Ибронийларга мактуб 1 bob
1 Худо қадимда ота–боболаримизга кўп марта ва турли тарзда пайғамбарлар орқали гапирган эди.
2 Бу охирги кунларда эса У бизга Ўз Ўғли орқали гапирди. Худо коинотни Ўғли орқали яратган ва Уни бутун борлиқнинг вориси қилиб тайин этган.
3 Ўғил — Худо шуҳратининг порлаши, Худо борлиғининг аниқ суратидир. У Ўзининг қудратли каломи билан коинотни асраб турибди. У Ўз жонини фидо қилиб, бизни гуноҳлардан поклади, сўнг самода Улуғвор Худонинг ўнг томонида ўтирди.
4 Дарҳақиқат, Худо Масиҳга “Ўғил” деб улуғ ном берди. Бу ном Масиҳ фаришталардан ниҳоятда юксак мартабага эга эканлигини кўрсатиб турибди.
5 Ахир, Худо биронта фариштага: “Сен Менинг Ўғлимсан, Бугун Мен Сенга Ота бўлдим”, — деб айтмаган! Ёки: “Мен Унга Ота бўламан, У эса Менга Ўғил бўлади”, — демаган!
6 Тўнғич Ўғлини бу дунёга яна юборишидан олдин эса Худо шундай деб айтади: “Ҳамма фаришталарим Унга сажда қилсинлар.”
7 Фаришталар ҳақида эса Худо: “Мен Ўз малакларимни шамолларга айлантираман, Хизматкорларимни ловуллаган олов қиламан”, — деганди.
8 Аммо Ўз Ўғлига У шундай деган: “Сен Худосан, Сенинг тахтинг абадийдир, Адолат ҳассаси шоҳлигинг ҳассасидир.
9 Сен солиҳликни севасан, қабиҳликдан нафратланасан. Шу боис Мен Сени дўстларингдан устун қилдим, Ҳа, Мен, Худойинг, шодлик мойини Сенга суртдим.”
10 Ўғлига яна шундай деган: “Сен Раббийсан, Азалда заминнинг пойдеворини Сен қўйгансан, Самоларни Ўз қўлларинг ила яратгансан.
11 Улар йўқ бўлиб кетар, Сен тураверасан, Еру осмон кийим каби эскириб кетади.
12 Кераксиз либосдай уларни тахлаб қўясан, Тўзиб кетган кийимдай уларни алмаштирасан. Сен эса ҳеч ўзгармассан, Сен то абад яшайсан.”
13 Худо биронта фариштага: “Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин”, — деб айтмаган.
14 Ахир, фаришталар бор–йўғи хизматчи руҳлардир! Худо уларни абадий ҳаётдан баҳраманд бўладиган одамларга хизмат қилиш учун юборган.