Бутруснинг 2-нчи мактуби 2 bob
1 Исроил халқи орасида сохта пайғамбарлар бўлгани каби, сизларнинг орангизда ҳам сохта устозлар бўлади. Улар найранг ишлатиб, орангизда ҳалокатли бидъатлар тарқатадилар. Ҳатто уларнинг жонларини сотиб олган Хўжайинини ҳам рад этиб, бу билан ўзларини муқаррар кулфатга йўлиқтирадилар.
2 Кўп одамлар уларга тақлид қилиб, ахлоқсиз ҳаёт кечирадилар. Уларнинг дастидан имонсизлар ҳақиқат йўлини ёмонлайдилар.
3 Бу тамагир устозлар тўқиб чиқарган гаплари билан сизларни йўлдан оздирадилар, сўнг пулингизни шилиб оладилар. Аммо Худо бундай одамларни анча олдин ўлимга маҳкум қилиб қўйган. У мудрамайди, уларнинг ҳалокатини кечиктирмайди.
4 Худо ҳатто гуноҳ қилган фаришталарни ҳам аямаган. Қиёмат кунигача уларни тубсиз чуқурликдаги зулматга занжирбанд қилиб қўйган.
5 Худо қадимги дунёни ҳам аямай, бетавфиқлар устига тўфон келтирди. У фақат солиҳлик жарчиси бўлган Нуҳни ва бошқа етти кишини омон сақлади.
6 Худо Садўм ва Ғамўра шаҳарларини ҳалокатга маҳкум этди. Худосизларга сабоқ бўлсин деб, бу шаҳарларни куйдириб кул қилди.
7 Бебош одамларнинг ўтакетган ахлоқсизликларидан азоб чеккан солиҳ Лутни эса қутқарди.
8 Ўша халқ орасида яшаган бу солиҳ одам ҳар куни уларнинг қабиҳ ишларини кўриб эшитгани учун ичидан эзилиб қийналар эди.
9 Бу мисоллар қуйидагиларни англатади: Эгамиз тақводорларни кулфатлардан қутқара олади, бетавфиқларни эса қиёмат кунидаги азоблар учун сақлайди.
10 Айниқса, шаҳвоний ҳирсга берилиб, ўз танасини булғатувчи, илоҳий ҳокимиятни эса рад қилувчи одамларни У жазолайди. Дарвоқе, орангиздаги сохта устозлар ҳам илоҳий ҳокимиятни рад қиляптилар, улар сурбет ва такаббурдирлар. Улар самовий мавжудотлардан қўрқмайдилар, уларни назарга ҳам илмайдилар.
11 Фаришталар ўша ёвуз мавжудотлардан кучлироқ ва қудратлироқ бўлишларига қарамай, Эгамизнинг ҳузурида мавжудотларни ҳақоратламайдилар, ҳукм ҳам қилмайдилар.
12 Аммо бу сохта устозлар ёввойи ҳайвонларга ўхшайдилар, улар фақат туғма ҳис–туйғуларига берилиб яшайдилар. Ўзлари англаб етмайдиган ёвуз мавжудотларни менсимай юрибдилар. Бироқ улар ўша мавжудотлар билан бирга ҳалок бўладилар, ҳайвонлар сингари овланиб, йўқ қилинадилар.
13 Сохта устозларнинг қилган ноҳақликлари ўзларининг бошига етади. Ахир, улар куппа–кундузи айш–ишрат қилишни хуш кўрадилар, жамоатингиз шаънига доғ туширадилар. Сизлар таом ейиш учун бирга йиғилганингизда, Раббимиз Исони хотирлаш учун нон синдирганингизда, улар орангизда ўтириб, кайфу сафо қиладилар. Бузуқлиги билан бошқаларни йўлдан урадилар.
14 Кўзлари доимо шаҳват билан ёнади, гуноҳ қилиб тўймайдилар. Улар имонда суст кишиларни овлаб, йўлдан оздирадилар. Бу сохта устозлар истаган нарсасини ундириб олишга устаси фарангдирлар. Эҳ, лаънатга учрагурлар!
15 Улар тўғри йўлни тарк этдилар, Бавўр ўғли Балом йўлидан бориб, гумроҳ бўлдилар. Балом ҳаром йўл билан пул топишни хуш кўрганди.
16 Лекин бу гуноҳи учун таъзирини еди. Тилсиз эшак тилга кириб, инсон овози билан пайғамбарнинг аҳмоқлигига чек қўйди.
17 Бу сохта устозлар бамисоли сувсиз қудуқдирлар, шамолда тез ғойиб бўладиган туман кабидирлар. Улар учун тим қоронғи зулмат тайёрлаб қўйилган.
18 Чунки улар нотўғри йўлдан зўрға қочиб қутулган имонлиларни яна ахлоқсизлик домига тортадилар. Дабдабали, аммо тентаксимон гаплари билан уларни авраб, нафсларини қўзғатадилар.
19 Уларга: “Эркин бўласизлар”, дея ваъда берадилар, ҳолбуки, ўзлари гуноҳ қулидирлар. Ахир, одам нимадан енгилса, ўшанинг қули бўлар, деб бежиз айтилмаган.
20 Раббимизу нажоткоримиз бўлган Исо Масиҳни таниб, дунёнинг қабоҳатларидан қочиб қутулган одамлар яна эски қилиқларига қайтиб, қабиҳликка мағлуб бўлишса, уларнинг сўнгги аҳволи олдингидан ҳам баттар бўлади.
21 Солиҳлик йўлини билгандан кейин, уларга топширилган муқаддас амрлардан юз ўгиргандан кўра, бу йўлни ҳеч билмагани ўзлари учун яхшироқ бўлар эди.
22 Бундай одамларга мана шу мақол айнан тўғри келади: “Ит ўз қусуғига қайтар, Ювилган чўчқа эса балчиққа.”