Ваҳий 13 bob
1 Аждарҳо денгизнинг қум соҳилига бориб турди. Тўсатдан мен денгиздан бир махлуқ чиқиб келганини кўрдим. Унинг еттита боши ва ўнта шохи бор эди. Ҳар бир шохига биттадан тож кийдирилган, ҳар бир бошига эса куфрона ном ёзилганди.
2 Мен кўрган бу махлуқ қоплонга ўхшарди. Оёқлари айиқнинг оёғига, оғзи эса шернинг оғзига ўхшар эди. Аждарҳо бу махлуққа ўз қудрати, тахти ва буюк ҳокимиятини берди.
3 Махлуқнинг бошларидан бири даволаб бўлмайдиган даражада қаттиқ яраланган эди. Аммо унинг бу яраси соғайиб қолди. Шунда бутун жаҳон ҳайратда қолиб, махлуққа эргашди. Одамлар аждарҳога сажда қилишди, чунки аждарҳо махлуққа ўз ҳокимиятини берди.
4 Улар махлуққа ҳам сажда қилиб, шундай деб айтишарди: “Ким ҳам бу махлуққа тенг келарди?! Ким ҳам унга қарши чиқа оларди?!”
5 Махлуққа такаббурона ва куфрона сўзлар айтадиган оғиз берилди. Унга қирқ икки ой давомида ҳукмронлик қилиш ҳуқуқи берилди.
6 Махлуқ куфр кетиб, Худони ва Худонинг номини лаънатлади. У Худо яшайдиган маконга ва самода яшайдиган ҳар бир мавжудотга лаънатлар ёғдирди.
7 Унга Худонинг азизларига қарши жанг қилиш ва уларни енгиш учун изн берилди. Унга ҳар бир қабила, элат, миллат ва халқ устидан ҳокимият берилди.
8 Бу дунёга қарашли одамларнинг ҳаммаси махлуққа сажда қилишади. Уларнинг исмлари бўғизланган Қўзининг ҳаёт китобига дунё яратилишидан олдин ёзилмаган.
9 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!
10 Ҳамма пешанасидагини кўради: Баъзилар асирликка тушиб, сургунга кетади. Баъзилар қиличдан ўтказилади, Бу вазият Худо азизларидан сабр–тоқату имонни талаб қилади.
11 Бундан сўнг мен ердан чиқаётган бошқа бир махлуқни кўрдим. Унинг икки шохи қўчқорнинг шохларига ўхшарди, у аждарҳодай гапирарди.
12 У биринчи махлуққа хизмат қилиб, унинг бутун ҳокимиятини ишга соларди. Бутун ер юзи ва у ерда яшаганлар яраси тузалган биринчи махлуққа сажда қилсин деб, уларни мажбурларди.
13 Бу иккинчи махлуқ буюк ва мўъжизали аломатлар кўрсатди. У ҳатто ҳамманинг кўзи олдида осмондан ерга олов туширди.
14 Биринчи махлуқнинг номидан бу мўъжизали аломатларни кўрсатишга унга изн берилганди. Бу аломатлари билан у ер юзидаги одамларни йўлдан оздирди. У одамларга: “Қиличдан яраланган, аммо соғ қолган махлуқнинг тасвирини ясанглар”, — деб буюрди.
15 Унга махлуқнинг тасвирига жон ато этиш қудрати берилганди. Махлуқ тасвири тилга кирди ва ўзига сажда қилмаганларнинг ҳаммасини ўлдиртирди.
16 У ҳаммани — каттаю кичикни, бою камбағални, қулу эркин одамни мажбурлаб, уларнинг ўнг қўли ёки пешанасига тамға бостирди.
17 Кимда махлуқнинг тамғаси бўлмаса, у мутлақо олди–сотди қилолмасди. Тамғада махлуқнинг номи ёки номининг сони ёзиларди.
18 Бунда ҳикмат бор. Ақли етган одам махлуқнинг сонини ҳисоблаб чиқсин, чунки бу сон — маълум бир инсонни билдирадиган сондир. Унинг сони 666.