Ёқубнинг мактуби 4 bob
1 Орангиздаги уруш ва жанжаллар қаердан келиб чиқади? Ичингизда жанг қилаётган нафсу эҳтиросларингиздан эмасми?!
2 Сизлар ўзингизда йўқ нарсани хоҳлайсизлар, ўшанга эришиш учун одам ўлдиришдан ҳам тоймайсизлар. Ҳасад қиляпсизлар, аммо мақсадингизга эриша олмагач, жанжаллашиб урушяпсизлар. Сизларда хоҳлаган нарсангиз йўқ, чунки уни Худодан сўрамайсизлар.
3 Сўраган тақдирда ҳам, олмаяпсизлар, чунки ёмон ният билан, нафсингизни қондириш учун сўраяпсизлар.
4 Эй садоқатсиз бандалар! Дунё билан дўстлик Худога душманлик эканлигини наҳотки билмасангизлар?! Ким дунё билан дўст бўлишни истаса, Худога душман бўлади.
5 Муқаддас битикларда: “Худо ичимизга солган руҳни ғоятда қизғанади, У биздан садоқатни талаб қилади”, деб таълим берилади–ку! Нима, сизлар буларни бекор деб ўйлайсизларми?!
6 Тўғри, Худо биздан садоқатни талаб қилади, аммо шу билан бирга У бизга нисбатан ниҳоятда иноятлидир. Зеро, Муқаддас битикларда ёзилган: “Худо мағрурларга қарши чиқади, Камтарларга эса иноят кўрсатади.”
7 Шундай экан, Худога бўйсунинглар! Иблисга қаршилик кўрсатинглар, шунда у сизлардан қочади.
8 Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади. Эй гуноҳкорлар, қўлларингизни гуноҳдан тозаланглар! Бир вақтнинг ўзида ҳам Худога, ҳам дунёга кўнгил боғлаганлар, қалбингизни покланглар!
9 Қилган гуноҳингиз учун қайғуринглар, мотам тутинглар, йиғланглар! Кулгингиз мотамга, шодлигингиз ғам–ғуссага айлансин.
10 Эгамиз олдида ўзингизни паст тутинглар, шунда У сизларни юксалтиради.
11 Эй биродарларим, бир–бирингизни ёмонламанглар. Агар биродарингизни ёмонлаб, ҳукм қилсангиз, демак, меҳр–оқибатни ўргатадиган Худонинг қонунини ёмонлаб, ҳукм қилган бўласизлар. Худонинг қонунини ҳукм қилган одам эса, қонун бажаришдан бош тортиб, ўзини қонундан устун қўйган қозидай бўлади.
12 Аммо фақатгина Худо қонун чиқариб, ҳукм қила олади. Фақат У қутқариш ва нобуд қилиш қудратига эга. Сен эса ким бўлибсанки, биродарингни ҳукм қиласан?!
13 Ҳой, қилмоқчи бўлган ишлари билан мақтанадиганлар, менга қулоқ солинглар! Сизлар: “Бугун ёки эртага фалон шаҳарга бориб, у ерда бир йил яшаймиз. Савдо–сотиқ қилиб, пул ишлаб келамиз”, дейсизлар
14 Эртага нима бўлишини сизлар қаердан биласизлар?! Умрингиз бир лаҳза кўзга кўриниб, кейин ғойиб бўладиган тутунга ўхшайди–ку!
15 Бунинг ўрнига сизлар: “Эгамиз хоҳласа, соғ–саломат бўлсак, уни ёки буни қиламиз”, деб айтишингиз керак.
16 Сизлар эса аксини қилиб, мағрурланиб, мақтаняпсизлар. Бу каби мақтаниш ёмондир.
17 Демак, қилишингиз керак бўлган яхши ишни била туриб, қилмасангиз гуноҳ бўлади.