Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) 4 bob

Роберт Чарльз Спраул. Худога қай тарзда манзур бўлиш мумкин - (4 боб) Ўзбек тилида

Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) O‘zbek tilida Audiokitob Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) Audiokitob O'zbek tilida

        

МУНДАРИЖА

Сўзбоши

1-боб  Нафис иноят

2 боб  Масиҳийлик ҳаётининг мақсади

3 боб  Фарзийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинг

4 боб  Дунё билан кураш

5 боб  Тана билан кураш

6 боб  Шайтон

7 боб  Шайтон – туҳматчи

8 боб  Қўрқув ва айбдорлик мажмуи

9 боб  Ҳақиқий кечирим

10 боб  Шаҳвоний масиҳий

11 боб  Мағрурлик гуноҳи

12 боб  Ялқовлик гуноҳи

13 боб  Ёлғон гуноҳи

14 боб  Доктрина ва ҳаёт

15 боб  Ҳеч қачон таслим бўлманг


ТЎРТИНЧИ БОБ

ДУНЁ БИЛАН КУРАШ

Мартин Лютер масиҳийлар олиб бориши керак бўлган курашнинг учта жабҳаси ҳақида гапирган. Масиҳий дунё, тана ва шайтон билан курашишга ҳукм этилган. Улар жуда даҳшатли душманлар. Уларнинг уруш олиб бориш усуллари ғирромликдан иборат. Улар масиҳийларга бор кучлари билан ташланишади. Уларнинг тактикаси – айёрлик ва ёлғон. Шайтон тубан ишлар жабҳасида мутахассис. Тана эса одамнинг руҳини бузадиган ички душман, қўпорувчи (диверсант) ҳисобланади.

Биз одил Худога манзур бўлиб яшашга интилиб, бу душманлар билан доимо курашамиз. Покланишимиз жараёнининг бир қисми курашдир ва – агар биз чиндан ҳам ўсадиган бўлсак – бу душманлар устидан ғалаба ҳам қозониб турамиз. Ҳар бир ҳақиқий имонлига бу даҳшатли рақиблар устидан ғалаба қозониш қанчалик қийинлиги маълум.

Биз мазкур бобда бу учта душманлардан биринчисини – дунёни тадқиқ этамиз. Бу оламнинг руҳи, тубанликка ботган ижод қадриятларининг тизими тана ва шайтон тизимидан фарқ қилиши мумкин, аммо улардан ажралиб чиқмаган. Тана тубан дунёнинг бир қисми ҳисобланади, шайтон эса бу оламнинг ҳукмронидир.

Биз шу дунёда яшаймиз, шу дунёнинг бир қисми ҳисобланамиз ва қайсидир даражада ўзимиз ҳам шу оламнинг маҳсулотимиз. Дунё курашимиз майдонига айланади. Уруш Европа ёки Тинч океани сарҳадлари билан чекланиб қолмайди. Дунё сиз билан бизнинг уйимиз ҳамдир. Биз яшайдиган ва ҳаракат қиладиган жойимизда жангга киришамиз. Бизнинг урушда қуролсизлантирилган ёки бетараф ҳудуд йўқ. Бутун сайёра кураш майдони ҳисобланади. Барча яратилган жонзотлар покланишни кутиб, биргаликда азобли инграйдилар.

Биз тиш-тирноқлар, сўйлоқтишлар билан етказилган жароҳатдан қон томадиган оламда яшаймиз. Биз бўри қўзичоқ билан бирга ётадиган, болалар илонлар билан ўйнайдиган янги дунёни кутамиз. Аммо ҳозирги пайтда бўриларни қўйларимизни боқиш учун таклиф эта олмаймиз.

Мен илк бора Флоридага келганимда, заҳарли илонлар ўзида қандай хавфни акс эттиришини билиб олдим. Бизнинг ўлкаларда шақилдоқ илон ва бу турнинг бошқа заҳарли вакиллари яшарди. Мен кўпинча орқа ҳовлида ўйнайдиган невараларимдан хавотирда эдим. Деворим бўйлаб пакана пальмалар, узун ва қалин ўтлар ўсганди. Мен бу заҳарли судралувчилар пайдо бўлмаслиги учун ўша ҳудудни тозалашга қарор қилдим.

Мен бу чакалакзорни тозалашни бошлаганимда, пакана пальмалар остида қандайдир тезкор ҳаракат диққатимни тортди. Сўнгра уни кўриб, маҳлиё бўлгандек қотиб қолдим. У ажойиб эди: нозик, латиф, қора, сариқ ва қизил рангларда тиниқ ва аниқ ҳалқалари чизилгандек гўё. Илон тез ва овозсиз мендан нарига судралиб кетди, у биринчи қарашда умуман беозорга ўхшарди. У худди тирик маржондек, чиройли безакдек бўлиб кўринар ва ҳар қандай қизиқувчан болакайнинг диққатини ўзига тортиши аниқ эди. Бу Шимолий Америкадаги энг чиройли ва энг заҳарли қизил илон эди. Мен бир лаҳзадаёқ ҳушимни йиғиб, уни шу ернинг ўзида ўлдирдим.

Мен ўлдирилган илонни банкага солиб уйга олиб бордим. Уйда уни болаларга кўрсатиб, қандай хавфли эканлигини тушунтирдим.

Дунё ҳар турли илонларга тўла. Одам Ато ва Момо Ҳавони алдаган илон ҳанузгача бу дунёда кўплаб турларга эга. Бу маҳлуқларнинг заҳри ва ёвузлиги бутун боғимизни заҳарлаши мумкин. Дунё чиндан ҳам ҳамма нарсани еб юборадиган аждарҳолар яшайдиган жой ҳисобланади.

БУ ДУНЁНИНГ ВАСВАСАСИ

Бу дунё ўзига жалб этади. У диққатимизни бутунлай эгаллаб олишга ва барча садоқатимизни унга беришимизга мажбурлашга интилади. У жуда яқин, у кўриниб туради, ўта жозибакор. Дунё ўзини осмон билан беркитади. Кўриниб турадиган нарсалари бор кучи билан диққатимизни ўзига тортишга уринади. Кўринадиган нарсалар Яратувчиси ва Ҳукмдори Худо бўлган янада гўзалроқ мамлакатга қарамаслигимиз учун кўзларимизни ўзига жалб этади. Кўринадиган нарсалар бизга ёқади ва биз вақтимизнинг катта қисмини, афсуски, кўринадиган дунёга ёқиш учун сарфлаб яшаймиз. Ихтилоф шундан келиб чиқади, чунки дунёга ёққан нарса Худога камдан-кам манзур бўлиши мумкин.

Биз Худодан шундай даъват олганмиз: “Бу дунёга мослашманглар” (Римликлар 12:2). Бироқ дунё биз барча масалаларда унинг фаол шериклари бўлишимизни истайди. Бизни унинг ҳаёти ва ишларида тўлиқ иштирок этишимизга ундайди. Дунё босим ўтказади ва бизни унда иштирок этишга мажбурлайди.

Ўсмирлик чоғимизда ҳис қилган хавотирни эслайсизми? Ўзимизга бўлган ҳурматимиз, ўзимизга берадиган баҳомиз биргина сеҳрли сўз – машҳурлик – билан ўлчанарди. Питтсбург шаҳридаги дўконга туфли сотиб олиш учун борганим ёдимда. Ўшанда олтинчи синфда ўқирдим. Онам мени оёқ кийимлари бўлимига олиб борганида туфлиларни кўрсатаётган сотувчи ўқишларим ҳақида сўради. Беихтиёр бидирлаб юбордим: “Мен синфдаги энг таниқли ўқувчиман!”

Онам даҳшатга тушганди. У менга камтарлик ҳақида насиҳат қилди. У бундай мақтанчоқлик энг паст хусусият эканини тушунтирди. Лекин бу мен учун муҳим эмасди. Мен учун сўзларим амалга мувофиқ келиши муҳим эди. Мен синфдаги энг таниқли ўқувчи бўлиш ҳақида ўйлашни жуда хуш кўрардим. Бу масала олтинчи синф ўқувчисининг ақли учун энг асосийси эди. Албатта, ота-онам мени севишларини, опам мен билан фахрланишини хоҳлардим, аммо ҳаётимнинг мақсади машҳурлик эди.

Аммо машҳурлик учун тўлов қилиш керак. Буни назарда тутишимга тўғри келди. Мен мувофиқ келадиган тўпламга “эга” бўлишим зарур эди. Мувофиқ тарзда кийиниш, мувофиқ тарзда сочларни текислашни ўрганиш, оммабоп қўшиқларнинг сўзларини билишим керак эди. Жасоратимни исботлаш учун муайян маросимларни бажаришим шарт. Мен чорловни қабул қилишни ўрганишим керак. Синфхонадан журнални ёки дўкондан шоколадни “олиб чиқиш”ни уддалашим ва мени қўлга тушира олмасликларини исботлашим зарур эди. Ўқитувчиларни вазмин ҳолатидан чиқариб юборадиган ҳазилларни ўйлаб топишим керак. Мен бемаъни вандализмга ўрганишим керак эди. Ҳаттоки пиёзни ёқтирмасам ҳам, Доберт хонимнинг кичкина томорқасидаги барча пиёзларни юлиб ташладим. Кекса Ник Грин узумзорининг кейинги қаторидан ҳосилни йиғиб олаётганида, пинҳона бориб ҳамма узумларини юлдим. Мен Линда Хаффингтондан уй вазифаларини кўчириб олиб, дўстларимга узатиб юборишни ўргандим. Бу ва бошқа кўплаб шу каби “ҳазилкашликлар” таниқли бўлишим учун тўлашимга тўғри келган тўлов эди.

Аммо буларнинг бари ўсмирлик билан ўтиб кетади. Дарвоқе, ўтиб кетармикан-а? Баъзан ўйин шартлари шунчаки ўзгаради. Энди бошқача баҳо ўрнатилади, чунки қолган барчаси ҳам қимматлашади. Аммо талаблар ўша-ўша. Мен ҳали-ҳануз машҳур бўлишни истайман.

Мен тўққизинчи синфда таниқли бўлишнинг яна бир усулини пайқаб қолдим. Спорт. Мен баскетбол жамоаси сардори эдим. Менинг дунём ана шу доира атрофида айлана бошланади. Питтсбургнинг “Пост Газет” нашри ўйинимиз ҳақидаги натижаларни эълон қилмади. Мен “Спорт” журнали муқовасида пайдо бўлмадим. Лекин мен ўзимнинг кичкина оламимда қаҳрамон эдим. Биз ўйнаётганимизда, шундай гапларни эшитардим: “Спраул, Спраул, бизнинг одам, агар у уддаламаса, демак, бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайди”.

Мен оқшомги ғолибона ўйинимиздан кейинги кунни ёқтирардим. Биз синфдан синфга йўлак бўйлаб юрганимизда, ҳамма менга қараб табассум қилар ва исмимни айтиб мурожаат қиларди. Еттинчи синф қизларининг ошхонасида мендан дастрўмолга дастхат ёзиб беришимни сўрашди. Биз ғолиб бўлганимизда! Аммо биз фақат ғолиб бўлганимизда.

Мағлубиятга учраганимизда эса вазият бутунлай бошқача тус оларди. Мен ғазабланган нигоҳларни пайқамасликка уриниб, бошимни қуйи эгиб олардим. Бошимни ёстиққа тиқиб йиғлардим ва асло ухлай олмасдим, чунки қулоқларим остида дарғазаб ишқибозларнинг қичқириқлари жаранглаб турарди. Мен енгилганимиздан сўнг кўчада ортиқча кўринмасликка ҳаракат қилардим.

Мен одамлар берадиган баҳога ишонмасликка барвақт ўргандим. Аммо уларга эътибор қаратмасликни ўргана олмадим. Бу мен учун ҳалигача ўзига тортадиган куч бўлиб қолмоқда. Мен ҳануз одамларга ёқиш истаги билан курашаман. Ҳалигача машҳурлик сеҳри билан кураш олиб бораман. Ҳамон аввалгидек менга норозилик билан ёндашишларини ёқтирмайман.

Бу олам билан “мувофиқлашиш” – “у билан бирга бўлиш”, бу дунёнинг шакл ва тузилмаларига мувофиқ бўлиш, шу оламда нима машҳурлик ҳисобланса, ўшани қилиш демакдир. Муаммо эса шундай: одамлар ўртасида оммабоп бўлган нимадир Худога ҳамиша ҳам маъқул бўлавермайди. Худога манзур бўлгани эса доимо ҳам одамларга ёқавермайди. Кимга манзур бўлишимизни тез-тез танлов қилиб туришимизга тўғри келади. Бу масиҳийлик ҳаётидаги ҳар кунлик курашдир.

Ҳар бир авлод, ҳар бир маданият ўзининг ҳукмронлик руҳига эга. Немислар иккита умумий ғояни ўзида бирлаштирган махсус Zeitgeist сўзини ўйлаб топишган. Zeit “вақт” маъносини билдиради, Geist эса “руҳ”. Демак, Zeitgeist – бу “вақт руҳи” ёки “давр руҳи”.

Масиҳий яшаётган замонавий Zeitgeist – бу секуляризм ёки барча диққат бу оламга, фақат шу фурсатга ва бу оламдан ташқарига жуда кам эътибор қаратадиган тубанликка ботиш руҳидир. Одамлар, қабр бошидаги қисқа сонияларни ҳисобга олмасак, абадият ҳақида камдан кам ўйлашади. Асосийси – шу ерда ва ҳозир. Ҳозирги фурсат билан, бугунги кун ҳузур-ҳаловати билан яшаш – давримизнинг руҳияти ана шунақа.

Дунёвийлик руҳи замонавий шаклга эга, лекин унинг моҳияти янгича эмас. Ҳар бир авлодда секуляризмнинг ўзига хос шакли бўлади. Биз – дунёвий мавжудотлармиз. Борлиғимизнинг маркази шу олам ҳисобланади.

Исо даври ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. У Ўз шогирдларини доимо ҳозирги вақтдан кўра узоқроққа қарашга даъват этган. У шогирдларининг назарини абадиятга қаратган. “Бу дунёда ўзларингиз учун бойлик тўпламанглар”, - деган У ва дунёвий бойликларни абадият нурида чамалаб кўришга чорлаган. “Агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса-ю, ўз жонидан маҳрум бўлса, бундан унга нима фойда?” (Матто 16:26).

Дунёми ёки руҳ? Дунёга ёқиш керакми ёки Худога? Бу муаммо ҳар бир авлод учун долзарб ҳисобланади. Бу дунёга мослашиш – ўзининг абадий руҳини йўқотиш билан таваккал қилиш демакдир. Бизнинг авлод Zeitgeist қадриятлари даражаси билан мувофиқликда самода иккита руҳга эга бўлишдан кўра бу оламда битта танага эгалик қилишни афзал кўради. Дунёнинг руҳи бизни ҳозир ўйнаб қолишга ва ҳаётдан баҳраманд бўлишга, барча диққатни айни фурсатга қаратиб, кейин тўлов қилишга чорлайди. Бу энг оммавий йўналиш.

Агар масиҳий бу дунёнинг васвасаларига қаршилик кўрсатишга журъат қилса, у оқимга қарши бориши керак. У ўзидан мамнун одамларни Худони рози қилиш учун йўқотишга тайёр бўлиши шарт. Исо айнан шу боис айтган: “Одамлар Мен туфайли сизларни ҳақоратлаб қувғин қилганларида, сизлар ҳақингизда ёлғон гапириб туҳмат қилганларида, бахтлисизлар! Севининглар, хурсанд бўлинглар.” (Матто 5:11-12).

Бахтли бўлиш ҳақидаги бу амрдаги асосий сўз - “Мен туфайли”. Дунё билан мувофиқ келмаслик ҳақида бизга йўлланган даъват шунчаки чорлов эмас. Ҳар қандай одам, агар атрофдагилардан фарқ қилса, ўзига эътиборни тортади. Бироқ бу тафовут дунёдан чинакамига фарқ қиладиган ҳақиқий сифатли “Исо туфайли” бўлиши керак, асло унинг арзон қалбаки нусхаси эмас. Биздаги тафовут танланган бўлиши лозим. Бу жиддий масалалар борасидаги фарқ бўлиши керак.

Дунёдан айрилиб яшаш ғоясини бузиб кўрсатиш жуда осон. Худди фарзийлар қилгани каби уни соддалаштирилган ташқи вариантга келтирса бўлади. Дунёдан ҳақиқий фарқланиш ўзгаришга асосланган бўлиши шарт. Ҳаворий Павлус бу олам билан мувофиқлашмаслик ҳақидаги амрига яна бир кўрсатмани қўшади. У айтади: “Бу дунёга мослашманглар, фикр-зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар” (Римликлар 12:2).

Бу кўрсатма бизга ўзгаришимизни амр этади. Масиҳий учун жамиятдан шунчаки чиқиб кетиш етарли эмас. Ибодатхоналарга кетиб қолишимиз ҳам шарт эмас. Биз бу дунё ҳаётидан олдинроққа интилишимиз керак. Биз бу дунёга ўзгариш олиб келишимиз лозим, чунки Исонинг сиймоси бу оламдан ташқарида ҳам нур сочиб туради. Бу оламга берилмаслик керак, шунингдек, ундан қочмаслик ҳам керак. Биз бу оламга янги ва ундан фарқ қиладиган руҳ билан сингиб киришимиз лозим.

Ҳаммага маълум шундай жумла бор: “Биз бу оламда яшаймиз, лекин бу дунёдан эмасмиз”. Бу дунёдан бўлиш дунёвий одам бўлишликни англатади. Бу шу олам билан мувофиқлашиш деганидир. Бу дунёдан бўлиниб чиқиш – турмуш тарзимизда қайта шаклланмасдан, арзирли ўзгаришлар қилмасдан нонконформист бўлишни англатади.

Илоҳий покланиш ҳатти-ҳаракатларининг театри – мана шу дунё. Айнан шу оламга Худо Масиҳ сиймосида келди. Масиҳ Ўз шогирдларига қўрқувдан юқори қаватларда эшикни ичкаридан қулфлаб ўтиришларига рухсат бермаган. У Ўзгариш тоғида чодирлар ўрнатишга изн бермаган. Биз Қуддусда, Яҳудияда ва ҳатто дунёнинг энг чеккаларида ҳам Масиҳнинг гувоҳлари бўлишга даъват этилганмиз. Қуддус шу оламда жойлашган. Яҳудия ҳам шу дунёда. Дунёнинг чеккаси ҳам ҳали-ҳануз шу оламнинг ўзида. Шу боис биз бу дунёдан қочиб кета олмаймиз. Бироқ кўпгина масиҳийлар қочишга уринишади. Биз шундай йўл тутсак, амалда Худони ғазаблантирган бўламиз, чунки У дунёдан қочишимизни эмас, балки бу оламга илоҳий покланиш олиб келишимизни истайди.

ХУШХАБАРЧИЛИК ҲАРАКАТИ

Қўшма Штатларни катта ҳаракатлар қамраб олган. Дунёвий таълим-тарбияга альтернатив (бир-бирига зид икки йўл) тариқасида масиҳийлик мактаблари пайдо бўлди. Масиҳийлар ўз фарзандларига давлат мактаблари таълим беришини ортиқ исташмайди, ҳукумат эса ўз мактабларига масиҳийлик дунёқараши сингиб киришига рўйхушлик бермайди. Ҳукумат Худога нисбатан муносабатда “бетараф” бўлиб қолишни афзал кўради. Мактаблар диний “холисликни” сақлаш мақсадида болаларга гўёки Худо йўқдек, ёзишга, ўқишга, арифметикага Худонинг алоқаси бўлмагандек қилиб таълим беришади. Аммо масиҳийлар Худога нисбатан бетараф муносабат ва Уни рад этиш ўртасидаги фарқ унчалик катта эмаслигини билишади.

Масиҳийлик Худоси – бутун оламнинг Яратгувчисидир. У Ўзи яратган барча нарсаларнинг мустақил Ҳукмдори. У Ўз жамоати ва давлатнинг мустақил Худоси. У илоҳиёт ва биологик олам устидан ҳукмронлик қилади. Шу боис “бетараф” мураббий – бу жўн эртак, холос. Ҳар бир ўқитувчи ва ҳар бир ўқув режаси муайян дунёқарашни ифода этади. Яъни, Худо бу дунёқарашнинг ажралмас қисмини ташкил этади ёки бундай деб ҳисобланмайди. Худо билан ҳеч қандай бетарафлик бўлиши мумкин эмас. Уни тан олишади ёки назар-писанд қилишмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ниҳоятда аниқ нуқтаи назар ифода этилади.

Тобора кўпроқ масиҳий ота-оналар болага имонда таълим-тарбия бериш ўзларининг муқаддас бурчлари эканини англаб етишмоқда. Улар Америка тақдим этган холис тизим деб аталадиган таълим эркинлиги устунлигидан фойдаланишмоқда. Бу ҳолат ота-оналар икки баробар тўлов қилишларига олиб бормоқда, чунки солиқ назорати аввалгидек биз давлат мактабларини қўллаб-қувватлашимизни талаб этмоқда. Аммо биз хусусий таълим тизими учун ҳам тўлашимиз керак. Худога қай тарзда манзур бўлиш илми юқори афзаллик ҳисобланган муассасаларда болаларини ўқитиш учун катта саъй-ҳаракатлар қилаётган – пул сарфлаётган – жонкуяр ота-оналарни айблаш қийин.

Бироқ мактаблар фақат нонконформистлар бўлиши ҳам мумкин эмас. Масиҳийлик мактаби ибодатхонага айланиб кетишнинг, дунёга гувоҳлик бермай, ўзини бу оламдан тўсиб қўйишнинг янгича шакли бўлиши мумкин, кўпинча шундай ҳам бўлиб чиқади. Агар биз Худога манзур бўлишни истасак, бу дунёда айнимаган ҳолда қолишимиз, ундан қочмаган ҳолда, шу дунё учун кўп ишлар қилишимиз лозим.

Айрим одамлар масиҳийлик мактабини айнан нима масиҳийча қилиши ҳақидаги масалани кўтаришади. Мактабда Муқаддас Китобни ўргатиш ёки синфхонада ибодат ўтказиш уни масиҳийча қилиб қўймайди. Ўқув режаси катта аҳамият касб этади. Худони ҳар бир ўқув тартибида англаб бориш лозим. Шунингдек, бу оламнинг таъсирчан гувоҳлари бўлишимиз учун яшаётган дунёмизни тадқиқ этишимиз шарт.

Яқинда менга мактабига таҳдид солган инқирозни бошидан кечирган директор қўнғироқ қилди. Юқори синф ўқувчиларининг адабиёт бўйича дастурига Жон Стейнбекнинг “Нафрат меваси” асари шартли тарзда киритилган экан. Айрим ота-оналар бу китобни дастурдан тезда чиқариб ташлашни талаб этишибди. Уларнинг фикрича, бу китоб ўта “дунёвий” экан. Улар фарзандларининг бундай турдаги адабиётлар билан танишишларини исташмаган. Ота-оналар, адабиёт курсида фақат масиҳийча китоблар бўлиши керак, деб туриб олишган.

“Хўш, мен нима қилишим керак? – сўради директор. – Агар барча номасиҳий китобларни чиқариб ташласак, Америка адабиётининг меъёрий курсини қандай ўзлаштириш мумкин?”

Жавоб оддий: агар мактаб ўқув дастуридан барча номасиҳий китобларни чиқариб ташласа, Америка адабиётининг тўлиқ курсини бера олмайди. Агар талаба Америка адабиётини билиши керак бўлса, у масиҳий бўлмаган Стейнбек, Хемингуэй ва бошқа кўплаб муаллифларни четлаб ўтиши мумкин эмас. Ҳақиқий масиҳийча таълим – бу “иссиқхона (теплица)” таълими эмас. Талаба Америка адабиётини шакллантирган адабиётнинг асосий мавзуларини тушуниши учун уларни ўрганиши керак. Дунёвий назарияни яхшироқ ўрганиб олиш учун Худо улуғланадиган ва англаб олинадиган жойдан яхшироқ таълим маскани йўқ. Бундай адабиётни менсимаслик – бу оламнинг қадр-қимматини менсимасликни билдиради –улар кам эмас – масиҳийларни гўёки тафаккурни етарлича баҳолай олмасликда ва ўз маданий ривожланишларида орқада қолаётганликда танқид қилишларига сабабчи бўлади.

Ҳаворий Павлус жаҳон адабиётининг билимдони бўлган. У мажусий файласуфлар билан баҳслашган ва мажусий шоирлар асарларидан иқтибослар келтирган (қаранг: Ҳаворийлар 17:28, Павлус Эпимениддан парча ўқийди). Павлус дунёвий одам бўлгани учун эмас, балки ўқимишли ва кўп нарсаларни билгани учун мажусий муаллифларнинг асарларидан фойдаланган. Павлусдан бошқа ҳеч ким, Исодан ташқари, Каломни бунчалик севмаган. Шу билан биргаликда, у бошқа асарларни ўқиш учун ҳам вақт топган.

Африкадаги Гиппон шаҳридан роҳиб Августин аввал ўзи машғул бўлган янги платончиликнинг эзгулик фалсафаси асосида Жамоатда хизмат қилган. Ўрта асрнинг буюк илоҳиётчиси Фома Аквинский ўз даврининг дунёвий файласуфларига муносиб тарзда жавоб қайтаришни билган. Жан Кальвин Августиндан иқтибос келтиргани каби, Цицерон фикрларидан ҳам тез-тез фойдаланиб турган. Файласуф Жон Локкнинг асарларини ёқтирган Жонатан Эдвардс даҳрийлар билан курашга киришган. Бу одамлар дунёвий фалсафани жуда яхши билишган ва масиҳийлик ҳақиқати ёрдамида уни мағлуб этишга уринганлар. Улар ўзларини дунёдан тўсиб қўйишга интилишмаган. Улар масиҳийлик позициясида маҳкам турган ҳолда даҳрий муаллифларнинг сўзларидан тўғри маънода иқтибослар келтиришган.

Албатта, болаларимизнинг дунёвий фикрлар билан танишишларида айрим таваккалчиликлар бор. Ўғлим ўн икки ёшида Адольф Хакслини ўқиган. Бироқ у менинг назоратим остида ўқиди. Биз биргаликда дунёвий файласуфларнинг ғояларини муҳокама қилдик, ҳаётга нисбатан дунёвий ва Муқаддас Китоб тушунчалари ўртасидаги фарқни тадқиқ этишга уриндик.

Айримлар эътироз билдиришлари мумкин: “Ахир, Муқаддас Китоб “фалсафа ва қуруқ сафсаталар билан” (Колосаликлар 2:8) чалғиб қолмаслигимиз кераклигини айтмайдими?”. Ҳа, Муқаддас Китоб шундай дейди. Аммо нимагадир чалғиб қолишга изн бермаслигимиздан аввал унинг моҳиятини билишимиз керак. Чинакам масиҳийлик таълими дунёвий фалсафадан қўрқмаслиги шарт. Биз масиҳийлик ҳақиқатлари анчайин кучли эканлигини биламиз. Улар дунёвий фалсафалар устидан ғолиб чиқади. Душманлардан қочишимиз ва улар билан муросага келишимиз мумкин эмас. Бироқ биз бу душман қандай фикрлаётганини билишимиз лозим.

Мен яқинда масиҳийлик мактаби ходими билан гаплашиб қолдим. У шундай ташвишли эътироз билдирди: “Замонавий талабанинг тушунчасида икки хил – масиҳийлик ёки бошқа яхшироқ – таълим бор”. Бу эътироз беадабона айтилган гаплар эмасди. Бу кўпроқ масиҳийлик таълими ўзининг паст андазалари билан одамларни қаноатлантирмай қўйганидан чуқур ташвишни ифода этарди. Кўплаб ёрқин ва лаёқатли масиҳийлар дунёвий мактабларга кетиб қолишди, чунки улар ўша ерда сифатлироқ ва кенгроқ миқёсда таълим олиш мумкин дея ҳисоблашди. Афсуски, улар кўп масалада ҳақ, аммо хайриятки, атрофда чиндан ҳам аъло даражадаги кўплаб масиҳийлик мактаблари фаолият кўрсатмоқда.

Худо биздан тафаккуримизни қайта шакллантиришни талаб этади. Бу атрофдаги оламни бошқа позициядан кўрадиган тафаккур бўлиши керак. Биз дунёвий файласуфларни ўрганишда давом этамиз, аммо уларни ўрганган ҳолда ўқиб чиққанимизга танқидий муносабат билдиришга изн берадиган ўша қадриятлар тизими билан доимо танишиб борамиз. Бу ерда танқидий сўзи салбий маънода эмас. У эҳтиёткорликни ва ҳақиқатни сохталикдан ажрата билиш лаёқатини англатади. Худонинг ҳақиқати – биз бу оламнинг таълимотини элайдиган ўша ғалвирдир.

Қайта шаклланишга даъват – бу тафаккуримизни янгилашга бўлган даъват. Янги тафаккур илоҳий дунёқарашни жиддий ўрганиш натижасида ҳосил бўлади. Бунинг учун Муқаддас Каломни тадқиқ этиш лозим, чунки Калом бизга Худонинг тафаккурини очиб беради. Биз Худонинг тафаккурини қанчалик кўпроқ тушунсак, бизни Эрнст Хемингуэй ва Жан-Поль Сартр шунчалик камроқ қўрқитишади.

Биз дунёдан кўп нарсаларни ўрганишимиз мумкин. Ваҳий нафақат Худонинг Каломида бор. Худо Ўзини табиат ва инсоний маданият орқали ҳам намоён этади. Ҳар қандай ҳақиқат Худодандир. Гарчи умуман олганда дунёвий файласуфлар сохта пайғамбарлар бўлишсада, аммо уларнинг ҳамма айтётган гаплари ҳам ёлғон эмас. Ҳақиқат уруғини ҳамма ердан топиш мумкин. Биз ҳақиқат изларини дунёвий муаллифларнинг асарларидан топишимиз мумкин. Эҳтимол, уларда табиий ҳақиқатни топиш унчалик осон эмасдир, лекин улар мавжуд ва биз улардан фойдаланишимиз мумкин. Масиҳийлик ваъзларида тақводорларнинг ҳам, дунёвий одамларнинг ҳам асарларидан кўплаб мисоллар келтирилади.

Дунё бизнинг покланишимизга тўсқинлик қилади. Бироқ унга тўғри позициядан ёндашсак, бизнинг иттифоқчимизга айланиши мумкин. Бу дунё менинг Отамнинг дунёси ҳисобланади ва У бу оламдан ҳазар қилмайди. У оламни шунчалик севдики, уни гуноҳдан поклаш учун келди. У ҳозир ҳам бу дунёга келиб туради. У бу оламни тарк этмаган ва ундан чекинмаган. Шу маънода биз У қилганидек бу оламга яқинлашишга интилиб, Худога тақлид қилишимиз керак. Ва бизнинг мақсадимиз – дунёнинг ўзгариши.

Биз Худонинг халқи сифатида бу оламда тинчлик билан яшашга ўрганишимиз лозим. Мартин Лютер айтганки, инсон илк бора Масиҳга мурожаат қилганида, у чекиниш ва дунёдан воз кечиш давридан ўтади. Эндигина имонга келган одам тўғридан тўғри “дунё билан алоқасини узади”. Дунё билан келишувнинг эски усуллари ўтмишда қолади. Биз ана шу даврда Худонинг оламига кирамиз. Ҳаворий Павлус мажусийлар олдига боришидан аввал узоқ вақт Арабистон саҳроларида бўлган. Мусо фиръан саройига юборилишидан аввал саҳрода Худо билан танҳо қолган.

Дунёдан юз ўгириладиган бу давр – мутлақо дуруст ва соғлом ҳолатдир. Бироқ Лютер таъкидлаганидек, биз бу оламни бағримизга босиш учун унга қайтмасак руҳий улғайишга эриша олмаймиз, аммо аввал қилганимиздек унга дунёвий тушунча асосида эмас, балки покланиш объекти сифатида ёндашмоғимиз лозим. Дунё – бу Худо яратган ва Масиҳ келган бизнинг фаолият майдонимиз. Биз дунёдан юз ўгирмаймиз. У ўзининг барча гуноҳлари билан ҳамон аввалгидек Отамизнинг дунёсидир.

Биз уни Худо учун эгаллашни ўрганишимиз керак. Конформизм билан эмас, унинг васвасаларига ён бериш билан эмас, балки гувоҳлик орқали ва уни қайта шакллантирган ҳолда. Агар биз дунёга янгиланган тафаккур билан келсак, буни қўрқмасдан бажариш мумкин.

Янгиланган тафаккур – Худога манзур бўлишга интилишимизда жуда муҳим шарт, чунки покланишимизни истайдиган Худо биз тубанликка ботган дунёни юлдузлар каби ёритишимизни истайди. Бу дунёни ва унинг қадр-қийматини тушуниб етсанг, буни ажойиб тарзда уддалаш мумкин. Худо дунёни қандай қабул қилишини тушуниб етганингда ва ўзинг ҳам шу тарзда қабул қилишни бошлаганингда, енгил виждон билан унинг янгиланиши учун ҳаракат қилишинг мумкин. Ва бу билан Яратувчимиз ва Покловчимизга манзур бўласан.


Книга на Узбекском языке: - Как угодить Богу (Ричард  Чарльз Спраул)

Книга доктора Спраула вводит нас в круг размышлений о том, что такое жизнь, угодная Богу. Содержанием такой жизни является полное и совершенное покаяние, верность Богу и Его заповедям в большом и малом, абсолютное послушание, требующее посвящения Ему всего себя, беспощадная борьба с ветхим человеком в себе, стремление к освящению и исполненности Духом Святым.



AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак