ҲАКАМЛАР КИТОБИ
Кириш
Ҳакамлар китоби бизни Исроил халқининг Худодан юз ўгирган ва бутларга сиғинган даври билан таништиради. Мазкур китобда Ёшуанинг ўлимидан сўнг монархия тузумига асосланган давлат юзага келгунча рўй берган турли воқеалар баён қилинади. Китобда биз турли ҳикояларни ўқиб, уларнинг мағзини чаққанимизда, Худо Исроил халқининг ягона Ҳукмдори эканини яққол кўришимиз мумкин. Исроил халқи Канъон юртини забт этганда, у ерда яшаётган халқларни ҳайдаб юбормайди, шу тариқа Худога итоатсизлик қилади. Улар Худодан юз ўгириб, ўша бутпараст халқларнинг сохта худоларига кўнгил боғлайдилар. Оқибатда, Худо Исроил халқини бутпарастлиги учун жазолаб, жазо сифатида уларни ён–атрофда яшовчи Канъон халқларига тобе қилиб қўяди. Жабр–зулм остида қолган Исроил халқи Худога илтижо қилиб, Ундан ёрдам сўрайди. Шунда Худо Ўз халқини озод қилиш учун уларга бирин–кетин йўлбошчиларни юборади. Бу йўлбошчилар ҳакамлар деб аталади. Ҳакамлар бошчилигида Исроил халқи ғанимлари устидан ғалаба қозонади. Сўнг улар учун фаровонлик даври бошланади. Исроил халқи ҳакамларнинг ҳаётлиги даврларида Худога содиқ бўлади. Лекин ҳар бир ҳакамнинг вафотидан кейин, улар яна Худодан юз ўгиришади. Бундай ҳодисалар қайта–қайта такрорланаверади. Одатда ҳакамлар бир нечта қабилага йўлбошчилик қилишарди, лекин айримлари бутун халқни бошқаришарди. Ўша пайтда Исроил халқи тарқоқ қабилалардан иборат бўлиб, ҳали яхлит бир халқ деб ҳисобланмасди. Уларнинг шоҳи бўлмагани учун, ўша даврда “ҳар бир одам билганини қилар эди” (21:25 га қаранг). Лекин одамлар ягона Худога сажда қилишни ўрганишлари лозим эди, шунинг учун улар ҳар сафар бегона худоларга сиғинишни бошлаганларида, Худо уларни жазоларди.



































































































































































