Шоҳлар (биринчи китоб) 18 bob
1 Шоул билан Довуднинг суҳбати энди тугаган ҳам эдики, Йўнатаннинг* кўнгли Довудга боғланди, Йўнатан уни ўз жони каби азиз кўрди.
2 Ўша кундан бошлаб Шоул Довудни ёнида олиб қолди, отасининг уйига қайтиб кетишига ижозат бермади.
3 Йўнатан Довудни ўз жонидай азиз кўргани учун у билан аҳд қилди.
4 Устидаги кийимини ечиб берди, совути, қиличи, камони ва камарини ҳам Довудга ҳадя қилди.
5 Шоул Довудни қаерга жўнатмасин, Довуд муваффақиятга эришди. Шу боис Шоул унга қўшинидаги катта лавозимни берди. Бу воқеадан барча халқ ҳам, Шоулнинг хизматкорлари ҳам хушнуд бўлишди.
6 Довуд Гўлиётни ўлдиргандан кейин, жангчилар ўз уйларига қайтаётган эди. Исроилнинг ҳамма шаҳарларидан келган аёллар чилдирма ва торли мусиқа асбобларини чалиб, ўйин–кулги қилиб, шоҳ Шоулни кутиб олгани чиқишди.
7 Яйраб–ўйнашаркан, шу қўшиқни айтишарди: “Шоул мингларчасини ўлдирди, Довуд эса ўн мингларчасини!”
8 Бу сўзлар Шоулга оғир ботди, унинг ғашини келтирди. “Довудга ўн мингтасини, менга эса мингтасини беришди! Унга шоҳ бўлишдан бошқа яна нима қолди?!” деб ўйлади.
9 Шундай қилиб, ўша кундан бошлаб Шоул Довудга ёмон кўз билан қарай бошлади.
10 Эртаси куни Худо юборган ёвуз руҳ Шоулни қамраб олди, у ўз уйида жазавага тушди. Довуд ҳар галгидай яна лира чалиб ўтирар, Шоулнинг қўлида найза бор эди.
11 У ўзича: “Довудни найза билан уриб деворга қоқиб қўяман”, деб найзани унга қаратиб отди. Лекин Довуд икки сафар ҳам унга чап бериб қутулиб қолди.
12 Шоул Довуддан қўрқарди. Чунки Эгамиз Довуд билан бирга эди, Шоулни эса тарк этган эди.
13 Шу сабабли Шоул ўз ёнидан Довудни узоқлаштирди, уни мингта сипоҳга бош этиб тайинлади. Довуд лашкарга бош бўлиб, жангга борарди.
14 Эгамиз Довуд билан бўлгани учун, у ҳар қандай ишнинг уддасидан чиқарди.
15 Довуднинг катта муваффақиятини кўриб, Шоул баттарроқ қўрқарди.
16 Бутун Яҳудо ва Исроил халқи Довудни яхши кўрарди, чунки Довуд уларнинг олдинги сафида юриб, жангга борарди.
17 Бир кун Шоул Довудга деди: — Тўнғич қизим Меравни сенга бераман. Фақат довюрак бўлиб, мен учун Эгамизнинг урушларига бош бўл. Шоул: “Довуд менинг қўлим билан эмас, Филистларнинг қўли билан ўлдирилсин”, деб ўйларди.
18 Довуд Шоулга: — Мен ўзим ким бўлибман, ёки Исроилда оилам, отам хонадони нима бўлибдики, шоҳга куёв бўлсам?! — деди.
19 Шундай қилиб, Шоулнинг қизи Мерав Довудга узатиладиган бўлди. Лекин Шоул қизини, Довудга бермай, Махлалик Одриёлга узатди.
20 Шоулнинг бошқа қизи Михал эса Довудга кўнгил қўйган эди. Буни эшитган Шоул хурсанд бўлди.
21 “Довудга Михални бераман, қизимни бериб, Довудни тузоғимга илинтириб оламан, Филистлар эса уни ўлдиради”, деб ўйлади. — Энди бу сафар қулай фурсат етди, менга куёв бўласан, — деди Довудга Шоул.
22 Кейин Шоул аъёнларига: — Довудга, шоҳ сендан хурсанд, ҳамма хизматкорлари ҳам сени яхши кўради, шоҳга куёв бўладиган пайтинг келди, деб яширинча айтинглар, — деди.
23 Шоулнинг аъёнлари бу гапни Довудга етказишди. Довуд эса шундай жавоб қайтарди: — Мен камбағал, арзимас бир одам бўлсам, шоҳга куёв бўлиш, сизлар айтгандай, осонми?!
24 Аъёнлар, ўз навбатида, Довуднинг гапларини Шоулга етказишди.
25 Шоул шундай амр берди: — Довудга, шоҳ ғанимларидан ўч олмоқчи, шунинг учун қалинга юзта Филистнинг суннат терисидан бошқа нарса истамайди, деб айтинглар. Шоул шу йўсинда Довуднинг Филистлар қўлига тушиб нобуд бўлишини режалаштирган эди.
26 Аъёнлар Шоулнинг айтганларини Довудга етказишди. Довуд, ўшанда шоҳга куёв бўлишга ҳақли бўлар эканман–да, деб севинди. Белгиланган кундан олдин,
27 Довуд ва унинг одамлари бориб, икки юзта Филистни ўлдирди. Довуд ўлдирилган Филистларнинг суннат терисини битта ҳам қолдирмай, шоҳга келтириб бериб, шоҳнинг куёви деган номга муносиб ишларни бажарди. Шундан сўнг Шоул қизи Михални Довудга турмушга берди.
28 Шоул энди аниқ билдики, Эгамиз Довуд билан бирга экан, қизи Михал ҳам Довудни севар экан
29 Шундай қилиб, Довуддан янада ҳадиксираб, умрининг охиригача унга душман бўлиб қолди.
30 Филист беклари қачон ҳужум қилсалар, Довуд Шоулнинг бошқа лашкарбошиларига қараганда ортиқ зафарга эришарди. Шу сабабдан Довуд катта шуҳрат қозонди.