1 Охири чидай олмай, укамиз Тимўтийни олдингизга юборишга қарор қилдик. Ўзимиз эса Афина шаҳрида қолдик.
2 Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни тарғиб этишдаги Худонинг хизматида Тимўтий бизнинг ҳамкоримиздир.
3 Азоб–уқубатлар туфайли йўлдан тоймаслигингиз учун Тимўтий сизларни имонда мустаҳкамлаб, далда берсин, дедик. Қийинчиликларга учрашимиз пешанамизга ёзилганини ўзингиз биласиз–ку!
4 Ахир, азоб–уқубатларга учраймиз, деб олдингизда бўлганимизда сизларни огоҳлантиргандик. Мана, биз айтганимиздек бўлди.
5 Шунинг учун ортиқча сабр қила олмай, имонингиз ҳақида билиб келсин деб, Тимўтийни юбордим. Шайтон сизларни васвасага солиб, ишимизни бекор қилган бўлса керак, деб қўрққан эдим.
6 Мана, Тимўтий сизларнинг олдингиздан қайтиб келди. Бизга сизларнинг имонингиз ва севгингиз ҳақида яхши хабар олиб келди. Биз сизларни соғинганимиздек, сизлар ҳам бизни соғиниб қолибсиз. Бизни яхши сўзлар билан эслар экансиз. Тимўтий буларни бизга айтиб берди.
7 Шундай қилиб, биродарлар, қийинчиликлар ва азоб–уқубатларда бўлсак ҳам, сизларнинг имонингиз ҳақида эшитиб, анча тасалли топдик.
8 Раббимиз Исога бўлган имонингиз қатъий экан, энди биз енгил нафас олиб яшаймиз.
9 Сизлар туфайли биз Худо олдида қувончга тўлиб юрибмиз. Шундай экан, қандай қилиб Худога ўз миннатдорчилигимизни билдирмай тура оламиз?!
10 Сизлар билан яна дийдор кўришайлик, имонингизга имон қўшайлик деб, кечаю кундуз жон–жаҳдимиз билан ибодат қиляпмиз.
11 Отамиз Худонинг Ўзи ва Раббимиз Исо сизларнинг олдингизга боришимиз учун йўл очсин.
12 Сизга бўлган меҳримиз тўлиб–тошгани каби, Раббимиз сизларнинг ҳам бир–бирингизга ва бошқа ҳаммага бўлган меҳр–муҳаббатингизга қалбингизни тўлдириб–тоширсин.
13 Шунда қалбларингиз собит бўлади, Раббимиз Исо Ўз фаришталари билан келганда, сизлар Отамиз Худо олдида айбсиз ва пок тура оласизлар.