Ёшуа 24 bob
1 Кейин Ёшуа барча Исроил қабилаларини, уларнинг оқсоқолларини, бошлиқларини, ҳакамларини ва назоратчиларини Шакамга чақиртирди. Улар Худонинг ҳузурига келдилар.
2 Ёшуа бутун халққа шундай деди: — Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Қадимда сизларнинг аждодларингиз, жумладан, Тераҳ ва унинг ўғиллари Иброҳим ҳамда Нахўр Фурот дарёсининг нариги томонида яшаганлар. Улар бошқа худоларга хизмат қилганлар.
3 Мен сизларнинг ота–бобонгиз бўлган Иброҳимни Фуротнинг нариги томонидаги ердан олиб чиқиб, бутун Канъон юрти бўйлаб бошлаб бордим. Иброҳимнинг наслини кўпайтирдим. Иброҳимга Исҳоқни бердим.
4 Исҳоққа эса Ёқуб ва Эсовни бердим. Эсовга яшаш учун Сеир тоғларини бердим. Ёқуб ва унинг фарзандлари эса Мисрга бордилар.
5 Кейин Мусо ва Ҳорунни Мисрга юбориб, Миср халқининг бошига фалокатлар келтирдим. Ўшандан кейин сизларни Мисрдан олиб чиқдим.
6 Ота–боболарингиз Қизил денгизга етиб келди. Мисрликлар эса аравакашлари ва жанг аравалари билан уларни Қизил денгизгача қувиб бордилар.
7 Ота–боболарингиз Менга илтижо қилганларида, Мен Мисрликлар ва ота–боболарингиз орасига зулмат туширдим. Мисрликларнинг устига денгиз сувларини бостириб, уларни чўктирдим. Мисрни қай аҳволга солганимни сизлар ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Ундан кейин сизлар саҳрода узоқ вақт яшадингиз.
8 Кейин Мен сизларни Иордан дарёсининг шарқ томонидаги юртга олиб келдим. У ерда Амор халқи яшар эди. Улар сизларга қарши чиқиб жанг қилди. Мен сизларга уларнинг устидан ғалаба ато қилдим. Уларни сизларнинг олдингиздан қириб ташладим, сизлар уларнинг ерларини эгаллаб олдингиз.
9 Кейин Мўаб шоҳи — Зиппур ўғли Болоқ сизларга қарши жангга чиқди. Исроил халқини лаънатласин деб, у Бавўр ўғли Баломни чақиртирди.
10 Аммо Мен Баломга қулоқ солмадим, аксинча, у ўз ихтиёрига қарши сизларни дуо қилди. Шундай қилиб, Мен сизларни Болоқнинг қўлларидан қутқардим.
11 Сизлар Иордандан ўтиб, Ерихога келганингизда, Ерихо аҳолиси сизларга қарши жанг қилди. Амор, Париз, Канъон, Хет, Гиргош, Хив ва Ёбус халқлари ҳам сизларга қарши уруш қилди. Мен сизларга уларнинг устидан ғалаба бердим.
12 Икки Амор шоҳини ваҳимага солдим–да, қувиб юбордим. Бу ғалабага сизлар ўз қиличу камонингиз билан эришмадингиз.
13 Мен сизларга ўзингиз ишлов бермаган ерларни бердим. Энди сизлар ўзингиз қурмаган шаҳарларда яшаяпсизлар, ўзингиз экмаган узумзору зайтун боғларининг мевасини еяпсизлар.”
14 Ёшуа гапида давом этиб, шундай деди: — Энди Эгамиздан қўрқинг, Унга содиқ бўлиб, доимо чин дилдан хизмат қилинг. Аждодларингиз Фурот дарёсининг нариги томонида ва Мисрда сажда қилган худоларнинг тасвирларини улоқтириб юборинг, фақатгина Эгамизга хизмат қилинг.
15 Агар Эгамизга хизмат қилишни маъқул кўрмасангиз, кимга хизмат қилишингизни бугун танланг. Фурот дарёсининг нариги томонида яшаган пайтда сажда қилган худоларингизга хизмат қиласизларми? Ёки олдин Амор халқларига тегишли бўлган ерларда яшаётганингиз учун энди уларнинг худоларига хизмат қиласизларми? Бугун танланг. Мен ва оилам эса Эгамизга хизмат қиламиз.
16 Халқ шундай жавоб берди: — Худо сақласин! Биз ҳеч қачон бошқа худоларга хизмат қилиш учун Эгамизни ташлаб кетмаймиз!
17 Бизни ва ота–боболаримизни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгамиз Худодир. У қилган мўъжизаларни биз ўз кўзимиз билан кўрдик. Турли халқларнинг орасидан ўтганимизда, қаерга бормайлик, У бизни ҳимоя қилди.
18 Мана шу юртда яшаган Амор ва бошқа халқларнинг ҳаммасини Эгамиз бизнинг олдимиздан ҳайдаб юборди. Шунинг учун ҳам биз Эгамизга хизмат қиламиз, У бизнинг Худойимиздир.
19 Ёшуа халққа шундай деди: — Эгамиз Муқаддас Худодир. У сизнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худодир. Эгамизга содиқ қолиш осон, деб ўйламанглар. Агар Унга қарши бош кўтарсангиз ёки гуноҳ қилсангиз, У сизларни кечирмайди.
20 Эгамиз сизларга шунча яхшилик қилган бўлса ҳам, агар Уни ташлаб, бошқа худоларга хизмат қилсангиз, У бошингизга кулфат келтириб, сизларни қириб ташлайди.
21 Халқ Ёшуага шундай деди: — Йўқ, бошқа худоларга хизмат қилмаймиз, биз Эгамизга хизмат қиламиз!
22 Шунда Ёшуа халққа деди: — Сизлар, Эгамизга хизмат қиламиз, деб қарор қилдингиз. Бунга ўзингиз гувоҳсиз. — Ҳа, гувоҳмиз, — деб жавоб берди халқ
23 Ёшуа: — Ундай бўлса, орангиздаги бегона худоларнинг тасвирларини улоқтириб юборинглар, бутун қалбингиз билан Исроил халқининг Худоси — Эгамизга боғланинглар, — деди.
24 Халқ Ёшуага шундай деди: — Эгамиз Худога хизмат қиламиз, Унга қулоқ соламиз.
25 Ўша куни Ёшуа Шакамда халқ билан аҳд тузиб, улар бажаришлари учун қонун–қоидалар берди.
26 Ёшуа бу сўзларни Худо Ўз халқига берган қонунлар баён этилган китобга ёзди. Кейин катта тош олиб, уни Эгамизга аталган саждагоҳдаги* эман дарахтининг тагига ёдгорлик қилиб ўрнатди.
27 Ёшуа бутун халққа шундай деди: — Қаранглар, мана шу тош Эгамиз бизга айтган ҳамма гапларни эшитди, шунинг учун агар Эгамизга берган ваъдамизда турмасак, бу тош бизга қарши гувоҳ бўлади.
28 Шундан кейин Ёшуа халқни уларга улуш қилиб берган ерларга юборди.
29 Бирмунча вақтдан кейин Эгамизнинг қули Ёшуа 110 ёшга кириб вафот этди.
30 Уни Тимнат–Серах шаҳрида дафн қилдилар. Бу шаҳар унга улуш қилибберилган бўлиб, Гаш тоғининг шимолида, Эфрайим қирларида жойлашган эди.
31 Ёшуа даврида Исроил халқи Эгамизга хизмат қилар эди. Улар Ёшуанинг ўлимидан сўнг, Эгамиз Исроил учун қилган ҳамма ишларини кўрган оқсоқоллар даврида ҳам Эгамизга итоат қилишар эди.
32 Исроил халқи Мисрдан чиққанда Юсуфнинг суякларини ўзлари билан олган эди. Улар мана шу суякларни Шакамда кўмишди. Ёқуб бу ерни Шакамнинг отаси Хамўрнинг ўғилларидан юз бўлак кумушга сотиб олган эди. Ўша ер Юсуф авлодларининг улуши бўлиб қолди.
33 Ҳорун ўғли Элазар ҳам вафот этди. Элазарнинг ўғли Финхазга Эфрайим қирларидаги Гиво шаҳри улуш қилиб берилган эди. Элазар ўша жойга дафн қилинди.