Ҳакамлар 17 bob
1 Эфрайим қирларида Михо деган бир одам яшарди.
2 Бир куни у онасига шундай деди: — Она, эсингиздами, 1100 бўлак кумушни ўғирлатиб қўйган эдингиз. Ўшанда ўғрини олдимда қарғагансиз. Мана, ўша кумушингиз. Уни мен олгандим. Шунда онаси: — Илойим барака топгин, ўғлим! — деди.
3 Михо 1100 бўлак кумушни онасига қайтариб берди. Онаси эса: — Мен бу кумушни бош–кўзингдан хайр–садақа қилиб, Эгамга бағишлайман, — деди, — ундан қуйма ва ўйма бутлар ясаттираман. Ўша кумуш ўзингга қайтиб келади, ўғлим.
4 Михо қайтариб берган кумуш бўлакларининг 200 тасини онаси заргарга берди. Заргар бут ясаб, уни кумуш билан қоплади. Тайёр бўлган бут Михонинг уйига ўрнатилди.
5 Михонинг бир саждагоҳи бор эди. У руҳонийлар киядиган махсус либос тиктириб, яна бир нечта хонаки санамлар ясаттирди, сўнг ўғилларидан бирини ўзининг саждагоҳига руҳоний қилиб тайинлади.
6 Ўша даврда Исроилда шоҳ йўқ эди. Ҳар бир одам билганини қилар эди.
7 Яҳудо ҳудудидаги Байтлаҳм шаҳрида бир ёш леви яшарди.
8 Бу одам ўзига бошқа жойдан бошпана топмоқчи бўлиб, Байтлаҳмни тарк этди. У йўл юриб, Эфрайим қирларидаги Михонинг уйига келиб қолди.
9 — Қаерликсан, ўғлим? — деб сўради ундан Михо. — Мен Яҳудодаги Байтлаҳмдан келган левиман, — деб жавоб берди у. — Ўзимга бошпана қидириб юрибман.
10 — Кел, меникида тура қол, — деди Михо. — Менинг маслаҳатчим ҳамда руҳонийим бўл. Мен эса ҳар йили сенга ўн бўлакдан кумуш тўлаб, кийим–кечагинг билан егулигингни бераман.
11 Леви Михоникида туришга рози бўлди. Михо уни руҳоний қилиб тайинлади.
12 Леви Михоникида яшаб юрди ва Михога худди ўғлидай бўлиб қолди.
13 Шунда Михо деди: “Мана энди Эгам менга барака беришини биламан, чунки левининг ўзи менга руҳоний бўлиб хизмат қиляпти.”



































































































































































