Бутруснинг 1-нчи мактуби 1 bob
1 Исо Масиҳнинг ҳаворийси мен — Бутрусдан Худонинг танланган халқига салом! Эй Худонинг азиз халқи, сизлар бу дунёда мусофир бўлиб яшаяпсизлар, Понтус, Галатия, Каппадокия, Асия ва Битиния вилоятларига тарқалиб кетгансизлар,
2 аммо Отамиз Худо азалда қарор қилиб, сизларни танлаган эди. Сизлар Исо Масиҳга итоат этишингиз ва Унинг тўкилган қони орқали покланишингиз учун Худо қудратли Руҳи билан сизларни Ўзига ажратиб олди. Худонинг чексиз инояти ва тинчлиги сизларга ёр бўлсин.
3 Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога ҳамду санолар бўлсин! У бизга беҳад раҳм–шафқат кўрсатиб, янги ҳаёт берди. Исо Масиҳ ўликдан тирилиб, барҳаёт бўлгани учун энди бизнинг умидимиз бор.
4 Шу боис Худо Ўз халқига атаган қут–баракага биз кўз тикканмиз. Ҳа, самода сақланаётган бу абадий, сўлмас, беғубор барака сизларни кутмоқда.
5 Охирзамонда ошкора бўладиган нажотдан баҳраманд бўлишингиз учун Худо Ўз қудрати билан сизларни омон сақлайди. Имонингиз туфайли У сизларни қўриқлайди.
6 Шунинг учун хурсанд бўлинглар! Сизлар турли синовлар туфайли вақтинча қийналяпсизлар, шундай бўлса ҳам қувонинглар.
7 Чунки синовлар имонингизнинг самимий эканлигини исботлаш учун керакдир. Ҳатто йўқ бўлиб кетадиган олтин ҳам оловда тобланиб, синалади. Сизнинг имонингиз эса олтиндан минг баробар қадрлироқдир. Исо Масиҳ охиратда келганда синовдан ўтган имонингиз сизларга мақтов ва шон–шараф келтиради.
8 Сизлар Масиҳни кўрмаган бўлсангиз ҳам, Уни яхши кўрасизлар. Ҳозир ҳам Масиҳни кўрмай туриб, Унга ишоняпсизлар, қалбингиз сўз билан ифодалаб бўлмайдиган ажойиб бир қувончга тўла.
9 Ахир, имонингиз туфайли жонларингиз нажот топади.
10 Пайғамбарлар изланиб, бу нажотни чуқур ўрганганлар. Сизларга бериладиган Худонинг инояти ҳақида каромат қилганлар.
11 Уларнинг қалбларида Масиҳнинг Руҳи бор эди. Бу Руҳ уларга Масиҳнинг чекадиган азоб–уқубатлари ва азоблар кетидан келадиган улуғворлиги ҳақида олдиндан маълум қилган эди. Бу воқеалар қачон ва қай тарзда юз беришини пайғамбарлар билмоқчи бўлар эдилар.
12 Аслида уларнинг бу изланишлари ўз манфаати учун эмас, балки сизларнинг манфаатингиз учун қилинганини Худо уларга аён этди. Пайғамбарлар эълон қилган нажот ҳақидаги Хушхабар сизнинг даврингизда амалга ошди. Бу Хушхабарни сизларга осмондан юборилган Муқаддас Руҳнинг қудратига тўлган одамлар баён этишди. Ҳатто фаришталар ҳам бу нажотнинг қай тарзда амалга ошишини интизорлик билан кутаётган эдилар.
13 Хуллас, эс–ҳушингизни йиғиб олинглар, ҳушёр бўлинглар. Бутун умидингизни Худонинг иноятига боғланглар. Ахир, Исо Масиҳ охиратда келганда Худо сизларга иноят кўрсатиб, нажот беради.
14 Худога итоаткор фарзандлар бўлинглар, олдинги ғафлат пайтида сизларни қамраган эҳтиросларга қул бўлиб қолманглар.
15 Аксинча, бутун юриш–туришингизда муқаддас бўлинглар, зеро, сизларни даъват этган Худо муқаддасдир.
16 Ахир, Худонинг Ўзи: “Муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман”, деб айтган.
17 Сизлар Худога илтижо қилиб, Уни Ота деб атайсизлар. Аммо эсингизда тутинглар, Худо юз–хотирчилик қилмайди, У ҳар бир кишини қилган ишига яраша тақдирлайди ёки жазолайди. Шундай экан, бу дунёдаги мусофирчилик даврингизда Худодан қўрқиб яшанглар.
18 Зотан, сизлар ота–боболарингиздан ўрганган бемаъни турмуш тарзингиздан кумуш ёки олтинга ўхшаш ўткинчи нарсалар эвазига эмас, балки Масиҳнинг қимматбаҳо қони эвазига қутулгансизлар.
19 Ахир, Масиҳ Худонинг бенуқсон қурбонлик Қўзисидир.
20 Худо Масиҳни дунё яратилишидан олдин бу хизмат учун тайинлади. Энди шу охирги кунларда эса Уни сизлар учун зоҳир қилди.
21 Сизлар Масиҳ орқали Худога ишонасизлар. Худо Масиҳни тирилтириб, улуғворликка эриштиргани учун ҳам сизлар имонингизда собит турибсиз, чин қалбдан Худога умид боғлагансиз.
22 Сизлар ҳақиқатга бўйсуниб, гуноҳдан покланганингиз учун биродарларга самимий меҳр қўя оласизлар. Шундай экан, бир–бирингизни чин юракдан, ихлос билан яхши кўринглар.
23 Ахир, сизлар янгидан туғилгансизлар. Бу янги ҳаётни сизга фоний бандалар эмас, балки абадий ва ҳаётбахш Худонинг каломи ато этган.
24 Муқаддас битикларда шундай ёзилган: “Инсон зотининг ҳаммаси майсадай, Уларнинг шуҳрати дала гули кабидир. Ўтлар қурийди, гуллар сўлиб қолади.
25 Эгамизнинг каломи эса абадий туради.” Ана шу калом сизларга эълон қилинган Хушхабардир.