Шоҳлар (биринчи китоб) 23 bob
1 Довудга: “Филистлар Кейлах шаҳрига ҳужум қилиб, ҳосилни талон–тарож қиляпти”, деб хабар беришди.
2 — Бориб ўша Филистлар билан уришайми? — деб Эгамиздан сўради Довуд. — Бор, Филистлар билан уришиб, Кейлах шаҳрини халос эт, — деди Эгамиз.
3 Лекин Довуднинг одамлари: — Биз шу ерда — Яҳудода қўрқиб ўтирибмиз–у, Кейлахга бориб, Филист лашкарига қарши уришмоққа бизда журъат бормиди?! — дейишди.
4 Довуд яна Эгамиздан Унинг хоҳиш–иродасини сўради. — Отлан, Кейлахга бор! Филистларни Ўзим сенинг қўлингга бераман, — деди унга Эгамиз.
5 Довуд одамлари билан Кейлахга бориб, Филистларга қарши уруш қилди. Довуд Филистларнинг мол–ҳолини тортиб олди. Уларга оғир талафот етказди. Шундай қилиб, Кейлах халқини қутқарди.
6 Охималекнинг ўғли Абуатар Кейлахда турган Довуднинг ёнига қочиб, ўзи билан эфодни ҳам олиб кетган эди.
7 Шоул Довуднинг Кейлах шаҳрига кетганини эшитиб: “Худо Довудни қўлимга берди, ўша шаҳар дарвозаларининг тамбалари бор, у шаҳарга кириб ўзини ўзи тутиб берди”, деди.
8 Шоул Довудни ва унинг одамларини қамалга олиш мақсадида бутун лашкарини урушга даъват этиб, Кейлахга юриш қилди.
9 Довуд Шоулнинг қабиҳ ниятини эшитиб, руҳоний Абуатарга: — Эфодни бу ерга олиб кел, Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билайлик, — деди.
10 Сўнг Худога шундай деб илтижо қилди: — Эй Исроил халқининг Худоси — Эгамиз! Аниқ хабар эшитдим: Шоул Кейлахга келиб, шу қулинг сабабли шаҳарни вайрон қилмоқчи экан.
11 Кейлахликлар мени Шоулнинг қўлига тутиб берадими? Бу қулингнинг эшитганлари ростми, Шоул бу ерга келадими? Эй Исроил халқининг Худоси — Эгамиз, ўтиниб сўрайман, бу қулингга аён эт! — Шоул келади, — деди Эгамиз.
12 — Кейлахликлар мени ва одамларимни Шоулнинг қўлига тутиб берадими? — деб сўради Довуд. — Тутиб беради, — деди Эгамиз
13 Шу онда Довуд билан ёнидаги олти юзтача одам Кейлахдан чиқиб, бир жойдан бошқа жойга кўчиб юраверишди. Довуд Кейлахдан қочиб кетибди деган хабарни эшитган Шоул у ерга бормайдиган бўлди.
14 Довуд адирлардаги пана жойларда — Зиф чўлидаги қирларда макон қиларди. Шоул Довудни муттасил таъқиб қилди, лекин Худо уни Шоулнинг қўлига бермади.
15 Бир пайт Довуд Зиф чўлидаги Хорешда турганда, Шоул уни ўлдиргани йўлга чиққани ҳақида хабар эшитди.
16 Шу пайтда Шоулнинг ўғли Йўнатан Хорешда турган Довуднинг олдига борди ва “Худо сени сақлайди”, деб уни руҳлантирди.
17 — Қўрқма, — деди Йўнатан унга, — отам Шоул сени топа олмайди. Сен Исроил шоҳи бўласан, мен эса сендан кейинги одам бўламан. Отам Шоул ҳам шуни билади.
18 Иккови Эгамиз олдида аҳд қилишди. Довуд Хорешда қолди, Йўнатан эса уйига кетди.
19 Бир неча Зифликлар Гивога бориб, Шоулга хабар бердилар: — Довуд ҳудудимиздаги Хореш деган жойда яшириниб юрибди. Бу жой Йишмоннинг жанубидаги Хахило адирларида жойлашган.
20 Эй шоҳ ҳазратлари, бораверинг. Биз албатта Довудни шоҳнинг қўлига тутиб берамиз.
21 — Сизлар менга қайишар экансиз, Худо сизларни ёрлақасин! — деди Шоул.
22 — Бориб, яна бир марта текшириб чиқинглар, Довуд қаерларда яшириниб юрганини, ўша ерда уни кимлар кўрганини яхшилаб суриштиринглар. Айтишларича, у жуда айёр экан.
23 Ҳамма яширинган жойларини билиб олиб, кейин менга аниқ хабар келтиринглар. Ўшанда мен сизлар билан бораман. Агар Довуд ўша ерда бўлса, уни бутун Яҳудо уруғлари орасидан қидириб топаман.
24 Шундай қилиб, Зифликлар йўлга тушиб, Шоулдан олдин Зифга келишди. У пайтда Довуд одамлари билан Йишмоннинг жанубидаги Моюн чўлининг кимсасиз бир водийсида эдилар.
25 Шоул ҳам одамлари билан Довудни излашга чиқди. Довуд Шоулнинг келаётганини эшитгач, Моюн чўлининг қоялик жойига бориб яширинди. Шоул буни билиб қолиб, Довуднинг орқасидан кетди.
26 Шоул қирнинг бир томонидан, Довуд билан унинг одамлари эса қирнинг бошқа томонидан боришарди. Довуд тезда Шоулдан қочиб қутулмоқчи эди. Шоул эса сипоҳлари билан Довуд одамларининг йўлини тўсмоқчи бўлиб, ўраб олаётган эди.
27 Худди шу пайт бир хабарчи келиб Шоулга: — Тезроқ юринг! Филистлар юртимизга ёпирилди, — деб қолди.
28 Шоул Довудни таъқиб қилиш ўрнига, Филистлар билан жанг қилгани қайтиб кетди. Шунинг учун ўша ерга “Қутулиш қояси” деб ном берилди.