Калом Худо бўлди” парчасининг таржимасини оқлаш учун ана шу матнга мурожаат қилишади. Бу ўринда Исо Забур Китобининг 81-саносидаги “аммо оддий одамдай ўлиб кетасиз” оятига эътибор қаратмоқчи бўлган. Шу боис мормонлар ва Иегова гувоҳлари Юҳанно Логосни худолардан бири деб эълон қилганини ва Логос – чиндан ҳам Худо эканлигини аввалдан ўз олдига мақсад қилиб қўймаганини таъкидлашади.
Бироқ Юҳанно Хушхабарининг 10-бобига янада диққат билан қараганимизда, матнда Исонинг илоҳийлиги тасдиқланганини кўрамиз. Яҳудийлар Уни шаккокликда, куфрликда ва Ўзини Худонинг Ўғли деб эълон қилганликда айблашганида, Исонинг илоҳий табиати тўлиқ намоён бўлади. Нега «Сиз одам бўла туриб, Ўзингизни Худо деяпсиз”? Яъни яҳудийлар мормонлар ва Иегова гувоҳлари англамаган далилни ниҳоят тушуниб етишди: Исо амалда Ўзини Худо деб эълон қилган.
Исонинг жавобидаги нозик ишорани У баҳслар давомида қўллаган усулнинг талқини сифатида қабул қилиш керак. Бу ad hominem усули билан далил келтиришнинг ажойиб намунасидир. Айримлар “мухолиф ҳақ” деган нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, ad hominem сўзини қўллаб баҳс юритишади. Яъни мухолифга далилининг мавҳумлигини кўрсатиб, бу сўзни мантиқий якунга олиб келиш учун мухолиф тутган йўлни вақтинча қабул қилишади. (Баъзан бу усулни reduction ad absurdum – мавҳумликкача олиб бориш деб аташади.)
Мормонлар ва Иегова гувоҳлари Исо айтган сўзни тахминан шундай талқин қилишади: “Мен Ўзимни Худонинг Ўғли деб атаганим учун, сизлар мени шаккокликда айблаяпсизларми? Бироқ Забурчи нимани назарда тутган бўлса, Мен ҳам шуни айтяпман. Менинг илоҳийлигим Қадимги Аҳд “худолари” деб аталганларнинг табарруклигидан ортиқ эмас”.
Юҳанно Хушхабарининг 10-бобининг бундай талқинида Исо шаккокликда айбланишдан қутулиб қолган бўларди, чунки “худо” сўзи бунда ўз келиб чиқишига кўра тўғридан-тўғри Худони англатмайди.
Бироқ бу мунозарада Исо мутлақо бошқа йўл тутган. Унинг айтганлари кўпроқ мана бу мазмунга эга: “Агар Забурчининг, “ҳаммангиз худоларсиз, Худойи Таолонинг ўғилларисиз” (Забур 81:6) деб айтганлари шаккоклик бўлмаса, Отадан туғилган Ўғилни Худо деб аташ асло мункирлик бўлмайди. Агар шаккоклик қилмай туриб, Исроилнинг барча болаларини Худонинг фарзандлари деб аташ мумкин бўлган бўлса, Худонинг ягона Ўғлини Худо деб аташ қандай қилиб мункирлик бўлиши мумкин?”
Исо ана шу парчада Ота Уни оламга юборганини айтади ва сўнгра Ота билан Ўзининг бирлигини эълон қилади: “Ота менда ва Мен Отада”.
Биз Юҳанно Хушхабарининг 1-боб 1-оятига қайтиб, “Калом Худо эди” таржимасини инкор этадиган бошқа сабабни кўрамиз. Агар мормонлар ва Иегова гувоҳлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу ҳолатда Юҳаннони барчасини бутунлай адаштириб юборишда айблаш мумкин. Ҳар қандай мунозара ва муҳокамаларда агар дастлабки мазмун ўзгартирилган бўлса, сўзни кўп маънода қабул қилиш таваккали мавжуд бўлади. Юҳаннно ёзади:
Азалда Калом бор эди.
Калом Худо билан бирга эди,
Калом Худо эди.
Юҳаннонинг кейинги фикрларида Худо сўзи артикль борлигига қарамай ўз маъносини сақлаб қолишда давом этади.
Агар дастлаб “Худо” сўзи Худонинг Ўзини англатган бўлса, сўзнинг маъноси иккинчи жумлада ҳам ўзгармай қолаверади. Мормонлар ва Иегова гувоҳларининг далилларига амал қилган ҳолда, биз “Худо” сўзини битта гапда бир қанча маънолар билан ишлатишимиз керак.
Яна бир гап. Юҳанно олдинги жумлани давом эттирган ҳолда, барчаси Логос орқали яратилганини эълон қилади. Бу ўринда Юҳанно Логосни ва Яратувчи-Худони бир-бирига тенглаштираётганига заррача ҳам шубҳа қолмайди.
Хуллас, Юҳанно Хушхабарининг 1-боб 1-ояти бизга бир тарафлама Логос ва Худо ўртасидаги муайян фарқни кўрсатса, бошқа томонлама, уларнинг ўхшаш эканлигини кўрсатиши ҳақида хулоса қиламиз.
ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБДА ШАХС ТУШУНЧАСИ
Ибронийларга мактуб бизнинг эътиборимизни Учликда Худо Шахсиятларининг моҳиятан бир эканликларини англаган ҳолда, уларни фарқлаш кераклигига қаратади. Мактуб муаллифи ёзади:
Худо қадимда ота-боболаримизга кўп марта ва турли тарзда пайғамбарлар орқали гапирган эди. Бу охирги кунларда эса У бизга Ўз Ўғли орқали гапирди. Худо коинотни Ўғли орқали яратган ва Уни бутун борлиқнинг вориси қилиб тайин этган. Ўғил - Худо шуҳратининг порлаши, Худо борлиғининг аниқ суратидир. У Ўзининг қудратли каломи билан коинотни асраб турибди. У Ўз жонини фидо қилиб, бизни гуноҳлардан поклади, сўнг самода Улуғвор Худонинг ўнг томонида ўтирди (Ибронийлар 1:1-3).
Павлус бу ўринда Масиҳни “Худо шуҳратининг порлаши, Худо борлиғининг аниқ суратидир” дея тасвирлайди. Биз Ота ва бу суратда тасвирланган Зот ўртасидаги фарқни кўрамиз. Жан Кальвин ушбу матнни шундай изоҳлайди:
Ҳаворий Худо Ўғлини “Худо борлиғининг аниқ суратидир” (Ибр.1:3) деб атаганида, у муайян даражада Ота ва Ўғилнинг мавжудлигини тасдиқлайди (“Масиҳийлик эътиқодидаги панд-ўгитлар”, 1/ХН/2).
ШАХСИЯТ, МАВЖУДЛИК ВА ҚИЁФАЛАР
Кальвиннинг иқтибосидан кўриниб турибдики, у биз илоҳиёт тилида кам учрайдиган махсус термин - мавжудлик сўзини қўллайди.
Инглиз тилида бир-бири билан қалин боғланган ва айни вақтда маъно жиҳатидан баъзан фарқ қиладиган учта сўз бор: моҳият (essence), ибтидо (existence) ва мавжудлик (subsistence).
Менга кўпроқ шундай савол бериб туришади: экзистенциализм нима ўзи? Ҳар бир киши “экзистенциализм” сўзини эшитган ва кўпчилик одамлар, гарчи ғира-шира бўлсада, бу ҳақда тасаввурга эга. Экзистенциализмнинг адабиётда, драмада, кинода ва санъатнинг бошқа турларида акс этган оқимлари мавжуд.
Йигирманчи асрда экзистенциализмнинг бош даъватчиси 1980 йилда вафот этган француз адиби Жан Поль Сартр бўлган. Сартр – экзистенциализмнинг ўзига хос шиорига айланган машҳур иборанинг муаллифи: “Мавжудлик моҳиятни бошлаб беради”. Ушбу жумланинг фалсафий мазмунини таҳлил қилиб кўрайлик. Мавзумиздан келиб чиққан ҳолда биз учун мавжудлик ва моҳият, ибтидо ва мазмун ўртасидаги кескин фарқланиш биз учун қизиқарлироқ нуқтаи назар бўлади.
Биз одатий нуқтимизда “мавжудлик” сўзини “ибтидо” сўзи билан ўзгартирган ҳолда қўллаб турамиз. Биз одамларнинг мавжудлиги ва Худонинг ибтидоси ҳақида, одамлар ва Худо – моҳият эканлиги ҳақида гапирамиз. Биз Худонинг ибтидосини ва одамларнинг мавжудлигини фарқлаймиз: ўзимизга одамга қарагандек муносабатда бўламиз, Худони эса Олий Моҳият сифатида англаймиз ва бу билан Худони биз яратилганлар билан таққослаганда юқори даражага кўтарамиз. Биз – бошқаларга боғланган, одамлардан туғилган, ўзгарувчан ва ўлимга маҳкум одамлармиз. Бир сўз билан айтганда – яратилмаган Худодан фарқли равишда биз яратилган ижодмиз. У яратилмаган, бошқага боғланмаган, туғилмаган, абадий ва барқарор. Аммо У – моҳият.
Биз Худо “мавжудлиги”ни таъкидлаб, Унинг амалий ва ҳақиқий ҳузурини назарда тутамиз. Шундай бўлсада, айрим алоҳида мазмунда худонинг мавжудлиги ҳақида гапириш ўринли эмас.
Бу бир қадар кутилмаган гапдек эшитилади. Мен Худонинг мавжудлиги ҳақиқийлигини асло савол остига қўймоқчи эмасман. Аммо Худонинг ибтидоси оддий “мавжудлик”дан юқори туради.
- (бўлмоқ) сўзи лотинчадан келиб чиққан бўлиб, сўзма-сўз “ташқарида турмоқ” (ex – “ташқарида”, sistere – “турмоқ”) маъносини англатади. Хўш, мавжуд нарсанинг “ташқарида турмоқ”лигининг маъноси нима? Дастлабки тушунча шундай эди: бўлмоқ – мавжудликдан ташқарида турмоқ. Бу мавжудликдан ташқарида барқарор туришни англатмайди. Агар биз доимо мавжудликдан ташқарида бўлганимизда, бу ҳаётга келмаган бўлардик.
“Ташқарида бўлмоқ” мавжудлик бир оёғи билан ибтидода, иккинчиси билан эса йўқликда бўлишни англатади. Бу нозик фарқнинг маъноси – ўзгарувчан ва ўлимга маҳкум яратилган моҳиятнинг “қуёш остидаги жой”да озод бўлишидир. Бизнинг ибтидомиз покиза ибтидо эмас, чунки у бир вақтнинг ўзида шаклланади. Биз доимо ўзгариб борган ҳолда ва потенциал тарзда мавжудмиз. Худо ўзгармайди. Унда потенциал мавжудлик йўқ. У – покиза мавжудлик ва ҳамиша Ўзига монанд. У Мусога айтган: “Мен ҳар доим бор бўлган Худоман”.
Демак, вазият таранглашади (у худди етарли даражада таранглашмагандек гўё). “Мавжудлик” сўзи бир қанча бошқача нозик фарқловчи хусусиятларга эга. Subsist (мавжуд бўлмоқ) сўзи айнан ниманингдир “тагида турмоқ” маъносини англатади. Илоҳиётда бу сўз орқали ибтидодан ташқарида эмас, балки ибтидо остида туриш маъноси тушунилади.
Жан Кальвин бошқа илоҳиётчилар Учликнинг Шахсиятлари ҳақида гапиришганида, улар Учликда битта моҳият (ибтидо) ва учта мавжудлик борлигини назарда тутишади. Худонинг уч қиёфаси илоҳий моҳиятда мавжуддир.
- (шахс) сўзи Учлик таърифида лотинча persona (ниқоб, зоҳирий қиёфа) сўзидан келиб чиққан. Бу per (орқали) ва sono илдиз ости қўшимчасининг бирикмаси ҳисобланади. Рим театрида актёрлар ниқоб орқали гапириб, роль ижро этганлар Ана шу ниқоб persona сўзи билан ифодаланган. Биз барчамиз ниқоб-тимсолларни кўрганмиз: комедиялар учун – хушчақчақ қиёфали, трагедиялар учун – қайғули қиёфали.
Илоҳиётда persona сўзидан фойдаланиш бу сўзнинг дунёвий театрга тегишли бўлганлиги боис қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган. Биз Янги Аҳдда лотинчага persona дея таржима қилинган юнонча hypostasis сўзини учратамиз. Шу боис биз Учлик ҳақида гапирганимизда, “Худо тимсолларининг иттифоқи”ни назарда тутамиз.
Кальвин Ибронийларга Мактубнинг 1-бобини изоҳлаб, шундай ёзган:
Чунки Худонинг оддий ва ажралмас моҳияти ўзида бўлинишсиз ва камайишларсиз яхлит мукаммалликни жамлайди, буни ҳатто Унинг тимсолининг ифодаси (амалдаги тимсоли) деб аташ ҳам ўринсиз. Бироқ Ўзига хос хусусиятлари билан фарқланиб турадиган Худо Ўғлида тўлиқ намоён бўлганидан келиб чиқадиган бўлсак, У Ўғлида Ўз тимсолини акс эттирганини ҳақли маънода фараз қилиш мумкин (ўша китоб, 1/13/2).
Масиҳ “Худо шуҳратининг порлаши, Худо борлиғининг аниқ сурати” сифатида намоён бўлган Ибронийларга мактубга таянган ҳолда, Кальвин қуйидагиларни таъкидлайди:
Ҳаворийнинг сўзларидан одилона келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, бу ўринда Ўғилда нур сочаётган Отанинг (тимсолнинг) мавжудлиги назарда тутилмоқда. Ўз навбатида, ана шу асосга кўра, Отадан фарқланиб турадиган Ўғилнинг (тимсолнинг) мавжудлиги ҳақида осонгина хулоса чиқариш мумкин. Бу Муқаддас Руҳга ҳам тааллуқли: чунки Унинг Отадан алоҳида мавжудликка эга эканлигини исботлаш қийин эмас. Буларнинг барчаси моҳиятнинг бўлиниши эмас, ваҳоланки уни кўпинча хато қабул қилишади. Биз ҳаворийнинг гувоҳлигига ишонган ҳолда, Худонинг уч шахсияти (қиёфаси) борлигини англаймиз. Лотин тилида гапирадиганлар person сўзини юнончада hypostasis маъносини билдирадиган ўша тушунчани ифода этиш учун қўллашган: бу сўз ҳақидаги ортиқча баҳс-мунозара, негаки унинг аниқроқ таржимаси “мавжудлик” бўлади (ўша китоб, 1/12/2).
Демак, масиҳийлик жамоати Учбирликдаги Худога имон келтирган ҳолда, битта моҳият (учта эмас) ўзида учта турлича Илоҳий Шахсларни акс эттиришини назарда тутади. Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номлари Худонинг моҳиятан бўлинганини эмас, балки Худонинг шахсий тафовутларини кўрсатади.
Умид қиламанки, ўқувчилар бу хулосани ёдларида сақлаб қолишади. Муқаддас Руҳ ҳақидаги масалани муҳокама қилиш учун бунинг аҳамияти жуда муҳим. Аксарият имонлилар дин мавзусини илоҳиёт мутахассисларига ҳавола этиб, масиҳийлик ҳаёти билан яшаб юриш имкониятидан мамнун бўлишади. Бироқ илоҳиёт сабоқларининг асрлар мобайнида ривожланиши ҳалол масиҳийлик ҳаёти тўғри имоннинг мустаҳкам пойдеворисиз иложсиз эканини яққол кўрсатиб берди. Оддий масиҳий учун семинарияда илоҳиётнинг нозик жиҳатларини ўқиб-ўрганишга асло ҳожат йўқ, бироқ унинг имони ўзи сажда қиладиган Худонинг табиатини тушунишга тақалади. (Тахмин қилинишича, биз Худони бутун онгимиз билан севамиз.) Баъзан бу тушунча Худонинг марҳаматига эҳтиёж сезганида, чин юракдан илтижо қилганида дарров келади: “Раббим! Мен гуноҳкордан марҳаматингни дариғ тутма”. Бироқ бошқа ҳолатларда онгнинг жиддий меҳнати талаб қилинади. Худо ва Муқаддас Руҳ ҳақидаги кўплаб баҳсли фикрлар ва даъволарга ўралашиб қолмаслик учун, мулоҳаза юритишни билиш ўта муҳимдир.
Агар барчамиз Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ – битта Худо эканлиги ва айни вақтда Ўғилнинг Ота эмас, Руҳ эса Ўғил эмаслигини, аммо ҳар бирида Ўзининг ноёб борлиғи мавжудлигини тан олганимизда, биз Учлик ҳақидаги илоҳиётнинг ўзига хос фикр-мулоҳазаларига эҳтиёж сезмаган бўлардик.
Яратилиш ва покланиш ҳақида суҳбат олиб борганимизда, Худо шахсиятлари ўртасидаги субординация ҳақида эслатиб ўтишга тўғри келади. Гарчи Худонинг Ўғли абадий ва моҳиятан Ота билан бир бўлсада, Ўғил Отани эмас, балки Ота Ўғилни бу оламга юборади. Шунингдек, Каломда Ўғил Отадан туғилгани айтилган: Ота Ўғилдан туғилмаган.
Шу сингари, Муқаддас Руҳ ҳам юборилган ва Отадан ҳамда Ўғилдан ҳосил бўлган. Руҳ Ота ва Ўғилни юбормайди. Шунингдек, Ота ҳам, Ўғил ҳам Муқаддас Руҳдан келиб чиқмаган. Гуноҳни ювиш амалида Ўғил Отага бўйсунади, шу боис Муқаддас Руҳ Отага ҳам, Ўғилга ҳам итоат қилади.
Бироқ гуноҳни ювиш амалида субординация қуйироқ даражани англатмайди. Ўғил ва Муқаддас Руҳ ибтидода, шон-шуҳратда, обрў-эътиборда, куч-қудрат ва аҳамиятда бир-бирлари билан ва Ота билан баробардирлар.
Книга на Узбекском языке: - Тайна святого духа (Роберт Чарльз Спраул)
Эта книга о третьей Личности Святой Троицы. Она написана для широкого круга читателей, поэтому автор стремился избегать неуместных теологических рассуждений. Изложенная здесь информация может подтолкнуть читателя к глубоким размышлениям, а вопросы, связанные с абстрактными понятиями, заинтересуют тех, кто хочет постичь сущность Духа Святого и обогатить свой духовный опыт, побольше узнав о проявлениях Духа, «Который освящает».