Ҳаворийлар 19 bob
1 Аполлос Коринфда экан, Павлус қирлар бўйлаб йўл юриб, Эфес шаҳрига келди. Бу ерда у Исога имон қўйган бир нечта одамни учратди.
2 Павлус улардан: — Имонга келганларингизда, Муқаддас Руҳни қабул қилдингизларми? — деб сўради. Улар: — Йўқ, биз Муқаддас Руҳ борлигини ҳатто эшитмаганмиз, — деб жавоб бердилар.
3 — Ундай бўлса, қай асосда сувга чўмдирилдингизлар? — деб сўради Павлус. — Яҳёнинг таълимотига кўра, сувга чўмдирилдик, — деб жавоб берди улар.
4 Шунда Павлус деди: — Яҳё тавба қилганларни сувга чўмдирар эди. У Исроил халқига, мендан кейин келаётганга, яъни Исога, имон келтиринглар, деган эди.
5 Улар бу гапни эшитиб, Раббимиз Исонинг номидан сувга чўмдирилдилар.
6 Павлус уларга қўлини қўйган эди, Муқаддас Руҳ уларни қамраб олди. Улар бошқа тилларда гапира бошладилар ва Худо аён қилган сўзларни айтдилар.
7 Улар тахминан ўн икки киши эди.
8 Павлус синагогага уч ой давомида бориб, жасорат билан халққа гапириб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ишончли далиллар келтирди.
9 Аммо баъзилари ўжарлик қилиб, умуман ишонмадилар ва ҳамманинг олдида Исонинг йўли тўғрисида ёмон гапларни айтдилар. Павлус ёнига имонлиларни олиб, уларнинг ҳузуридан кетди. Ҳар куни у Тиранус деган одамнинг маъруза залида мунозара ўтказадиган бўлди.
10 Бу ҳолат икки йил давом этди, Асия аҳолисининг ҳаммаси — яҳудийлар ҳам, ғайрияҳудийлар ҳам Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни эшитишди.
11 Худо Павлус орқали ғаройиб мўъжизалар кўрсатар эди.
12 Павлуснинг танасига теккан рўмолча ёки кийимлар хасталарга теккизилганда, улар хасталикларидан шифо топар, улардан ёвуз руҳлар чиқиб кетарди.
13 Бир куни улар Раббимиз Исонинг номи билан шундай қилишга уриниб, ёвуз руҳга: “Павлус эълон қилаётган Исо номи билан буюрамиз: чиқиб кет!” дедилар.
14 Скевас деган яҳудий бош руҳонийси бор эди. Унинг етти ўғли ўлка бўйлаб кезиб, одамлардан ёвуз руҳларни қувиб чиқарар эдилар.
15 Ёвуз руҳ эса уларга: “Мен Исони биламан, Павлусни ҳам биламан, сизлар эса ким бўлибсизлар?” деб сўради.
16 Ичида ёвуз руҳи бор одам уларга ташланди. Уларни шу қадар қаттиқ урдики, улар ўша уйдан яланғоч, ярадор ҳолда зўрға қочиб қутулдилар.
17 Эфесда яшаган яҳудий ва ғайрияҳудийларнинг ҳаммаси бу воқеани эшитиб, қўрқувга тушдилар. Раббимиз Исонинг номи улуғланди.
18 Шунингдек, имонга келганларнинг кўпчилиги қилмишларини очиқчасига эътироф этдилар.
19 Афсунгарлик билан машғул бўлганларнинг бир қанчаси китобларини тўплаб, омманинг кўзи олдида ёқиб юбордилар. Бу китобларнинг қиймати ҳисобланганда, эллик минг кумуш танга чиқди.
20 Шу тариқа Раббимиз ҳақидаги хабар ёйилиб, таъсири тобора ортиб борар эди.
21 Шу ҳодисалар юз бергандан кейин, Павлус Македония ва Ахаядан ўтиб, Қуддусга боришга қарор қилди. “У ерга борганимдан кейин, Римга ҳам боришим керак”, деди у.
22 Шундай қилиб, у икки ёрдамчиси — Тимўтий билан Эрастусни Македонияга юборди. Павлуснинг ўзи эса маълум вақт Асия вилоятида қолди.
23 Аммо ўша пайтда Исонинг йўлига қарши қаттиқ ғала–ғовур бўлди.
24 Демитрус деган бир заргар одам Артемиснинг маъбади тасвирини кумушдан ясаб, ҳунармандларга кўп фойда келтирарди.
25 Демитрус бу соҳада ишлайдиган ҳамма ҳунармандларни чақириб, шундай деди: — Биродарлар, биласизларки, биз шу ҳунар орқали яхши даромад оламиз.
26 Сизлар фақат Эфесдагина эмас, балки бутун Асия вилоятида Павлус деган одамнинг қилаётганларини кўриб эшитяпсизлар. Павлуснинг айтиши бўйича, қўлда ясалган худолар асло худолар эмасмиш. У кўпчиликни шунга ишонтириб, йўлдан уряпти.
27 Шуниси хавфлики, бизнинг бу ҳунаримиз халқнинг назаридан қолиши мумкин. Фақат шугина эмас, балки бошқа хавф ҳам бор: буюк Артемиснинг маъбади ҳеч нарсага арзимас экан деган фикрга олиб келади. Асия вилояти ва бутун дунёдаги ҳамма одам топинадиган бу маъбуданинг улуғворлиги барҳам топади–ку!
28 Ҳунармандлар бу гапни эшитганларида, ғазабланиб: “Эфеснинг Артемиси буюкдир!” деб шовқин–сурон кўтардилар.
29 Шаҳарда тўс–тўполон бошланди. Халқ иккита Македонияликни — Гаюс билан Аристархусни тутиб олиб, театр томонга шошилдилар. Иккалови Павлусга йўлда ҳамроҳ бўлиб келаётган эдилар.
30 Павлус оломон олдига чиқмоқчи бўлган эди, имонлилар йўл қўймадилар.
31 Ҳатто Павлуснинг дўстлари бўлган Асия вилоятининг баъзи амалдорлари хабар бериб, театрга киришга таваккал қилманг, деб илтимос қилдилар.
32 Оломон саросимага тушган эди. Баъзилари бир нарса деб шовқин солса, бошқалари бошқа нарсани айтиб шовқин соларди. Уларнинг кўпчилиги нима учун йиғилганини билмасди.
33 Яҳудийлар оломонга вазиятни тушунтирмоқчи бўлиб, Искандар деган бир одамни олдинга чиқардилар. Искандар қўли билан оломонга, жим бўлинглар деган ишорани қилиб, ҳимоя нутқини айтишга ҳаракат қилди.
34 Аммо халқ унинг яҳудий эканини билгач, ҳаммалари жўр бўлиб: “Эфесликларнинг Артемиси буюкдир!” деб икки соатга яқин бақириб туришди.
35 Шаҳар котиби оломонни тинчлантиргач, шундай деди: — Эй Эфесликлар! Буюк Артемис маъбадининг ва осмондан тушган ҳайкалининг сақловчиси Эфес шаҳри эканини ким билмайди?!
36 Буларни ҳеч ким инкор эта олмайди. Шундай экан, сизлар сукут сақлаб, ўйламасдан қадам босмаслигингиз керак.
37 Бу одамлар маъбадни талон–тарож қилмаган ёки маъбудамизни ҳақорат қилмаган, сизлар эса уларни бу ерга олиб келибсизлар.
38 Агар Демитрус билан унинг ҳунармандлари бирон одамни айблайдиган бўлса, маҳкамалар очиқ, қозилар бор, бир–бирига қарши айбловларни ўша ерда ҳукм қилишсин.
39 Агар бошқа бир чора кўрмоқчи бўлсангиз, у аҳолининг қонуний йиғинида ҳал қилинади.
40 Ахир, бугун юз берган воқеадан кейин бизни исёнда айблашлари мумкин. Бизда бу шовқин–суронни оқлайдиган бирон сабаб йўқ. У шу гапларни айтиб, оломонни тарқатиб юборди.