Роберт Чарльз Спраул. Худога қай тарзда манзур бўлиш мумкин - (2 боб ) Ўзбек тилида
Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Сўзбоши
1-боб Нафис иноят
2 боб Масиҳийлик ҳаётининг мақсади
3 боб Фарзийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинг
4 боб Дунё билан кураш
5 боб Тана билан кураш
6 боб Шайтон
7 боб Шайтон – туҳматчи
8 боб Қўрқув ва айбдорлик мажмуи
9 боб Ҳақиқий кечирим
10 боб Шаҳвоний масиҳий
11 боб Мағрурлик гуноҳи
12 боб Ялқовлик гуноҳи
13 боб Ёлғон гуноҳи
14 боб Доктрина ва ҳаёт
15 боб Ҳеч қачон таслим бўлманг
ИККИНЧИ БОБ
МАСИҲИЙЛИК ҲАЁТИНИНГ МАҚСАДИ
Мен бир вақтлар шундай таърифни ўқигандим: “Мутаассиб (фанатик) – бу шундай одамки, у ўз мақсадини энди кўра олмайди, лекин унга эришиш учун икки баробар куч-ғайрат сарфлайди”. Фанатик жазава билан қаёққадир шошади. У баскетбол савати бўлмаган баскетболчи, тўрсиз теннисчи ва дарвозасиз футболчидир.
Масиҳий покланиш жараёнида улғайиб ва Худога манзур бўлишни ўрганган ҳолда ўз мақсадини аниқ англаши керак. Муқаддас Китоб бу мақсадни аниқ-равшан белгилайди, лекин имонлилар негадир уни тезда унутиб қўйишади.
Хўш, масиҳийлик ҳаётининг мақсади нима? Исо уни шу тарзда белгилаган: “Сизлар аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродасини бажариш пайида бўлинглар, шунда қолган ҳамма нарса сизга берилади” (Матто 6:33).
Келинг, бу даъват нимадан иборат эканлигини тадқиқ этиб кўрайлик. Биринчидан, Исо бизга излаш кераклигини айтган. Бироқ излаш учун саъй-ҳаракат қилиш зарур. Жон-жаҳд билан излаш керак. Тангани йўқотиб қўйиб, уйидаги ҳар бир бурчакка ва ҳар биттта тирқишга белги қўйиб чиққан аёлни эслайсизми? Агар сиз дам олиш учун ётмоқчи бўлсангиз, ўз изланишингизни якунлай олмайсиз. Муваффақиятга эришиш учун кўп ишлашга тўғри келади. Зўр бериб ишлашга. Худо осмондан ҳаммасини муҳайё қилиб туширишини кутиб ўтиришимиз мумкин эмас.
Чўмилаётганда ўзининг машҳур солиштирма оғирлик қонунини кашф этган юнон математиги Архимед ҳақидаги воқеани ҳамма билади. У: “Эврика, топдим!” деб қичқирган. Биз, шунингдек, олма дарахти тагида ўтирганида бошига олма тушиб, тортишиш қонунини кашф этган Исаак Ньютон ҳақидаги ҳикояни ҳам биламиз. Архимед ва Ньютонга илмий кашфиётлар қилишларига йўл очиб берган бундай онгнинг ёришиши узоқ йиллик тинимсиз фикр-мулоҳазалар ва изланишларнинг юқори чўққиси бўлганди, холос. Улар шунчаки муваффақият эмасди. Айтишларича, Томас Эдисон ниҳоят электр лампочкаларида қизиган симдан фойдаланиш мумкин бўлган материални топишидан аввал минглаб турли нарсаларни тадқиқотидан ўтказган экан. Бу омад эмас, балқи қаттиқ меҳнат. Ва биз агар Худога қандай манзур бўлиш кераклигини англамоқчи бўлсак, ана шундай зўр бериб меҳнат қилишимиз лозим.
Биз Худо Шоҳлигини ва Унинг ҳақиқатини излашимиз шарт. Эътибор беринг-а, Исо энг аввало Шоҳликни излашни амр этган. Янги Аҳднинг юнонча матнида битта ҳаракатнинг ўзига ўхшаш ҳаракатлар сериясида, унинг қанчалик муҳимлигига қарамай, биринчи ўринда бажарилиши унчалик ҳам шарт эмаслигини англатувчи protos сўзи қўлланилган. Ушбу жумланинг янада аниқроқ таржимаси шундай: “Энг аввало ва энг кўпроқ даражада Худонинг Шоҳлигини ва Унинг ҳақиқатини изланг”.
Шоҳликни изланг. Ҳақиқатни изланг. Айнан шу мақсадлар масиҳийлик ҳаётида энг муҳимлари ҳисобланади.
ХУДО ШОҲЛИГИНИ ИЗЛАШ
Исонинг бу сўзларини қандай тушунишимиз керак: “Сизлар аввало Худонинг Шоҳлигини изланг”? Масиҳийлик оламида руҳий изланишлар масаласида турлича фикрлар билдирилади. Биз масиҳийлардан кўпинча шундай сўзларни эшитиб қоламиз: “Менинг дўстим масиҳий эмас, лекин у Худони излайди”
Хўш, масиҳий бўлмаган одам нимани излайди? Биринчидан, у ҳеч нимани изламайди. Асло Худони ҳам эмас. Павлус айтади: “Ҳеч ким Худога юз бурмайди” (Римликлар 3:11). Эътиқодсиз одам ҳеч қачон, ҳеч қачон, ҳеч қачон Худони изламайди. Эътиқодсиз киши Худодан ҳамиша қочадиган одамни ўзида акс эттиради. Гуноҳкор одам учун ягона интилиш Худодан қочиш, Ундан яшириниш истаги бўлади. Исо ҳалок бўлганларни топиш ва қутқариш учун келган. У – Изловчи, биз эса барчамиз Ундан қочамиз. Одам ўзининг гуноҳкор ҳолатида ҳаёт унинг олдига қўйган жумбоқларга жавоб топишга уриниши мумкин, лекин у Худони изламайди.
Нега бизнинг назаримизда кўпинча эътиқодсиз одамлар Худони излайдигандек бўлиб туюлаверади? Биз уларга қараб, бахтни, ҳаловатни излашаётганини, айбдорлик туйғусидан қутулишни истаётганларини, онгли ҳаётга ва бошқа кўп нарсаларга интилаётганларини кўрамиз, аслида буларнинг барини фақат Худо беришини биламиз. Лекин улар Худони излашмайди. Улар Худодан яхшилик олишни исташади. Вужудда яшайдиган одамнинг гуноҳи айнан шундан иборат: у Худонинг Ўзини рад этиб, Худодан яхшиликни олмоқчи бўлади.
Мен шу фикрни алоҳида таъкидлайман: фақат масиҳийгина Худони излайди. Худони излаш Унга мурожаат қилишдан бошланади. Гарчи биз бу оламга “Уни топганимизни” эълон қилсакда, Худога мушарраф бўлиш, бу қанчалик ғалати туюлмасин, Уни излашнинг бошланиши ҳисобланади. Худони излаш бир умрлик ишга айланади. Жонатан Эдвардс Худони излаш жараёнини “масиҳийлик ҳаётининг асосий иши” деб атаган.
Худо Шоҳлигини излаш Исонинг сўнгги амри ва Худодан сўрашдаги муҳим ибодат ҳисобланади: “Сенинг муқаддас номинг улуғлансин. Сенинг Шоҳлигинг келсин”.
Шогирдлар Исога берган сўнгги савол шундай бўлган: “Раббимиз, Исроил шоҳлигини тиклайдиган вақтингиз келмадими?” (Ҳаворийлар 1:6). Исо бу оламни тарк этиб, самога шон-шавкат билан кўтарилишидан бор-йўғи бир неча дақиқа олдин шогирдлар ўз саволи билан Уни шу заҳотиёқ ҳаракатлар бошлашига ундамоқчи бўлишган. Бу билан улар ўзларини ердаги шоҳлик қизиқтиришини кўрсатишган. Исо дастлаб юмшоқ таъна билан, сўнгра буйруқ билан жавоб қайтарган: “...Менинг шоҳидларим бўласизлар” (Ҳаворийлар 1:8).
Биз Худо шоҳлигини У ҳақдаги ўз гувоҳлигимиз билан излашга даъват этилганмиз. Биз Худо Шоҳлиги нимага ўхшаш эканлигини бу оламга кўрсатишга интилишимиз керак. Чунки ўша Шоҳликнинг ерда ҳам, самода ҳам ўрнатилиши Шоҳликнинг болалари Шоҳнинг хоҳиш-истагини шу ерда ва ҳозир ҳам бажаришларини англатади. Биз Худо Шоҳлиги ҳақида гувоҳлик бериш билан бу Шоҳликка хизмат қиламиз. Исо айнан шу боис Шоҳликнинг келишини Худо иродасининг бажарилиши билан боғлайди. Иккала ибодат ҳам – “Сенинг Шоҳлигинг келсин” ва “Сенинг муқаддас номинг улуғлансин” – моҳиятан бир-бирига боғлиқ. Улар бир танганинг икки тарафи ҳисобланади. Бу оламда Худонинг номи улуғланганида, Унинг шоҳлиги келади.
Демак, биз шундай хулосага келамиз: масиҳийлик ҳаётининг буюк ва асосий мақсади – Шоҳга итоат қилиш. Биз фақат итоатимиз билангина Унга манзур бўлишимиз мумкин.
СОЛИҲЛИК ИЗЛАБ
Шоҳликни излаш илоҳий солиҳликка интилиш билан бевосита боғлиқ. Бу Исонинг Ўзида намоён бўлган солиҳликдир. Исонинг бутун ҳаёти тантанали тақводорлик бўлган. У доғларсиз ва гуноҳсиз Қўзи, Отани тўлиқ мамнун этган Ўғил бўлган. Каломда Худонинг уйига бўлган севги Унинг ичини ёндиргани айтилган (Юҳанно 2:17). Унинг таоми Ўз Отасининг хоҳиш-иродасини бажариш бўлган (Юҳанно 4:34). Исо нафақат Худонинг тимсоли, балки мукаммал солиҳ Инсон ҳам бўлган. Биз Унга ва Унинг Илоҳий Ўзлигига ўхшай олмаймиз, аммо Унинг Отага интилишини, Отага садоқатини ва Унга итоат билан манзур бўлиш учун кўрсатган қатъиятини ўз ҳаётимизда акс эттиришга ҳаракат қилишимиз керак.
Мен масиҳий бўлганимда, масиҳийлик ҳаётида нима энг муҳим дея ҳисобланишини билиб олдим. Мен ибодат ва Муқаддас Китобни ўқиш учун вақт ажратишим кераклигини тушундим. Мен жамоатга қатнаб туришим лозим эди. Тақводор бўлишим учун беодоб гаплардан, ичиш, чекиш ва шунга ўхшаш иллатлардан воз кечишим акс этиб туриши шарт эди. Мен ўшанда Муқаддас Китоб айтадиган солиҳлик аслида анча каттароқ нималарнидир назарда тутишини ўйлаб кўрмаган эканман. Бироқ, кўплаб ёш масиҳийлар каби, айнан шунга алоҳида эътибор қаратдим. Ҳатто шахсий мактубларим ҳам бошқача мазмунга эга бўлди. Улар Янги Аҳд хабарларидан кўчирмаларга ўхшаб қолди. Тез орада кундалик гап-сўзларим масиҳийлик сўз луғатига тўлиб кетди. Мен энди ҳеч кимга ҳеч нимани “ҳикоя қилмасдим”, балки “баҳам кўрардим”. Ҳаётимдаги ҳар бир муваффақият “марҳамат” бўлди ва мен тез фурсатда руҳий ҳаёт ифодаларини бозори чаққон маҳсулотлар атамалари каби кўплаб қўллаётганимни пайқаб қолдим.
Шунингдек, мен тез орада ибодат ва масиҳийлик луғатидан ташқари тақводорнинг ҳаётида яна нимадир бўлиши кераклигини тушундим. Худо мендан янада аҳамиятлироқ ниманидир кутаётганини ҳам тушундим. У менинг имон ва итоатда улғайишимни, шунингдек, энди фақат сут истеъмол қилмай, бошқа таомларга ўтишимни ҳам истайди. Ўзига хос масиҳийлик луғати масиҳийлар орасида мулоқотнинг деярли механик воситаси бўлганини ҳам тушундим. Ҳақиқий тақводорликни излашдан кўра, мени турли маданиятларнинг ўзига хос тили ўзига кўпроқ тортаётганини кўрдим.
Мен йўл қўйган хато шундай эди: мен руҳий ҳаётни тақводорлик билан чалкаштириб юборгандим. Ва бу масалада асло ёлғиз эмасдим. Мен воситани мақсад билан аралаштириб қўйган одамлар гуруҳига тушиб қолгандим. Руҳий ҳаёт тақводорликнинг қадри паст ўринбосарига айланиб қолганди.
Узоқ йиллик хизматим мобайнида кўпчилик мендан қандай қилиб янада руҳий ёки янада тақводор бўлиш ҳақида сўрашди. Камдан кам шундай деб сўрашган: “Қай тарзда солиҳ бўлишни менга ўргатинг”. Бироқ нима учун ҳамма янада руҳий бўлишни истайди, деб мен ўзимдан сўрардим. Руҳий ҳаётнинг мақсади нимадан иборат? Тақводорликдан қандай фойда бор?
Руҳий ҳаёт ва тақводорлик бирдан-бир мақсад ҳисобланмайди. Агар улар фақатгина янада юқорироқ мақсадларга эришиш воситаси бўлмаса, амалда ҳар қандай мазмундан холи. Мақсад одамни руҳий ҳаётдан янада олдинроққа – тақводорликка олиб бориши керак.
Тақводорликка эришиш учун айнан руҳий қоидалар зарур ҳисобланади. Муқаддас Китобни ўрганиш, ибодат, жамоатга қатнаш, Хушхабарни ёйиш масиҳийнинг ўсиши учун жуда зарур, аммо улар бирдан-бир мақсадга айланмаслиги лозим. Мен солиҳликка руҳий ҳаётсиз етиша олмайман. Аммо солиҳликка етишмай туриб, ҳеч бўлмаса ташқи кўринишдан, “руҳий” бўлиш мумкин.
Исо ибодатгўй Эркак эди. Унинг ибодатли ҳаёти қизғин ва мазмунга бой бўлган. У Муқаддас Калом жабҳасида кенг тушунчалар Одами эди. У тўлиқ Худонинг Каломига эга эди. У руҳий эди. Лекин Унинг руҳий ҳаёти чинакам тақводорликда тўлиқ намоён бўлган. Шу боис Унинг руҳий ҳаёти юзаки бўлмаган. Унинг ички ҳаёти ташқи итоаткорликда намоён бўлган ва итоати ўлимигача ўзини фидо этиш тарзида кечган.
Бироқ тақводорликнинг ўзи нима? Бу саволга энг оддий жавоб шундай: тақводорлик Худонинг назарида тўғри бўлган ишларнигина қилишдан иборат. Бу оддий таъриф биринчи қарашда туюлганидан кўра анча мураккаб, чунки солиҳ бўлиш – Худо даъват этган ишларни қилиш демакдир, чинакам тақводорликнинг талаблари шунчалик улуғ ва кўпки, дунёда ҳеч ким бу мукаммалликка етиша олмайди. Акс ҳолда Худонинг барча режаларини бажариш талаб этилган бўларди.
Каломда чинакам тақводорликнинг моҳияти қисқача баён этилган жойи бор. Бу Худо катта миқдордаги талабларни чеклаганини ва уларни ҳақиқий тақводорликнинг асосий моҳиятини қамраган бир қанча талабларга жойлаганини билдиради. Келинг, ана шу намуналардан бир қанчасини кўриб чиқайлик.
МИХОНИНГ ТАЪРИФИ
Михо Пайғамбар Китобининг 6-боб 8-оятида азизлар ҳақидаги шундай таърифни топамиз:
Эй инсон, нима яхши эканлигини Эгамиз сенга аён қилди. Шудир Унинг сендан қилган талаби: Адолатли иш тутгин, Меҳр-шафқат қилишдан завқ олгин, Камтар бўлиб, Худонинг йўлидан юргин.
Адолат, раҳм-шафқат ва итоатгўй донолик. Уларга эришиш осон эмас. Худо менинг одил ва раҳм-шафқатли бўлишимни истайди. У итоатгўй азизлар билан мулоқот қилишдан завқланади ва шу боис уларга катта марҳамат беришни ваъда қилган. Бироқ У мағрурликка қаршилик қилади.
Чарльз Колсон Элсберг ишида қатнашгани учун қамоқхонада ўтирган. У Уотергейтс можаросида иштирок этмаган, лекин унинг номи Ричард Никсоннинг қулашига сабаб бўлган эпизод билан боғлиқ бўлган. Колсон бир куни талабалар қаршисида чиқиш қилиш учун университет шаҳарчасига келган. Унинг маърузасини бузишган. Никсонга қарши бўлганлардан бири нотиқнинг гапини бўлиб қўйган: “Эй Колсон, сиз нега Никсонни ҳимоя қиляпсиз?”
Колсон гапидан тўхтаб, ўша йигитга қараган. Сўнгра жавоб берган: “Чунки у менинг дўстим”.
Аудиторияда қарсаклар янграган. Ёшлар гарчи Уотергейт можаросига ва у билан боғлиқ ҳамма нарсага салбий ёндашсалар ҳам, дўстликка садоқатни муносиб баҳолашган.
Михо раҳм-шафқат ҳақида гапирганида, у “садоқатли севги” маъносини билдирадиган ибронийча сўздан фойдаланади. Бу Худо Ўз болаларига нисбатан ҳис қиладиган севгидир. Бу ҳамма нарсага дош берадиган қатъий севгидир. Бу абадий давом этадиган севги. Худо Ўз фарзандлари қилаётган ишларни маъқулламайди, лекин ҳамиша уларни ҳимоя қилади. Масиҳийларнинг севгиси ана шундай бўлиши керак.
Менинг болаларим севгимга сазовор бўлиш учун уринмасликлари лозим. Улар ҳафсаламни пир қилишлари, ҳаяжонга солишлари ва ҳатто жаҳллантиришлари мумкин, аммо бундай ҳатти-ҳаракатлари уларни севмай қолишимга мажбурлай олмайди. Мен болаларимга ҳамиша ҳам ва ҳамма нарса учун ижозат бера олмайман, лекин уларга доимо ўз севгимни беришим зарур. Севгида садоқатли бўлиш – ҳатто буни эплай олмасак ҳам, Худо бизни севгани каби севиш демакдир.
Садоқат. Раҳм-шафқат. Бу фазилатлар, гуноҳларга қарамай, масиҳийларга олдинга интилишларига изн беради. Дўстликдаги садоқат дўстни кўр-кўрона қабул қилишдан кўра анча каттароқ ниманидир билдиради. У Муқаддас Руҳ келтирадиган сабр-тоқатни, раҳм-шафқат ва юмшоқликни талаб этади. Масиҳ ҳамиша бизга содиқ бўлгани каби, биз ҳам бир-биримизга содиқ бўлишимиз керак.
ИСОНИНГ ТАЪРИФИ
Исо масиҳийлар ҳаётига тақдим этиладиган талабни оддий тарзда тақдим этган: “Одамлар сизларга нима қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга ўшани қилинглар” (Луқо 6:31). Биз буни аҳлоқийликнинг олтин қоидаси деб атаймиз, негаки олтин ҳатто олмос ва ёқутлардан ҳам қимматбаҳо ҳисобланади. Ҳар қандай болакай олтин қоидадан иқтибос келтириши мумкин, лекин уни кундалик ҳаётининг амалий қисмига айлантириш ҳақиқий қаҳрамонликдир.
Мен майда критицизм (танқидий назар)ни ёқтирмайман. Майда-чуйдаларга ёпишиб олишларига тобим йўқ. Муҳокама қилишни ёқтирадиган одамлар билан келишиб олишим қийин. Бундай одамлар мен ҳақимда нима деб ўйлашларини билмайман, аммо улардан кўп нарсани ўрганишим мумкин. Менга азоб берганларнинг шарофати билан қандай ҳатти-ҳаракатларим бошқаларни жароҳатлаши мумкинлигини биламан. Нимадир менга оғриқ берса, бу одамнинг азобланиши учун ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу боис мен бу одамлардан бошқаларга қандай ёндашмаслик кераклигини ўрганиб оламан.
Биз танқидга нисбатан марҳамат кўрсатиш ўрнига кўпинча жавоб зарбасини қайтарамиз. Айнан шу ўринда аҳлоқийликнинг олтин қоидасини қўллаш лозим. Исо ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтариш мумкин эмаслигини айтган. Агар биз бошқа одамлардан қабул қилишни истаганларимизни ўзимиз уларга қиладиган бўлсак, шунчаки раҳм-шафқатни намоён этган бўламиз. Шу боис биз мулоҳазакор ва эҳтиёткор бўлишимиз зарур. Аммо бунинг учун одатий мулойимликдан кўра ортиқроқ нимадир талаб этилади. Биз тўғри бўлган ишларни, Худога манзур бўладиган саъй-ҳаракатларни қилишимиз керак.
Тақводорлик тўғри ҳаётни англатади. У ўзида бошқа одамларга нисбатан тўғри муносабатни акс эттиради. У бу ҳаётда ҳалоллик намоён этилишини билдиради. Тақводор одам – бу ишониш мумкин бўлган одам. Бундай одамнинг ҳалоллиги ташқи самарага қаратилмаган доимий ва амалий бўлади. Тақводор одам – бошқаларга ўргатиб қўйишга интилмайдиган олий аҳлоқли шахс. У солиҳ, аммо буни намойиш этмайди. У бошқаларнинг ҳис-туйғуларини аяйди. У одамларга тўғри ёндашишни истайди, негаки унда бизни севадиган Худога манзур бўлишдек олий мақсад бор.
ЁҚУБНИНГ ТАЪРИФИ
Ёқуб мактубининг муаллифи, ҳойнаҳой, Исонинг қондош укаси бўлса керак. Илк жамоат даврида уни Тақводор Ёқуб деб аташган. Унинг ҳақиқий тақводорликка берган таърифи кутилмаганда айтилгандек туюлиши мумкин:
Отамиз Худонинг назарида пок ва беғубор дин-диёнатга эга бўлган инсон етим-есиру беваларни қайғули кунларида йўқлаб боради, у бу дунё дастидан булғанмайди (Ёқуб 1:27).
Ҳақиқий тақводорлик етимлар ва бевалар ҳақида ғамхўрлик қилишда акс этади. Хўш, Ёқуб нега бу ҳақда гапирган? У асл тақводорлик одамларга қаратилганини тушунган. Агар биз одамларга ғамхўрлик қилмасак, ибодатларимиз беҳуда бўлиб қолади. Қадимги дунёда етимлар ва бевалар амалда ҳимоясиз бўлишган. Уларнинг пуллари бўлмаган, ҳеч қандай ҳуқуқлари йўқ эди, боз устига, уларга қалбан ёлғиз қолиш хавфи таҳдид солган.
Бизда етимларга ва беваларга моддий ёрдам кўрсатишга қаратилган давлат дастурлари ишлаб чиқилган. Уларнинг ўз қонуний ҳуқуқлари бор. Аммо барибир уларнинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. Улар, барча ёлғиз ва ҳимоясиз одамлар каби, ғамхўрлик ва севгига муҳтож. Ижтимоий институтлар ўзгариши мумкин, лекин эҳтиёжмандларнинг талаби ўша ҳолатда қолаверади. Азоб-уқубатларсиз тақводорлик иккиюзлама ёлғонга айланади. У аҳлоқийликнинг олтин қоидаси олтинини занглаштириб қўяди.
Биз олтин қоидага бўйсунганимизда, бизни севадиган Худога манзур бўлишимиз мумкин. Биз адолатли ва меҳрибон бўлишга интилганимизда, амалда содиқ севгини намоён этганимизда Унга манзур бўлишимиз мумкин. Биз унутилган ва хўрланганлар сари борганимизда Унга манзур бўлишимиз мумкин. Бизга Калом берган солиҳлик ҳаётининг бундай қоидалари ичиш, чекиш ва ҳақорат қилишни таъқиқлашга олиб борадиган “руҳий” ҳаётдан кўра анча каттароқ қийматга эга.
Тақводорликнинг ўзи аниқ қоидаларга эга, лекин тақводорликнинг ўзи – қоидалардан анча устун туради. Агар биз одамларга бўлган муносабатимиз ҳақида ўйламай туриб уларни бажаришга интилсак, солиҳликка етиша олмаймиз. Муқаддас Каломда келтириб ўтилган барча қонунларни Худонинг Ўзи берган, негаки У одамлар ҳақида ғамхўрлик қилади.
Солиҳ бўлишимиз учун бизга қоидалар зарур, лекин бу қоидалар ҳақиқий бўлиши керак. Улар Худо назарида тўғри бўлиши керак. Худо бизга тақдим этадиган талаблар ўрнини эгаллайдиган нарсалардан қаноатланмаслигимиз лозим. Худонинг Каломида Худога солиҳ ҳаёт билан қай тарзда манзур бўлиш ҳақидаги барча зарурий қоидаларни топамиз. Биз йўналишини йўқотган ашаддий фанатикларга айланмасдан, Худонинг асл фарзандлари бўлган ҳолда бу қоидаларни бажарамиз.
Книга на Узбекском языке: - Как угодить Богу (Ричард Чарльз Спраул)
Книга доктора Спраула вводит нас в круг размышлений о том, что такое жизнь, угодная Богу. Содержанием такой жизни является полное и совершенное покаяние, верность Богу и Его заповедям в большом и малом, абсолютное послушание, требующее посвящения Ему всего себя, беспощадная борьба с ветхим человеком в себе, стремление к освящению и исполненности Духом Святым.