ПАВЛУСНИНГ ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБИ
Кириш
Мазкур мактуб муаллифи ҳаворий Павлусдир. Павлус бу мактубини қамоқда бўлган пайтда Эфес шаҳридаги имонлилар жамоатига ёзган. Эфес шаҳри Рим империясидаги Асия вилоятининг маркази бўлиб, муҳим аҳамиятга эга эди. Бу бандаргоҳ шаҳар ҳозирги Туркиянинг ғарбида, Эгей денгизи бўйида жойлашган. Павлус Хушхабарни ёйиш ва таълим бериш мақсадида бир неча марта Эфесга борган, у ерда икки йил яшаган. Ушбу мактубда янги аҳд илоҳиётининг асослари батафсил ва изчил тарзда баён қилинади. Павлус бу мактубида имонлиларга Масиҳда пинҳон бўлган ақл бовар қилмас илоҳий бойлик ҳақида ёзади, масиҳийларни кундалик ҳаётларида ўша руҳий манбадан фойдаланишга чақиради. Биз савоб ишларимиз туфайли эмас, иноят туфайли нажот топганимизни, Худога ҳамду санолар айтиш учун яралганимизни бизга эслатади. Буларнинг ҳаммасида Худо ягона мақсадни кўзлайди: У еру осмондаги бор мавжудотни Масиҳнинг ҳокимияти остига бирлаштирмоқчи эканини айтади (1:10 га қаранг). Худо бу режасини амалга оширишни масиҳийлар жамоатидан бошлайди. Исо Масиҳнинг тўкилган қони туфайли жамоат Худо билан ярашиб, якдилликка эришади. Жамоатнинг якдиллиги орқали Худо бутун борлиққа Ўз донолигию улуғворлигини намоён қилади. Мактубда ишлатилган метафоралар Худонинг жамоати Масиҳга тегишли эканини кўрсатади. Масалан, жамоат бир тана бўлса, Масиҳ унинг бошидир, жамоат бино бўлса, Масиҳ унинг тамал тошидир. Мактубнинг дастлабки қисмида (1-3–боблар) самода биз учун сақланган руҳий баракалар ҳақида ёзилган. Худо Ўз халқини танлагани, Исо Масиҳ орқали уларни кечириб, гуноҳларидан халос этгани, қут–баракаларга кафил сифатида уларга Муқаддас Руҳни бергани баён этилади. Павлус масиҳийларни дуо қилиб, улар учун Худога ёлворади. Унинг ниҳоятда гўзал ва чуқур мазмунга эга бўлган бу мумтоз ибодатлари одамларга ёд бўлиб кетган (1:15-23, 3:14-21 га қаранг). Мактубнинг сўнгги қисмида (4-6–боблар) Павлус имонлиларга насиҳатлар қилади. Уларни Масиҳга муносиб ҳаёт кечиришга, Худонинг фарзанди деган номга лойиқ тарзда яшашга ундайди. Бир вақтлар улар зулматга ғарқ бўлган эдилар, энди эса улар нурга тўла инсонлар каби яшаши лозим. Мана шу нур уларнинг ҳаёт тарзида акс этиб туриши керак. Шунингдек, Павлус эр–хотинлик муносабатлари, ота–она ва фарзандлар, хўжайин ва қул муносабатлари ҳақида таълим беради. Павлус мазкур мактубини якунлар экан, ёвуз руҳий кучларга қарши курашиш ҳақида сўз юритади. Масиҳийларни Худо берган қурол–аслаҳалар билан қуролланиб, иблиснинг ҳийлаларига қарши туришга чақиради. Уларни ҳар қандай шароитда Муқаддас Руҳга таяниб дуо–ибодат қилишга, ҳушёр ва саботли бўлишга даъват қилади.