Роберт Чарльз Спраул. Мукаддас рухнинг сири - (2 боб) Ўзбек тилида
Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Сўзбоши
1 боб. Сен Кимсан, Муқаддас Руҳ?
2 боб. Муқаддас Руҳ – Худо
3 боб. Учликнинг сири
4 боб. Моҳият ва шахсият: Учлик сирини тадқиқ этиш
5 боб. Муқаддас Руҳ ижодда
6 боб. Янгиланган ибтидо: Муқаддас Руҳ ва қайта туғилиш
7 боб. Муқаддас Руҳ шарофати билан омон ва бешикаст
8 боб. Муқаддас Руҳ билан чўмдирилиш
9 боб. Муқаддас Руҳ самараси
10 боб. Бошқа Юпатувчи
ИККИНЧИ БОБ
МУҚАДДАС РУҲ – ХУДО
Биз ҳар сафар, “Муқаддас Руҳга имон келтираман”, деганимизда,
инсон шахсиятига кириб, уни ўзгартиришни истайдиган ва бунга қодир барҳаёт Худонинг мавжудлигига бўлган ишончимизни назарда тутамиз.
Ж. Б. ФИЛЛИПС
Демак, Муқаддас Китобда Муқаддас Руҳ мавҳум куч сифатида эмас, балки шахс сифатида гавдаланади. Биз Уни ўрта турга мансуб деб эмас, балки “У” деб атаймиз. Шунингдек, Муқаддас Китобда Муқаддас Руҳнинг Илоҳий Шахс эканлиги ҳам кўрсатилган. У – Худо. Биз мазкур бобда ва китобнинг бошқа саҳифаларида буни исботлашга уриниб кўрамиз. Аммо Муқаддас Руҳни Худо сифатида қабул қилишдан аввал, Исо Масиҳнинг Худо сифатида Шахс эканлигини англаб олишимиз лозим.
Исонинг илоҳий тарзда келиб чиқиши ҳақидаги кескин баҳслар юз йиллар мобайнида давом этган. Ҳар бир авлодлар даврида Исони оддий одам даражасига туширишга уринишлар бўлган. Жамоат Масиҳ – Худо ва Одам эканига, Унинг икки хил табиатли – инсоний ва илоҳий – битта Шахс эканлигига амал қилади. Эрамизнинг 451-йилида Халкидон жамоати Исонинг ҳақиқий одам (vere homo) ва ҳақиқий Худо (vere deus) эканлигини эълон қилган.
Жамоат тарихида тўрт юз йил Масиҳнинг илоҳий табиати ҳақидаги қизғин баҳслар билан алоҳида ажралиб туради. Бу тўртинчи, бешинчи, ўн тўққизинчи ва йигирманчи асрлар. Мен бу ҳақда эслатиб ўтаётганимнинг сабаби, биз Масиҳнинг илоҳийлиги ҳақида тобора кескин баҳслар бораётган асрда яшаяпмиз. (Дарҳақиқат, бундан бир неча йиллар муқаддам Исонинг илоҳий келиб чиқишини жиди шубҳа остига қўйган “Худо тимсоли ҳақидаги афсона” китоби оммавийлашиб қолганди. Афсуски, уни жамоатдан четдаги одамлар эмас, балки нуфузли илоҳиёт ўқитувчилари ёзишганди.) Масиҳга турлича назар билан боқишади: энг буюк одамлардан бири, ноёб пайғамбар, одоб-аҳлоқ ва экзистенциал мувофиқликнинг олий намунаси, инсоннинг инқилобий руҳи тимсоли, шунингдек, фаришта куч-қудрати ва ҳатто Худонинг “асранди” Ўғли. Бироқ барча бу таърифлар Исо – ижод: Худо яратган одам (ёки фаришта) эканлиги ҳақидаги тахминларга асосланган. Бундай қарашлар Масиҳнинг Шахси макон ва вақтда ибтидога эга эканлиги ҳақидаги фикрларга таянади. Улар Исонинг абадийлигини ва Ота билан моҳиятан бирга эканлигини рад этишади.
Айрим замонавий диний оқимлар Исонинг Шахсини шу даражада улуғлашадики, Унга ижод сифатида муносабатда бўлишларига қарамай, У диний сажданинг асосий объектига айланади. Мормонлар ҳам, Иегово гувоҳлари ҳам Унга катта садоқат кўрсатишсада, Уни яратилган мазмун-моҳият деб билишади. Агар бундай садоқат ўзида сажда қилишни ҳам акс эттирса, бу ҳолда мазкур эътиқодларнинг асосий моҳияти – бутпарастлик эканини афсус билан қайд этишимизга тўғри келади. Бутпарастлик Абадий Худога сажда қилиш ўрнига кимгадир ёки нимагадир сиғиниш демакдир. Мормонлар Исо – оламни Яратувчи деб ҳисоблашади, бироқ Унинг ижодиёти Худо Исони яратганидан сўнг бошланган. Бу фикр бемаъниликдек кўринади: Худо Исони яратган, кейин эса Исо дунёни яратган. Бу ўринда Исо бир вақтнинг ўзида ҳам Яратувчи, ҳам яратилган ижод бўлиб қолади.
Агар Исо Худо бўлмаса, демак, масиҳийлик ўз замирида хурофотга ботган экан. Исонинг Худо эмаслигини тасдиқлаш Худонинг ягона эканини инкор қилади, модомики бу Ўғил ва Муқаддас Руҳнинг илоҳийлигини рад этиб, шу билан биргаликда уларга сажда қилишни буюради. Бошқа тарафлама, агар Ўғил ва Муқаддас Руҳ чиндан ҳам илоҳий бўлишса, бу ҳолда биз Иегова гувоҳларини – Иегованинг сохта гувоҳлари, мормонизмни эса – хурофий номасиҳий секта деб эълон қилишимиз лозим. Кўплаб (жуда кўплаб) масиҳий деноминациялар мавжуд бўлиб, улардан аксарияти бир-бирини ҳақиқий деб тан олади, гарчи масиҳийликнинг номукаммал шаклида бўлса ҳам. Баптистлар, мисол учун, одатда пресвитерианликка умумий масиҳийлик жамоатининг бир қисми сифатида қарашади. Пресвитерианлар лютеранларнинг чиндан ҳам масиҳий эканликларини маъқуллашади. Турли масиҳий жамоатлари ўртасидаги сабр-тоқат улар ўртасида иккинчи даражали масалалар бўйича назарий келишмовчиликлар бўлишига қарамай, уларнинг ҳақиқий масиҳийлик моҳиятига бўлган диққат-эътиборлари жамланишида намоён бўлади. Масиҳнинг ва Муқаддас Руҳнинг илоҳий табиатини тан олиш Муқаддас Китобга таянадиган масиҳийликка тегишли бўлишнинг асосий шартидир. Шу боис масиҳийлар мормонларни ҳам, Иегова гувоҳларини ҳам масиҳийлик жамоатлари дея аталишга ҳақли эканини тан олишмайди. Ўғил ва Муқаддас Руҳнинг илоҳийлигини рад этадиган бирлашмалар ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин.
Агар Масиҳнинг илоҳий табиати масаласида кескин баҳслар олиб борилган бўлса, унга нисбатан Муқаддас Руҳнинг илоҳийлиги ҳақида камдан кам мунозара юритилган. Муқаддас Китобда Яратувчининг режасини амалга оширадиган Муқаддас Руҳнинг илоҳий хусусиятлари шунчалик аниқ кўрсатилганки, тўртинчи асрдан бошлаб Унинг Шахсини тан олганлар томонидан Унинг илоҳий табиати ўта кам ҳолларда рад этилган. Муқаддас Руҳ шахс ёки “мавҳум” куч эканлиги ҳақидаги узундан узоқ баҳслар Унинг Шахс эканлигини, хусусан, илоҳий Шахс эканлигини тан олиш билан якунланган. (Бунга ҳайрон бўлмаслик керак. Муқаддас Руҳ ҳеч қачон одам қиёфасини қабул қилмаган ва Ўғил каби оддий одам сиймосида гавдаланмаган. Исонинг одам қиёфасига киришига эса кўплаб хурофий изоҳлар берилган. Шубҳасизки, Руҳ руҳий табиатга эга бўлиши керак.)
Биз Каломдан Муқаддас Руҳнинг илоҳийлигини биламиз. Қадимги Аҳдда Худога тегишли бўлган сўз Худонинг Руҳига ҳам тааллуқли. “Худо айтди” ва “Руҳ айтди” ифодаси бир хил маънога эга. Айтиладики, Муқаддас Руҳнинг намоён бўлиши – бу Худонинг фаолиятидир.
Биз буни Янги Аҳдда ҳам кўрамиз. Ишаё Пайғамбар Китобининг 6-боб 9-оятида Худо пайғамбарга мурожаат қилиб: “Бор, мана шу халққа айт” дейди. Павлус Ҳаворийлар фаолияти Китобининг 28-боб 25-оятида ушбу сатрлардан иқтибос келтириб айтади: “Муқаддас Руҳ Ишаё памғамбар орқали ота-боболарингизга ушбу гапни тўғри айтган экан”. Бу ўринда ҳаворий Муқаддас Руҳ Худо номидан гапиришга ҳақли эканини билдиради.
Шунингдек, ҳаворий имонлилар – бу Худонинг маъбади эканлигини эълон қилади, чунки Муқаддас Руҳ уларда яшайди (қаранг: Эфес. 2:22; 1 Кор. 6:19; Рим. 8:9-10). Агар Муқаддас Руҳнинг Ўзи Худо бўлмаса, биз Муқаддас Руҳга эга бўлган ҳолда ўзимизни Худонинг маъбади дея аташимиз мумкинми? Айримлар бу саволга жавоб бериб, Муқаддас Руҳ Худо томонидан юборилганини ва Унинг вакили эканлигини исботлаб беришади. Бундай ҳолатда Худо Ўзининг элчиларидан бири бўлган “жойда” иштирок этишини айтиш мумкин. Бироқ бу матннинг аниқ маъносини ўта эркин талқин этишдир. Каломнинг барча қисмида Муқаддас Руҳ Худонинг ваколатли вакили сифатида эмас, балки Худонинг Ўзи билан тенглаштирилади.
Ҳаворийлар фаолияти китобининг 5-боб 3-4 оятларида ўқиймиз:
Бутрус ундан сўради: Ханониё, нимага шайтонга қалбингдан жой бериб, Муқаддас Руҳга ёлғон гапирдинг? Ернинг пулидан бир қисмини олиб қолдинг-ку! ...Сен одамларга эмас, балки Худога ёлғон гапирдинг!
Биз бу ерда бир хилликни кўрамиз: Муқаддас Руҳга ёлғон гапириш – Худога ёлғон гапириш демакдир.
Масиҳ ва ҳаворийлар Муқаддас Руҳни бир неча бора илоҳий хусусиятлар ва мукаммаллик эгаси сифатида тасвирлайдилар. “Лекин Муқаддас Руҳга куфрлик қилганлар кечирилмайди”, - деган Масиҳ (Матто 12:31). Агар Муқаддас Руҳ Худо бўлмаганида, Унга нисбатан куфрлик кечириб бўлмас гуноҳ сифатида қаралишининг эҳтимоли камроқ бўларди.
Муқаддас Руҳ ҳамма ёқда ҳозир. Унга барчаси маълум. Шу тариқа, Муқаддас Руҳ Худонинг хусусиятларига эга, чунки ҳамма нарсани билиш – бу ижод эмас, балки илоҳий хусусиятдир. Яратилган жонзот вақт ва макон билан чегараланган. Бу уларнинг билим олишлари имконини қисқартиради. Ҳаворий Павлус уқтиради:
Чунки Муқаддас Руҳ ҳамма нарсадан, ҳатто Худонинг чуқур ўй-фикрларидан ҳам огоҳдир. Инсоннинг ўй-фикрларини унинг ичидаги ўз руҳидан бошқа яна ким билади?! Худди шу сингари, Худонинг ўй-фикрларини Худонинг Руҳидан бошқа ҳеч ким билмайди (1 Коринф. 2:10-11).
Муқаддас Руҳ ҳамма ёқда ҳозир. Забурчи риторик савол беради:
Сенинг Руҳингдан қочиб, қаерга ҳам бора оламан?! Сенинг ҳузурингдан қаерга ҳам кета оламан?! Агар осмонга чиқсам, Сен ўша ердасан! Ўликлар диёрига тушсам ҳам, Сен ўша ердасан (Забур 138: 7-8)!
Биз бу ерда Муқаддас Руҳнинг иштироки Худонинг иштироки билан баробар қўйилганини кўрамиз. Руҳ қаерда бўлса, Худо ҳам ўша ерда. Забурчининг риторик саволида Муқаддас Руҳ иштирокидан яширинишнинг иложи йўқлиги ҳақидаги жавоб мавжуд. У ҳамма ерда ҳозир. Бу ҳам Худонинг ҳамма нарсани кўра олиши каби Унинг хусусиятларидан бири, асло яратилган ижод эмас. Ҳатто фаришталар каби илоҳий мавжудотларда ҳам бир вақтнинг ўзида турли жойларда бўлиш қобилияти мавжуд эмас. Ҳарҳолда фаришталар (қулаган фаришта – шайтонни ҳам қўшган ҳолда) – руҳлар бўлишсада, уларнинг имкониятлари чегараланган. Улар макон ва вақтга боғланган. Улар яратилганлар тоифасига мансубдир, ҳеч бир яратилган ижод эса ҳамма ёқда бўлишга қодир эмас.
Муқаддас Руҳ ҳамма нарсани билувчи, ҳамма ёқда ҳозир ва абадий. У ҳамиша мавжуд бўлган. Муқаддас Руҳ ҳар нарсага қодир, чексиз қудратга эга. Каломдан кўриниб турадики, Руҳ фақат Худо амалга ошириши мумкин бўлган ишларни қилади. Биз буни яратилиш актида ҳам, покланиш актида ҳам кўрамиз.
Биз дунёнинг яратилиши ҳақида мулоҳаза юритганимизда, фикрларимиз эҳтиром билан Самовий Отамизга мурожаат қилади. Аммо Калом билан яқинроқ танишгач, яратилиш жараёнида учта Илоҳий Шахс иштирок этганини билиб оламиз. Юҳанно Масиҳнинг моҳиятини (Унинг одамга айлангунича), Логос Калом каби тасвирлаб, эълон қилади:
Бутун борлиқ Калом орқали яратилган, Усиз яратилган бирон нарса мавжуд эмас (Юҳанно 1:3).
Павлус Юҳаннонинг таълимотидаги асосий мазмунни такрорлайди:
Худо бутун борлиқни Масиҳ орқали яратган. Еру кўкдаги бор мавжудот, Кўринадиган ва кўринмайдиган ҳар бир нарса, Ғайритабиий кучлар, тахту салтанатлар, Буларнинг ҳаммаси Масиҳ орқали, Унинг Ўзи учун яратилгандир. Масиҳ бутун борлиқдан олдин мавжуд эди, Бутун борлиқ У туфайли мустаҳкам турибди (Кол.1:16-17).
Шунингдек, биз Муқаддас Китобнинг биринчи саҳифаларидаёқ Муқаддас Руҳ ҳақида ўқиймиз:
Худо азалда осмон билан ерни яратди. Ер шаклсиз ва бўм-бўш бўлиб, тубсиз денгизлар устини зулмат қоплаган эди. Худонинг Руҳи сувлар узра юрарди (Ибтидо 1:1-2).
Каломда Муқаддас Руҳнинг яратилиш ишидаги иштироки бир неча бора эслаб ўтилади.
Забурчи хитоб қилади:
Руҳингни юборганингда улар яратилади, Ер юзига янгидан ҳаёт берасан (Забур 103:30).
Аюб ҳам шу фикрни тасдиқлайди:
Мени Худонинг Руҳи яратган, Қодир Худонинг нафаси менга ҳаёт бериб турибди (Аюб 33:4).
Муқаддас Руҳ – ҳаёт ва инсон онгининг яратувчиси (қаранг Аюб 32:8; 35:11). У Марямнинг Исога ҳомиладор бўлиб қолишига кўмаклашган куч манбаидир.
Фаришта жавоб берди: “Муқаддас Руҳ сени қамраб олади, Худойи Таолонинг қудрати сени қоплайди. Шу боис туғиладиган ўғлинг муқаддас бўлади. У Худонинг Ўғли деб аталади (Луқо 1:35).
Муқаддас Руҳ пайғамбарларни, ҳакам ва шоҳларни мойлаган. Исо Ўз хизматини бошлаши учун У томонидан мойланган. Янги Аҳдда Муқаддас Руҳ Масиҳни ўликдан тирилтиргани айтилади.
Исони ўликдан тирилтирган Худонинг Руҳи қалбингизда яшаяпти. Исо Масиҳни ўликдан тирилтирган Худо юрагингизда яшаётган Ўз Руҳи орқали сизларнинг фоний танангизни ҳам ўликдан тирилтиради (Рим.8:11).
Руҳ фақат Худо қодир бўлган ишларни амалга ошириш учун қудратини намоён этади. Павлус Худонинг Иброҳим билан ўзаро муносабатлари ҳақида эслаб, ёзади:
Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган-ку: “Мен сени кўплаб халқларнинг отаси қиламан”. Ўликларни тирилтирувчи ва мавжуд бўлмаган нарсаларни вужудга келтирувчи Худога ишониб, Иброҳим ҳаммамизнинг отамиз бўлди (Рим.4:17).
Ўлимдан сўнг қайта туғилиш ва ҳеч нимадан ниманидир яратиш учун Худонинг ҳар ишга қодир қудрати керак. Ҳеч қандай яратилган ижод йўқ нарсадан ниманидир ярата олмайди. Ҳеч қандай яратилган ижод ўлимдан сўнг янги ҳаётни бошлаб беролмайди, руҳан ўлик қалбларни тирилтира олмайди. Бундай иш учун Худонинг куч-қудрати зарур. Буларнинг барчасини Муқаддас Руҳ бажаришга қодир.
Муқаддас Китобда Муқаддас Руҳ сажда қилиш объекти сифатида бизга гавдаланади. Янги Аҳднинг чўмдирилиш амрига Муқаддас Руҳ ҳақидаги сўзнинг киритилиши катта аҳамиятга эга. Жан Кальвин бу сўзни шундай изоҳлайди:
Павлус Отани, имонни, чўмдирилишни ва уларни боғлайдиган сабабни бирлаштиради, яъни: агар битта эътиқод бўлса – демак, битта Худо мавжуд; агар битта чўмдирилиш бўлса, демак, битта эътиқод бор. Ўз навбатида, агар биз битта эътиқод асосида чўмдирилсак ва битта Худога итоат этсак, ҳақиқий Худо биз Унинг номи ила чўмдириладиган Худо эканлигига ишонишимизга тўғри келади. Ва бу ўринда Нажоткорнинг мукаммал имон-эътиқодининг намоён бўлган ёруғлигини тасдиқлаш учун Унинг Ўзи тантанавор айтган сўзларига шубҳа бўлиши мумкин эмас: “Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдиринглар” (Матто 28:19). Ўшандан буён Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан чўмдириш Худо номи билан чўмдириш каби бир хил кучда тўла-тўкис намоён бўлмоқда. Агар Нажоткорнинг Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан чўмдирилиш ҳақидаги амри битта эътиқодга кўра уларга ишонишимиз зарурияти ҳақида бўлмаса, бу амрнинг маъноси нимадан иборат? Ахир бу Ота, Ўғил ва Руҳ – ягона Худо эканлиги ҳақидаги даъводан фарқ қиладими? Мана шунинг учун битта Худодан бошқаси мавжуд эмаслиги ҳақидаги аниқ таърифга бўлган заруриятдан келиб чиққан ҳолда биз Каломнинг ва Худо Руҳининг моҳиятан бир эканлиги ҳақидаги хулосага келамиз (“Масиҳийлик эътиқодидаги панд-ўгитлар”, І/ХІІІ/І6).
Муқаддас Руҳ ҳақидаги сўзлар нафақат чўмдирилиш амрига, балки ҳаворийларнинг марҳаматларига ҳам киритилган:
Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти, Худонинг меҳр-муҳаббати ва Муқаддас Руҳнинг ҳамроҳлиги ҳаммангизга ёр бўлсин! (2 Кор. 13:13).
Демак, биз Муқаддас Китоб Муқаддас Руҳнинг илоҳийлигини аниқ тасдиқлаётганини кўриб турибмиз. Руҳ – бу Шахс. Руҳ – бу Худо.
Биз бу иккала тасдиқни кўриб чиқиб, масиҳийлик эътиқодидаги энг муҳим ва мураккаб таълимот – Учлик ҳақидаги таълимотга келамиз.
Хўш, Учликни – Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳни – тан олиб, шу билан биргаликда ягона Худога ишонишимизни тасдиқлаш қандай бўлиши мумкин?
Биз навбатдаги бобда масиҳийлик эътиқодининг ана шу чуқур сирини тадқиқ этамиз.
Книга на Узбекском языке: - Тайна святого духа (Роберт Чарльз Спраул)
Эта книга о третьей Личности Святой Троицы. Она написана для широкого круга читателей, поэтому автор стремился избегать неуместных теологических рассуждений. Изложенная здесь информация может подтолкнуть читателя к глубоким размышлениям, а вопросы, связанные с абстрактными понятиями, заинтересуют тех, кто хочет постичь сущность Духа Святого и обогатить свой духовный опыт, побольше узнав о проявлениях Духа, «Который освящает».




































































































































