Римликларга мактуб 1 bob
1 Мен — Исо Масиҳнинг қули бўлган Павлусдан Римдаги биродарларимга салом! Мен ҳаворийликка даъват этилганман, Худонинг Хушхабарини ёйиш учун танланганман.
2 Муқаддас битикларда ёзилгандай, Худо бу Хушхабарни бераман деб, Ўз пайғамбарлари орқали ваъда берган эди.
3 Бу Хушхабар Худонинг Ўғли ҳақидадир. У жисман Довуд зурриётидан келиб чиққан эди.
4 Худонинг Ўзи Раббимиз Исо Масиҳни ўликдан тирилтирди. Шу орқали Муқаддас Руҳнинг кучига тўла бўлган Исо Масиҳ Худонинг Ўғли эканлиги исботланди.
5 Ана шу Исо Масиҳ орқали Худо менга иноят кўрсатиб, ҳаворий бўлиш вазифасини берди. Токи барча халқлар Худога ишониб, итоат этсинлар, шунда Исо Масиҳнинг номи улуғланади.
6 Сизлар ҳам, ўша халқлар қатори, Исо Масиҳга тегишли бўлишга даъват этилгансизлар.
7 Мен ушбу мактубимни сизларга — Римдаги биродарларимга ёзяпман. Худо сизларнинг ҳаммангизни яхши кўриб, Ўзининг азиз халқи бўлишга чорлаган. Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.
8 Авваламбор, Исо Масиҳ шарофати ила барчангиз учун Худойимга шукур қиламан, чунки бутун дунё сизларнинг имонингиз ҳақида гапиряпти.
9 Худонинг Ўғли ҳақидаги Хушхабарни ёяр эканман, чин қалбимдан Худога хизмат қиламан. Худо шоҳид, мен доим сизлар учун ибодат қиламан.
10 Ибодатларимда, доим Худодан: “Агар ироданг бўлса, имкон бер, мен бориб, Римдаги биродарларимни кўриб келай”, деб сўрайман.
11 Сизларни роса кўргим келяпти, чунки сизлар билан руҳий инъомларни баҳам кўрсам, дейман, шунда сизлар имонда янада мустаҳкамроқ бўлардингиз.
12 Тўғрироғи, кўришганимизда, бир–биримизнинг имонимиздан далда олсак, дейман.
13 Биродарлар, билиб қўйинглар, мен кўп марта сизларнинг олдингизга боришни режалаштиргандим, аммо ҳеч йўл очилмади. Бошқа халқлар орасида Хушхабарни айтиб, яхши натижаларга эришдим. Римда ҳам шундай натижаларга эришишни истайман.
14 Менинг бурчим маданиятлию маданиятсизларга, зиёлию саводсизларга Хушхабарни айтишдан иборат.
15 Шунинг учун мен сизларга, яъни Римдагиларга ҳам Хушхабарни айтишга интизорман.
16 Мен Хушхабардан ор қилмайман, чунки Худонинг куч–қудрати бўлган бу Хушхабар орқали унга ишонганларнинг ҳаммаси қутқарилади. Ишонадиганлар яҳудийми, ғайрияҳудийми, фарқи йўқ!
17 Бу Хушхабарда ошкор қилинганки, Худо инсонларни имон орқали, ҳа, фақатгина имон орқали оқлайди, чунки Муқаддас битикларда: “Солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади”, деб ёзилган.
18 Барча фосиқлигу адолатсизлик устига самодан Худонинг қаҳри ёғилади, чунки инсонлар ўз адолатсизликлари билан ҳақиқатга тўсқинлик қиляптилар.
19 Худо ҳақида нимаики билиш мумкин бўлса, уларга равшандир, Худонинг Ўзи уларга зоҳир этган.
20 Борлиқ яратилгандан бери Худонинг кўринмас хусусиятлари, яъни абадий қудрати ва илоҳиёти очиқ кўриниб турибди. Худонинг ижодига қараб, Унинг хусусиятларини тушуниб олса бўлади. Шундай экан, улар: “Худони билмаймиз”, деб баҳона қилолмайдилар.
21 Улар Худони билсалар–да, Уни улуғламадилар, Унга шукур қилмадилар. Аксинча, бемаъни ўй–хаёлларга берилиб кетдилар, уларнинг нодон онглари зулматга чўкди.
22 Улар ўзларини ақлли деб ҳисоблайдилар, аслида эса нодондирлар.
23 Улар мангу, улуғвор Худога эмас, балки ўткинчи инсон, қуш, чорва, судралувчи жониворлар суратидаги бутларга сажда қилдилар.
24 Шунинг учун Худо уларни ўз юракларидаги чиркин эҳтирослари оғушида қолдирди. Шу сабабдан улар бир–бирлари билан беҳаё ишлар қиладилар.
25 Улар Худонинг ҳақиқатини ёлғон билан алмаштириб, Яратувчига эмас, балки яратилганга сажда қилиб, хизмат қиладилар. Яратувчи Худогагина то абад ҳамдлар бўлсин! Омин.
26 Ҳақиқатни рад қилганлари учун Худо уларни ўзларининг беҳаё эҳтиросларига топширди. Ҳатто аёллар ҳам табиий жинсий муносабатни нотабиий муносабатга алмаштириб, бир–бирлари билан жинсий алоқа қилдилар.
27 Худди шунингдек, эркаклар ҳам аёллар билан бўладиган табиий жинсий муносабатдан воз кечиб, бир–бирларига нисбатан шаҳвоний ҳирс билан ёндилар. Эркаклар бир–бирлари билан беҳаё ишлар қилиб, қилмишларига яраша жазо тортяптилар.
28 Бу одамлар Худони таниб–билишни рад қилганлари учун, Худо уларни бузуқ хаёлларга топшириб қўйди, оқибатда улар қилиш мумкин бўлмаган ишларни қиладилар.
29 Улар ҳар турли адолатсизлик, ёмонлик, очкўзлик ва ёвузликка тўлиб, ҳасадгўйлик, қотиллик, жанжалкашлик, фирибгарлик ва бадфеълликка муккасидан кетгандирлар.
30 Улар ғийбатчи бўлиб, одамларнинг орқасидан гапирадилар. Худодан нафратланадилар. Улар сурбет, такаббур, мақтанчоқдирлар. Улар ёвуз ишлар қилишнинг ҳар хил йўлларини топадилар, ота–оналарига итоат қилмайдилар.
31 Улар нодондирлар, уларга ишониб бўлмайди, уларда меҳр–шафқат йўқ.
32 Худонинг қонунида, шундай ишларни қиладиган одамлар ўлимга лойиқ, деб айтилганини биладилар. Шундай бўлса–да, улар нафақат бу ишларни ўзлари қиладилар, балки ўшандай ишларни қилувчиларни қўллаб–қувватлайдилар.