Роберт Чарльз Спраул. Худога қай тарзда манзур бўлиш мумкин - (9 боб) Ўзбек тилида
Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) O‘zbek tilida Audiokitob 
МУНДАРИЖА
Сўзбоши
1-боб Нафис иноят
2 боб Масиҳийлик ҳаётининг мақсади
3 боб Фарзийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинг
4 боб Дунё билан кураш
5 боб Тана билан кураш
6 боб Шайтон
7 боб Шайтон – туҳматчи
8 боб Қўрқув ва айбдорлик мажмуи
9 боб Ҳақиқий кечирим
10 боб Шаҳвоний масиҳий
11 боб Мағрурлик гуноҳи
12 боб Ялқовлик гуноҳи
13 боб Ёлғон гуноҳи
14 боб Доктрина ва ҳаёт
15 боб Ҳеч қачон таслим бўлманг
ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
ҲАҚИҚИЙ КЕЧИРИМ
Биз кечирилмаган гуноҳнинг карахт қилувчи кучини кўрдик. Унинг мавжудлиги ҳар қандай киши учун оғир юк ҳисобланади. Биз “Пилигрим саёҳати” қаҳрамони ўзида қандай даҳшатли юкни кўтариб юришга мажбур бўлганини эслаймиз. Биз ҳаворий Павлус айтган даҳшатли “тана ўлими”ни эслаймиз. Голливуднинг “Миссия” фильмини кўрганлар тўлиқ қурол-аслаҳалар билан тоққа кўтарилган, тавба қилган ёлланма-аскарнинг азоб-уқубатларини эслайди.
Озодлик қувончини англаш учун бу юкни ташлаб юбориш керак. Ишаё эшитганларини эшитиш – “Сенинг гуноҳларинг кечирилди” – озодлик мусиқасини эшитиш демакдир. Кўп асрлар мобайнида римлик католиклар руҳоний тавба қилиш онларида Te Absolvo – “мен сени кечираман” сўзларини айтганида руҳларида енгилликни ҳис этишган.
Рим католикчилигида истиғфор келтириш сирли тавбага тааллуқли. Ислоҳот даврида катта миқдордаги протестантлар бу сирли ибодатдан воз кечдилар. Натижада кўплаб протестантлар католикларнинг бу амалиётига таажжуб билан қарайдилар. Биз шундай эътирозларни эшитамиз: “ Мен нега гуноҳларим учун тавбани руҳонийга айтишим керак? Бизнинг Олий Руҳонийимиз Масиҳ. Мен тўғридан-тўғри Унга тавба қилишим мумкин. Менга бу оламдаги руҳоний керак эмас!” Бундай эътироз асослими ёки биз католикларга нисбатан ўзимизнинг янглиш муносабатларимизни шунчаки оқлаяпмизми?
Минг афсуски, кўплаб протестантлар нимага қарши эътироз қилаётганини ўзлари билишмайди. Вақт эътирознинг ҳақиқий объектини очиб ташлади, фақат Римга қарши арзимас масалаларда тўпланадиган ноаниқ ва нотўғри тушунчалар қолган.
ТАВБА ВА ПРОТЕСТАНТЛИК
Истиқболда бу саволни тадқиқ этиш учун тарихда ислоҳотчиларни ҳаракат қилишга ундаган ўша пайтларга назар ташлаб кўрайлик.
Ислоҳот сирли тавбага тааллуқли суиистеъмолчиликлар туфайли юзага келган. Рим тавбани даҳшатли гуноҳ қилган кишилар учун нажоткор иноят тикланишидаги зарурий қадам сифатида кўриб чиққан. Рим сирли тавбани “руҳи ҳалокатга учраганлар учун оқланишнинг иккинчи пиллапояси” деб атаган.
Бироқ нима учун “иккинчи”? Рим илоҳиётида оқланишнинг биринчи пиллапояси сирли чўмдириш ҳисобланади. Чўмдириш орқали инсон қалбига гуноҳкорни оқлайдиган иноят кириб келади. Одам ажал келтирувчи гуноҳ қилмагунича, чўмдирилган бўлиб қолади. Ажалкор гуноҳ “ажалкор” деб айтилишининг сабаби, у нажоткор иноятни вайрон қилади ёки ўлдиради. Ажалкор гуноҳ қилган одам яна оқланишга муҳтож бўлади, янгидан оқланиш эса сирли тавба орқали келади.
Сирли тавба бир неча босқичдан иборат. Унга истиғфор, тавба, руҳоний томонидан гуноҳларнинг ювилиши ва хайрли ишлар киради. Рим католик жамоати тавбани кўпроқ ҳиссиёт эмас, ҳаракат деб ҳисоблайди. Буни одам бажаради. Протестантлик адабиётида бунга мувофиқ тушунча тавба қилинг сўзлари билан берилади, католикча ифода эса “тавбани амалга оширинг”.
Ислоҳотчилик даврида тавба раҳм-шафқат ишларидан иборат бўлган. Бу тахминан шундай кўринишга эга бўлган: одам ибодатхонага келиб, руҳонийга ўз гуноҳлари ҳақида айтиб беради, сўнгра эса тавба ибодатини ўқийди ва руҳонийдан гуноҳларининг ювилгани ҳақидаги сўзларни кутади. Руҳоний зарурий тавбалар қилишга кўрсатма беради. Тавба қилувчига муайян ибодатларни неча-неча мартадир ўқиб чиқишини буюришлари мумкин, баъзан унга қаттиқроқ ва жиддийроқ жазолар белгиланади. Мана шу раҳм-шафқат ишидир. Улар Худонинг талабларини “қондиради” ва тавба қилувчига янгидан оқланишга эришиш имконини беради.
Ўрта асрларда хайр-садақа тавбанинг қонуний шакли сифатида кўриб чиқилган. Жамоат қутқарилиш сотилмаслигини қатъий таъкидлаб турган. Пулни ночорларга ёки жамоатга шунчаки бериб, кечиримни “сотиб олиш” мумкин эмас. Аммо барибир хайр-садақа самимий тавба қилишга ва Худони севишга иштиёқ уйғотади, бу эса тавбанинг иши ҳисобланади.
Бу борадаги жиддий муаммолар ўн олтинчи асрда юзага келган. Рим Авлиё Пётр иншооти (базилика)ни қуришни бошлаган. Жамоат кимки бино қурилиши учун чин кўнгилдан ва тақводорлик майли билан қурбонлик келтирса гуноҳларни ювадиган расмий ҳужжат сифатида поп индульгенциясини жорий этди. (Индульгенция – гуноҳларнинг ювилиши ва бу гуноҳлардан тозаланиш учун вақтинчалик жазодан қутулишни тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади).
Германияда Римнинг қандайдир тутуриқсиз вакили Вильям Тетцель саводсиз деҳқонларга ҳам индульгенцияни сота бошлади. Бундан келиб чиқадики, индульгенцияни зарурий тавбасиз ҳам олиш мумкин бўларди. Бошқача айтганда, одам пул тўлаб гуноҳларига кечирим оларди. Ҳақиқий тавбага бўлган ҳар қандай зарурият ва бундан кейинги ишларда раҳм-шафқатнинг кераги бўлмай қолди. Бош савдогар, руҳоний Тетцель Мартин Лютернинг ваъзларини атайин бузиб, тавбанинг ҳақиқий тушунчасини қадрсизлантирди. Бундай суистеъмолчиликка қарши Лютернинг машҳур тўқсон бешта тезислари пайдо бўлди.
Индульгенция билан боғлиқ суиистеъмолчиликлар Пандора қутисини очиб юборди. Бу масалада кўтарилган баҳс-мунозаралар оқланиш ҳақидаги саволни муҳокама қилишга олиб келди. Лютер охир-оқибат яхши ишлар орқали бўладиган тавбани танқид остига олиб, фақат имон орқали оқланиш доктринасини эълон қилди.
Лютер таъкидлаганки, Масиҳ гуноҳларимиз учун Худонинг бизга қаратилган ғазабини тўлиқ қаноатлантирган. Одамлардан ҳеч ким бунга ҳеч нимани қўша олмайди. Ҳеч ким Исонинг хизматларига ҳеч қандай хайрли ишлари билан ҳеч нимани қўша олмайди, хусусан, эзгу ишлар билан олиш мумкин бўлган “мувофиқ келувчи” хизматлар (meritum de congrio) ҳам шулар жумласидан. Оқловчи иноят ўз гуноҳларига самимий тавба қиладиган ва Масиҳни имон билан қабул қиладиган барчага эркин тақдим этилади.
Лютер энг асосийси – фақат имон билан оқланишдан ташқари қолган барчасини “беҳудалик” деб ҳисоблаган. У имон бўйича оқловни “имонли одам турадиган ёки қулаб тушадиган жой” деб айтган.
Натижада кўплаб протестантлар эндиликда руҳонийлар қаршисида тввба қилишмайди. Биз деярли ҳеч қачон бошқа одамдан Te Absolvo сўзини эшитмаймиз.
Протестантларни руҳонийнинг ҳатто шу сўзлари айтиши ҳам ҳайрон қолдиради: “Сени кечираман”. Римнинг фойдасига айтиш жоизки, жамоат ҳеч қандай ҳолатда ҳам руҳонийнинг кечириш ҳуқуқига эга эканлигини тасдиқламайди. Римнинг фикрича, у Исо шу сўзларни айтиб, Ўз Ҳаворийларининг зиммасига юклаган вазифани бажаради: “Сизлар кимнинг гуноҳларини кечирсангизлар, у кечирилади” (Юҳанно 20:23). Моҳиятан олганда, бундай ёндашув протестантлар ҳар якшанба кафедрадан туриб барча гуноҳлар кечирилгани ҳақида эълон қиладиган ёндашувдан катта фарқ қилмайди.
ИШОНЧГА НИСБАТАН ҚАТЪИЙ ЗАРУРИЯТ
Афсуски, кўплаб протестантлар ўзларининг гуноҳлари кечирилганига ишонч ҳосил қилишмайди. Уларни ҳамиша айб ҳисси таъқиб этади. Биз гўёки Хоч ҳеч қачон бўлмагандек тарзда ҳаёт кечирамиз. Бизда гуноҳларимизни ювиш учун Исонинг Поклаши қандайдир тарзда етишмаётганлиги ҳақидаги инжиқ туйғу кўмилиб ётибди. Иноятга бошқа одамлар муҳтож, биз эса покланиш учун ўзимиз нимадир қилишимиз шарт. Назаримизда, бизга қандайдир тарзда айбимизни ўзимиз ювишимиз зарурдек бўлиб туюлади.
Қачондир менга шу гапларни айтган аёл билан суҳбатда бўлгандим: “Мен гуноҳларимдан покланишни қандай олишим мумкин? Мен гуноҳларим учун кечирим сўраб, Худога такрор-такрор ёлвордим, аммо барибир ўзимни айбдордек ҳис этяпман”.
Аёл илоҳиётга доир маслаҳатни излаганди. У ўзига кечирим учун тўлиқ ишонч бериши мумкин бўлган эзотерик воситани, қандайдир сирни очишимни кутгандек, менга қараб турарди. Жавоб бердим: “Фикримча, сиз яна бир бора ибодат қилишингиз керак”.
Менинг жавобим унинг ҳафсаласини пир қилибгина қолмай, жаҳлини ҳам чиқариб юборди: “Мен нима деганимни эшитмадингизми? Мен кўп маротаба ибодат қилдим. Яна ибодат қилишимдан нима наф бор?”
Жавоб қайтардим: “Мен бу сафарги ибодатингизда Худодан ўзингизга ҳаддан зиёд ишониб юборганингиз учун кечирим сўрашингизни хоҳлайман”.
Энди аёл ғазаб отига минди: “Ўзимга ҳаддан зиёд ишониш?! Бу билан нима демоқчисиз? Мен ибодатда ўзимни доимо тинчлантириб келганман. Ҳаддан зиёд ўзига ишончни қаёқдан олдингиз?”
Мен унга қуйидагиларни тушунтирдим: Худо айтганки, агар биз Унга гуноҳларимиз учун тавба қилсак, У кечиради. “Борди-ю, гуноҳларимизни эътироф этсак, содиқ ва адолатли бўлган Худо гуноҳларимизни кечириб, бизни ҳар қандай ёмонликдан фориғ қилади” (1 Юҳанно 1:9).
Айб ва айбдорлик туйғуси ўртасида каттагина фарқ бўлгани сингари, кечирим ва кечирилган одам ҳис қиладиган туйғу ўртасида ҳам анча тафовут мавжуд. Айб – объектив тушунча, айбдорлик туйғуси – субъектив. Кечирим – объектив, кечирим ҳисси – субъектив.
Агар Худо одамни кечирилган деб эълон қилса, бу одам чиндан ҳам объектив равишда, амалда ва тўлиқ кечирилади. Энди кечирим унинг учун ҳақиқийликка айланди. Агар кечирим мавжудлигидан хотиржамликнинг илиқ туйғуси оқишни бошласа – бу улкан ва мўъжизавий мукофот. Бироқ бундай ҳиссиёт кечиримнинг шартли белгиси ҳисобланмайди.
Бу икки томони бор таёқ ҳақида. Одам аслида кечирим олмаган бўлсада, ўзида кечирим туйғусини ҳосил қилиши мумкин. Мен кўплаб одамлардан Худо уларга “тинчлик” ҳадя қилгани ҳақида айтган гапларини эшитганман, айни вақтда эса улар қилаётган ишларни Худо қатъиян таъқиқлаган. Мен Худо ўзларига ҳаловат ва қалб осойишталигини берганига бошқаларни ишонтирган, лекин айни паллада ўз турмуш ўртоқларига хиёнат қилган одамлар ҳақида эшитганман. Бундай гап-сўзлар муайян равишда Муқаддас Руҳни ранжитади.
Худо тавба қилган одамга кечиримни эркин беради. Бироқ У ҳеч қачон гуноҳ қилишга рухсат бермайди. У онгли тарзда гуноҳ қилувчиларга ҳаловатни топширмайди. Бу сохта, қалбаки ҳаловатдир.
Мен аёлдан ўзига ҳаддан ортиқ ишонгани боис қуйидаги сабабларга кўра ибодат қилиб, кечирим сўрашини айтдим: агар биз самимий тавба қилиб, Унга тавбада юз тутсак, Худо бизнинг гуноҳларимизни кечиради. Худо кечирган одамни кечирмаслик, хусусан, ўзимизни ҳам кечирмаслигимиз биз томонимиздан такаббурлик бўларди. Павлуснинг ушбу сўзлари устида мулоҳаза юритинг: “Сен ким бўлибсанки, бировнинг хизматкорини тергайсан? Хизматкорнинг тўғри ёки нотўғри иш қилганини унинг хўжайини тасдиқлайди-ку! Хўжайин хизматкорни бошқаргани учун хизматкор тўғри иш қилади, бу хўжайинимиз Раббимиз Исодир” (Римликлар 14:4).
Ҳаворий бу ерда Масиҳни қабул қилганларни ҳукм этмаслигимиз ҳақида огоҳлантиряпти. Агар Худо кечирган одамларни ҳукм қилиш учун бизга рухсат берилмас экан, Худо бизни кечиргани учун ўзимизни ҳукм қилишимиз ҳам мумкин эмас.
Агар Худо одамни кечирса, демак, у буни ҳис қилишидан қатъий назар, кечирилган бўлади. Ҳиссиётли масиҳийлар ўз туйғулари билан яшайдилар. Руҳий масиҳийлар Худонинг Каломи билан яшашади. Агар Худо менинг кечирилганимни билдирса, ўзимни кечиришни рад этишим мен томондан бутунлай ўзимга ишониб юбориш ва калондимоғлик ҳисобланади.
Мен айтган ўша аёл ўзини кечирилган деб ҳис қилмаганди, негаки Худо ваъдасининг ҳақиқийлигига шубҳа қиларди. Эҳтимол, бу ерда яширин яна нимадир бордир. Эҳтимол, у иноятга бошқа одамлар муҳтож, ўзини эса иноятни қабул қилиш учун ўта мағрур деб ҳисоблагандир. У оқланиши учун ўзи меҳнат қилишни, кечиримни ўзи ишлаб топишни истаган.
Исо ақл билан осон тушуниладиган, аммо қалб билан қийин қабул қилинадиган қисқача масални сўзлаб берган:
Хизматкорингиз қўш ҳайдаб ёки пода боқиб даладан эндигина қайтиб келганда, қай бирингиз унга:
- Кел даррров, дастурхонга ўтир, деб айтасиз? Бунинг ўрнига ўша хизматкорингизга:
- Кечки овқатимни тайёрла, еб-ичиб бўлгунимча, белингни боғлаб, менга хизмат қил, кейин ўзинг еб-ичасан, - деб айтмайсизми?! Хизматкор ўз вазифасини бажаргани учун унга ташаккурлар билдирмайсиз-ку! Шу сингари, сизлар ҳам ўзингизга буюрилган ҳамма ишни бажарганингиздан сўнг:
- Биз бор-йўғи хизматкормиз, вазифамизни бажардик, холос, деб айтинглар (Луқо 17:7-10).
Биз аслида ҳеч нимага арзимайдиган қуллармиз. Биз ҳаттоки Худо берган барча амрларни бажарганимизда ҳам, мақтанадиган ҳеч нимамиз йўқ. Унга мутлоқ бўйсуниш – бизнинг бурчимиз. Тақдирланишга лойиқ ҳеч қандай хизматларимиз йўқ.
Бироқ гап шундаки, У бизга буюрган амрлардан ҳеч нимани бажармаганмиз. Хўш, буларнинг барини қандай мувофиқлаштириш мумкин? Агар Унинг барча амрларини бажарганимизда ҳам, ҳеч нимага арзимайдиган қуллар бўлиб қолаверсак, қандай қилиб ўзимизнинг барча камчиликларимиз билан нимагадир муносиб бўлишимиз мумкин? Асло муносиб эмасмиз. Мана нима учун иноят мутлақо ҳамма-ҳаммага зарур.
Биз ўз қарзини ҳеч қачон узолмайдиган қарздорлар ҳисобланамиз. Биз ўз иши ҳақида ҳисоб бериш учун чақирилган ўша иш бошқарувчига ўхшаймиз. Биз худди унга ўхшаб ўзимиз ҳақимизда айтишимиз мумкин: “Хўжайиним мени ишдан бўшатяпти. Энди нима қиламан? Ер чопишга кучим етмайди, садақа сўрашга уяламан” (Луқо 16:3).
Биз қийин вазиятга тушиб қолганмиз. Ер чопишга кучимиз етмайди ва садақа сўрашдан уяламиз. Аммо сўрашга тўғри келади, чунки қарзларни тўлашга қурбимиз етмайди. Садақа сўрашдан бошқа иложимиз қолмайди.
Биз иноят билан яшаймиз. Биз кечирим билан юрамиз. Биз гуноҳларимиз учун тавба қилганимизда Худо кечирганига ишониб мамнун бўламиз.
КЕЧИРИМ ВА УНУТИШ
Муқаддас Китоб бизга айтадики, Худо гуноҳларимизни кечирганида, шарқ ғарбдан қанчалик узоқ бўлгани каби, уларни биздан шу қадар йироқлаштиради:
Бизни У гуноҳларимизга қараб жазоламас, Ёмонликликларимизга қараб қайтармас. Самолар заминдан нақадар баланддир! Эгамизнинг содиқ севгиси ҳам Ундан қўрққанларга шундай юксакдир. Шарқ ғарбдан қанчалик узоқ бўлса, Гуноҳларимизни биздан шу қадар узоқ қилади (Забур 102:10-12).
Худо гуноҳларимизни кечирганида, уларни Унутилиш Денгизига ташлайди. Еремиё шундай ваъда ҳақида айтган: “Мен уларнинг айбларини кечираман, гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман” (Еремиё 31:34). Муқаддас Китобда келтирилган бу эркак Худо гуноҳларни бошқа эсламаслиги ҳақида айтганида, нималарни назарда тутган экан? Худо қай тарзда кечириши ва унутиши мумкин? Қайд этиш жоизки, бу фақат мажозий ифода. Биз ахир ҳар ишга қодир, ҳамма нарсадан хабардор ва Ўзгармас Худо ниманидир хотирасидан чиқариб қўяди деб ўйламаймиз-ку. Худо менинг ҳаётимга тааллуқли ҳамма нарсани билади. У мен қачондир содир этган ҳар бир гуноҳимни жуда яхши билади. У бизнинг гуноҳларимизни ювганида, бу ҳақда билганларини аслида йўқотиб юбормайди. У фақат уларни рўйхат дафтаридан ўчиради, холос. У менга гўёки мен ҳеч қачон гуноҳ қилмагандек муносабатда бўлади. У гуноҳларимни Масиҳнинг солиҳлиги билан беркитади.
Худонинг унутиши нисбий. У менга қарши бўлган ҳеч нимани эсламайди. Худо гуноҳларимни кечирганида, қилган айбларим учун менга ҳеч қандай айблов қўймайди. Унда ёмон туйғулар учун асло жой йўқ. Унда давом этадиган душманлик йўқ. У билан ўзаро муносабатларим тўлиқ ва бутунлай тикланган. У Ишаё китобида берган ваъдасини менга ҳам беради: “Эгамизнинг каломи шудир: “Қани, энди биргалашиб ўйлайлик: Гуноҳларингиз қизил рангга ўхшаса ҳам, Сизлар қордай оппоқ бўласиз. Гуноҳларингиз қирмизи рангга ўхшаса ҳам, Сизлар момиқдай оппоқ бўласиз” (Ишаё 1:18).
БОШҚА ОДАМЛАРНИ КЕЧИРИШ
Худога ибодатда алоҳида бир қўрқув уйғотадиган жойи бор. Бу кечирим: “Бизга қарши гуноҳ қилганларни биз кечиргандек, Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин” (Матто 6:12). Агар бизга қарши гуноҳ қилганларни рўйхушлик бермай кечирганимиз каби, Худо ҳам бизнинг гуноҳларимизни ана шундай норозилик билан кечирганида эди, бизга жиддий хатар таҳдид солган бўларди.
Биз масиҳийлар сифатида кечирилган халқмиз. Худди шу тарзда, биз кечирувчи халқ бўлишимиз керак. Бошқаларни кечириш калитини Исонинг сабоқларидан топиш мумкин:
“Эҳтиёт бўлинглар! Агар биродарингиз гуноҳ қилса, унга танбеҳ беринг. Агар тавба қилса, уни кечиринг. Агар ўша одам бир куннинг ўзида сизга қарши етти марта гуноҳ қилса-ю, етти марта қайтиб келиб, сизга: “тавба қилдим”, деса, уни кечириб юборинг.” Ҳаворийлар Раббимиз Исога: “Имонимизга имон қўшинг”, дедилар (Луқо 17:3-5).
Масиҳийнинг бошқа одамларни кечиришидаги мажбурияти масаласида катта чалкашлик мавжуд. Биринчидан, биз кимни кечиришимиз кераклигини ва иккинчидан, кечирим ўз ортидан нимани эргаштириб келишини тушуниб етиш лозим.
Биринчи масала юзасидан масиҳийлик доирасида ягона фикр мавжуд эмас. Шу боис масиҳий ўзига қарши гуноҳ қилган ҳар қандай одамни ҳеч қандай шартсиз ва бир ёқлама кечириши шарт дея ҳисобланадими? Мисол учун, агар бирор киши ҳеч қандай сабабсиз менинг феъл-атворимни танқид қиладиган бўлса, демак, мен хафалигимни ичимга ютиб, шу заҳотиёқ ўша одамни кечириб юборишим керак экан-да.
Бундай фикр қаёқдан пайдо бўлди? Ҳойнаҳой, бу саволга жавобни Исонинг ва Унинг шогирдлари мисолида топиш мумкин бўлар. Биз Исонинг хочда Ўз жаллодлари учун қандай ибодат қилганини кўрамиз: “Эй Ота! Уларни кечиргин, улар нима қилаётганларини билмайдилар” (Луқо 23:34). Биз Исо ўз амрларида раҳмдилликка ўргатганини эшитамиз: “Раҳмдил бўлганлар бахтлидир, Чунки улар раҳм-шафқат топадилар” (Матто 5:7). Ва яна бошқа бир жойда У дейди: “Лекин Мен сизларга айтаман: сизга ёмонлик қилган одамга қаршилик кўрсатманг. Агар кимдир ўнг чаккангизга урса, унга чапини ҳам тутинг” (Матто 5:39).
Исо раҳм-шафқат этикасини аниқ-тиниқ эълон қилади. Биз ёвузликдан тийилишга, сабр-тоқатли бўлишга ва бизни ранжитган кишиларга нисбатан шафқатли бўлишга даъват этилганмиз. Исо яқинларимиз билан ортиқча масофани босиб ўтишимизни буюрган. Худонинг Шоҳлигида жанжал, қизиққонлик, баҳс-мунозара ва хафагарчиликларга ўрин йўқ.
Исо бизга “бошқа чаккамизни тутишни” буюрганида, У ҳақоратга сабрли бўлиш лаёқатини англатадиган яҳудийча идиомани қўллайди. (Идиома – маъноси ўз таркибидаги сўзларнинг маъноларига боғлиқ бўлмаган, яхлит ҳолда бир маъно берувчи ихчам ибора.) Эътибор беринг, Исо ўнг чаккамизга урган одамга ўгирилганча бошқа чаккамизни тутишимиз шарт эканлигини айтган. Одатда бу амрни тўғридан-тўғри маънода тушунишади, яъни бир чаккамизга зарба олганимиздан сўнг ўгирилиб бошқасини тутишимиз керак экан. Агар бизга жисмоний таҳдид билан ташланадиган бўлсалар ҳам, гўёки ҳимояланишга ҳаққимиз йўқдек, кимки шуғулланмоқчи бўлса, биз ҳар қандай одам учун бокс қопидек бўлиб тураверишимиз керакдек.
Бундай талқинда қанчалик чуқурлашиб кетиш мумкин? Бу матн агар босқинчилар қизимизни ўғирлаб кетадиган бўлишса, уларга ўғлимизни ҳам бериб юборишимиз кераклигини англатмайдими? Менимча, йўқ. Исо айтган сўзлар ҳақида ўйлаб кўринг. У ўнг чаккага урилган зарба ҳақида гапирмоқда. Тасаввур қилинг-а, сиз бир одам билан юзма-юз турибсиз ва у сизнинг ўнг юзингизга урмоқчи. Хўш, у буни қандай қилади? Иккита усул бор: у ёки чап қўли билан уради ёхуд ўнг қўли кафтининг ички тарафи билан. Орамизда биз “чапақай” деб атайдиган одамлар унчалик кўп эмас. Одатда одам зарба учун чап қўлидан фойдаланмайди (агар бунга махсус ўрганмаган бўлса, албатта).
Яҳудийча “ўнг чаккага уриш” идиомаси ўнг қўлнинг ички томони билан бериладиган ҳақоратомуз зарбани назарда тутади. Ўрта асрларда дуэлга шу тарзда чорлашган. Одам қўлқопини ечиб, ўнг қўлининг ички тарафини ёйган ҳолда рақибини қўлқоп билан уриши керак бўлган. Бу қадимий одат ҳақорат етказишни назарда тутган. Ҳойнаҳой, Исонинг тингловчилари Уни яхши тушунишган, шекилли. Агар кимдир сени ҳақорат қиладиган бўлса, сен ҳам унга шу тарзда жавоб қайтаришинг керак эмас. Биз ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармаслигимиз лозим. Бу гапларнинг асосий ғояси – ўзини бошқаришни ва хотиржамликни сақлаш, оғзаки ҳақоратга босиқ жавоб қайтариш. Исони сўроқ қилаётганларида хўрладилар, калтакладилар, гарчи У Ўзига ёрдам учун само фаришталарини чақириши мумкин бўлсада, барча ҳақоратларга сукут билан бардош беришга қарор қилди. У Ўзини лаънатлаганларни марҳаматлади ва Ундан нафратланганларга яхшилик қилди. У сўзлари билан Ўзига азоб берганларга севгини намоён этди.
НЕЧА МАРТА КЕЧИРМОҚ КЕРАК?
Бироқ юқорида айтилган гапларнинг бари одамга ҳақорат етказилганда масалани адолатли ҳал этиш имконини таъминлайдиган Муқаддас Китоб қонунига асло қарши чиқмайди. Амалда ҳар бир жамоат ўз қавмининг шикоятини жамоат судида кўриб чиқиши мумкин. Жиддий масалаларни ҳал қилиш учун фуқаролик судига ҳам мурожаат қилиш имкони мавжуд.
Демак, биз шундай хулосага келишимиз мумкин: агар бизга қарши гуноҳ қилган бўлсалар, биз бу одамни бир ёқлама кечиришимиз мумкин, лекин бундай кечирим ҳар бир вазиятда ҳам мажбуриятимиз ҳисобланмайди. Қилишимиз мумкин ва мажбурмиз тушунчалари ўртасидаги муайян фарқни кўриш керак. Луқо Хушхабарининг 17-бобида Исо кечирим ҳақида шундай дейди: “Агар биродарингиз гуноҳ қилса, унга танбеҳ беринг. Агар тавба қилса, уни кечиринг”. Бу ерда сизга қарши гуноҳ қилган киши – сизнинг биродарингиз. Ҳойнаҳой, кечиришга берилган амр бизга қарши гуноҳ қилган барчага тааллуқли эмас. Биз барчага ўз яқинимиз каби қарашимиз лозим, аммо ҳар ким ҳам биродаримиз эмас. Масиҳий-биродарларда бир-бирлари билан ўзига хос муносабатлар мавжуд.
Масиҳий гуноҳ қилган ҳолатлар учун бизга алоҳида амр берилган. Биринчидан, биродаримизга гапириб олишига имкон беришимиз керак. Бизга ўзимизга нисбатан йўлланадиган зарбаларни жимгина қабул қилиш буюрилмаган. Исо айбдор томонга танбеҳ бериш ёки таъна қилиш ҳақида аниқ кўрсатма берган. Сўнгра энг муҳими келади. Исо айтган: “Агар тавба қилса, уни кечиринг”. Шарт бор: “агар тавба қилса”. Фараз қилиш мумкинки, агар биродар тавба қилмаса, биз уни бир ёқлама кечиришга мажбур эмасмиз. Худо бизга кечирим беришидан аввал тавбани талаб этгани каби, биз ҳам биродаримизга ана шундай шартни қўйишимиз мумкин.
Албатта, биз тавба қилмаган биродарни кечириш йўлини тутишимиз мумкин, бироқ биз уни кечиришга мажбурмиз деб айтиб бўлмайди. Агар у қўйилган шартни бажариб, тавба қилса, бу ҳолда уни кечиришимиз керак. Биз тавба қилганни кечиришимиз шарт. Гуноҳга қўл уриб, тавба қилган кишини кечиришдан бош тортиш гуноҳ ҳисобланади ва бу ҳам ўз навбатида покланишни талаб этади.
Мен семинарияда талаба бўлганимда, бир вақтнинг ўзида кичкина жамоатда хизматчи бўлиб ишлаганман. Бир куни жамоатда ўзига хос ҳурматга сазовор бўлган бир аёлнинг қизини баногоҳ хафа қилиб қўйдим. Қиз менинг гапларимга ўта нохушлик билан жавоб қайтарарди. Мен унинг олдига бориб, узоқ вақт кечирим сўрадим. У мени кечиришдан бош тортди. Мен унинг олдига икки марта бориб, кўзларимда ёш билан кечирим сўрадим. Бироқ у барибир кечиришни истамади.
Бу келишмовчилигимизни бартараф этиш учун воситачи бўлиб тайинланган хизматчи билан ҳар ойда учрашадиган вақт ҳам етиб келди. У менинг руҳим устозим, саксон беш ёшли нафақадаги миссионер, улуғ солиҳликнинг намоёндаси бўлиб, эллик йил Хитойда яшаган ва шундан беш йилини коммунистик концлагерда ўтказган. Мен чуқур хижолат билан унинг олдига бордим. Унга ҳаммасини айтдим. У диққат билан гапимни тинглаб, хотиржам жавоб берди: “Биродар, сиз иккита жиддий хатога йўл қўйибсиз. Биринчиси аён: сиз қиз болани ҳақорат қилибсиз. Иккинчи хато шундан иборат: сиз уч марта кечирим сўрамаслигингиз керак эди. Биринчи уринишдан сўнг тўп унинг майдонига ўтиб кетган. Агар у кечиришдан бош тортаверса, ўз бошига ёнаётган чўғни йиққан бўлади”.
Бу табаррук кексанинг сўзларида донолик бор эди. Агар биз бирор кишига қарши гуноҳ қилсак, тавба қилишимиз керак ва шу билан муаммомиз барҳам топади. Худди шундайин, агар биродаримиз бизга қарши гуноҳкор бўлгани учун тавба қилса, биз уни кечиришимиз керак. Бироқ буларнинг барчаси кечирим нимадан иборат эканлиги ҳақида бизни мулоҳаза юритишга ундайди.
Биз тушуниб етдик: Худо бизни кечирганида, У бу гуноҳни бизга қарши далил сифатида ҳеч қачон қўлламайди. У гуноҳларимизни бошқа ҳеч қачон эсламаслик учун уларни унутиб юборади. Бироқ Худонинг кечирими “зиённи қоплаш”дан бош тортишимизни англатмайди. Аввалги ҳолатни тиклаш – католик сирли тавбасида эзгу ишлар адолатни қондириш йўлида амалга оширилиши билан бир хилда эмас. Зарарни қоплаш – биз зиммамиздаги қарзни тўлашга мажбур эканимизни билдиради.
Мисол учун, агар мен иш бошқарувчимдан пул ўғирласам, сўнгра ўз қилмишимдан пушаймон бўлсам, унда тавба қилиб кечирим сўрашимнинг ўзи камлик қилади. Мен пулни қайтаришим ва бўйнимга тушган жаримани ҳам тўлашим керак. Заккай зарарни қоплаш қоидасини тушунгани учун Исога айтган: “Ҳазрат, мен мол-мулкимнинг ярмини камбағалларга бераман. Бирон кимсанинг нарсасини ноҳақ олган бўлсам, тўрт баробар қилиб қайтараман” (Луқо 19:8).
Мен тавба қилганимда, нимани беришим шарт бўлса, ўшани бераман. Бу демак, мен ҳаракатларим оқибатини ўз зиммамга олишга ва жазоланишга қарор қилишга мажбурман. Биз дунёвий, вақтинчалик, самовий ёки абадий айбларни фарқлаймиз. Агар мен дунёвий қонунларни бузиб, Худодан кечирим сўрасам, Унинг абадий кечиримини олишим мумкин, бироқ ўзимнинг вақтинчалик айбим учун жазомни олишим керак.
Голливуднинг эски кинофильмлари кечирим ҳақидаги ибодат сўзларини тўнғиллаб айтаётган руҳоний ҳамроҳлигида сиртмоқ ёки электр стулининг “охирги метрлари” томон бораётган босқинчиларнинг қатл этилиш лавҳаларини тез-тез кўрсатиб туришарди. Сиртмоқ образи Муқаддас Китоб билан номувофиқдек бўлиб туюлади. Бироқ аслида бундай эмас, чунки Муқаддас Китоб қонунбузар қабул қилиши керак бўлган ҳақиқий тавбага чорлайди. Гарчи фуқаролик суди раҳм-шафқат кўрсатиб жиноятчига бериладиган жазони юмшатиши мумкин бўлсада, агар қонунбузар тавба қилса, Худо судга уни барча жазодан озод қилиши ҳақида буйруқ бермайди. Тавба қилувчи одам Худога ўзининг қайғуси билан манзур бўлса ҳам, жамият адолат тантана қилишини талаб этиши мумкин.
КЕЧИРИМ ВА ТАКРОРЛАНУВЧИ ГУНОҲЛАР
Никоҳ ришталари бузиладиган вазиятларда қандай қилиб кечириш мумкин? Дейлик, эркак хотинига хиёнат қилади ва унинг гуноҳи фош бўлади. Эр гуноҳига тавба қилади, уялади ва хотинидан кечирим сўрайди. Бундай вазиятларда хотиннинг аҳлоқий бурчи нималардан иборат?
Бу саволга иккита жавоб бор: оддий ва мураккаб. Дастлаб оддий жавобни кўриб чиқайлик. Исо бизга қарши гуноҳ қилганларни ва ўз гуноҳига тавба қилганларни кечиришимизни талаб қилади. Шу боис хотин тавба қилган эрини кечириши керак.
Бунинг ортидан мураккаб савол келади: кечирим нимадан иборат? Ва у билан боғлиқ яна бир савол: эрини кечирган хотин барибир у билан ажрашиши мумкинми?
Биринчи қарашда бу ҳақда сўраш ҳатто бемаъниликдек бўлиб туюлади. Биз кечирим ажрашишнинг ҳар қандай имкониятини истисно қилади деб ўйлаймиз. Аммо бу шунчаки оддий эмас. Тавба қилган хиёнаткор ҳолатидаги ажрашиш масаласига асосан учта ёндашув мавжуд.
1 ёндашув. Кўплаб масиҳийлар ажрашиш ҳеч қандай асосга кўра ҳеч қачон оқланмаслигига ишонишади. Бундай одамлар учун масаланинг ечими оддий. Хотин эри билан ажрашиш мумкин эмас, ҳатто эр тавба қилмаган тақдирда ҳам.
2 ёндашув. Турмуш ўртоғига хиёнат қилганлиги учун ажрашишга йўл қўйилади. Асос бу ерда шундай: агар эр тавба қилмаса, хотин у билан ажрашишга тўла ҳақли. Бироқ эр тавба қилса, хотин уни кечириб, бирга қолиши керак.
3 ёндашув. Турмуш ўртоғига хиёнат туфайли ажрашиш ҳуқуқи тан олинади, лекин бу мажбурий эмас, фақат рухсат бор, холос. Ҳатто эр тавба қилса ҳам, хотин ажрашиш ҳуқуқидан шунчаки фойдаланиши мумкин. Аёл эрини кечириб, уни Масиҳдаги биродари каби қабул қилиши лозим. Аммо аёл ўша эркакнинг хотини бўлиб қолишга мажбур эмас. Турмуш ўртоғи бўлиш ҳуқуқининг йўқотилиши қилинган гуноҳ учун фуқаролик жазоси сифатида кўриб чиқилади.
Гарчи бундай саволларни ҳал этиш ўта мураккаб бўлсада, бир нарса аниқ: кечирим ўз ортидан ҳеч қандай “зарарни қоплаш” ёки жазо келмаслигини англатмайди. Кечирим остида инсоний ўзаро муносабатлар тушунилади. Шунингдек, у гуноҳ энди ўзаро муносабатларда асло иштирок этмаётганини билдиради.
Луқо Хушхабарининг 17-бобида, агар биродаринг сенга қарши етти маротаба гуноҳ қилиб, ҳар сафар тавба қилса, “уни кечир” деб айтилган.
Исо “уч марта”дан сўнг кечирим мажбуриятидан ўзимизни озод дея ҳисоблашимизга рухсат бермаган. Агар биродарим менга қарши гуноҳ қилса, тавба қилса, кечирим олса ва гуноҳ ишларини такрорласа, мен унга: “Сен аллақачон икки марта гуноҳ қилдинг!” деб айтишим мумкин эмас.
Мен ранжитилганим учун ҳисоб-китоб қилишим керак эмас. Унинг биринчи гуноҳини кечирган ҳолда, кўнглимда унга қарши ёмонлик сақламаслик мажбуриятини оламан. Агар у тағин гуноҳ қилса, мен ўзимга айтишим керак: “Бу унинг биринчи гуноҳи!”, негаки унинг биринчи гуноҳи унинг иккинчи гуноҳини қабул қилишимга асло таъсир кўрсатмайди.
Бироқ бу қийин вазифа. Айниқса, бизга қарши гуноҳлар доимо такрорланаверса, раҳм-шафқатли бўлиш оғир. Бизда шундай мақол бор: “Бир марта аҳмоқ қилдинг – сенга уят, икки марта аҳмоқ қилдинг – менга уят”.
Ўша бир хил гуноҳни кечириш ўта оғир. Етти маротаба кечириш – раҳм-шафқатли бўлиш лаёқатимизни охиригача етказа олиш демакдир. Исонинг шогирдлари Унинг амрига: “Имонимизга имон қўшинг” (Луқо 17:5) дея илтижо билан жавоб қайтаришгани ҳайрон қолдирмайди.
ЎТМИШ ГУНОҲЛАРИ УЧУН КЕЧИРИМ
Масиҳий имонга келгунга қадар қилган гуноҳлари учун кечирилиши мумкинми? Жавоб аён – ҳа. Агар жавоб салбий бўлганида эди, кўпчилигимиз Худонинг лаънати ва ҳукми остида қолаверган бўлардик. Бироқ Масиҳнинг Поклаши бизни ҳар қандай гуноҳдан тозалаган.
Кейинги саволга жавоб унчалик кенг қўллаб-қувватланишни топмайди. Масиҳий имонга келгунча қилган гуноҳлари учун жавобгарми? Ва тағин биринчи қарашда жавоб узил-кесилдек бўлиб туюлади – ҳа, чунки бу вазиятда ҳам етказилган зарарни қоплаш қоидасини қўллаймиз.
Кимки бу саволга салбий жавоб берса, буни аниқ далиллар асосида қилади. Тағин эр-хотинлар жуфтлигидан мисол келтирайлик. Дейлик, эр хотини билан ноқонуний равишда, яъни Муқаддас Китоб қоидаларига асосланмаган ҳолда ажрашади. Орадан беш йил ўтиб у Масиҳга юзланади, масиҳий аёлни севиб қолади ва унга уйланмоқчи бўлади. Хўш, бунга жамоат қандай муносабат билдириши керак? Эркак собиқ хотини билан ярашиш йўлини излаши керакми ёки янги оиласини бемалол тузиши мумкинми?
Эркак собиқ хотинига нисбатан ҳеч қандай мажбуриятларсиз яна уйланиш ҳуқуқига эга эканлигини айтадиган одамлар ўша эркакнинг энди Масиҳда “янги ижод” эканлигини таъкидлашади. Янги туғилган одам имонга келгунча қилган ишлари учун жавобгар эмас, негаки у энди янги одамга айланган.
Бу Муқаддас Китоб қоидаларини нотўғри талқин қилишдир. Мен чиндан ҳам Масиҳда янги ижодман, мен – Р.К.Спраул янги ижодман. Р.К.Спраул янгидан туғилиши мумкин, аммо янги Р.К.Спраул ва эски Р.К.Спраул ўртасида узилмас шахсий алоқа бор. Р.К.Спраул барибир эски Р.К.Спраулнинг қарзларини тўлайверади.
Қуйидагини тасаввур қилинг. Жаноб Смит соат тўртда ўз иш берувчисининг ўн минг долларини ўғирлади. Ўша оқшом соат бешда жаноб Смит Масиҳга юзланди. Хўш, у пулни ўзида сақлаб қолиши мумкинми? Аксинча. Имонга келиш одамни унинг мажбуриятларидан нафақат озод қилади, балки амалда бу мажбуриятларни кўтаради. Янги туғилган одам виждонли бўлиши, хусусан, қарзларни тўлаши, имкон бўлган заҳотиёқ барча зарарни қоплаш истаги унда кучли бўлиши керак.
Зарарни бутунлай қоплаш тўлиқ тавбанинг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу ҳақиқий тавба белгисидир. Ҳақиқий кечирим учун ҳақиқий тавба керак. Агар бизнинг мақсадимиз тўлиқ ва мукаммал кечирим бўлса, биз тўлиқ ва мукаммал тавбага интилишимиз зарур. Агар биз Худога манзур бўлишни истасак, тавба қилишимиз керак. Биз бу юқори баҳони тўлашимиз шарт. Амалда фақат ана шундай баҳолаш билан таққослаган ҳолда биз “арзон иноят” иборасининг маъносини тушунишимиз мумкин. Тўлиқ кечиримнинг баҳосини ўлчаб бўлмайди, бироқ биз оладиган тўлиқ кечиримдаги афзалликлар билан таққослаганда, бу унчалик ҳам юқори баҳодек бўлиб туюлмайди. Бу дунёда бизга кечирувчи иноят берадиган Худо билан тузиладиган келишувдан кўра фойдалироқ ҳеч қандай келишув йўқ.
Биз хизмат қиладиган Кечирувчи Худо Унинг кечиримини миннатдорчилик билан қабул қилганимизда мамнун бўлади. Шунингдек, биз ўзимизни улғайган одамлар каби тутганимизда ва ўз гуноҳларимиз туфайли бошқа одамларга етказган зиёнимизни қоплаганимизда ҳам хурсанд бўлади. Агар Янги Аҳдни тўғри тушунадиган бўлсак, Худонинг Шоҳлигида масъулиятли ва кечиримли одамлар яшаши аён бўлиб қолади.
Книга на Узбекском языке: - Как угодить Богу (Ричард Чарльз Спраул)
Книга доктора Спраула вводит нас в круг размышлений о том, что такое жизнь, угодная Богу. Содержанием такой жизни является полное и совершенное покаяние, верность Богу и Его заповедям в большом и малом, абсолютное послушание, требующее посвящения Ему всего себя, беспощадная борьба с ветхим человеком в себе, стремление к освящению и исполненности Духом Святым.




































































































































